04.09.2014

НИМА УЧУН МУСТАҚИЛЛИК ЭНГ УЛУҒ, ЭНГ АЗИЗ БАЙРАМ?

Искандар АЗИЗОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида билдирилган фикрлар, илгари сурилган ғоялар ЎзХДП фаоллари, «Истиқбол ёшлар қаноти» аъзолари, депутатларимиз томонидан қизғин ўрганилмоқда, тегишли хулосалар чиқариб олинмоқда.

Кейинги йигирма уч йилда туғилиб, бугун катта ҳаётга кириб келаётган болаларимиз учун мустақиллик, бугунги дориломон кунларимиз — бу табиий бир ҳодиса. Улар қарамлик нима, ўз Ватанингда ўзга тилда сўзлашишга мажбур этилишнинг азоби нима... билмайди. Биз катта авлод вакиллари эса яқин ўтган кунларимизни яхши ­эслаймиз. Президентимиз ­Ислом ­Каримов Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида шу масалага эътибор қаратди.

«Кечаги мустабид тузумда яшаган инсонлар яхши билади: ўша пайтда Ўзбекистон деган гўзал бир диёрни, ўзбек деган буюк бир халқни ким танирди? Бизни мустақил давлат сифатида ким тан оларди?..

Ўзбекистонимиз фақатгина хомашё етказиб берадиган, иқ­тисодиёти бирёқлама ­ри­вожланган, пахта як­­каҳо­кимлиги ҳалокатли тус олган ўлкага айлантирилган, собиқ СССР таркибида энг қолоқ аграр республика эмасмиди?»

Бундан йигирма уч йил аввал халқимизнинг асрлар давомида қалбида сақланиб келаётган тарихий орзуси ушалганидан сўнггина биз қаддимизни кўтардик. Ватанимиз мустақил бўлди, қарамликдан қутулдик, бизга озод ва обод, эркин ва фаровон мамлакатда яшаш ҳамда уни фарзандларимизга қолдириш имкони насиб этди.

Бир вақтлар фақат пахта етиштириб, лекин роҳатини кўрмай кун кечирдик, бунинг устига, ўз пахтамиздан тайёрланган маҳсулотларни бошқалардан бир неча баробар қимматга сотиб олишга мажбур бўлган эдик. Бугун республикамизда саноат ишлаб чиқариши жадал ривожланмоқда. Биргина 2013 йилда юқори технологияларга асосланган машинасозлик ва металлни қайта ишлаш саноати 121 фоизга, қурилиш материаллари саноати 113,6 фоизга, енгил саноат 113 фоизга ва озиқ-овқат саноати 109 фоизга ўсди. Телекоммуникация ускуналари, компьютер техникаси ва мобиль телефонлар, кенг турдаги маиший электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган янги замонавий корхоналар ташкил этилаяпти.

Эътибор беринг, сўнгги йилларда мамлакатимиз хорижий давлатларга экспорт қилаётган товарлар таркибида рақобатдош тайёр маҳсулотлар улуши тобора ортиб бораяпти. Агар ўтган йил мисолида оладиган бўлсак, 2013 йилда умумий экспорт ҳажмининг 72 фоиздан ортиғини тайёр товарлар ташкил этди.

Мана, кечагина собиқ СССР таркибидаги энг қолоқ аграр республика, иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган мамлакат бўлган Ўзбекистон бугун саноати тез ривожланаётган, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган, нафақат Марказий Осиё, МДҲ давлатлари, балки бутун дунёда ўз ўрни, ўз сўзига эга бўлган қудратли давлатга айланди. Жаҳон майдонида муносиб ҳурмат-эътибор қозондик.

Бир пайтлар халқни боқиш, одамларимизни энг зарур кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш жуда катта муаммога айланган бўлса, бугун ўз эҳтиёжларимиздан ортган катта ҳажмдаги озиқ-овқат маҳсулотларини четга экспорт қилаяп­миз.

Президентимиз айтган яна бир гапнинг мағзини чуқур мушоҳада этишимиз керак, деб ҳисоблайман. «Айни шу йилларнинг ўзида аҳолимизнинг сони 10 миллион 300 минг кишига кўпайиб, бугунги кунда 31 миллион кишини ташкил этаётгани Ўзбекистонимизнинг инсоний салоҳиятини ошириб, янги бос­қич ва марраларга эришиш учун нафақат мустаҳкам замин туғдирмоқда, керак бўлса, бошқаларни биз билан ҳисоблашишга мажбур қилмоқда».

Шу фикрнинг ўзи ҳам биз илгари ким эдигу ҳозир ким бўлдик, деган саволга жавоб бўлади. Мана, нима учун мустақиллик биз учун қадрли, нима учун мустақиллик биз учун энг улуғ, энг азиз байрам.

Бу фикрларни халқимиз орасида кенг муҳокама қилиш партиямиз ташкилотлари ва барча даражадаги депутатлардан катта масъулият талаб этади. Партия электорати ўртасида ўтган давр мобайнида амалга оширилган тарихий ишларни холисона сар­ҳисоб қилиб, бугунги марраларга қандай оғир ва машаққатли меҳнат эвазига эришганимиз ҳақида суҳбатлар уюштиришимиз, тар­ғибот ишларини тизимли олиб боришимиз зарур. Халқимизни янги марралар сари илҳомлантириш, мустақиллик ғояси атрофида янада жипслаштириш ҳар доим энг муҳим вазифаларимиздан бўлиб қолаверади.



DB query error.
Please try later.