30.08.2014

Қудратли юртнинг муносиб фарзандлари

Мамлакатимиз истиқлоли байрами арафасида ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этган ёш спортчиларимиз халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами – Ватанимиз давлат мустақиллигининг 23 йиллигига муносиб туҳфа ҳозирлади. 29 август куни Тошкент халқаро аэропортида ушбу нуфузли мусобақа ғолиблари, совриндорлари ва иштирокчиларини кутиб олиш маросими бўлди.

Шу муносабат билан бу ерга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, олимпиадачиларнинг ота-оналари, журналистлар йиғилди.

Жорий йилнинг 16-28 август кунлари Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган II ўсмирлар Олимпиадасида ёш спортчиларимиз жаҳоннинг 170 давлатидан йиғилган 3500 нафардан зиёд тенгдошларига, бутун дунёга ўз сўзини айта олди, жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган не-не улуғ зотларнинг муносиб ворислари, Ўзбекистондек буюк юртнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган ва ҳеч қачон кам бўлмайдиган фарзандлари эканини исботлади.

Кескин ва муросасиз беллашувларда зафар қучган спортчиларимизнинг мардлиги, жасорати, шижоату матонати дунё аҳлини лол қолдирди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, уларнинг бундай юксак муваффақияти мамлакатимиз мустақиллиги, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайлидир.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортни, жумладан, болалар спортини ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, улар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш ва бунинг учун кенг имконият ва зарур шароитларни яратишга доимий эътибор қаратилмоқда.

Бунинг самарасида жисмонан ва маънан соғлом, жаҳон ареналарида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш, манаман деган давлат вакиллари билан мусобақалашишга қодир спортчилар тарбияланмоқда.

Бу жиҳатлар Нанкин Олимпиадасида яна бир карра ўз исботини топди. Мазкур нуфузли спорт анжуманида 28 нафар спортчимиз бадиий гимнастика, бокс, дзюдо, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), трамполин, ўқ отиш, академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича ташкил этилган мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 4 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритди.

– Ўғлим Илҳом Олимпиадага кетиш олдидан албатта олтин медаль билан қайтаман, деб ваъда берганди, – дейди Исмоил Мустафоев. – У ваъдасининг устидан чиқиб, юзимизни ёруғ қилди. Ўғлимнинг бу ғалабаси бутун халқимизнинг ютуғи, истиқлол берган кенг имкониятлар, Юртбошимиз ғамхўрлигининг самарасидир. Мамлакатимиз мустақил бўлмаганда ўғлим шундай катта мусобақаларда манаман деган давлат вакиллари билан беллашиш имконига эга бўлармиди?! Ғалаба қозонишини-ку тасаввур ҳам қилиб бўлмасди.

Дарҳақиқат, истиқлол туфайли мамлакатимиз барча соҳаларда жадал суръатларда ривожланаётган, кенг имконият ва катта салоҳиятга эга давлат сифатида жаҳонга танилди. Биргина спорт соҳасини олиб қарайлик. Бир пайтлар бизга менсимай қараганлар, атайин ё билмай Ўзбекистон номини адаштириб юрганлар энди спортчиларимизга тан бермоқда, уларнинг ютуқлари сирини ўрганишга ҳаракат қилмоқда. Давлатимиз номи, мадҳияси баралла янграб, байроғимиз мағрур ҳилпираганида беихтиёр ўрнидан туриб, олқишламоқда.

– Ўсмирлар Олимпиадасини катта ҳаяжон билан кузатиб бордик, – дейди Тошкент алоқа касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Отабек Собитов. – Очиғи, ушбу нуфузли мусобақада юксак муваффақиятга эришган тенгдошларимга жуда ҳавасим келди. Спортчиларимизнинг оламшумул ғалабаси биз, ёшларнинг ўзимизга бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлаб, янги-янги марралар сари дадил қадам ташлашимизда кўтаринки руҳ бағишламоқда.

...Мана, орзиқиб кутилган дамлар – Ўзбекистонимиз байроғи тасвири туширилган улкан ҳаво кемасидан қўлларида Ватанимиз байроғини мағрур кўтарган спортчиларимиз чиқиб келмоқда. Карнай-сурнай садолари ёшларнинг “Ўзбекистон!” деган такрор ва такрор ҳайқириғига уланиб кетади. Кутиб олиш майдончасида ҳаяжон билан турган уларнинг ота-оналари, яқинлари, тенгдошлари қизғин табрикламоқда. Қалбларимиздан чексиз ғурур ва ифтихорга йўғрилган самимий дил изҳорларимиз, эзгу тилакларимиз беихтиёр тилимизга, кўзимизга кўчади: “Баракалла, қудратли юртнинг муносиб фарзандлари, ғалабангиз бундан ҳам зиёда бўлсин!”

Нанкин Олимпиадасида боксчи Бектемир Мелиқўзиев, юнон-рум кураши устаси Илҳом Баҳромов, дзюдочи Суҳроб Турсунов ва ўқ отиш баҳсларида қатнашган Владимир Свечников шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

– Олимпиадада юқори натижаларни қўлга киритиб, Ватанимизга ёруғ юз билан қайтиб келганимиздан бахтиёрмиз, – дейди бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпиони, II ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби Бектемир Мелиқўзиев. – Спортни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишимиз, халқаро майдонларда юксак ғалабаларга эришишга қодир спортчи бўлиб вояга етишимизга қаратаётган доимий эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимиздан беҳад миннатдормиз.

Ёш спортчиларимиз бокс, дзюдо, таэквондо, спорт гимнастикаси ва оғир атлетика баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, учтадан кумуш ва бронза медални қўлга киритди.

– Спортчиларимиз Ўзбекистонимизнинг дунё миқёсидаги обрўси янада ошишига муносиб ҳисса қўшиб, юртимизда куч ва истеъдод бобида ҳеч кимдан кам бўлмаган авлод вояга етаётганини жаҳон аҳлига намоён этди, – дейди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Турдиев. – Улар бундай нуфузли мусобақада иштирок этиш ҳуқуқига истиқлол туфайли эришганини чуқур ҳис қилган ҳолда, энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллик байрамига муносиб совға билан қайтди. Бу мамлакатимизда жисмонан ва маънан етук, ўзбек спортининг ёрқин келажагини таъминловчи истеъдодли ўғил-қизлар вояга етаётгани, уларни келгусида янада юксак ғалабалар кутиб турганидан далолатдир.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.

ЎзА


DB query error.
Please try later.