11.09.2014

ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК — КУЧЛИ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИНГ МУҲИМ ИНСТИТУТИ

Маълумки, Олий Мажлис Сенати жорий йил 28-29 август кунлари бўлиб ўтган XV ялпи мажлисида Қонунчилик палатаси қабул қилган бир нечта қонунни маъқуллади. Шулардан бири Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида ишлаб чиқилган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонундир.

Мазкур қонуннинг лойиҳаси парламент қуйи палатасида кенг муҳокама қилинганда депутатлар, мутахассислар, шунингдек, мамлакатимизнинг бир қанча ҳудудларида ўтказилган жамоатчилик муҳокамаларида аҳоли вакиллари томонидан қонуннинг аҳамия­ти ва зарурати ҳақида кўплаб ижобий фикрлар, хилма-хил таклифлар билдирилган эди.

Шу ўринда айтиш керак, дунёнинг қатор ривожланган мамлакатлари давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор бериб келмоқда. Ижтимоий шериклик ва ҳамкорликка кенг йўл очиб бериш кучли фуқаролик жамияти қуришнинг муҳим шартларидан бири, деб қаралмоқда.

Демак, мазкур қонун Ўзбекистонда бу борада олиб борилаётган демократик ислоҳотларни янги поғонага кўтаришда ҳаётий аҳамиятга эга бўлади.

Юқоридаги қонун, унинг ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий тараққиёти юксалишидаги ўрни ва аҳамияти хусусида ЎзХДП аъзоси бўлган сенаторларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

Фармон ТОШЕВ, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

Аввало, Президентимиз Ислом Каримов илгари сурган Концепция ғоялари асосида ишлаб чиқилиб, қабул қилинаётган қонунларнинг умумий характери ҳақида тўхталиб ўтиш лозим. Агар эътибор берсак, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида қонунлар мамлакатда демократик муносабатларни шакллантиришга хизмат қилиши зарурлиги тўғрисида сўз юритган. 2010 йилда эълон қилинган Концепцияда эса бошланган ва изчил давом этаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, демократик тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш механизмини яна кучайтириш масаласи қўйилди.

Бевосита Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлисида маъқулланган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунга келсак, унинг мақсад-моҳияти партиямиз ғояларига мос келишини кўрамиз. Мисол учун, қонунда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бу борада аниқ механизм асосида ишни ташкил қилиш назарда тутилган.

Хўш, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолияти давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ЎзХДП ғояларига, ижтимоий ҳимоя тамойилига қай даражада мос келади?

Маълумки, нодавлат нотижорат ташкилотлар, умуман, фуқаролик жамияти институтлари турли йўналишларда фаолият юритади. Яъни, улар жамият ҳаётининг кўплаб жабҳаларини яхши билади, ижтимоий масалалар самарали ҳал этилиши учун ҳаракат қилади. Уларнинг фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши нодавлат нотижорат ташкилотлар янада кўпайишига, ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларга ечим топиш имкониятлари кенгайишига қулай шароит яратади. Бу партиямиз дастурий мақсадларига ҳар жиҳатдан мос келади.

Нодавлат нотижорат ташкилотларга уюшган фуқаролар жамият ҳаётида ўз фикри, қарашлари, хоҳиш-иродаси билан янада фаол иштирок эта бошлайди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ННТ сони кўпайиб бораётгани, улар эришаётган ютуқ ва натижалар таҳлили ҳам буни исботлайди.

Қонунда ижтимоий шериклик муносабатларини ривожлантириш билан боғлиқ қатор масалалар акс этган. Хусусан, унда фуқаролик жамияти инс­титутлари вакилларининг давлат органлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлари, комиссиялардаги иштироки тартиблари, биргаликда ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар ва режалар ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш қоидалари белгилаб берилган.

Мен буларни қонуннинг энг муҳим хусусиятларидан бири, деб ҳисоблайман. Чунки ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишида давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлиги, ўзаро манфаатлар мувозанати таъминланиши ўта ҳаётий, долзарб масаладир.

Раҳима ҚЎРҒОНОВА, Бувайда педагогика коллежи директори, халқ депутатлари Бувайда туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

Биласиз, дастурлар маълум ҳудуддаги муаммога ечим топишни, одамларнинг оғирини енгил қилишни назарда тутади. Уларда белгиланган ишлар аксарият ҳолларда давлат бюджетидан молиялаштирилади. Шундай экан, унинг тузилиши, қандай вазифалар бирламчи этиб белгиланиши, дастур ижроси каби масалалар фуқаролик жамияти институтлари учун очиқ бўлиши керак.

Қонунга кўра, ижтимоий шериклик давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқаришдаги ҳамкорлиги, деб белгиланган. Бу бежиз эмас, албатта.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари турли соҳалар ҳамда тармоқларни ривожлантириш, ижтимоий масалаларни ҳал қилиш мақсадида хилма-хил дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади. Бундай дастурларда қайси йўналишларда қандай ишларни бажариш, табиийки, уларнинг ўзлари томонидан белгиланади. Лекин давлат органлари жамият эҳтиёжи, фуқароларнинг хоҳиш-иродасини ҳар доим ҳам тўлиқ қамраб ололмаслиги мумкин.

Ҳудудларда қайси муаммо долзарб, маблағ ва эътиборни кўпроқ қайси масалаларга қаратган маъ­қул, қандай йўл тутилса, дастурлар янада кўпроқ самара беради? Фуқаролик жамияти институтлари шу каби саволларга энг мақбул жавобни топишда муҳим ўрин тутади. Боиси, улар одамларга давлат идораларидан кўра яқинроқ туради, ҳаётни, фуқаролар хоҳиш-иродасини яхши билади.

Демак, ижтимоий шериклик жамиятни ич-ичидан чуқур ўрганишда, ижтимоий масалаларни ҳал қилишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиб, самарали амалга оширишда, бу борада жамоатчилик назорати кучайишида долзарб аҳамиятга эга.

Халқимиз азалдан жамоат ишлари, кўпнинг манфаати билан боғлиқ масалаларни кенгашиб, таклиф-мулоҳазалар асосида ҳал қилиб келган. Ижтимоий шерикликнинг қонуний асослари мустаҳкамланиши аср­лар давомида шаклланган ана шу эзгу қадрият замонавий меъёрлар билан янада бойиши, ривожланишига шароит яратиб беради.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.