11.09.2014

ФАОЛИЯТИМИЗГА ХОЛИС БАҲО БЕРИБ, УНИ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИШИМИЗ КЕРАК

Ҳисобот конференциясига узоқ ҳозирлик кўрилди. Ҳисобот давридаги ишлар якуни умумлаштирилди, рақамлар қиёсан солиштирилди, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятига алоҳида танқидий кўз билан қаралди.

... Конференцияга тайёргарлик жараёнида партия Ҳазорасп туман кенгашида бўлдик. Партия туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги гуруҳи раҳбари Боғибек Қосимовнинг эътирофича:

«Беш йил оз муддат эмас. Аммо, шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, ўтган фурсатда ижро ҳокимиятини мўътадил ишлашга мажбур қиладиган таъсирчан восита сифатида депутатлик сўровларининг бирортаси жавобсиз қолмади, яъни бу амалиёт фаолиятимизда яхши натижа берди. Бу билан электоратимизни қийнаётган қатор муаммоларга ечим топишга ­муваффақ бўлдик.

Дарҳақиқат, маҳаллий Кенгашларда ЎзХДП вакиллари бўлган 126 нафар депутат ҳисобот даврида 300дан ортиқ депутатлик сўрови билан чиқишган. Аммо ваколатига кирувчи шу таъсирчан воситадан самарали фойдаланмаган депутатлар ҳам йўқ эмас.

Сарҳисобларда алоҳида урғу берилган рақамларни таққосласак, ўтган даврда партия аъзолари сонининг сезиларли ўсганига гувоҳ бўламиз. Яъни, беш йилда аъзолар сони роппа-роса икки минг нафарга ошган. Янгитдан қабул қилинган аъзоларнинг аксариятини интилувчан, фаол ёшлар ва хотин-қизлар ташкил қилаётгани ҳам эътиборга лойиқ ҳолат.

Раимберган САБУРОВ, ЎзХДП вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги пар­тия гуруҳи раҳбари:

— Ҳисобот даврида вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, соҳалар ривожи ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда партиямиз иштироки кучайганини кузатиш мумкин. Масалан, ўтган даврда партиямиз гуруҳлари томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва моддий ёрдамга эҳтиёжманд аҳоли қатлами манфаатини ҳимоя қилиш юзасидан маҳаллий Кенгашлар доимий комиссияларида 60 дан ортиқ масала кўриб чиқилган, сессиялар кун тартибига 43 масала киритилди. Мазкур масалалар ижроси доимий назорат қилиб борилгани натижасида ҳудудларда юзага келган кўплаб ижтимоий муаммолар ечими ижобий томонга ўзгарган. Айниқса, бу борада Хонқа, Янгиариқ, Боғот туманларидаги партия гуруҳлари фаолияти ибратлидир.

Электорат манфаатини ҳимоя қилишда, аввало, уларнинг таклиф-истаклари, мурожаатларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Партия кенгашлари, депутатлар билан электоратни доимий боғлаб турадиган Жамоатчилик қабулхоналари электорат ман­фаат­ларини ўрганиш, унинг ечимини топишда қўл келмоқда.

Ўтган беш йил давомида қабулхоналарга 1835 мурожаат тушган бўлса, улардан деярли 80 фоизи ижобий ҳал этилди. Яна бир гап. Ҳисобот даврида партия вилоят кенгаши бир қатор туманларда аҳоли истиқомат пунктларида кўчма Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этди. Айниқса, Шовот, Қўш­кўпир, Гурлан ва Ҳазорасп туманларида ташкил этилган кўчма Жамоатчилик қабулхоналари шу ҳудудда яшаётган электорат вакиллари фикр-истакларини ўрганишда ўзига хос мактаб бўлди. Кўчма Жамоатчилик қабулхоналарига тушган муро­жаат­лар ечимини топиш учун маҳаллий ижро ҳокимияти билан ҳамкорлик яхши самара берди.

Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатлар асосида партия гуруҳлари томонидан ўтган йиллар мобайнида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича жойларда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди. Хусусан, Қўшкўпир туманида бу борада қўшиб ёзишлар, йўқ иш ўринларига сохта шартномалар тузиш каби ҳолатлар борлиги аниқланди. Буларнинг олдини олиш учун таъсирчан чоралар кўрилди.

Анжуманда, шунингдек, хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, давлат ва жамият бош­қарувида улар иштирокини кучайтириш каби масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди. ЎзХДП вилоят кенгаши «Фаол аёллар» қаноти томонидан ҳисобот даврида бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Натижада вақтинча ишсиз хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этиш учун тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар олишга кўмаклашилди, касаначиликка йўналтиришда амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Саломат ХАИТОВА, «Агробанк» вилоят бўлимидаги ЎзХДП бошланғич ташкилоти етакчиси:

— Жорий йилда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига 1,5 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилди. Тижорат банклари битирувчилар ўз мустақил ишини ташкил этиши учун бошланғич сармояни шакллантириш мақсадида кредитлар ажратишга тайёр.

Партиямиз фаоллари, депутатлар, маҳаллалар билан яқин алоқани йўлга қўйиши, вақтинча ишсиз, аммо ишлашга иштиёқи бор хотин-қизларни фаол ижтимоий ҳаётга, ишлаб чиқаришга жалб қилиши керак.

Конференция ишида, шунингдек, «Истиқбол» ёшлар қаноти фаолияти ҳам таҳлил этилди. Ёшларнинг давлат ва жамият қурилишидаги фаоллигини ошириш, шу орқали уларда фуқаролик позициясини шакллантириш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қайд этилдики, «Истиқбол» ёшлар қаноти бугун ўз сафига олти минг нафардан ортиқ ёшни бирлаштирган. Бу катта куч, албатта. Демак, ёшлар ўртасида ўтказаётган тадбирларимизни кўпайтириш, уларни сифат жиҳатдан янгилашимиз керак, дейишди сўзга чиққанлар.

Ғулом САПАЕВ, халқ депутатлари Янгибозор туман Кенгаши депутати:

— Ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий билимларини оширишда таъсирчан воситалардан фойдаланиш яхши самара бериши аниқ. Аммо биз кўпроқ марказларда фаол ишлаяпмиз, чекка ҳудудларда бу борада оқсоқлик кузатилмоқда. Партиянинг «Истиқбол» ёшлар қаноти ҳар бир ёшни ўзига жалб қилиши, қалбига йўл топиши зарур. Биз, депутатлар бу борада ёшлар қанотига ҳар томонлама ёрдам кўрсатсаккина, ишимиз янада самарали бўлади.

Хайрулла РЎЗМЕТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Кўзланган мақсадларга эришиш фаолиятимизнинг таъсирчан шаклларига боғлиқ. Қонунда белгиланган ваколатидан ҳар бир депутат қандай фойдаланмоқда? Партиянинг таъсирчан қуроли — партия гуруҳларининг амалий ишларига танқидий ёндашиб, холис баҳо беришимиз керак. Сайловлар яқин. Сайловчилар янада диққат билан ишимизни кузатаяпти. Ҳисобот даврида қайси масалада сусткашликка йўл қўйилган бўлса, уларни имкон қадар тузатиш чораларини кўриш керак.

Шунингдек, анжуманда вилоят ҳокимининг ўринбосари — хотин-қизлар қўмитаси раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Сайёра Абдукаримова, Боғот шаҳарча фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Манглибой Қуразов ва бошқалар сўзга чиқиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикрларини билдиришди. Иштирокчилар партия электорати манфаатларига бевосита дахлдор бўлган иқтисодий, ижтимоий, сиёсий масалаларга доир партия позициясини кенг тар­ғиб қилиш, айниқса, сайловлар йилида бунинг аҳамияти бе­қиёслигини алоҳида таъкидлашди. Бўлажак сайловларга жиддий тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Конференцияда, шунингдек, ЎзХДП Сайловолди дастурига таклифлар берилди.

Конференциядан сўнг ЎзХДП вилоят кенгашининг биринчи пленуми ўтказилди. Унда Раимберган Сабуров вилоят партия кенгаши раиси этиб қайта сайланди.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.