09.09.2014

ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ ИЛК БОР ТОШКЕНТДА ЎТКАЗИЛМОҚДА

Кеча пойтахтимиздаги бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган Республика олимпия захиралари спорт мактабида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда ер куррасининг 100 дан ортиқ давлатидан келган саккиз юз нафардан зиёд полвон иштирок этмоқда.

Бугун мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш ишлари янги бос­қичга кўтарилди. Юртимизда спортни, айниқса, болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор туфайли янги истеъдодлар, маҳоратли спортчилар етишиб чиқмоқда. Улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани натижасида халқ­аро майдонлардаги ғалабаларимиз ҳам юксалиб бормоқда.

Айни пайтда мамлакатимизда эркин, юнон-рум ва аёллар кураши билан шуғулланаётганлар 25 минг нафардан ошди. Шундан минг нафардан ортиғи хотин-қизлардир. Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия захиралари коллежларида юртимиз терма жамоалари ва олимпия захираси учун истеъдодли спортчилар тарбияланмоқда.

— Спорт курашлари билан шуғулланаётган ёшларимиз бўлажак Олимпия ўйинларига қизғин тайёргарлик кўрмоқда, — дейди юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Комил Фатхул­лин. — Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро (Бразилия)да бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарорида муҳим вазифалар, Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнида эътибор қаратилиши лозим бўлган барча жиҳат белгилаб берилган. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида спортчиларнинг замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши ва уларда муносиб иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Шу билан бирга, эркин, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича мамлакатимиз терма жамоаларига янги истеъдодларни жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳозиргача мамлакатимиз бир неча бор Осиё чемпионати, кўплаб йирик халқаро турнирларга муносиб мезбонлик қилган эди. Спорт курашлари бўйича бошланаётган жаҳон чемпионати эса юртимизда илк маротаба ўтказилмоқда.

Ўзбекистонда эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича жаҳон чемпионати баҳсларини ўтказиш ҳақидаги қарор 2011 йили Туркияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида эълон қилинган. Ўшанда бу нуфузли мусобақани ўтказишга АҚШ, Швеция, Финляндия, Германия, Озарбойжон ва Россия сингари 12 давлат даъвогарлик қилган эди. Якунда Халқаро спорт курашлари ассоциацияси (FILA) томонидан жаҳон чемпионатини ўтказиш учун Ўзбекистон номзоди муносиб топилди.

— Нуфузи жиҳатидан Олимпия ўйинларидан кейинги ўринда турувчи мазкур мусобақа илк маротаба Ўзбекистонда ўтказилмоқда, — дейди Бутунжаҳон кураш иттифоқи (UWW) президенти Ненад Лалович.  — Юртингизда спортни ривожлантиришга юксак эътибор қаратилаётгани, замонавий спорт инфратузилмаси, шароит ва мусобақаларни юқори савияда ўтказиш тажрибаси етарли экани эътироф этилиб, мезбонлик ҳуқуқи мамлакатингизга берилди. Чунки ўтган давр мобайнида бу ерда эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати, икки маротаба Осиё чемпионати, икки бор Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи саралаш мусобақалари ҳамда ўн икки маротаба Гран-При туркумига кирувчи «Мустақиллик кубоги» мусобақаси юқори савияда уюштирилди. Қолаверса, кейинги йилларда мамлакатингизда жисмоний тарбия ва спорт, жумладан, болалар спортини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлиги алоҳида эътирофга сазовор.

Мазкур нуфузли мусобақа мамлакатимиз мутахассислари учун 2016 йили Рио-де-Жанейрода бўладиган ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмалар берувчи саралаш турнирлари олдидан терма жамоа таркибини шакллантириб олишларида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис чемпионатда гиламга тушадиган барча йигирма тўрт вазн тоифаси бўйича истеъдодли спортчилар терма жамоага жалб этилган. Жумладан, эркин курашчиларимиз мураббийлар Александр Недорезов, Маъмуржон Рўзиевлар қўл остида баҳс­ларга ҳозирлик кўрди. Тошкент гиламларида Ҳаёт Сайфуллаев (57 кг), Жамшид Кенжаев (61 кг), Ихти­ёр Наврўзов (65 кг), Бекзод Абдураҳмонов (70 кг), Рашид Қурбонов (74 кг), Умиджон Исманов (86 кг), Омар Омаров (97 кг), Қурбон Қурбанов (125 кг)лар Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишяпти.

Юнон-рум кураши усталари ўртасидаги учрашувларда ҳам мамлакатимиз энг сара таркиб билан майдонга чиқади. Беллашувларда маҳоратини намойиш этишга шайланган Елмурат Тасмуратов (59 кг), Бобирбек Зайлобиддинов (66 кг), Нурбек Холмуҳамедов (71 кг), Нурбек Ҳошимбеков (75 кг), Бесики Солдадзе (80 кг), Рустам Ассакалов (85 кг), Суҳроб Фаттоев (98 кг), Аброрбек Мамасолиев (130 кг)лардан мураббийларимизнинг умидлари катта.

— Ўз юртингда минглаб мухлислар қаршисида гиламга чиқиш ҳар бир спортчи қалбини фахр-ифтихорга тўлдиради, — дейди бир неча карра Осиё чемпиони ва жаҳон чемпионати совриндори Елмурат Тасмуратов. — Мусобақага барча терма жамоалар энг кучли ва номдор курашчилар билан ташриф буюрган. Шу йилнинг баҳорида Остонада ўтган қитъа чемпионатида Япония, Қирғизистон, Қозоғистон, Жанубий Корея мамлакатлари курашчиларини енгиб, олтин медални қўлга киритгандим. Тошкент гиламларида рақибларим янада кучли бўлишига шубҳам йўқ. Шу боис мураббийларим Комил Фатхуллин, Рустам Қудратовлар раҳбарлигида беллашувларга пухта тайёргарлик кўрдим. Мақсадим — 2016 йили Рио-де-Жанейрода бўладиган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этишдир. Бунинг учун қитъа ва жаҳон чемпионатларида ўзимни кўрсатишим лозим. Юртимизда ўтаётган мазкур жаҳон чемпионатида халқимиз ва мураббийларимиз ишончини оқлаш учун бор маҳоратимни ишга соламан.

Аёллар кураши бўйича ҳам терма жамоамиз жаҳон чемпионатида тўлиқ таркиб билан иштирок этади. Унда Даулетбике Якшимуратова (48 кг), Зуҳра Мустанова (53 кг), Сева­ра Эшмуратова (55 кг), Асем Сейдаметова (58 кг), Саломат Кучимова (60 кг), Холбозор Норбоева (63 кг), Азиза Султанмуратова (69 кг), Гулмира Исматова (75 кг) каби спортчилар майдонга тушади.

Кеча мусобақа тақвимига кўра, биринчи бўлиб эркин курашчилар гиламга чиқишди. Унда тўртта  (57, 70, 86 ва 125 кг). вазн тоифасида кучлилар аниқланди.

Қувонарлиси, вазни 70 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида ҳамюртимиз Бекзод Абдураҳмонов бронза медалини қўлга киритди.

Жаҳон чемпионати тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов иштирок этди.

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.