11.09.2014

ЭКОЛОГИК ҲОЛАТ ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИДА

«Экологик назорат тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниши мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик мусаффоликни таъминлашда яна бир муҳим қадам бўлди. Бу қонунда жамоатчилик назоратига алоҳида ўрин берилган.

Жамоат назоратининг энг таъсирчан усулларидан бири эса оммавий ахборот воситаларидир. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси «Ўзкимёсаноат» ДАК билан ҳамкорликда журналистлар иштирокида медиатурлар ташкил этмоқда. Бу гал улар «Фарғонаазот» ОАЖда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалаларнинг ҳал этилиши, шу билан бирга табиатни муҳофаза қилишга қаратилган қонун ижросини таъминлаш юзасидан бажарилаётган ишлар кўлами билан танишдилар.

«Фарғонаазот» корхонаси минерал ўғитлар ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича йирик корхоналардан бири ҳисобланади. Экологик экспертиза тўғрисидаги Низомга мувофиқ, мазкур корхона хавфлилик даражаси бўйича 1-тоифага мансубдир. Корхона ишлаб чиқариш фаолиятида экологик омилларга катта эътибор қаратилади.

Атроф-муҳитга зарарли моддалар ташламаларини камайтиришга қаратилган тадбирларнинг тизимли равишда амалга оширилиши, экологик тоза технологияларнинг жорий этилиши натижасида «Фарғонаазот» ОАЖда ифлослантирувчи моддалар ташламалари ўрнатилган меъёрнинг 30 фоизидан кўп бўлмаган миқдорни ташкил этмоқда.

Азот оксиди ташламаларини камайтириш мақсадида иқлим ўзгариши бўйича Киото протоколи доирасида Мусаффо ривожланиш механизми лойиҳаси бажарилмоқда. Ушбу ташламаларнинг рухсат этилган меъёрий миқдори 4440,5 тоннани ташкил этсада 2012-2013 йилларда 1200-1300 тонна зарарли ташламалар чиқарилган ёки у 70-75 фоизга қисқартирилган.

2013-2014 йилларда корхона атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан фойдаланиш чора-тадбирлар режасини тузди. Натижада йилига 500 минг м3 дан ортиқ сув ресурслари тежалиши, атмосфера ҳавосига зарарли моддаларнинг ташланиши 22 тоннага қисқартирилиши ва ер ресурсларини ифлослантирилиши мумкин бўлган ҳолатлар олди олинди.

«Фарғонаазот» ОАЖда чиқиндиларнинг 75 тури ҳосил бўлади. Саноат ва истеъмол чиқиндиларини алоҳида жойлаштиришнинг идентификацияси ҳамда схемаси мавжуд. Ҳатто ишлатиб бўлинган техник мойларни топшириш, тўплаш тартиби, уларнинг ҳисоби, сақлаш ва транспортировкаси экологик назорат остида амалга оширилади.

— Сўнгги йилларда 6 та цехда замонавий ускуналар ўрнатилди, — дейди корхона ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Адҳамжон Азларов. — Натижа шу бўлдики, табиий газдан фойдаланиш 19 фоизга қисқаргани ҳолда маҳсулот ҳажми бир ярим баробарга ошди. Ўзбекистон ҳукумати қарори билан технологияни такомиллаштириш давом этяпти. «Карбомид ва амиак селитраси ишлаб чиқаришни реконструкция ва модернизация қилиш» лойиҳасига 62,4 миллион АҚШ доллари ажратилган бўлиб, унинг таркибида «2013-2017 йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури» ҳам бор. Яъни, ҳар қандай ислоҳотлар табиатнинг экологик мусаффолигини таъминлаш билан уйғунлашган ҳолда олиб борилмоқда.

Корхона маҳсулотлари илгарилари қайсидир даражада инсон саломатлигига хавф соларди. Эслаб кўрайлик. 80-йилларда бутифос дефоланти далаларга самолётда сепилар эди. Ўшанда жигар хасталиги кўрсаткичи бўйича собиқ иттифоқ ҳудудида Ўзбекистон биринчи ўринда эди. Ишлаб чиқарувчи ва олимлар ҳамкорлигида янги дефолант магний хлорид яратилди ва ундаги заҳарлилик даражаси «нол»га туширилди.

— Бунинг натижасида нафақат одамлар саломатлиги сақлаб қолинди, балки теварак-атроф — гиёҳдан тортиб ҳайвонот оламигача дефолант қўлланилишидан зарар кўр­майди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг умумий ва ноорганик кимё инс­титути директори, профессор Бахтиёр Зокиров.

«Фарғонаазот» ОАЖ лаборатория ва цехларида олиб борилган тадқиқотлар натижасида 20 фоиз хомашё чиқиндиларидан фойдали маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилди. Масалан, ҳавога ташланадиган зарарли чанглар ушлаб қолиниб ва қайта ишланиб тик қудуқ қазишда ноёб хомашё бўлган полипас реагентига айлантирилди.

— Бугунгача бу маҳсулот мамлакатимизга асосан импорт қилинар эди, — дейди техника хавфсизлиги ва экология бўйича корхона бош муҳандиси ўринбосари Илҳом Абдувоҳидов. — Кимёвий заводларнинг таркибида кальций мавжуд бўлган чиқиндилардан эса боғ ва полизчилик учун қимматбаҳо ўғит-калийли суюқ селитра ишлаб чиқариляпти.

Шундай қилиб «Фарғонаазот» ОАЖ табиат мусаффолиги, экологик мезонларга риоя қилиш бўйича республиканинг илғор тажриба мактабини ярата олди.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.