01.09.2014

Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!

Муҳтарам меҳмонлар!

Бугун халқимиз она юртимизнинг буюк тарихидаги ҳақиқатан ҳам биз учун энг улуғ, энг азиз бўлган Ватанимиз мустақилликка эришган куннинг йигирма уч йиллик байрамини катта шоду хуррамлик билан нишонламоқда.

Ана шу қутлуғ айём билан сиз, азизларимни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни чин қалбимдан табриклаш, барча-барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эҳтиромимни билдиришдан бахтиёрман.

Азиз юртдошларим, қадрдонларим!

Биз ўта оғир, машаққатли синов ва курашларда қўлга киритган Ватанимизнинг Мустақиллик кунини нишонлар эканмиз, барчамизнинг ҳаётимизда чуқур из қолдирган, биз босиб ўтган тарихан қисқа даврда нималарни бошимиздан кечирдик, нималарга эришдик, таъбир жоиз бўлса, “Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган фикр-мулоҳазалар беихтиёр хаёлимиздан ўтиши табиийдир.

Мустақиллик, истиқлол деган улуғ неъмат аввало халқимизга эркинлик ва озод ҳаётни берган, инсоний шаънимиз, миллий онгимиз, қадр-қимматимизни тиклаб, барчамизга ўзлигимизни англаш туйғусини, тилимиз, муқаддас динимизни, қадрият ва урф-одатларимизни қайтариб берган, Ватанимиз тарихида ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган буюк санадир.

Мустақиллик биз учун – бу ўз тақдиримизни қўлга олиб, юртимизнинг ер ости, ер усти бойликларига эга бўлиш, беқиёс моддий ва маънавий салоҳиятимизни амалга ошириш, жаҳон миқёсида ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш демакдир.

Кечаги мустабид тузумда яшаган инсонлар яхши билади: ўша пайтда Ўзбекистон деган гўзал бир диёрни, ўзбек деган буюк бир халқни ким танирди? Бизни мустақил давлат сифатида ким тан оларди?

Юртимиз қандай улкан ва ноёб бойликлар макони, азиз-авлиёлар, буюк алломалар, олим ва мутафаккирлар ватани эканини, биз қандай бетакрор мерос, қандай улуғ зотларнинг вориси эканимизни ким биларди?

Миллий қадр-қимматимизни, барчамиз учун муқаддас диний қадриятларимизни, урф-одатларимизни писанд қилмасдан, улар аёвсиз топталган замонларда бундан ортиқ алам ва бедодлик бўлиши мумкинмиди?

Ўзбекистонимиз фақатгина хомашё етказиб берадиган, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган ўлкага айлантирилган, собиқ СССР таркибида энг қолоқ аграр республика эмасмиди?

Халқимизни боқиш учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини четдан, кимларгадир ялиниб олиб келганимизни унутиб бўладими?

Эски тизим ҳукмронлик қилган охирги кунларда юртимизда атиги бир ҳафта-ўн кунга етадиган ун захираси қолганини, деярли очарчилик ёқасида турганимизни унутиш мумкинми?

Лекин мустабид тузум қандай адолатсизлик, зулм ва зўравонлигини ўтказмасин, халқимиз ўзлигини, иймон-эътиқодини, дину диёнатини асло йўқотмади ва бошимизга қандай оғир ва машаққатли синовлар тушмасин, ўз қадр-қимматини юксак сақлаб келмоқда. Бу ҳақиқатни ҳеч ким ҳеч қачон эсидан чиқармаслигини истардим.

Муҳтарам дўстлар!

Бугун истиқлолимизнинг йигирма уч йиллик тўйини ўтказар эканмиз, биз танлаган демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш, дунёдаги тараққий топган мамлакатлар қаторига кириш йўлида амалга оширган ишларимизни баҳолар эканмиз, ҳеч иккиланмасдан айтишни ўзимнинг бурчим деб биламан:

юртимизда яшаётган ҳар қайси ёшу қари инсон, миллати, тили ва динидан қатъи назар, бошини баланд кўтариб, ягона Ватанимиз бўлмиш Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнаши йўлидаги оламшумул ишларда менинг ҳам муносиб ҳиссам бор, деб айтишга ҳақлидир.

Ҳақиқатан ҳам, биз қўлга киритган ютуқлар – миллий давлатчилик қурилиши, кенг кўламли замонавий ислоҳотлар натижасида иқтисодиётимиз эришган барқарор ўсиш суръатлари, аҳолимизнинг турмуш даражаси ва сифати юксалиб, юртимиз қиёфаси тобора ўзгариб, чирой очиб бораётгани – буларнинг барчаси халқаро майдонда муносиб тан олинаётгани, обрў-эътиборимиз ошаётгани ҳаммамизга катта ифтихор бағишлайди.

Мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти тахминан 5 карра, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 3,7 мартага ўсгани, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ошганининг далили бўлмиш одамларимизнинг жон бошига оладиган даромадлари 8,7 баробар кўпайгани юртимизнинг қисқа даврда кечаги, ўзини боқишга қурби етмаган республикадан тез суръатлар билан ўсиб бораётган замонавий давлатга айланганининг яққол тасдиғидир.

Мана шу ютуқларнинг барчасини шу майдонда ўтирган сиз азизлар, сизларнинг тимсолингизда меҳнаткаш, фидойи халқимиз ўз қўли билан яратиб, бугун мустақиллигимизнинг 23 йиллик қутлуғ байрамини ғурур ва ифтихор билан кутиб олаётгани энг юксак баҳоларга муносиб эмасми?!

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётганига қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиётининг йиллик ўсиши охирги 10 йил давомида 8 фоиздан ошиб, барқарор ривожланиб бораётганини бугунги кунда камдан-кам давлатлар мисолида кўриш, кузатиш мумкин.

Мамлакатимизни мана шундай юксак суръатлар билан ривожлантириш, модернизация қилиш ва кенг кўламли ислоҳотларни жорий этиш мақсадида иқтисодиётимизда ўзлаштирилган капитал маблағлар ҳажми 180 миллиард доллардан ортиқ бўлиб, бунинг 60 миллиард доллардан зиёди хорижий сармоялардир.

Ана шу инвестициялар ҳисобидан аввало иқтисодиётимизнинг таркибини тубдан ўзгартириш, юксак технологияларга эга бўлган, ҳавас қилишга арзийдиган замонавий корхоналар қуриш, жаҳон бозорида рақобатдош бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш, Ўзбекистон салоҳиятини янги босқичга кўтариш имконияти яратилганини кўп-кўп мисолларда кузатиш қийин эмас, албатта.

Айни шу йилларнинг ўзида аҳолимизнинг сони 10 миллион 300 минг кишига кўпайиб, бугунги кунда 31 миллион кишини ташкил этаётгани Ўзбекистонимизнинг инсоний салоҳиятини ошириб, янги босқич ва марраларга эришиш учун нафақат мустаҳкам замин туғдирмоқда, керак бўлса, бошқаларни биз билан ҳисоблашишга мажбур қилмоқда.

Азиз юртдошларим!

Биз эски, ўзини оқламаган тизимдан янги тизимга ўтишда, бунинг учун мустаҳкам пойдевор – фундамент қуришда шошилганимиз йўқ. Яъни, биз “Янги уй қурмасдан туриб, эскисини бузманг” деган ҳикматли иборага итоат қилдик.

Биз танлаб олган тадрижий, эволюцион йўл – мақсад-муддаоларимизга босқичма-босқич, қадам-бақадам етиш йўлини ўзимизга маъқул топдик, уни катта синовлардан ўтказдик.

Йиллар ўтиши билан, олдимизга қўйган буюк мақсадлар сари юришимизда чуқур ва атрофлича ўйланган, халқаро майдонда “ўзбек модели” деб тан олинган демократик ислоҳотлар йўли нақадар тўғри эканини ҳаётимизнинг ўзи оқлаб, исботлаб бермоқда ва бу ҳақиқатга бизга хайрихоҳ бўлмаган мутахассис ва экспертлар, тегишли халқаро институтлар ҳам иқрор бўлмоқда.

Шулар ҳақида гапирганда, мамлакатимиз тараққиётида янги босқич ва уфқларни забт этишда барчамизни қувонтирадиган, энг катта мезон аввало юртимизда ҳукм сураётган барқарорлик, осойишталик ва ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳити, ватандошларимизнинг тобора ўсиб бораётган дунёқараши ва онгу тафаккури, ҳуқуқий ва сиёсий маданияти ва фаоллиги, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.

Халқимизнинг маънавиятини янада юксалтириш учун амалга ошираётган ишларимиз ўз ҳосилини бермоқда ва шу фурсатдан фойдаланиб, айтмоқчиман – бу соҳада эришган марраларимиз билан биз ҳеч кимдан кам бўлмасдан, кўпгина манаман деган давлатлардан ўзиб кетганимизни энг муҳим ютуғимиз, деб ҳисоблайман.

Бир пайт билдирган фикримни яна такрор айтаман: моддий нуқтаи назардан биз энг ривожланган давлатлардан балки ҳали орқададирмиз. Лекин, биз ўз йўлимизни танладик ва бу йўлдан қайтмасдан, қатъий ишонч билан айта оламиз: моддий нуқтаи назардан ҳам бу марра албатта бизники бўлади, аммо маънавий нуқтаи назардан қараганда, энг енгилмас куч ўзи нима? Юксак маънавиятли халқ эмасми? Ўзингиз айтинг, бундай халқни енгиб бўладими?

Бу ҳақда сўз юритганда, бошлаган ишларимизнинг давомчилари бўлмиш азиз фарзандларимизни ўз фикрига, ўз қарашларига эга, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, эртанги кунимизнинг масъулиятини ўз зиммасига олишга қодир бўлган, бугунги давр талаб қиладиган соғлом ва баркамол авлод этиб тарбиялаш масаласига ўз вақтида устувор аҳамият бериб, уни умуммиллий даражага кўтарганимиз – энг тўғри, узоқни кўзлаган, ҳаётимизда ўзини тўла оқлаган тарихий қадам бўлди.

Бир фараз қилайлик, биз бундан 17 йил олдин таълим соҳасини мутлақо ўзгартирган, янги, замонавий босқичга олиб чиққан дастурларни қабул қилмасак, бугун тез ўзгараётган глобаллашув даври, ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётган Интернет асрининг ўткир ва мураккаб талабларига муносиб жавоб бериш, мамлакатимизнинг тараққиётини, истиқболини таъминлаш, биз кўзлаган, келажаги буюк давлат қуриш деган улуғ мақсадни олдимизга қўйиш мумкинмиди?

Азиз болаларим, қадрдонларим!

Бугун мана шу муҳташам майдонда жамулжам бўлиб ўтирган сиз, ёш авлодимиз вакилларига, менинг фарзандларим бўлмиш бутун Ўзбекистон ёшларига қалбимда, юрагимда бўлган бир фикрни айтмоқчиман: ҳар қачон сизлар билан учрашганда, сизларнинг ёниб турган кўзларингизни, навқирон қадди-қоматингизни, сизлар эришаётган ютуқларни кузатганда, кўпчилик қатори мен ҳам ўзимда худдики қанот пайдо бўлгандек ҳис этаман.

Сизлар қаерда, қайси соҳада бўлмасин – билим олиш, илму фан чўққиларини эгаллаш, энг замонавий касб-ҳунарларни ўзлаштириш, бизнес соҳасини ривожлантиришда, спорт майдонларида Ўзбекистоннинг шуҳратини тараннум этишда барчага намуна бўлаётганингиз, сўзсиз, ҳаммамизни қувонтиради.

Бунинг яққол тасдиғини куни кеча Хитой Халқ Республикасининг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Иккинчи Олимпия ўйинларида 28 нафар ёш спортчимиз қатнашиб, 4 та олтин, 3 та кумуш, 3 та бронза, ҳаммаси бўлиб – 10 та медални қўлга киритгани бутун Ўзбекистонимиз ёшларининг мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрамига улкан ҳиссаси бўлди, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, 28 нафар навқирон ўғил-қизларимиз ана шундай нуфузли халқаро мусобақада ҳеч кимга бўш келмасдан, азму шижоат кўрсатиб, илгари биз тасаввур қилишимиз ҳам қийин бўлган шундай улкан марраларга эришган экан, бу бутун Ватанимизнинг ютуғи эмасми?

Азиз фарзандларим, ҳеч қачон унутманг: сиз эришган марра ва ютуқларингиз халқимиз, элимиз эришган ютуқлар деб ҳисоблайман, сизнинг бугунги ва эртанги кунингиз янада ёруғ бўлиши учун бор кучимни аямайман.

Ёшлар ҳақида қанча гапирсам, чарчамайман. Бу ҳақда гапирганда, очиғини айтсам, ўзимни ҳам худди яшариб кетгандек ҳис қиламан.

Бугун биз бошлаган улуғ ишларнинг давомчилари бўлмиш мана шундай йигитлар, қизларимизни, уларнинг бахту камолини кўриб, шундай гўзал юртда, шундай ёруғ, мусаффо осмон остида яшаш насиб этганига барчамиз шукроналар айтамиз. Бундай бахтли ҳаётни халқимиз асрлар, минг йиллар давомида ҳавас ва орзу қилиб яшаган эди. Бизни мана шундай саодатли кунларга Худо етказяпти. Ҳар тонгда пок бўлиб, чин дилдан сўрасак, Яратганимизнинг ўзи албатта йўлимизни очиб беради. Ва Оллоҳнинг назари тушган мана шу муқаддас юртда ҳеч ким ҳеч қачон кам бўлмайди, иншоолло.

Муҳтарам дўстлар!

Ҳозирги кунда дунёнинг турли ҳудуд ва минтақаларида, яқин ва узоқ атрофимизда экстремизм ва терроризм, қарама-қаршилик, қон тўкилиши, хавф-хатарлар ортиб, умуман, вазият тобора кескинлашиб бораётгани барчамизни хавотир ва ташвишга солиши табиийдир.

Минг афсуски, бундай қонли тўқнашувлар, низо ва зиддиятлар ўз ечимини топиб, камайиш ўрнига кўпайиб бормоқда.

Бундай ўта нотинч, таҳликали шароитда энг муҳим масала – бу ҳам бўлса, қаерда, дунёнинг қайси чеккасида бўлмасин, энди бошланаётган қарама-қаршилик ва пайдо бўлаётган можароларни эътиборсиз қолдирмаслик, улар урушга айланиб кетишининг олдини олиш учун вазият доимо жаҳон ҳамжамияти назоратида бўлиши даркор.

Ўзбекистоннинг позицияси бундай ҳолатлар, кескин зиддият ва тўқнашувларни фақатгина сиёсий йўл, тинч воситалар билан ҳал этиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низомида муҳрлаб қўйилган асосий принципларга ва халқаро нормаларга итоат қилган ҳолда, давлатларнинг суверенитети ва чегараларнинг дахлсизлигини бузишга, зўравонлик ва куч ишлатишга йўл қўймасликдан иборатдир.

Мана шундай ўта мураккаб вазият барчамиздан аввало огоҳ, ҳушёр ва сезгир бўлишни талаб қилмоқда.

Яқин ва узоқ қўшниларимиз билан тил топиб, бизларни бирлаштирадиган умумий мақсадлар йўлида ҳамкорликни янада кучайтириш, ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш устувор вазифамиз бўлиб қолишини замоннинг ўзи тақозо этмоқда.

Бизга тинчлик ва омонлик керак. Мана шундай эзгу фикр, эзгу интилиш барча-барчамизнинг юрагимиз, қалбимиздадир, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Фурсатдан фойдаланиб, бизнинг бугунги энг улуғ, энг азиз байрамимизга ташриф буюрган муҳтарам меҳмонларимизга, хорижий давлатларнинг элчилари, халқаро ташкилотларнинг вакилларига ўзимнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромимни билдириш менга катта мамнуният етказади.

Сизларнинг Ўзбекистонга доимо хайрихоҳ бўлиб, амалий ёрдам кўрсатиб келаётганингиз учун халқимиз номидан чин қалбимдан миннатдорлик билдираман, барчангизга сиҳат-саломатлик, юртингизга равнақ тилайман.

Муҳтарам ватандошларим, қадрдонларим!

Шу мунаввар оқшомда барчангизни бағримга босиб, Мустақиллик байрами билан табриклар эканман, ҳаммангизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, хонадонларингизга, эл-юртимизга файзу барака тилайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!


DB query error.
Please try later.