04.09.2014

ИНСОН, УНИНГ МАНФААТИ ҲАР НАРСАДАН УСТУН

Робия КАЗИМОВА, ЎзХДП Бухоро шаҳар  кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.

Қатъият билан, узоқни кўзлаб амалга оширилган оқилона сиёсат, ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш натижасида қисқа вақт мобайнида катта ютуқларга эришиш мумкинлигини Ўзбекистон тажрибаси бутун жаҳон ҳамжамиятига исботлаб берди. Бироқ ҳозирги муваффақиятларга осонликча эришилгани йўқ, албатта. Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида бугунги ютуқларга осонликча эришилмагани ҳақида фикр юритиб, жумладан, шундай деб алоҳида таъкидлади: «Биз ўта оғир, машаққатли синов ва курашларда қўлга киритган Ватанимизнинг Мустақиллик кунини нишонлар эканмиз, барчамизнинг ҳаётимизда чуқур из қолдирган, биз босиб ўтган тарихан қисқа даврда нималарни бошимиздан кечирдик, нималарга эришдик, таъбир жоиз бўлса, «Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?» деган фикр-мулоҳазалар беихтиёр хаёлимиздан ўтиши табиийдир».

Чиндан ҳам бир эслайлик. Яқин ўтмишимизда, яъни ўтган асрнинг 90-йилларида халқимиз қандай оғир шароитларда кун кечирганини. Кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, нон, ёғ, гўшт, шакар учун дўконларда нав­батга ёзилиб кутилар эди. Озиқ-овқат маҳсулотлари оиладаги кишилар сонига қараб тақсимлаб бериларди. Умуман олганда, халқ ижтимоий-иқтисодий муаммолар гирдобига тушиб қолган, қадр-қиммати, дину диёнати топталган эди... 

Бугунчи? Ўзбек халқи аввало ўзлигини англади, урф-одатларимиз қайта тикланди. Қаранг, бир пайтлар тушимизга ҳам кирмаган ҳовли-жойларда яшаяпмиз, бозорларимиз, савдо дўконлари пештахталари маҳсулотлар билан лиқ тўла. Хоҳлаган нарсангни, хоҳлаган миқдорда сотиб олиш мумкин. Бир вақтлар харобадан деярли фарқи бўлмаган қишлоқларимиз бугун обод манзилларга айланди. Мана, кеча эрки ўз қўлида бўлмаган халқ бугун ким бўлди...

Хўш, буларга ниманинг ҳисобидан эришдик? Таҳлил этиб қарайдиган бўлсак, мустақиллигимиз эълон қилинган дастлабки кундан бошлаб юртимизда инсон манфаати энг асосий масала сифатида қўйилди. Ижтимоий ҳимоя масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасида қатор ислоҳотлар олиб борилди. Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти барпо этиш ғояси изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Энг муҳими, ана шу сиёсат, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга эътибор, одамлар фаровон турмуш кечириши учун яратиб берилаётган шароитлар амалда ўз самарасини берди.

«Мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти тахминан 5 карра, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 3,7 мартага ўсгани, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ошганининг далили бўлмиш одамларимизнинг жон бошига оладиган даромадлари 8,7 баробар кўпайгани юртимизнинг қисқа даврда кечаги, ўзини боқишга қурби етмаган республикадан тез суръатлар билан ўсиб бораётган замонавий давлатга айланганининг яққол тасдиғидир...»

Президентимизнинг сўзларини тинглар эканман, сиёсий партия фаоли, депутат сифатида бир хулосага келдим. Турли учрашувлар, давра суҳбатларида бугунги кунларга қандай оғир синовлардан ўтиб, машаққатларни енгиб етиб келганимизни одамларимизга, айниқса, ёшларимизга чуқур тушунтириб беришимиз керак. Ёшларимиз бу воқеаларни қанча чуқур билса, мустақиллик қадрини шунчалик юракдан ҳис этади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар инсон манфаатига хизмат қилаётганини ҳаётий мисоллар асосида тар­ғибот қилиб боришимиз лозим бўлади. Бундан ташқари, ижтимоий муҳофазага эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, оилалар даромадларини ошириш борасидаги ташаббусларимизни янада кучайтиришимиз талаб этилади.



DB query error.
Please try later.