11.09.2014

РАВОН ЙЎЛЛАР – ХАЛҚИМИЗ ФАРОВОНЛИГИ, БУНЁДКОРЛИК ҚУДРАТИ ТИМСОЛИ

Қачон одамзод ўзини янада кучли, қудратли сезади? Қачон киши бунёдкорлик ишларига қўл уради? Қачонки, оиласида тотувлик, ишида рағбат, юртида тинчлигу осойишталик барқарор бўлса. Қачонки амалга оширилаётган ислоҳотлар турмушининг фаровон бўлишига, ҳаётининг юксалишига хизмат қилса...

МУСТАҚИЛЛИК БАЙРАМИ АРАФАСИДА ДАВЛАТИМИЗ РАҲБАРИ ПОЙТАХТИМИЗДА ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН КЕНГ КЎЛАМЛИ ЎЗГАРИШЛАР, ЯНГИЛАНИШЛАР БИЛАН ЯҚИНДАН ТАНИШДИ. ХУСУСАН ОЛМАЗОР ТУМАНИНИНГ БЕРУНИЙ КЎЧАСИДАН БОШЛАНИБ, ШАЙХОНТОҲУР ТУМАНИ ХУРШИД КЎЧАСИГА ҚАДАР ДАВОМ ЭТГАН, ЙЎЛНИ ҲАМ КЎЗДАН КЕЧИРДИ.

Айтиш керакки, мазкур қурилиш лойиҳаси ўта қисқа муддат — шу йилнинг апрель ойидан бошланиб, Истиқлол байрами арафасида қуриб битказилди. Шу ўринда қисқача маълумот:

Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжинеринг компанияси буюртмачи бўлган мазкур ло­йиҳада «Ўзавтойўл» давлат-акция­дорлик компаниясининг «Автомагистрал» ихтисослаштирилган автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш бирлашмаси бош пудратчи сифатида иш олиб борди.

Ушбу йўлга тунги ёритиш мосламалари, йўл белгилари, чорраҳаларда светофорлар ўрнатилди. Шунингдек, 4,8 километр масофага йўлни ажратувчи темир панжара, 10,2 км.лик йўлнинг икки тарафига темир-бетон ариқлар, яна шунча масофага эни 2 метр­дан иборат йўлнинг ҳар икки томонига пиёдалар йўлакчаси, 10 км. пиёдалар йўлаги ёнидаги ҳимоя панжаралари ўрнатилди. Шуниси қувонарлики, йўл қурилиш ишларида асосан, ўзимизнинг техникалар — Са­марқандда ишлаб чиқарилган 66 та «МАN» русумли янги ўзи ағдаргич юк автомобили, Хоразмда ишлаб чиқарилган 5 та ХCМГ экс­каватори, шунингдек, 180 дан ортиқ турли янги махсус техника туну кун ишлади.

Умуман ушбу йўл пойтахтимизнинг Эски шаҳар қисмида яшайдиган аҳолининг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш билан бирга, уларнинг кундалик ҳаётига, яшаш тарзига ҳам ўзгача руҳ, кайфият олиб кирди. Агар эътибор берилса, Эски шаҳарнинг узвий бўлаги бўлган бу ҳудудда ҳам йўллар тор, уйлар тартибсиз қурилган бўлиб, асосан пахса ёки хом ғиштдан иборат эди. Бунинг устига ландшафт, яъни атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш, унга мос равишда ижтимоий инфратузилмани яратишга умуман эътибор қаратилмаган эди. Уй-ҳовлилар билан, ёнма-ён бир қаторда, ҳеч бир санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган, аралаш-қуралаш, турли йўналишлардаги кичик-кичик ишлаб чиқариш цехлари ҳам қурилган эди. Бундай шароитда кўкаламзорлаштириш ишлари олиб бориш, аҳоли ҳордиқ чиқариши учун шароит яратишнинг сира иложи йўқ эди.

Президентимиз яқинда мазкур йўл қурилиши билан танишар экан, шу ҳудуддаги маҳаллалар оқсоқоллари, фаоллари, жонкуярлари билан дилдан суҳбатлашди. Шунинг­дек, Эски шаҳар аҳолисининг ҳордиқ чиқаришини мазмунли ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга қўшимча кўрсатмалар берди.

Йўл қурилиши муносабати билан уйлари бузилган оилаларга ўзлари истаган ҳудуддан барча қулайликларга эга уй-жойлар берилди, уларнинг хоҳишига қараб, айримларига ер-участкалар ҳам ажратилди.

— Одатда яшаб келаётган уйи бузилса, кишининг кўнгли бузилади. Сиз ҳозир қанақа кайфиятдасиз? — дея, суҳбатга чорлаймиз, ўзини Матлуба Раҳимова деб таништирган аёлни.

— Мен 1994 йилдан буён Ғафур Ғулом номидаги наш­риёт-матбаа ижодий уйида фаррош бўлиб ишлайман. — дейди, у. — Баҳор кўчасидаги бор-йўғи 3 сотих бўлган 58-уйда, тўртта алоҳида рўзғор — қайнимнинг оиласи, икки фарзандимнинг оиласи ва биз турмуш ўртоғим билан жами — 11 жон сиқилиб яшаб келаётган эдик. Умр йўлдошим билан анчадан бери икки ёш оилани алоҳида қилиб кўп қаватли уйга чиқариб юборишни ўйлаб юрардик. Лекин бунга қўлимиз бироз калталик қилаётган эди. Уйимиз ўрнига тушган янги йўл қурилиши муносабати билан бизга шаҳар ҳокимлиги томонидан 2 та икки хонали, 2 та уч хонали уй ажратилди. Бу шинам уйларни, набираларимнинг кенг ва ёруғ хоналарда яйраётганини кўриб, хурсанд­лигимдан кўзимга ёш келади. Ахир, ўзингиз ўйланг, барча қулайликларга эга, энг муҳими, ҳар бири алоҳида-алоҳида бўлган замонавий уйларда эмин-эркин яшаганга нима етсин?! Бундай бахтдан ким ҳам суюнмайди, дейсиз?!

Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган одилона сиёсат туфайли бугун турмушимиз яна ҳам юксаляпти, ҳаётимиз тобора фаровонлашиб бормоқда. Бунинг исботини мана мен ўзимнинг оилам мисолида кўриб, шоҳиди бўлиб турибман. Айни пайтда юрагим қувончга тўлган. Юртбошим ҳақига бир умр дуо қиламан, илоё, умрлари узоқ бўлсин...

— Бу ерда мана шундай қисқа муддатда амалга оширилган ишларнинг барини айтадиган бўлсам, ёзиб олишга ручкангизнинг сиёҳи етмайди, — дейди Ҳуррият кўчаси, 4-тупикда яшовчи, онахон Шоира Дўстмуҳаммедова. — Майли, ҳеч бўлмаса, уларнинг айримларини айта қолай. Олдинлари мана шу ўнқир-чўнқир, тор-жин кўчалардан фарзанду набираларимни мактабга олиб бориб, олиб келиш азоб эди. Айниқса, қиш пайтлари уйларнинг тарновидан эриб оқаётган сувлар бир қийинчилик туғдирса, кўчанинг торлиги ва бунинг устига, унинг сирпанчиқлиги яна бир ноқулайлик яратар эди.

Ҳозир-чи? Шундоқ уйдан чиқиб, ўттиз қадам юрмасдан катта кўчага етиб оласиз. Замонавий қилиб қурилган бекат. Ҳар беш-етти дақиқада автобус, «маршрутка»лар ғизиллаб қатнаб турибди. Бу ёғи — мактабгача бир қадам.

Илгарилари-чи? Йўл бир томонлама бўлишига қарамасдан, машиналар икки томонлама ўтиб-қайтар ва ортидан кўтарилган чанг-тўзондан нафас олиб бўлмасди. Уларнинг тутунини айтмайсизми, шундоқ даҳлиздан ўтиб, яшайдиган хонамизга кириб димоққа уриларди.

Энди-чи?! Ўртаси бетон тўсиқлар билан ажратилган равон йўллар барпо этилди. Светофорлар ўрнатилди. Йўл ёқасидаги гулзору ободончилик, қулай коммуникация тизимини айтмайсизми? Биласизми, маҳаллалар кўксига шабада тегадиган бўлиб қолди, ҳаво ҳам тоза, атроф кўкаламзорлаштирилган. Ҳозирда атрофни янада ободонлаштириш ишлари давом этаяпти. Бу ишнинг бошида турганларни ҳаммамиз дуо қиляпмиз.

Янги йўлдан ҳамроҳим, фото­мухбиримиз Санжарбек билан енгил машинада ҳаракатланар эканмиз, кўчага ўрнатилган замонавий, ўзига хос тунги ёритгичларни, аниқ-тиниқ «йўл ҳаракати қоидалари» белгиларини, кўчанинг ҳар икки томонига бир-бирига монанд тарзда жойлаштирилган афиша ва рекламаларни кўриб, кўзимиз қувнайди. Бироз юрганимиздан сўнг, шундоқ кўча юзида суҳбатлашаётган одамлар ёнида тўхтадик.

— Амалга оширилаётган бун­ёдкорликлар: янги йўллар, кўприклар, уларга мос равишда қурилаётган замонавий уйлар мажмуаси, инфратузилма объектлари, бир сўз билан айт­ганда, жуда ҳам катта ободонлаштириш ишларини кўриб, киши қувонади, кайфияти кўтарилади, — дейди «Гузар­боши» маҳалласи раи­си, ЎзХДП фаоли Турсун­хўжа Эргашев. — Янги йўл очилиши муносабати билан Президентимиз ташриф буюриб, биз билан бўлган мулоқотда бу йўл қурилиши, умуман, Эски шаҳарда яшаётган аҳолининг муносиб ижтимоий-маданий ҳаёти ва келгусида турмуш даражасининг юксалиши билан боғлиқ масалалар «етти ўлчаб, бир кесиш»дек обдон ўйланиб, амалга оширилаётган ишлар эканини алоҳида таъкидлади. Ҳали булар катта янгиланишларнинг дебочаси экан...

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида мамлакатимизда халқимиз юксак қадриятлари, турмуш-тарзидаги муҳим ва ўзига хос жиҳатлар ўта нозик ва ҳушёрлик билан инобатга олинган миллий шаҳарсозлик мактаби вужудга келди. Қурилиш индустрияси барпо этилди. Унга мос равишда қурилиш бозори шакллантирилди. Айнан узоқни ўйлаб амалга оширилган ислоҳотлар натижасида юртимизнинг ҳар бир гўшаси — шаҳар бўладими, туман марказими ёки чекка вилоятнинг энг чекка қишлоғими, бундан қатъи назар, бу бун­ёдкорликлар ўртасида уй­ғунлик, мантиқий узвийлик пайдо бўлди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур йўл қурилиши лойи­ҳаси, Президентимиз таъкидлаганидек, Эски шаҳарни ободонлаштириш, қиё­фасига янгича мазмун киритиш билан боғлиқ янги ишларнинг бошланишидир. Асосийси, бундай ўзгаришлар туфайли одамларимиз, хал­қимиз турмуши фаровонлашмоқда, ҳаёт тарзи тобора яхшиланиб бормоқда.

 

Обиддин МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.