09.09.2014

ПАРТИЯ ТАШКИЛОТЛАРИ ВА ДЕПУТАТЛИК БИРЛАШМАЛАРИ

битта механизм сифатида ишласа, электорат манфаати янада самарали ҳимоя этилади

ЎзХДП Наманган вилоят партия ташкилотининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференциясида беш йиллик фаолият таҳлил этилди, ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси ҳамда электорат манфаатини ҳимоя қилишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари иштироки билан боғлиқ ишлар сарҳисоб қилинди.

Ҳисобот даврида вилоят партия ташкилоти томонидан ўтказилган пленумларда қирқдан ортиқ масала кўриб чиқилди. Сайловолди дастури ижросига қаратилган 450 масала ижроия қўмита йиғилишларида муҳокама қилинди.

Бугунги кунда вилоятда партиянинг 33,5 минг нафар аъзоси бўлиб, уларнинг 16 минг нафардан зиёдини хотин-қиз, 11 минг нафарини ёшлар ташкил этади. Жойларда партиянинг 748 бошланғич ва ҳудудий партия ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда.

Наманган вилоят партия кенгаши раиси Дилором Абдураҳимова ҳисобот маърузасида бажарилган ишлар ва навбатдаги муҳим вазифаларга тўхталди.

— Сайловолди дастури ижроси, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудий ижтимоий-иқтисодий дастурлар бажарилишига муносиб ҳисса қўшиш фаолиятимизнинг асосини ташкил этади, — деди у. — Шу боис барча даражадаги партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари ишини ана шу талаблар асосида ташкил этишга ҳаракат қиляпмиз. Шунинг­дек, жисмоний имконияти чекланган кишиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўринларини топишига кўмаклашишга интиляпмиз.

Бу борада, айниқса,  вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналари муҳим аҳамият касб этмоқда. Фуқаролардан тушаётган мурожаатларни атрофлича ўрганиш, муаммоларни депутатлар ҳамда тегишли идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида бартараф этиш бўйича ибратли тажрибалар тўпланган. Ўтган беш йил давомида Жамоатчилик қабулхоналарига фуқаролардан жами 2700 дан зиёд мурожаат қабул қилинган бўлса, уларнинг 76 фоиздан ортиғи ижобий ечим топган.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари томонидан электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларига 275 депутатлик сўрови юборилган. Уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

Сиёсий партиянинг жамиятдаги таъсир кучи бевосита депутатлик тузилмалари фа­олия­ти самарадорлиги билан боғлиқ. Шу боис партия гуруҳларининг жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиш ҳамда уларни доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқиш борасидаги ташаббусларини кучайтиришга жиддий эътибор қаратяпмиз. Ҳисобот даврида депутатлик тузилмалари томонидан 26 масала халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессиялари кун тартибига киритилди. Шунингдек, 270 дан зиёд долзарб масала доимий комиссиялар йиғилишларида муҳокама қилинди.

Сессия қарорлари ижроси эса ҳудудларни ривожлантириш, аҳолини ўйлантираётган айрим ижтимоий масалаларни ҳал этиш, электорат манфаатларини ҳимоялашга хизмат қилмоқда.

— Бугунги кунда муҳим меъё­рий ҳужжатни кўриб чиқиш ва қабул қилишда депутатлар ва депутатлик гуруҳларининг роли кучайтирилмоқда, — деди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Темурали Икромов. — Партия гуруҳларининг фикр ҳамда таклифларини ҳисобга олмасдан туриб биронта ҳужжат қабул қилинмаслиги бўйича белгиланган ҳуқуқий меъёрлар зиммамизга катта масъулият юклайди. Шунингдек, бизга берилаётган ваколат ва имкониятлардан тўлақонли фойдаланишимиз лозим. Шу боис юртимизда кечаётган ҳар бир ижтимоий-сиёсий жараёнларда депутатларимиз фаол иштирок этиши, ўз фикри ва позициясини билдириши зарур.

Хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўзи танлаган мутахассислик бўйича ишга жойлаштириш, яратилган иш ўринлари барқарорлигини таъминлаш каби масалаларда янада ташаббускор бўлишимиз керак.

— Мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларда, давлат ва жамият қурилишида ёшлар фаол қатнашмоқда, — деди «Истиқбол» ёшлар қаноти Наманган вилоят бўлими фаоли Зилола Қодирова. — Наманган вилоят «Истиқбол» ёшлар қаноти томонидан ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш, иш билан таъминлаш мақсадида «Коллеждан — корхонага», «Ёшлар саломатлиги ва никоҳ», «Одам савдоси — инсон эркинлигига таҳдид», «Гиёҳвандликка қарши кураш ёшлар нигоҳида», «Ёш сиёсатчи» каби лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улар доирасида ўтган беш йил давомида олий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ҳамда маҳаллаларда 1300 дан ортиқ тадбир ўтказилди. Уларда 17 минг нафардан ортиқ ёш иштирок этди. Шу боис вилоятда ёшлар ҳисобига партия аъзолари сони тобора ортиб бормоқда.

Конференцияда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Рустам Комилов иштирок этиб, партия ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалар хусусида фикр билдирди.

— Миллий қонунчилигимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар сиёсий партия ва уларнинг маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ваколат ва имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда, — деди у. — Шундай экан, ана шу имкониятлардан аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари банд­лигини таъминлаш, Давлат дастурлари бажарилишига эришиш йўлида самарали фойдаланиш лозим. Бунинг учун бошланғич ташкилотлардан тортиб, партия кенгашлари ҳамда партия гуруҳлари бир бутун механизм сифатида ишлаши талаб этилади. Ўрганилаётган ҳар бир масала босқичма-босқич ана шу механизмдан ўтиши керак. Шунда натижалар аниқ ва самарали бўлади.

Конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари Дилбар Холи­қова, Зиёвиддин Мансуров, Наман­ган шаҳар кенгаши раиси Маматвали Тур­ғунов, Наманган туман халқ таълими муассасалари фао­­­л­и­­ятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Дилбархон Ҳошимова ва бошқалар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини ўртага ташлади. ЎзХДПнинг янги Сайловолди дастури лойиҳаси кўриб чиқилиб, таҳлил қилинди.

Конференцияда партиянинг бир гуруҳ фаоллари ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда вилоят партия ташкилотининг фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, 30 нафардан зиёд йигит-қизга партияга аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.

Конференция доирасида партия ташкилотининг ташкилий пленуми ўтказилди. Унда Дилором Абдураҳимова Наманган вилоят партия ташкилоти раиси этиб  қайта сайланди.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.