01.09.2014

Аждодлар хотираси муқаддас

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида эл-юртимиз озодлиги йўлида қурбон бўлганларнинг пок номларини тиклаш, руҳларини шод, қадамжоларини обод этиш борасида улкан ишлар амалга оширилди.

Собиқ мустабид тузум даврида халқимизнинг юзлаб асл фарзандлари ном-нишонсиз кўмиб ташланган Тошкент шаҳрининг Бўзсув соҳилидаги қаровсиз жой давлатимиз раҳбари ташаббуси билан обод зиёратгоҳга айлантирилди. 2000 йилда бу ерда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи бунёд этилди. Мажмуа таркибида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ташкил қилинди. 31 августни Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонлаш эзгу анъанага айланди.

Ушбу анъанага кўра 31 август тонгида “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида халқимизнинг озодлиги ва мустақиллиги йўлида қурбон бўлган аждодларимизни ёд этиш маросими ўтказилди. Қуръон тиловат қилиниб, қатағон қурбонлари руҳига ҳурмат бажо келтирилди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этди.

Мана шундай муборак жойларда, халқимиз озодлиги йўлида жон фидо қилган минг-минглаб ватандошларимизни эслар эканмиз, бугунги тинч ҳаёт, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир йўқотишлар, синов ва машаққатлар эвазига эришганимиз хаёлдан ўтади. Улар бир умр орзу қилган, бугунги авлодга насиб этган мустақиллик, эркин ва фаровон ҳаётнинг аҳамиятини теранроқ англаймиз.

Давлатимиз раҳбари уламолар, жамоатчилик вакиллари билан суҳбатда бугунги кунда мамлакатимиз ва жаҳонда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, олдимизда турган муҳим вазифалар тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Бугун ҳаёт шиддат билан жуда тез ўзгариб боряпти. Эртага бизни қандай хурсандчилик ва қувонч, айни вақтда қандай ташвиш ва муаммолар кутаётганини олдиндан айтиш албатта қийин, – деди давлатимиз раҳбари. – Лекин биз ҳаётдан доимо яхшилик кутиб, бошқаларга ҳам яхшилик тилаб яшайдиган халқмиз. Шунинг учун ҳам эртанги кунимизнинг бугунгидан кўра ёруғ, тинч ва фаровон бўлишини орзу қиламиз, шу йўлда ўзимизни аямасдан, бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Барқарор тараққиёт йўлидан изчил қадамлар билан бораётган Ўзбекистонимизнинг турли соҳаларда эришаётган ютуқлари барчамизга ҳақли равишда ғурур ва ифтихор бағишламоқда. Биз қўлга киритган улкан натижаларни жаҳон ҳамжамияти, бизга хайрихоҳ бўлган дўстларимиз ҳам, хайрихоҳ бўлмаганлар ҳам тан олмоқда.

Лекин ана шундай юксак марраларга биз осонлик билан эришганимиз йўқ. Бу йўлда қандай оғир синов ва машаққатларни енгиб ўтишга, туну кун тиним билмасдан, қандай фидокорона меҳнат қилишга тўғри келганини халқимиз яхши билади ва муносиб қадрлайди.

Ўтган давр мобайнида бизнинг эркин ва озод ҳаётимизни кўролмайдиган, бизни ўз танлаб олган йўлимиздан қайтаришга, эл-юртимизни яна қарамлик чангалига солишга уринадиган турли ғаразли кучларнинг ёвуз хуружларини ҳам бошимиздан кечирдик. Уларнинг нияти – аввало халқимиз ўртасига нифоқ солиш, ёшларимизнинг онгини, дунёқарашини бузиш, болаларимизни ўз ота-оналарига, аждодларига қарши қўйишдан, бир сўз билан айтганда, одамларни ҳаётдан ноумид қилишдан иборат бўлганини, бундай кучлар ҳозир ҳам пайт пойлаб юрганини ҳеч қачон унутмаслигимиз, доимо огоҳ, сергак, маънавий уйғоқ бўлиб яшашимиз керак, деб таъкидлади Юртбошимиз.

Бугунги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршилик, жумладан, Яқин Шарқда, Ироқ ва Сурия мамлакатларида бўлаётган қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган ўзаро низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани барчамизни ташвиш ва хавотирга солмасдан қўймайди.

Бундай ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларини, уларнинг фожиали оқибатларини чуқур тушуниб, англаб олишда, кенг жамоатчилигимиз, мўмин-мусулмонларга етказишда ҳурматли уламоларимиз, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ходимлари янада фаоллик ва жонбозлик кўрсатсалар, айни муддао бўлур эди. Диний қадриятларнинг, эзгуликнинг, инсониятнинг душмани бўлган ёт ғояларнинг асл моҳиятини очиб бериш, бузғунчи оқимларни жиловлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, мана шундай тинч, мусаффо осмон остида бунёдкорлик меҳнати билан банд бўлиб, шукрона келтириб яшаётган олижаноб халқимизнинг тинч ҳаётини ҳар қандай бало-қазолардан асрашга ўз ҳиссамизни қўшиш – бугунги кундаги энг долзарб вазифамиз бўлиши керак, деб сўзини давом эттирди мамлакатимиз раҳбари.

Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг жойлардаги тузилмалари, имом-хатибларимизнинг ҳаёт билан ҳамқадам бўлиб иш олиб боришлари, ўз фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишлари тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мухтасар айтганда, бугунги кунда юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон, ҳар бир мусулмон дунёда нима бўлаётганидан хабардор бўлиб, хавф-хатарлардан огоҳ бўлиб, уларнинг олдини олиш, бартараф этиш учун, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш йўлида курашиб яшаши зарурлигини ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

Бу курашнинг замирида аввало жамиятимизда ҳукм сураётган ўзаро ҳурмат, миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини янада кучайтиришга қаратилган интилиш ва амалий ҳаракатларимиз мужассам бўлиши зарур деб биламан. Қаранг, меҳр ва оқибат деган, доимо ёнма-ён келадиган бу икки сўзда қандай чуқур маъно бор. Яъни, меҳр кўрсатган, яхшилик қилган одам албатта бошқалардан оқибат ва яхшилик кўради, ҳар томонлама ҳурмат-эътиборга сазовор бўлади.

Олдимизда турган мана шундай катта вазифалар ҳақида ҳурматли уламоларимиз муқаддас масканларда, масалан, Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий марказида тўпланиб, жамоатчилик вакиллари билан ўзаро кенгашиб, маслаҳатлашиб олишса, мақсадга мувофиқ бўлур эди.

Бугун, мустақиллигимизнинг 23 йиллик айёмини нишонлаётган қутлуғ бир кунда менинг тилагим, эзгу ниятим битта: кўпни кўрган, меҳнаткаш, бағрикенг, олижаноб халқимиз омон, юртимиз тинч бўлсин, барча эзгу ишларимизда Яратганимизнинг ўзи мададкор бўлсин, деди пировардида Юртбошимиз.

Шу куни Президентимиз Ислом Каримов Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, озодлигимиз, ёруғ келажагимиз ва пок ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўйди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар ва жамоатчилик номидан ҳам ёдгорлик пойига гуллар қўйилди.

ЎзА


DB query error.
Please try later.