04.09.2014

БИТИРУВЧИ ҚИЗЛАРНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ДОЛЗАРБ МАСАЛА

Жорий йилда республикамиздаги касб-ҳунар коллежларини 243520 нафар қиз битирди. Уларни 100 дан ортиқ корхона ва ташкилотга бириктириш белгилаб қўйилган.

Иш билан банд бўлган одам ҳаётга теран кўз билан қарайди, ўзи ва оиласи тўкинлигини таъминлайди, жамият ривожига ҳисса қўшади.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида куни кеча бўлиб ўтган давра суҳбатида бу борада амалга оширилган ишлар хусусида маълумотлар берилди, камчиликлар юзасидан фикр алмашилди. Тадбирда Хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятида фаолият юритаётган ўқув марказлари раҳбарлари ва касб-ҳунар коллежларининг битирувчи қизлари иштирок этди.

Таъкидландики, Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан жамоатчилик ва масъул ташкилотлар ҳамкорлигида жорий йилда битирувчи қизлар бандлигини таъминлаш бўйича республикамизнинг барча ҳудудларида 1700 га яқин ишчи гуруҳи тузилди. Дастлаб битирувчи қизлар турли таркибларга ажратилди. Масалан, олий ўқув юртларига кириш истагини билдирганлар, иш жойи аниқ бўлганлар, ногиронлар, турмушга чиққанлар, тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳаракатидаги қизлар аниқланди.

Маълумотга кўра, айни кунда 139 488 нафар қиз ишга жойлашган. 52 127 нафарининг бандлиги бўйича иш берувчи ташкилотлар билан биргаликда тегишли чоралар кўрилмоқда.

— Аниқланишича, Хоразм вилоятида 84 фоиз, Наманганда 72, Бухорада 69, Қашқа­дарёда 68, Самарқандда 67 фоиз битирувчи қизлар бандлиги таъминланган, — деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова. — Ҳо­зирча бу яхши кўрсатгич, албатта. Аммо бу борада ҳудудларда муаммолар ҳам оз эмас. Иш билан банд бўлса-да, меҳнат дафтарчалари очилмаслиги, уч томонлама шартномаларнинг ҳаққоний эмаслиги,  каби ҳолатлар аниқланмоқда. Айни пайтда уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар олиб борилаяпти.

Шунингдек, Хотин-қизлар қўмитаси қуйи тизимлар билан биргаликда ўз ишини бошламоқчи бўлган 7 мингдан зиёд битирувчи қизга тижорат банклари томонидан 45 миллиард сўм кредит ажратилишига бош бўлмоқда. Касб-ҳунар коллежларини тамомлаган қизлар қўшимча ҳунар ўрганишини таъминлаш мақсадида бир қатор ўқув марказлари билан ҳамкорликда қизларни имтёзли тарзда касб ва ҳунарга ўргатиш чоралари кўрилмоқда.

Бу ишлар ҳали давом этади. Фарзандларимиз тақдири, келажаги энг муҳим масала. Уларнинг ишли бўлиб, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашларидан ҳар биримиз манфаатдормиз. Шу боис амалга ошираётган ишларимизни янада кучайтириб, тегишли ташкилотлар масъулиятини оширишимиз зарур.

Тадбирда Тошкент шаҳридаги 21 ўқув маркази билан тузилган шартномага асосан 400 нафарга яқин битирувчи қизга бепул сабоқ олиш имконини берувчи сертификатлар, ҳамкор ўқув марказлари раҳбарларига Хотин-қизлар қўмитасининг ташаккурномалари топширилди.

— Бу йил Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежини тамомладим, – дейди Наргиза Иброҳимова. – Бугун менга Миробод туманидаги «GAUDEMUS» ўқув марказида икки ой бепул қўшимча ҳунар ўрганишим учун сертификат берилди. Одамнинг ҳунари қанча кўп бўлса, уни қанча чуқур эгалласа, иш топиши ҳам шунча осон бўлади.

— Яқинда туман Хотин-қизлар қўмитаси ёрдами билан банкдан 5 миллион сўмлик кредит олдим, — дейди Янгийўл хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Шоҳида Фахриддинова. — Иккита тикув машинаси сотиб олиб, чойшаб тикишни бошладик. Икки нафар тенгдошим ҳам мен билан бирга ишлаяпти. Келажакда фаолиятимни кенгайтириб, миллий ҳунармандчилигимизни дунёга танитиш, келинлар учун кийим-кечаклар тикишни йўлга қўйишни режалаштирдим.

— Фаолиятимизни бошлаганимизга икки йил бўлди, — дейди «Саришта Бегойим» ўқув маркази раҳбари Баҳром Файзихўжаев. — Марказимизда сартарошлик, тикувчилик, компьютер саводхонлиги ва қандолатчилик сирлари ўргатилади. Ҳар бир йўналиш бўйича дарслар кенгайтирилган тарзда, ўқувчилар истаклари асосида ўтилади. Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан 11 нафар қизни икки ойлик бепул курсларда ўқитиб, улар банд­лигини таъминлашга оз бўлсада ҳисса қўшишдан мамнунмиз.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.