30.08.2014

Парламентга иккита янги қонун лойиҳаси киритилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонун ижодкорлиги жараёни ҳар томонлама ривожланаяпти. Қонун ло­йиҳаларини кўриб чиқиш ва уларни такомиллаштириш билан боғлиқ ҳар бир босқичда депутатларнинг фикр-мулоҳазалари, сиёсий партиялар фракцияларининг муносабати қоида тариқасида ҳисобга олинаяпти. Бу тартиб парламент фаолиятини профессионал асосда кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Илгари Қонунчилик палатасига киритилган янги қонун лойиҳаси масъул қўмитага берилар, уни кўриб чиқиш учун қабул қилиш ёки қабул этмаслик ҳақидаги масала асосан қўмита томонидан ҳал қилинар, бу борада фракцияларнинг муносабати сезилмасди.

Ҳозирда қонун лойиҳаси масъул қўмита билан бир вақтда фракцияларга ҳам тақдим этилаётир. Натижада парламентда қонун ижодкорлиги жараёни демократик меъёрлар асосида кечмоқда.

Куни кеча ЎзХДП фракция­си Қонунчилик палатасига киритилган иккита янги қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқди. Фракция аъзолари аввало мутахассислар иштирокида «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги, «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги мазкур қонун ло­йиҳаларига илова қилинган ҳужжатлар билан танишди. Қонун лойиҳаларининг асослари ойдинлаштириб олингач, депутатлар уларни Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш учун қабул қилиш масаласида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Фракция аъзолари «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги қонун лойи­ҳасига алоҳида эътибор қаратишди.

Аввал инвестиция ва пай фондлари тушунчасига тўхталиб ўтсак. Инвестиция ва пай фондлари деганда, пул маблағлари ҳамда бошқа активларни самарали бошқариш учун профессионал менежерларга топшириш механизми тушунилади. Бу иқтисодиётда инвестиция ҳаракатчанлигини, аҳоли маблағларининг фаоллиги ва самарадорлигини таъминлашда қатор қулайликлар яратади. Шунинг учун ҳозир дунёда бундай фондлар кенг тарқалган.

— Пай фонди оддий инвес­тиция фондидан фарқли равишда юридик шахс ҳисобланмайди, — дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Абдуқаҳҳор Юсупов. — Бунда инвесторларнинг маблағлари ишончли бошқарувчига берилади. Мисол учун, ишончли бош­қарувчи (инвес­тиция активларига) гуруҳланган акциялар, улушлар, облигация­лар ва бошқа активлардан иборат бир неча пай фонди ташкил этиши мумкин (акция­лар фонди, облигация­лар фонди, энергетика фонди, кимё саноати фонди ва бош­қалар). Инвес­тор инвестиция йўналишини танлаш имкониятига эга бўлади. Шу нарса аниқки, пул ва бошқа активлар оқилона бошқарилган ҳамда улар самара берган жойда ўсиш бўлади. Бу аҳоли даромадлари ошиши, хизмат кўрсатиш турлари кўпайиши, янги иш ўринлари очилишида муҳим омил ҳисобланади. Мазкур масалалар қонун лойиҳаси мамлакатимиз иқтисодиёти, партиямиз дас­турий мақсадлари амалга ошишида ўзига хос муҳим ўрин тутишини билдиради.

— Қонун лойиҳаси аҳолидаги капиталнинг иқтисодиёт тармоқларига эркин ўтиши учун шароит яратиш, оддий фуқароларнинг инвесторлар сифатида капитал бозорига киришига имкон бериш каби долзарб масалаларни назарда тутади, — дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Искандар Азизов. — Ўз-ўзидан равшанки, бундай шароитда кенг аҳоли қатлами, айниқса, қўлида унча катта маблағи ёки бошқа активлари бўлмаган фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ортади. Бир сўз билан айтганда, ўрта қатлам вакиллари кўпаяди. Бу, маълумки, партиямизнинг устувор мақсадларидан бири ҳисобланади. Шунга асосланиб, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашимиз керак, деб ўйлайман.

Фракция йиғилишида, шунингдек, «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Муҳокамалар якунида ЎзХДП фракцияси қонун  лойиҳаларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш учун қабул қилиш мумкин, деб хулоса чиқарди. Бу ҳақда масъул қўмитага маълум қилинадиган бўлди.

Йиғилишда қонун лойиҳалари юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича фракциянинг ишчи гуруҳлари тузилиб, уларнинг вазифалари белгилаб олинди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.