04.09.2014

ЁШ СИЁСАТЧИЛАР

ўз билим ва истеъдодини намойиш қилишга тайёр

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси «Истиқбол» ёшлар қанотининг йирик лойиҳаларидан бири — «Ёш сиёсатчи — 2014» кўрик танловининг республика босқичи бошланади.

Кеча мамлакатимизнинг барча минтақаларидан 14 нафар иштирокчи, уларни қўллаб-қувватловчи тенгдошлари, ёшлар қаноти етакчилари Тошкент шаҳрига етиб келди. Улар учун қатор тадбирлар ташкил этилди.

ЁШ СИЁСАТЧИЛАР СЕНАТДА

Ёш сиёсатчи. Бу номга эришиш учун қонун ҳужжатларини пухта ўрганиш, сиёсий билимлардан хабардор бўлишнинг ўзи камлик қилади. У ўз ғоялари, сўзига аввало ўзи ишонадиган нотиқ бўлиши лозим. У бошқалардан кўпроқ ва чуқурроқ ўйлай олиши, керакли пайтларда мустақил фикр айта олиш қобилиятига ҳам эга бўлиши керак. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ёш фаолларининг Олий Мажлис Сенатига ташрифи асносида уюштирилган суҳбатлар чоғида бу фикрлар бот-бот такрорланди.

Ёш сиёсатчилар Ватанимизнинг шонли тарихи акс эттирилган суратлар, қонун ҳужжатлари, Юртбошимиз раҳнамолигида қўлга киритилган ютуқлар ҳақидаги кўргазмани ҳаяжон билан томоша қилдилар. Айниқса, катта мажлислар залидаги йиғилиш ҳамманинг кўнглини фахр-ифтихорга тўлдирди. Чунки бу ерда улар доим ҳавас қиладиган сиёсатчилар — сенат аъзолари фаолият олиб боришади...

Гулжаҳан СЕЙТНАЗАРОВА, танлов иштирокчиси (Қорақалпоғис­тон Республикаси):

— Ёш сиёсатчи аввало ўз ҳаётини ватан тақдири билан боғлаган, қонун ва қадриятларни ҳурмат қиладиган инсон бўлиши керак. Танлов аввало ўз кучимни синаб кўришим, сиёсий соҳага қизиқадиган тенгдошларим билан фикр алмашишим учун майдон бўлди, десам тўғри бўлади. Айниқса, Сенат биноси билан танишув, сенаторлар қандай шароитларда ишлашини ўз кўзимиз билан кўрганимиз бу борадаги интилишларимизни янада кучайтириб юборди.

Шоҳрух АҲМАДАЛИЕВ, танлов иштирокчиси (Андижон вилояти):

— Мен ушбу танловда қатнашиш давомида мамлакатимизда қабул қилинаётган ёшларга оид қонун хужжатлари билан чуқурроқ танишдим ва бу борада керакли билим ва кўникмаларни эгалладим. Сиёсий ва ҳуқуқий билими мустаҳкам бўлган ҳар қандай кишининг мафкуравий иммунитети юқори бўлади. Мамлакатимизнинг бугунги куни ва келажаги қандай бўлиши парламент қандай қонунларни қабул қилаётганига боғлиқ. Биз Сенат фаолияти билан танишар эканмиз, буни янада теран ҳис қилдик, сиёсатчи зиммасида нақадар катта масъулият борлигини чуқур англадик.

БЎЛҒУСИ ДЕПУТАТЛАР ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДА

ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчилари ҳамда «Ёш сиёсатчи — 2014» кўрик-танлови республика бос­қичи иштирокчилари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзХДП фракция аъзолари билан учрашдилар. У ерда бўлғуси депутатлар амалдаги депутатлар билан миллий парламентимиз фаолияти, қонун ижодкорлиги жараёни, фракция аъзоларнинг қонунчилик ташаббуслари ҳақида суҳбатлашишди.

Санъат ТОЖИМУРОДОВ, танлов иштирокчиси (Хоразм вилояти):

— Бугунги учрашув ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносида депутатлар билан суҳбатлашиб, қонун лойиҳалари муҳокама этиладиган залда ўтириб, ич-ичимиздан ўзимизни депутатдек ҳис этдик.

Ўзим Урганч давлат университети тарих факультетида миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ йўналиши бўйича таҳсил олаётганим сабабли мамлакатимиздаги қонун ижодкорлиги жараёни билан яқиндан танишиб боришга ҳаракат қиламан. Бугунги кунда парламент томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида олган маълумотларимиз эртага танловда муносиб иштирок этишимизда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Мақсуджон ОЛИМОВ, танлов иштирокчиси (Наманган вилояти):

— Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан парламентнинг ўзида учрашишни анчадан бери орзу қилардим. Ўзим ҳам депутат бўлишни кўнглимга тукканман. Шу мақсадда бу йил ЎзХДПнинг «Истиқбол» ёшлар қаноти сафига қўшилдим. Энди сиёсий ва ҳуқуқий билимларимни янада ошириб, сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишга ҳаракат қиламан. Танлов менга бу борада катта имконият берди.

Депутатлар бизга қонунлар ижроси бўйича олиб борилаётган назорат-таҳлил ишлари, қонун лойиҳаларини кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этиш масалалари юзасидан ҳам атрофлича тушунчалар беришди. Улар билан суҳбатлар менинг депутат бўлиш орзуимни янада кучайтириб юборди.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Бугунги навқирон авлод, янгича фикр­лайдиган ёшларга ҳавасимиз келади. Улар жуда бахтли. Чунки юртимизда уларнинг соғлом ва баркамол бўлиб воя­га етиши учун барча имкониятлар мавжуд. Таълим ва спорт соҳаларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам замонавий талабларга жавоб берадиган шарт-шароитлар яратилгани фикримизнинг тасдиғидир.

Депутатлар ва ёшлар учрашуви жонли савол-жавоблар асосида ўтди. Ўз нав­батида, партиянинг ёш фаоллари ҳам депутатларга ўз лойиҳалари, келгуси режалари ҳақида сўзлаб беришди.

ЮКСАК ИШОНЧ ВА ФАХР ТУЙҒУСИ ЁШЛАР НИГОҲИДА ЎЗ АКСИНИ ТОПДИ

Пойтахтимиз марказида Амир Темур хиёбони жойлашган. Хиёбон ўзининг беқиёс жозибаси, кўрку таровати билан Тошкент шаҳри чиройига чирой қўшиб туради. Унинг атрофида муҳташам Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройи, Ўзбекистон меҳмонхонаси, эгизак курант ва бошқа иншоотлар жойлашган. Курантлар ҳар соатда бутун хиё­бон узра бонг уриб туради...

Соат 16 дан 30 дақиқа ўтди. Курантлар бонг урди. «Истиқбол» ёшлар қаноти аъзолари, «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови иштирокчилари бу пайтда хиёбондаги муаззам кошона — Ўзбекистон халқ­аро анжуманлар саройи олдида йиғилишди. Қўнғироқ жаранги остида ёшлар ўзида миллий ва замонавий меъморчилик услубларини мужассам этган сарой эшиги томон одимлашди.

ЎзХДПнинг ёш аъзолари Халқаро анжуманлар саройини катта қизиқиш билан томоша қилишди. Йирик халқаро анжуманлар, маданий-маърифий тадбирлар ва концерт дастурлари ўтказиладиган муҳташам бино халқимиз бун­ёдкорлик салоҳиятининг намунаси сифатида йигит-қизларда катта таассурот қолдирди. Улар билан суҳбатлашганимизда бунга яна бир бора амин бўлдик.

Исломбек УМИРОВ, танлов иштирокчиси (Самарқанд вилояти):

— Очиғи, жуда ҳаяжондаман. Халқаро анжуманлар саройини томоша қилар эканман, бу муҳташам кошона мисолида юртимизнинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари, юксак иқтисодий салоҳияти, маънавий қудрати, шунингдек, бунёдкор халқимизнинг қуриб, яратиб яшашга бўлган иштиёқини яна бир бора яққол тасаввур этдим.

Мустақиллик даврида қурилган бундай буюк иморатлар ўзини Ўзбекистон фарзанди ҳисоблаган ҳар бир йигит-қиз қалбини фахр-ифтихорга тўлдириши табиий.

Ирода ЙЎЛДОШЕВА, танлов иштирокчиси (Навоий вилояти):

— Пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари билан танишар эканмиз, ҳар бир тенгдошим қалбида шу муқаддас Ватандан фахрланиш туйғуси янада жўш урди. Ҳар бир қурилиш, бунёдкорлик нафақат мамлакатимиз ободлиги, балки халқимиз фаровонлигини янада ошириш, навқирон авлодга муносиб шароит яратиб беришга хизмат қилиши билан аҳамиятли, деб ўйлайман.

Халқаро анжуманлар саройини ҳайрат ва ҳаяжонсиз томоша қилиб бўлмас экан. Меъморчиликнинг миллий ва замонавий руҳдаги уйғунлиги, бетакрор салобат ва ҳашамат, конференция заллари, деворлардаги сержило нақшлар, маҳобатли мармар устунлар мени лол қолдирди...

Ёшларнинг кўзларида чиндан ҳам ­Ватандан чексиз фахрланиш туйғуларини кўрдик. Бу эса йигит-қизларнинг қалбига ана шундай эзгу ишларнинг давомчиси бўлишдек буюк масъулиятни ҳам бахшида этди, деб ўйлаймиз. Демак, мамлакатимиз янада баланд ютуқларга бўй чўзаверади.

Муаззам майдон узра қўнғироқ жаранги эшитилди. Бу соат миллари 17 дан 30 дақиқа ўтганидан садо берарди. Ёшларнинг саёҳати ўз якунига етди. Улар хиёбоннинг бир томонида салобат тўкиб турган «Ўзбекистон» меҳмонхонаси томон юришди. Олдинда танлов баҳслари...

Бугун ёш сиёсатчилар танловнинг иккита шарти бўйича беллашади. Қолган шартлар эртага давом эттирилади ҳамда ғолиблар номи аниқланади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.