04.09.2014

ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ БАНКРОТЛИГИ

тўғрисидаги масалани ким, қандай ҳал этади?

Бозор иқтисодиёти шароитида хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий барқарорлиги муҳим аҳамият касб этади. Лекин корхона иқтисодий ва молиявий жиҳатдан ночор аҳволга тушиб қолса, у банкрот бўлиши табиий ҳолдир.

Банкротлик масаласи қонунчилигимизда янги тушунча бўлишига қарамасдан, ҳозирда долзарб ва муаммоли масалалардан бирига айланиб бормоқда. Чунки банкротлик нафақат мулк эгасининг манфаати, балки кредиторлар, меҳнат жамоаси, ҳамкорлар ва бошқа шахслар учун ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқариши табиий. Бунга йўл қўймаслик учун корхона фаолиятининг банкротлик ҳолатини тўхтатиш зарур.

Умуман олганда «банкротлик» тушунчаси қонунчилигимизга илк маротаба Ўзбекис­тон Республикасининг 1994 йил 5 майдаги «Банкротлик тўғрисида»ги қонуни қабул қилиниши билан янги ҳуқуқий институт сифатида кириб келди. Ҳозирги кунда амалиётда Олий Мажлис томонидан 2003 йил 24 апрелда қабул қилинган янги таҳрирдаги қонун қўлланилаётган бўлиб, ушбу қонуннинг мақсади юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банкротлиги соҳасидаги муносабатларини тартибга солишдан иборатдир ва қонуннинг талаби бюджет ташкилотларига татбиқ этилмайди.

Мазкур қонуннинг 4-моддасида қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўловлар мажбурияти юзага келган кундан эътиборан уч ой давомида қарз­дор томонидан бажарилмаган бўлса, бу банкротлик аломатлари деб ҳисобланиши, 6-моддасида эса мажбурий тўловлар мажбуриятини бажармаганлиги натижасида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат этиш ҳуқуқи давлат солиқ хизмати органларига ҳам тегишли эканлиги белгиланган.

Шунингдек, ушбу қонуннинг 43-моддасида давлат солиқ хизмати органларининг қарздорни мажбурий тўловлар бўйича банкрот деб топиш тўғрисидаги аризасига қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий тўловлар бўйича қарзни қайтариб олишга доир чора-тадбирлар кўрилганлиги далиллари ҳам илова қилиниши керак дейилган. Демак, давлат солиқ хизмати органлари хўжалик судига ариза билан чиқишдан олдин қарзни ундириш чора-тадбирларини кўриши ва аризага қуйидагилар илова қилиниши лозим: кредиторнинг қарздорга бўлган талабларини кўриб чиққан суд қарори, ижро ҳужжатлари (ижро варақаси, қарз­дор томонидан акцептланган тўлов талаблари, нотариуснинг ижро хати ва бошқалар ёки кредитор талаблари қарздор томонидан тан олинганлигини тасдиқловчи далиллар).

Банкротликнинг яширинган аломатлари аниқланганда кредитор манфаатларини кўзлаб прокурор ҳам қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли. Бу ҳуқуқ қонуннинг 44-моддасида белгилаб қўйилган.

Фикримизни Жиззах вилоят хўжалик судига қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида давлат солиқ хизмати органлари томонидан киритилган айрим аризаларга кўра кўриб чиқилган хўжалик ишлари мисолида давом эттирамиз.

Хўжалик судининг 2013 йил 29 мартдаги ҳал қилув қарори билан аризачи — Жиззах шаҳар Давлат солиқ инспекцияси қарздор — Жиззах шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркор Ниязов Саид Хатамовични соддалаштирилган тартибда банкрот деб топиш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилди.

Жиззах шаҳар Давлат солиқ инспекцияси томонидан қарздорнинг молиявий аҳволи ўрганилганда, бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалардан боқиманда қарздорлиги жами 11104,5 сўмни ташкил қилганлиги аниқланган. Банк томонидан картотека (К-2)га қўйилган. Қарздорнинг тўлов қобилияти йўқлигини инобатга олиб, Жиззах шаҳар Давлат солиқ инспекцияси судга мурожаат қилиб, қарздорни соддалаштирилган тартибда банкрот деб топишни сўраган. Ушбу қарздорлик жавобгар тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганлиги ҳамда пеня суммалари ҳисобига ҳосил бўлган. Лекин унинг ҳисоб рақамида пуллари, мол-мулки ва бошқа активлари бўлмаганлиги сабабли, қарзни ундиришнинг имконияти бўлмаган. Қарз­дор томонидан Жиззах шаҳар Давлат солиқ инспекция­сига охирги йиллик фаолияти тўғрисида ҳеч қандай ҳисобот бермаган. Суд мажлисида иштирок этган жавобгар 2005 йил рўйхатдан ўтиб, асосан полиэтилен маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолия­тини юритганлиги, 2009 йилда текшириш ўтказилганлиги, амалдаги қонунларни тўлиқ билмаслиги сабабли ҳисоботларни тўғри расмийлаштирмаганлиги натижасида мазкур боқиманда қарздорлик келиб чиққанлиги, ҳозирги кунда айланма маблағи мавжуд эмаслиги оқибатида фаолиятини тўхтатганлиги, мол-мулки йўқлиги сабабли мавжуд боқиманда қарздорликни тўлаш имкони йўқлигини билдирган.

Яна бир мисол: Зарбдор туман Давлат солиқ инспекцияси вилоят хўжалик судига ариза билан мурожаат этиб, Зарб­дор туман «Mehnatkash bolalar» хусусий корхонаси соддалаштирилган тартибда банкрот, деб эътироф этишни сўраган.

Суд томонидан тўпланган далиллар ва иш ҳужжатлари атрофлича ўрганилганида Зарбдор туман «Mehnatkash bolalar» хусусий корхонаси Зарбдор туман ҳокимлигида 2011 йил 15 ноябрда давлат рўйхатига олинганлиги ва асосан қурилиш фаолияти билан шуғулланганлиги аниқланган.

Аризачи — Зарбдор туман Давлат солиқ инспекцияси томонидан тақдим қилинган маълумотномадан кўринишича, қарз­дорнинг солиқлар ва бюджетдан ташқари мақсадли жам­ғармалардан қарзлари 1.814.500 сўмни ташкил этган. Қарздорнинг қарз мажбуриятлари тўлов муддатлари Ўзбекистон Республикаси «Банкротлик тўғрисида»ги қонунининг 4-моддасида белгиланганидан 3 ойдан ошиб кетган ҳамда тўлиқ банкротлик аломатлари мавжуд.

Зарбдор туман «Ермулккадастр» хизмати ДУК томонидан тақдим қилинган маълумотномадан кўринишича, қарз­дор хусусий корхонасининг бино иншоотлари рўйхатдан ўтмаган. Зарбдор туман Давлат техника назорати инспекцияси томонидан тақдим қилинган маълумотномадан кўринишича, қарздор хусусий корхонаси номига қишлоқ хўжалик техникаси қайд қилинмаган.

Унинг бюджет олдидаги қарзи пеня ҳисобига ошиб кетаверган. Корхонанинг мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслиги, унда банк­ротлик аломатлари мавжудлиги бюджет олдидаги қарзларининг кўпайишиги сабаб бўлган.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, тараққиёт шиддат билан илгарилаётган бугунги бозор иқтисодиёти шароитида маълум бир фаолият турини амалга ошириш орқасидан фойда олишни кўзлаган шахс, энг аввало, мавжуд қонунларга амал қилган ҳолда ўз ишини йўлга қўя билиши зарур. Чунки ниятнинг ўзи билангина ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Қонун талабларини ҳисобга олмай лоқайд иш юритганлар юқоридаги мисоллар сингари фаолиятини тугатишдан ўзга чораси қолмайди.

 

Алишер МАҲМАНАЗАРОВ,

Жиззах вилоят хўжалик суди судьяси.



DB query error.
Please try later.