09.09.2014

ЁШЛАРНИНГ ЁНИБ ТУРГАН КЎЗЛАРИ, ҒАЙРАТ-ШИЖОАТИ

партиямиз сафларида муносиб ўринбосарлар, етук сиёсатчилар камолга етаётганидан дарак беради

Мустақиллик майдони. Ўзбекистон Халқ демократик партияси «Истиқбол» ёшлар қанотининг «Ёш сиёсатчи — 2014» кўрик-танлови республика босқичи қатнашчилари эрта тонгдан Тошкент шаҳрининг юраги бўлган бу майдонга Эзгулик аркасидан кириб борар экан, ҳар бирининг қалбида Ватан меҳри, юртимизга чексиз муҳаббат ҳисси жўш уриб турарди. Истиқлол инъом этган мана шундай кунлар саодатидан баҳра олаётганидан мамнун эдилар. Улар Мустақиллик ва эзгулик монументи, Хотира майдонидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйиб қайтишар экан, «МЕН ВАТАНИМ РАВНАҚИГА ҲИССА ҚЎШИШНИ ИСТАЙМАН!» шиори остида ташкил этилган «Ёш сиёсатчи — 2014» кўрик-танловининг республика босқичини катта ҳаяжон ва кўтаринки руҳда бошлашди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тантаналар зали байрамона безатилган. Залга киришингиз билан саҳна тўридаги «Ёш сиёсатчи — 2014» кўрик-танловига хуш келибсизлар!» деган қутловга кўзингиз тушади. Эзгу шиорлар битилган баннерлар иштирокчиларга шижоат бағишлаб тургандек. Тантаналар залига ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоят партия кенгашлари раислари, «Истиқбол» ёшлар қаноти вилоят бўлимлари етакчилари, ҳакамлар ҳайъати аъзолари, танлов қатнашчиларини қўллаб-қувватловчи ёшлар бирин-кетин кириб келишди. Иштирокчиларнинг бу йилги танловга ўзгача шавқ, қатъият билан келганликлари уларнинг ёниб турган кўзларидан, ҳаяжонли аммо ишонч балқиб турган юзларидан кўриниб турарди.

Кўрик-танловнинг очилиш маросимида ЎзХДП Мар­казий Кенгаши ­раиси Ҳотамжон ­Кетмонов танлов иштирокчиларини республика бос­­­­­­­­­­­­­­қи­чида қатнашиш ша­­­­­­­­­­рафига муяссар бўл­­­­­ганлик­лари билан табриклади.

— Президентимиз мустақиллигимизнинг 23 йиллигига бағишлаб халқимизга йўллаган байрам табригида ёшларга яна бир бор катта умид ва ишонч билдирдилар. Дарҳақиқат, бугун ёшлар мамлакатни демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнларининг фаол иштирокчисига айланмоқда, — деди у. — Уларнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий билимларини янада ошириш, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш — долзарб вазифа. Бу давлат ва жамоат ташкилотлари, шу жумладан, сиёсий партиялар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси мазкур жараёнда фаол иштирок этишга алоҳида эътибор қаратмоқда, «Истиқбол» ёшлар қаноти орқали ёшлар ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашмоқда.

Фахр билан айтиш жоизки, бугунги кунда ёшларимиз қайси соҳада ишлаши, ўқишидан қатъи назар, ўз олдига катта мақсадларни қўйиб изланмоқда, фаол меҳнат қилмоқда. «Истиқбол» ёшлар қаноти томонидан ўтказиб келинаётган мазкур танлов келгусида сиёсатчи бўламан, деган мақсадлар сари дадил одимлаётган йигит-қизларга яратиб берилган бир имкониятдир.

«Ёш сиёсатчи» кўрик-танловида 2008-2014 йиллар давомида 65 000 дан зиёд ёшлар иштирок этди. 2014 йилда уларнинг сони 14 625 нафарни ташкил этди. Танловга тақдим этилган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиши натижасида 2013  йилда 587 янги иш ўрни яратилган бўлса, 2014 йилда бу 878 тани ташкил этмоқда. Шунингдек, бу йилги кўрик-танловда республика бўйича 150 000 нафардан ортиқ йигит-қиз қамраб олинди. Бу эса танлoвда қатнашиш истагини билдираётганлар сoни йилдан-йилга oшиб бoраёт­гани, унинг нуфузи ҳам юксалаётгани, кўлами ва миқёси жиҳатидан кенгайиб бораётгани, асoсийси, ёшларимизда мамлакат тақдирига дахлдoрлик ҳисси oртаёт­ганидан далoлат беради.

ТАНЛОВ БОШЛАНДИ. Биринчи шартга кўра, иштирокчилар билетларни танлаб, саволларни ўқир экан, ҳаммамиз ҳам улар билан баробар ҳаяжонда ўтирдик. Саволларга эркин, равон ва тўлиқ жавоб берганлар қаторида иштирокчиларнинг айримларини бироз ҳаяжон босди. Шуни айтиш керакки, сиёсат, ижтимоий ва иқтисодий ҳаёт, сиёсий партиялар, ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий принциплари каби масалаларга оид саволларга ҳар бир иштирокчининг жавоби, айтадиган фикри борлиги намоён бўлди.

Бухоро солиқ коллежи ўқувчиси Зафаржон Музаффаровга коллежда олаётган билимлари, партия тизимида ўтказиладиган сиёсий ўқувлардаги маърузаларда эшитган маълумотлари бу шартда жуда асқотди, деб ўйлаймиз. Чунки у берилган саволларнинг барчасига тўлиқ ва аниқ жавоб берди. Шунинг­дек, Сурхондарё вилоятидан Термиз давлат университети талабаси Сардор Азимов, Наманган вилоятидан Наманган муҳандислик педагогика институти талабаси Мақсуджон Олимов, Жиззах вилоятидан Пахтакор ижтимоий-иқтисодий ва педагогика касб-ҳунар коллежи битирувчиси Мадина Аллиддинова ва Тошкент шаҳридан ЎзХДП Сергели туман кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчиси Бекзод Солиҳовлар саволларга тўлиқ жавоб беришди.

— Сардор, сиз учун саволлар мураккаб бўлмадими? Деярли барча саволларга жавоб бердингиз, — сўраймиз Сурхондарё вилояти иштирокчисидан.

— Йўқ, ўзим Термиз давлат университетининг тарих факультети талабасиман. Дарслар давомида мамлакатимизда кечаётган сиёсий жараёнларни қунт билан ўрганиб борамиз. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Сенат Раисининг ваколатлари, сайлов тизими, сиёсий партиялар ҳақидаги саволларга имкон қадар тўлиқ жавоб беришга ҳаракат қилдим.

Бу шартга тайёрланиш жараёнида Консти­туция­миз, мамлакатимиз қонунчилиги, халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, сиёсатшуносликка оид дарсликлар ва ҳуқуқий адабиётларни чуқур ўрганишга ҳаракат қилдим. Қонунларни диққат билан ўқиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини, ҳуқуқларимизни таъминлашда уларнинг аҳамиятини янада теранроқ тушунишга ёрдам беради. Халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиш, уларни таҳлил қилиш жараёнида дунё, давлатлар ва инсон ҳақидаги тасаввур, дунёқараш янада кенгаяди.

— Нодиржон, сиз ҳам бу шартда яхши иштирок этдингиз. Айтингчи, танловга тайёргарлик жараёни қандай бўлди? Умуман, бу шарт сизга нималар бера олди, деб ўйлайсиз?

— Мен бу шартни танловнинг энг юқори нуқтаси, деб билдим, — дейди Фарғона вилояти вакили, Фарғона политехника инс­титутининг Ижтимоий фанлар кафедраси ассистенти Нодиржон Холмирзаев. — Чунки ҳақиқий ёш сиёсатчигина саволларга тўла-тўкис жавоб бера олади. Шу боис тайёргарлик жараёнида жуда кўп сиёсий, ҳуқуқий адабиётларни мутолаа қилдим, Президентимиз асарлари, қонунлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта-қайта ўқиб чиқдим. Демак, билимларим янада мус­таҳкамланди, ўрганганларимни яна бир бор эсга тушир­дим.

Кучли фуқаролик жамияти қуришнинг асосий шартларидан бири фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий билими ва маданияти юқори бўлишидир. Шундай экан, қонунларни билиш, дунёда ва мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлардан доимий равишда хабардор бўлиб бориш биз ёшлар учун муҳим, деб ўйлайман.

Шарт ҳақиқатан ҳам жуда қизиқарли ўтди. Етакчилар ва фаоллар иштирокчиларни қўл­лаб-қувватлаб, ҳакамлар ҳайъати эса уларнинг чиқишларини диққат билан кузатиб борди. Шарт сўнггида улар қатнашчиларнинг чиқишлари бўйича ўз фикрларини билдиришди.

— Ҳар бирингиз, аввало, бошланғич партия ташкилотлари, кейин туман, шаҳар ва ниҳоят, 14 минтақадан сараланиб, республика босқичига етиб келгансиз, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, ҳакамлар ҳайъати раиси ­Рустам Комилов. — Сафимизда сиздек ёшлар борлигидан фахрланамиз. Саволларга аниқ ва равон, дадил жавоб беришингиз, мамлакатимиздаги ижтимоий сиёсий ҳаёт, амалга оширилаётган ислоҳотлар, амалдаги қонун ва қарорлар мазмун-моҳияти билан яхши танишлигингиз бизни қувонтирди. Орангизда фақатгина сиёсий соҳада эмас, балки турли йўналишда ўқиб, фаолият олиб бораётган иштирокчилар борлигига қарамай, ҳар бирингиз бу шартга худди чинакам сиёсатчилардек ёндашиб, билдирилган ишончни оқлашга эришдингиз. Шу сабабли сизнинг чиқишингизни баҳолаб бориш биздан катта масъулият талаб қилди.

* * *

ИККИНЧИ ШАРТ — «Нотиқлик санъати» бўйича иштирокчилар нафақат билимдонлик, балки саҳнада ўзини тутиш маданияти, аудитория билан ишлаш, тингловчиларни ўзига жалб қилиш маҳоратини намойиш этишди. Шарт жуда қизғин тус олди. Қорақалпоғистон Республикасидан Қорақалпоқ давлат университети талабаси Гулжаҳон Сейтназарова Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси, Хоразм вилоятидан Урганч давлат университети талабаси Санъат Тажимуратов «ЎзХДПнинг Ватанимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссаси», Сирдарё вилоятидан «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли Мафтуна Эргашева «Телекоммуникациянинг ёшлар тарбиясига таъсири», Самарқанд вилоятидан Пайариқ Иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Исломбек Умиров «Инқирозга қарши чоралар» мавзуларида нотиқлигу билимдонликларини намойиш этди.

— Бугунги глобаллашув даврида дунёдаги ёвуз кучлар миллатчилик, ахлоқсизлик, диний экстремизм, «оммавий маданият» каби бузғунчи ғояларни турли ниқоблар остида тарқатишга тинимсиз ҳаракат қилмоқда, — дейди Тошкент вилоятидан Тошкент давлат аграр университети талабаси Нуршод Рамазонов. — Диний қадриятларни бузиб талқин қилиш ва ёшларнинг онги ва қалбига сингдириш, ахборот орқали психологик таъсир кўрсатиш тобора кучайиб бораётганини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз. Шундай экан, юксак маънавият, чуқур билим орқали ёт ғояларга қарши курашиш, ёшларда ғоявий иммунитетни мустаҳкамлаш, бу борада вазирликлар, ташкилотлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзаро ҳамкорликдаги ҳаракат дастурини ишлаб чиқиш зарур бўлади. «Истиқбол» ёшлар қаноти ҳам амалга ошираётган лойиҳалари, ўтказаётган сиёсий ўқув ҳамда бошқа тадбирлари орқали бу каби ишларга ўз ҳиссасини қўшаяпти, деб айтишимиз мумкин.

* * *

ТАНЛОВНИНГ ИККИНЧИ КУНИ. Ёш сиёсатчилар беллашуви Ички ишлар вазирлигининг маданият саройида давом этди. Сўнгги — лойиҳалар тақдимоти шартига кўра, иштирокчилар туман ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятларини таҳлил қилган ҳолда, ўзи истиқомат қилаётган ҳудудда ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш бўйича амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳаларни тақдим этди. Ўз лойиҳаларининг молиявий асослари, уларни амалга ошириш ва ривожлантиришнинг истиқболлари ҳақида маълумот беришди.

Шоҳруҳ АҲМАДАЛИЕВ, Андижон давлат тиббиёт институти талабаси, Андижон вилояти:

— Лойиҳам мактабгача ва бошланғич таълим ёшидаги болаларда яссиоёқликни йўқотишга қаратилган чора-тадбирларни қамраб олган. Соғлом бола йили Давлат дастури ижросини таъминлаш, жисмонан ва маънан соғлом авлодни тарбиялаш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа икки қисмдан иборат. Биринчиси, яссиоёқлик деформацияси профилактикаси учун мўлжалланган пойабзал, иккинчиси эса мана шун­дан тушган даромад ҳисобига ҳаракат таянч аъзоларида нуқсони бўлган ногиронлар учун махсус ортопедик кийимлар ишлаб чиқариш.

Яссиоёқлик кўпгина соҳаларда ўзидаги иқтидор ва қобилиятни намойиш этишда кишига халақит беради. Бундан ташқари, бу боланинг равшан фикрлашига таъсир қилади. Демак, бундай инсон жамиятда ўз ўрнини топишда бироз бўлса-да қийинчиликка учрайди. Бу, албатта, партиямиз электоратини ўйлантираётган масалалар сирасига киради. Шунингдек, яссиоёқлик скалиоз, артроз, варикоз ва невроз каби касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Ушбу лойиҳам орқали ёш авлоднинг соғлом бўлиб вояга етишига ҳисса қўшмоқчиман.

Мадина АЛЛИДДИНОВА, Пахтакор ижтимоий-иқтисодий ва педагогика касб-ҳунар коллежи битирувчиси, Жиззах вилояти:

— Кўзи ожиз инсонлар учун овозли дарслик яратиш лойиҳасини илгари сураяпман. Лойиҳанинг афзаллиги шундаки, бунда нафақат кўзи ожиз болаларнинг таълим олиши яхшиланади, балки дарсликларни чоп этиш жараёнидаги харажатлар ҳам қисқаради. Мана, мисол учун, 350 саҳифа бўлган 5-синф адабиёт дарслиги брайл ёзувида 7 та китобдан иборат бўлади. Ҳар бир китобни чоп этиш харажати ўртача 40 000 сўмни ташкил этади. Тасаввур қилинг, битта дарс­лик 280 минг сўмга тушади. Овозли дарслик эса бор-йўғи икки минг сўм бўлади. Кўзи ожиз фарзанди бор ота-оналар учун бундай дарсликни сотиб олиш деярли ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Шунингдек, брайл ёзувидаги дарсликлар ҳажм жиҳатидан катта ва ўнғайсиз бўлади. Диск эса ёнимизда олиб юриш учун ҳам қулайдир. Мақсадим кўзи ожиз болаларнинг таълим олиши учун янада қулай шароит яратиш, уларни замонавий педагогик технологиялар асосида тайёрланган дарсликлар билан таъминлашга кўмаклашишдир.

Бошқа иштирокчилар лойиҳаларида ҳам электорат манфа­атини ҳимоя қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, экологик муаммоларни бартараф этиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш орқали ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, қишлоқларда замонавий инфратузилмани шакллантириш каби устувор масалаларга урғу берилди.

Танлов ниҳоясига етди. Ҳаяжонли дақиқалар... Ҳакамлар ҳайъати раиси Рустам Комилов умумий балларни маълум қилди. Натижаларга кўра, Сурхондарё вилоятидан Сардор Азимов биринчи, Бухоро вилоятидан Зуфаржон Музаффаров иккинчи, Тошкент вилоятидан Нуршод Рамазонов учинчи ўринга муносиб топилди.

Сўнг бошловчилар номинация ғолибларини эълон қилди: — «Партия дастурий ғояларини тарғиб қилишдаги фаол иштироки ҳамда мустаҳкам иродаси учун» номинацияси ғолиби Андижон вилояти Хонобод ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси ­Баҳром Маматурдиев...

Шу ўринда бир изоҳ: Танловнинг республика босқичида Андижон вилоятидан икки нафар иштирокчи қатнашди. Танлов низомига кўра эса ҳар вилоятдан бир нафардан ғолиб иштирок этиши керак. Лекин Баҳром Маматурдиев жисмоний имконияти чекланган бўлишига қарамай, танловнинг дастлабки икки босқичидан муваффақиятли ўтиб, вилоят босқичида ҳам муносиб иштирок этди ҳам­да ўз иқтидори ва билимини намоён эта олди. Гарчи биринчи ўринни олмаган бўлса-да, унинг бу интилиши, иштиёқи ҳакамлар ҳайъати томонидан қўл­лаб-қувватланиб, уни республика босқичига юбориш ҳақида танловнинг республика бос­қичи ташкилий қўмитасига таклиф киритилди. Таклиф қўллаб-қувватланиб, Баҳром Маматурдиев республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

— Тенгдошларим қаторида партиянинг шундай нуфузли танлови республика босқичида иштирок этганимдан бахтиёрман, — деди у. — Беллашувлар ҳақиқатан ҳам жуда юқори савияда ўтди. Партиямиз сафида иқтидорли, билимли, интилувчан ёшлар жуда кўп экан. Улар билан баҳсларда қатнашиб, ўз устимда ҳали кўп ишлашим зарурлигини англаб етдим. Энг муҳими, бугун ўзимга бўлган ишончим янада ортди.

Қолган иштирокчилар ҳам номинациялар бўйича мукофотланди. Ғолибларга қимматбаҳо совғалар топширилди. Маданият саройи қарсаклар, қувончли ҳайқириқлар ва олқишларга тўлди.

Зуфаржон МУЗАФФАРОВ, Бухоро вилояти, иккинчи ўрин соҳиби:

– Партия сафига киришимдан олдин ҳам «Ёш сиёсатчи» танловига жуда қизиқардим. Ўтган йилларда томошабин сифатида қатнашган бўлcам, бу йил менга республика босқичида иштирок этиш насиб этди. Танлов ғолиблари сафидан ўрин олганим эса мени жуда тўлқинлантирди. Иштирокчилар орасида ўқитувчилар, университет талабалари ҳам бор эди, дастлаб бундан хавотирга тушгандим. Аммо ўқиб-ўрганганларим танловда дадил иштирок этиш имкониятини берди. Болалигимдан минбарларда сўзлаётган раҳбарларга, сиёсатчилару депутатларга ҳавас билан қарардим. Худди улар каби бў­лишни ният қилардим. Бу танлов менинг ана шу мақсадим йўлида қўйган муҳим қадамим бўлди. Мен бундан кейин ҳам партия сафида унинг эзгу ғояларини амалга оширишда ўз ҳиссамни қўшаман, Ватанимга керакли инсон бў­либ етишишга астойдил ҳаракат қиламан.

Аслида ҳар бир иштирокчининг кўнглида мана шундай эзгу мақсад бор. «Ёш сиёсатчи» танлови уларнинг ана шу мақсад сари дадил одимлашлари учун яна бир имконият бўлди, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.