Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
01.09.2014

ҲУДУДЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТИ

энг аввало партиямиз электорати манфаати учун хизмат қилади

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сурхондарё вилоят ташкилотининг V конференцияси бўлиб ўтди. Унда ўтган 5 йил давомида ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилиши, унда партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмаларининг иштироки, электорат манфаати йўлидаги ташаббуслар, амалий ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Айни кунда вилоятда 34 минг 144 нафар партия аъзосини бирлаштирган 797 бошланғич партия ташкилоти фао­лият кўрсатмоқда. Халқ депутатлари вилоят Кенгашига ХДПдан сайланган 30 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларида эса 208 нафар депутат иш олиб бормоқда. Ўтган даврда ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан вилоят Кенгаши сессиялари муҳокамасига 7, шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларига 18 масала киритилди.

— Сессияларда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш, кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳолини иссиқлик энергияси ва ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш, кексалар ҳамда ногиронларни манзилли ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш ва бошқа талай масалалар бизнинг гуруҳимиз ташаббуси билан кўриб чиқилди, — деди ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси Чори Жумақулов. — Булардан ташқари, ҳудудларни ободонлаштириш, аҳоли банд­лигини таъминлаш каби долзарб муаммолар ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Депутатлар томонидан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига 170 дан ортиқ сўров юборилган бўлса, уларнинг 70 фоизидан ортиғида ўртага қўйилган муаммо ижобий ҳал этилди. Жойларда фаолият кўрсатаётган 14 Жамоатчилик қабулхонаси электоратнинг ишончини қозонди. Беш йил давомида қабулхоналарга турли масалалар юзасидан 850 га яқин мурожаат тушган бўлиб, уларнинг аксарияти ўз ечимини топган. «Соғлом бола йили»нинг ўтган даврида эса ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, коммунал хизматлардаги муаммоларга оид 270 мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 157 таси ҳал этилди. Қолганлари назоратга олинди, айримлари бўйича юридик маслаҳатлар берилди. Бу борада ЎзХДП Термиз шаҳар, Шўрчи, Ангор, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Олтинсой, Сариосиё туман кенгашларида яхши натижаларга эришилган.

Маълумки, ЎзХДПнинг 2011-­­­­2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида хотин-қизлар фаоллигини ошириш, манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан қатор  вазифалар белгиланган. Шуларни инобатга олган ҳолда «Фаол аёллар» қаноти вилоят бўлими ҳудудларда турли амалий тадбирларни ташкил этди.

— Биз учрашув, семинар ва тренингларда электорат вакиллари бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратдик, — деди «Фаол аёллар» қаноти вилоят бўлими раҳбари Нилуфар Шайманова. — Мазкур йўналишда, айниқса, олис ҳудудларда яшаётган хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида бошланғич сармояни шакллантириш, ҳунармандчиликни оилавий бизнесга айлантириш, меҳнатни расмий ташкил этиш борасида тушунтириш ишлари изчил олиб борилгани яхши самара бермоқда. Бизнинг бевосита ташаббусларимиз, амалий ёрдамимиз билан 2013 йилда касаначилик, сервис хизмати ва бошқа соҳаларда юздан ортиқ янги иш ўрни яратилган бўлса, жорий йилнинг 6 ойида 70 га яқин хотин-қиз бандлиги таъминланди. 

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этиш ҳар бир партия аъзосидан ташаббускорликни талаб қилади. Депутатлик назоратини кучайтириш, доимий комиссиялар ишида фаол иштирок этиш, унинг мажлислари кун тартибига турли масалалар таклиф қилиш ҳам электоратни қийнаётган муаммоларга ечим топишда муҳим ўрин тутади.

— Партиянинг дастурий мақсад, вазифаларини аҳоли, айниқса, электорат орасида кенг тарғиб қилиш, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечимлари юзасидан асосли таклифлар бериб бориш одамларнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга ҳисса қўшишнинг муҳим шаклидир, — деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси Турсунпўлат Норбоев. — Бу борада аксарият депутатлар фаол иш олиб бораётгани, шу билан бирга айримларида ташаббускорлик, фаоллик етишмаётганини таъкидламоқчиман. Шундай экан, ишимизни танқидий таҳлил қилиб, йил охирига қадар Ҳаракат дастурида жорий йил учун белгиланган вазифаларни тўлиқ бажаришга эришишимиз зарур.

Ўтган йиллар давомида ЎзХДП Сурхондарё вилоят ташкилотлари фаолиятида ютуқлар қаторида камчиликларга ҳам йўл қўйилди. Кадр­лар қўнимсизлиги натижасида айрим туманлар кенгашларидаги Жамоатчилик қа­бул­хоналарида фуқароларни қабул қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш, ташаббускор кишиларни партия сафларига қабул қилиш ишларида сусткашлик кузатилди. Демак, бу камчиликларни зудлик билан бартараф этиб, ишларни замон талаби даражасида йўлга қўйиш талаб этилади.

— Бугун сафларимизда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 12 минг­га яқин аъзо бирлашган, — дейди «Истиқбол» ёшлар қаноти вилоят бўлими етакчиси Суннатулло Бозорбоев. — Уларнинг сиёсий-ҳуқу­қий онги ва мадания­тини юксалтириш бўйича турли анжуман, семинар ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Айниқса, «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловида кўплаб истеъдодли ёшлар кашф этилмоқда. Бу йил танловнинг БПТ, шаҳар ва туман босқичларида 600 нафардан ортиқ ёшлар «Мен Ватаним равнақига ҳисса қўшишни хоҳлайман» эзгу ғояси остида ўз билимларини синовдан ўтказди. Улар орасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти, Алишер Навоий номидаги Давлат стипендияси совриндорлари борлиги истеъдодли ёшларнинг партиявий фаолиятга қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади. Жорий йилнинг шу даврига қадар 200 нафардан ортиқ йигит-қиз сафимизга қўшилгани бу фикрларнинг тасдиғидир.

Конференция якунида партиянинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий масалаларга доир позициясини жойларда кенг тарғиб қилиш, бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Конференцияда ташкилий масалалар ҳам кўрилди. ЎзХДП вилоят кенгаши раислигига Чори Жумақулов қайта сайланди. 

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.