01.09.2014

Гўзал Ватанимизнинг улуғ байрами

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган байрам тантанаси бўлиб ўтди

Мустақиллик – энг улуғ, энг азиз байрамимиз. Бу кун ҳурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзусини, халқимизнинг тенглар ичра тенг бўлиш ҳуқуқини юзага чиқаргани, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклагани билан улуғ, мўътабар. Мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаётгани, фарзандларимиз келажагига мустаҳкам замин яратаётгани билан азиз ва мукаррамдир.

Байрам тантаналаридан сурур туйган юртдошларимиз тилида “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деган сўзлар қалб изҳори янглиғ янграмоқда. Диллардан дилларга кўчмоқда.

2014 йил, 31 август. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи, унга туташ хиёбонлар, йўллар ва бинолар байрамона безатилган. Гуллар таровати, чироқлар шуъласи атрофга ажиб гўзаллик бахш этган. Рангин байроқчалар майин шамол эпкинида тебранади. Майдон атрофига ўрнатилган йирик мониторлар қадим Регистон мадрасалари ва бугуннинг буюк обидаси – Мустақиллик майдонидаги Эзгулик аркасини эслатади. Саҳна теграсидан таралган нурлар самода туташиб, яна ёйилиб кетади.

Бу ерга Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, фан ва маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий давлатлар элчихоналари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари ташриф буюрган.

Соат 19.00. Байрам тантанасида ҳозир бўлганлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовни қарсаклар билан кутиб оладилар.

Чорлов мусиқаси байрам шодиёнаси бошланаётганидан дарак беради.

Президент Ислом Каримов минбарга таклиф этилади.

Давлатимиз раҳбари мустақиллигимизнинг йигирма уч йиллиги билан бутун халқимизни муборакбод этади.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янграйди. Байрам аҳли қўлларини кўксига қўйиб, мамлакатимизнинг бош қўшиғига жўр бўлади. Мониторларда Истиқлол манзаралари намоён бўлади. Уларга боқиб юрак тўлқинланади, ғурурга тўлади.

Майдон мозий нурига шўнғийди. Ғойибдан Амир Темурнинг виқорли овози эшитилади. Буюк Соҳибқирон авлодларига Ватанни ҳурлик ва ободликка элтишни, миллат дардларига дармон бўлишни васият қилади. Бу даъват ва эзгу ниятнинг ижобати сифатида мониторларда Президентимиз Ислом Каримов 1991 йил 31 август куни Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини эълон қилган тасвирлар намоён бўлади.

Бу кун тарих солномасида янги даврни бошлаб берди. Юртимизга ҳурлик, элга бахт, нажот ато этди. Ватанимиз халқаро ҳамжамиятда ўз ўрнига, ўз сўзига эга бўлди. Мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Юртимиз иқтисодиёти изчил ривожланиб, халқимиз турмуш даражаси муттасил юксалиб бормоқда.

Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган тараққиёт тамойиллари – “ўзбек модели” асосида сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Иқтисодиётнинг мафкурадан холилиги ва сиёсатдан устунлиги, давлатнинг бош ислоҳотчи вазифасини бажариши, қонун устуворлиги барча соҳаларда улкан самаралар бермоқда. Кучли ижтимоий сиёсат халқимизга моддий ва маънавий мадад бўлаётир. Ислоҳотларнинг босқичма-босқич амалга оширилиши юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий ва ижтимоий бўҳронларнинг олдини олиб, ислоҳотлар самарадорлигини таъминламоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси юртимизда амалга оширилаётган демократик янгиланиш жараёнларининг мантиқий давоми бўлди. Узоқ муддатга мўлжалланган мазкур демократик дастурга мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, судлар ва оммавий ахборот воситалари фаолияти ҳамда сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунлар қабул қилинмоқда.

Фуқаролик жамияти ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда ушбу тизим аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, бандликни таъминлаш, маънавий муҳит барқарорлиги ва тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш каби қатор вазифаларни бажариб келмоқда.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳудуддаги муҳим масалаларни ҳал этмоқда. Маҳаллий бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Маҳаллада том маънодаги демократик қадриятлар ривожланмоқда. Бу ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказилган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловида ҳам яққол ифодасини топди. Умумэътироф этилган демократик тамойиллар асосида ўтказилган мазкур сайлов жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловлар олдидан муҳим босқич бўлди.

...Илдизлари мустаҳкам дарахт кўкка бўй чўзади. Келажак мозийдан қувват олади. Байрам саҳнасида янграётган мумтоз куй-қўшиқларда халқимизнинг маънавий мероси, аждодларимизнинг ижодий салоҳияти намоён бўлади.

Истиқлол йилларида Ватанимизнинг бой маънавий-маданий мероси тикланди. Юртбошимиз ташаббуси билан Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий сингари улуғ боболаримизнинг юбилейлари кенг нишонланди. Абдухолиқ Ғиждувоний, Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Аҳмад Фарғоний, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк аждодларимиз қадамжолари обод этилди, ҳаёти ва бебаҳо мероси ўрганилмоқда.

Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Тошкент, Марғилон сингари қадим ва муаззам шаҳарларимиз юбилейи халқаро миқёсда тантана қилинди. “Авесто”нинг 2700 йиллиги, “Алпомиш”нинг 1000 йиллиги, Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллигини нишонлаш асносида тарихимиз янада теран ўрганилди, шаҳарсозлигимиз, маданиятимиз илдизлари тадқиқ этилди.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ва Самарқандда муваффақият билан ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусида халқаро конференция дунёда буюк аждодларимизнинг даҳосига ҳурмат-эҳтиром, уларнинг бой илмий меросини ўрганишга қизиқиш ҳамон юқори эканини кўрсатди. Унда иштирок этган олимлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, илмий марказлар ва институтлар мутахассислари Ўзбекистон алломаларининг дунё илм-фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссасини яна бир бор эътироф этди. Мамлакатимизда тарихни ўрганиш, таълим тизимини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самараларини юксак баҳолади.

...Болалик умрнинг беғуборлик, бахтиёрлик палласи. Бугунги болаларнинг юракларида ўтмиш залолати, ноҳақлик асоратидан қолган доғлар йўқ. Улар – озод ва обод юрт болалари. Уларнинг юз-кўзларида ҳамиша қувонч, дилларида олам-олам орзулар бор. Байрам саҳнасини шодликка тўлдирган болажонларнинг қўшиқлари шунга ҳамоҳанг.

Халқимиз – болажон. Барча орзу-ҳавасларимиз, ҳаётимиз мазмуни фарзандларимиз билан боғлиқ. Бу менталитет давлатимиз сиёсати, мамлакатимизнинг стратегик мақсадларида ҳам ўз ифодасини топган.

Мустақиллик йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида болаларнинг соғлом туғилиши ва баркамол улғайиши учун барча шароит яратилди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим тизимини такомиллаштириш, болалар спортини ривожлантириш каби соҳалардаги ислоҳотлар ўзаро узвийлик касб этиб, изчил амалга оширилди. Бугун замонавий тиббий марказлар, таълим муассасалари, спорт иншоотлари ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда Соғлом бола йили деб эълон қилинган жорий йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди. Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, ирсий касалликларнинг олдини олиш, оилаларни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.

Бунинг асосий воситаси сифатида спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз томонидан асос солинган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг фаолияти умуммиллий ҳаракатга айланди. Бу жараён таълим-тарбия тизими билан мутаносиб равишда олиб борилаётгани ёшларимизни ҳам маънавий, ҳам жисмоний жиҳатдан уйғун ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Спортда тобланган ёшларимиз камолоти дўстлик ва саломатлик байрамига айланиб бораётган уч босқичли спорт мусобақаларида яққол намоён бўлаётир. Жорий йил Наманган шаҳрида ушбу тизимнинг ўрта бўғини – “Баркамол авлод” спорт ўйинларининг финал босқичи бўлиб ўтди.

Майдонга яқинда Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларида ғолиб бўлган ёш спортчиларимиз кириб келади. Жаҳоннинг энг нуфузли мусобақаларидан бирида муносиб қатнашиб, 4 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритган қаҳрамон йигит-қизларни байрам аҳли олқишлар билан кутиб олади.

...Ҳарбий оркестр садолари остида майдонда Ватан ҳимоячилари саф тортади. Уларнинг қадамларидаги залвор юракларни ларзага солади. Мустақиллигимизнинг мустаҳкам қалқонлари “Тинчлигинг асраймиз, муқаддас Ватан!” дея куйлайди.

Тинчлик – тараққиёт ва фаровонликнинг асосий омили. Мамлакатимизда ана шу омилнинг доим барқарорлиги туфайли барча соҳаларда улкан ютуқ ва марраларга эришилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида замонавий Қуролли Кучларни шакллантириш, унинг қудрати ва салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон қатъий тинчликсевар сиёсат юритиб келмоқда. Давлатимиз ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди. Аскарларимиз фақат ўз Ватани, ўз халқи тинчлиги ва дахлсизлигини ҳимоя қилади. Давлатимиз ташқи сиёсати миллий манфаатларнинг устуворлиги, халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя этиш, баҳсли масалаларни тинч йўл билан ҳал қилиш тамойилларига асосланади.

Ана шундай қатъий сиёсати ва эзгу ташаббуслари сабаб мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори тобора ошиб бормоқда. Энг ривожланган давлатлар, дунёга донғи кетган фирма ва компаниялар юртимиз билан ҳамкорликка интилмоқда.

Бугун Ўзбекистон 130 дан ортиқ давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатган. Тошкентда 45 мамлакатнинг элчихонаси, йигирмага яқин халқаро ташкилот ва молиявий муассаса ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда. Хорижий давлатларда, халқаро ташкилотлар ҳузурида Ўзбекистоннинг 50 га яқин дипломатик ва консуллик ваколатхонаси очилган. Мамлакатимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом конференцияси ташкилоти каби нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмаларга аъзо.

...“Ким эдигу ким бўлдик?”. Саҳна ортидан ўқилаётган бу шеър халқимизнинг фикрини ифода этаётгандек, барчанинг қалбидан чиқаётгандек туюлади. Мониторларда элу юртимизнинг зафарли одимлари, йигирма уч йиллик тарих зарварақлари, бетакрор табиатимиз, меҳнатсевар юртдошларимиз сиймоси акс этади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, асосан пахта хомашёси етказиб беришга ихтисослашган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган қолоқ республикадан саноати тез суръатлар билан ўсиб бораётган, жадал тараққий этаётган мамлакатга айланди.

Давлатимиз раҳбари томонидан автомобилсозлик, моторсозлик заводларига, нефть ва газни қайта ишлаш, замонавий маиший техникалар, компьютер ва мобиль телефонлар ишлаб чиқариш каби янги саноат тармоқларига асос солинди. Озиқ-овқат, енгил саноат, кимё, қурилиш материаллари саноати корхоналари модернизация қилинди. Бугун уларда тайёрланган маҳсулотлар аҳоли эҳтиёжини тўла таъминлаб, дунё бозорларини ҳам забт этмоқда.

Яқинда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлараро статистика қўмитаси минтақа мамлакатларининг 2014 йил биринчи ярим йиллигидаги ривожланиш кўрсаткичларини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича МДҲда биринчи ўринни эгаллади.

Бундан атиги 23 йил олдин Ўзбекистон ушбу минтақада айни шу кўрсаткичлар бўйича энг охирги ўринларда турарди. Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиёт таркиби тубдан ўзгартирилгани, саноат ривожига алоҳида эътибор қаратилгани самарасида мамлакатимиз бу соҳада ҳам биринчилар сафига чиқиб олди. Бугун юртимизда юксак технологияларга асосланган кўплаб замонавий корхоналар фаолият юритмоқда. Уларда инсон учун, халқимиз эҳтиёжи учун зарур барча маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Шу каби ислоҳотлар самарасида истиқлол йиларида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 5 карра ўсди. Аҳоли даромадлари жон бошига 8,7 баробар кўпайди. Кейинги ўн йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 8 фоиздан ошди. Жорий йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 8,1 фоизни ташкил этди.

Дунёда камдан-кам кузатиладиган бундай натижалар халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси тобора ўзгариб бораётгани, юз минглаб уй-жойлар ва замонавий инфратузилма объектлари бунёд этилаётгани, одамларнинг сифатли истеъмол товарлари билан таъминланаётганида намоён бўлаётир. Мамлакатимиз ижтимоий фаровонлик, жумладан, умр кўриш давомийлиги, оилалар мустаҳкамлиги, бозорлар тўкинлиги бўйича жаҳонда юқори ўринларни эгаллаб турибди.

Эришилган натижалар билан чекланмасдан, иқтисодиётни янада ривожлантиришнинг қўшимча имкониятлари изланмоқда. 2013 йил 22 ноябрь куни пойтахтимизда Осиё қуёш энергияси форумининг олтинчи йиғилиши ўтказилди. Халқаро энергетика агентлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Саноатни ривожлантириш ташкилоти, Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро тузилмалар вакиллари, соҳа мутахассислари ва олимлар иштирок этган анжуманда мамлакатимизда қуёш энергетикасини ривожлантириш истиқболлари белгилаб олинди.

...Майдон узра наво янграйди. Сўзларга тўкилган ҳислар, ҳислардан туғилган куйлар қалбларни ҳаяжонга солади:

Ҳеч кимни бахт ўз-ўзидан қучган эмас,
Қуш ҳам кўкка машаққатсиз учган эмас.
Ойдин тунлар, осойишта, тиниқ тонглар
Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.

Дарҳақиқат, ҳеч нарса осмондан тушмайди. Мақсадга, бахт-саодатга эришишнинг ўзи бўлмайди. Бу кунларга етгунча халқимиз не-не машаққатларни бошидан ўтказди. Аввало ўз фитратига, ўз қудрати ва ўз давлатига ишониб, ҳаммасини енгиб ўтди. Бугун ўша сабр-тоқатнинг, тинимсиз меҳнатнинг роҳатини кўрмоқдамиз.

Юртимизда ҳар бир инсон меҳр ва эътиборда. Болалар спорт билан машғул. Ёшлар билим олиш, касб эгаллаш иштиёқида. Ота-оналар тўйлар қилсам, болаларимнинг камолини кўрсам, деган яхши ният билан меҳнат қилаётир. Ёши улуғлар фарзандларини, эл-юртимизни дуо қилиб, тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечирмоқда.

Юртимизнинг ҳар бир гўшасида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Дунё миқёсида ҳам ноёб саналган йирик заводлар, саноат корхоналари ишга туширилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз шаҳарлари бош режа асосида қайта қурилмоқда. Буни Самарқанд, Бухоро, Андижон, Наманган, Термиз, Қарши, Урганч, Нукус, Фарғона каби шаҳарларимизнинг бугунги жамоли мисолида кўриш мумкин. Натижада ушбу шаҳарлар қиёфаси бутунлай ўзгарди, ижтимоий инфратузилма ривожланди. Маданият ва санъат саройлари, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт муассасалари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари, дам олиш масканлари ҳудудлар кўркига кўрк қўшди.

Қишлоқларимизда барпо этилаётган замонавий уйлар оилалар фаровонлигини юксалтирмоқда. Мустақиллик байрами арафасида минглаб ана шундай янги уй-жойлар ўз эгаларига топширилди.

Юртимизда транспорт инфратузилмаси изчил ривожланмоқда. Янги йўллар, йўл ўтказгичлар бунёд этилмоқда. Мамлакатимиз ҳудудлари ягона темир йўл тармоғига боғланмоқда. 2013 йилда улкан стратегик аҳамиятга эга яна бир янги йўл – Ангрен-Поп темир йўли қурилиши бошланди. 124 километрлик мазкур темир йўл, шу жумладан, 19 километрлик туннел Ўзбекистоннинг марказий қисмини Фарғона водийси билан боғлайди, Шарқий Осиё мамлакатларининг Ғарб давлатларига чиқишида муҳим бўғин бўлиб хизмат қилади.

Қишлоқ хўжалигида амалга оширилган туб ислоҳотлар, фермерлик ҳаракатининг самарадорлиги туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Бозорларимиз тўкин ва фаровон, дастурхонларимиз файзу баракали. Сабзавот, картошка, полиз экинлари, мева, узум етиштириш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажми ошиб бораётир.

Мамлакатимиздаги бундай фаровонлик, мўл-кўлчиликка бутун дунё ҳавас қилмоқда. Жорий йилнинг 6 июнида пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференцияда қатнашган хорижлик мутахассислар ва ишбилармонлар буни яна бир бор эътироф этди, ютуқларимизни тан олди.

Бу йил деҳқонларимиз 8 миллион 50 минг тонналик юксак хирмон бунёд этди. Мустақилликкача дон ва ун таъминоти бўйича бошқаларга қарам бўлиб келган халқимиз айни пайтда ўз эҳтиёжини таъминлаш билан бирга, хорижий давлатларга дон экспорт қилмоқда. Ғаллачилик ривожи чорвачилик ва паррандачилик каби бошқа кўплаб тармоқларга ҳам ижобий таъсир этиб, гўшт, сут, тухум каби озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл бўлишини таъминлаётир.

– Ўзбекистон мустақиллиги байрамида яна бир бор иштирок этаётганимдан мамнунман, – дейди Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сун Лицзе. – Байрам тантанасидаги кўтаринки руҳ, одамлар юз-кўзидаги қувонч ва шодлик юртингиздаги тўкинлик, фаровонлик, тинч ва осуда ҳаёт ифодасидир. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон ҳар томонлама жадал ривожланмоқда. Буни мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўлами йилдан-йилга кенгайиб, икки томонлама муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганида ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари бундан кейин ҳам изчил тараққий этаверишига ишонаман. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини мустақиллик байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман, бахт-саодат тилайман!

...Байрам тантанаси янада қизийди. Ватанни, севги ва садоқатни, бугунги дориломон кунлар шукуҳини мадҳ этувчи қўшиқлар янграйди. Юртдошларимиз шундай мустақил ва гўзал мамлакатда яшаётганидан ғурур ва сурур туяди.

– Мен 23 ёшдаман, Истиқлолимиз билан тенгдош эканимдан, мустақиллик йилларида камолга етганимдан фахрланаман, – дейди байрам тантаналарида иштирок этган Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Дилафрўз Усмонова. – Биз бахтли авлодмиз. Шундай гўзал ва фаровон юртимиз, ёшларнинг ғамхўри Президентимиз бор. Юртбошимиз табрик сўзида бизга яна бир бор мурожаат этиб, ўз меҳр-эътиборини билдирдилар. Бундай эътибор биз, ёшларга куч-ғайрат, қанот бағишлайди.

Қалблардан тошаётган ҳаяжон мисол самода ранг-баранг мушаклар порлайди. Унинг ёғдулари одамлар юзини, бутун пойтахтимизни ёритиб юборади. Гўё халқимизнинг юзи ҳамиша ёруғ, мамлакатимиз келажаги порлоқ бўлишидан нишона беради.

Байрам тадбирлари ернинг сунъий йўлдоши орқали дунёнинг саксондан ортиқ мамлакатига тўғридан-тўғри олиб кўрсатилди.

Йиллар ўтади, замонлар ўтади. Халқимизнинг хоҳиш-иродаси, давлатимиз раҳбарининг жасорати билан қўлга киритилган Мустақиллик куни мамлакатимиз тарихидан асло ўчмайдиган абадий сана бўлиб қолади. Асрларга татигулик бу кун асрлар давомида энг улуғ, энг азиз байрам сифатида нишонланаверади.

ЎзА


DB query error.
Please try later.