28.08.2014

ОЗОДЛИКДАН БОШҚА ВАТАН ЙЎҚ...

... Биринчи навбатда ёшларимиз — менинг фарзандларим «Бу Ватан — меники, агарки уни ҳар қандай бало-қазолардан асраш, ҳимоя қилиш учун мен курашмасам, ким курашади?» деган фикр билан яшаса, мана шундай қараш униб-ўсиб келаётган болаларимиз учун энг катта даъватга, ҳаётий эътиқодга айланиб, уларнинг қалбидан, онгу тафаккуридан чуқур жой олса, айтинглар, бундай халқни йўлидан қайтариб бўладими, бундай халқни енгиб бўладими?!

                                         Ислом КАРИМОВ

Мен журналистман. Сиз ўқитувчисиз. Кимдир шифокор. Лекин бирортамиз ҳам Ватан чегарасида турмаймиз. Тун зулматида, қаҳратон қишда, саратон жазирамасида сарҳадларимизни бедор кезмаймиз.

Мазкур мақола мустақил мамлакатимизни, хал­қимиз тинчлигини турли хавф-хатарлардан асрайдиган, дунёдаги энг масъулиятли, энг машаққатли касб эгалари бўлган чегарачиларимиз ҳақида.

Нотинч дунёда яшаяпмиз. Ер юзининг турли минтақаларида уруш олови ёнаяпти. Қарама-қаршиликлар, зиддиятлар кучайиб бормоқда. Урушларнинг сони, тури ортиб бораяпти. Таҳдидлар доираси кенгаймоқда. Халқаро ҳамжамият ўзаро келишмовчиликларни бартараф қилолмаяпти. Бир мамлакат, бир халқ бир-бири билан ёвлашиб, қон тўкилмоқда.

Мана шундай таҳликали вазиятда нима қилмоқ керак? Бутун инсоният учун сув билан ҳаводек зарур бўлган тинч­ликни қандай сақлаб қолса бўлади?

Бугун Ватан ҳимояси, Ватанга муҳаббат, Ватан манфаатлари учун курашиш ҳар доимгидан-да долзарброқ, муҳимроқ, зарурроқдир. Буни англаш, ҳис қилиш лозим.

Самарқанд шаҳридан Ватанимиз сарҳадлари томон йўлга тушдик. Самарқанд вилоятининг шаҳар ва қишлоқлари қиёфаси бутунлай ўзгарган. Ҳар бир манзил гулзор, боғу боғзор. Самарқанд, Тайлоқ туманлари ҳудудидан ўтиб бораяпмиз. Намунавий лойиҳа асосида қурилган қишлоқ уйларидан бирига келин тушаяпти. Карнай-сурнай садолари авжида. Йигит ва қиз бахт­ли ҳаётга қадам қўймоқда. Кимнингдир қизи, бошқа бировнинг ўғли талаба бўлгани қариндошлар даврасида нишонланмоқда. Истироҳат боғида болаларнинг шодон кулгуси эшитилади. Чойхонада отахонлар гурунглашмоқда. Деҳқон далага сув тарайди. Кимдир набирасини етаклаб, меҳмонга кетаяпти. Табаррук онахонлар бешик тўйидан қайтаяпти. Бошқа биров бозорга йўл олган. Маҳалла гузарида янгидан бунёд этилган иншоотларнинг очилиш маросими ўтказилмоқда. Новвойхонада нон ёпилаяпти. Атрофни тандирдан янги узилган нон ҳиди тутган...

Бу — ҳаёт ҳиди. Бу — тинчлик нафаси. Бу — тириклик манзаралари. Бу — озод юрт одамларининг интилиш ва изланишлари.

Тинчлик, қанчалар қудратлисан! Агар тинчлик бўлмаганида, ҳаёт бундай давом этмасди.

Озодлик, бунчалар азизсан! Мана шу дориломон кунлар мустақиллик шарофатидандир.

Онажон Ўзбекистоним! Сенинг бағрингда бахт гуллайди, орзулар осмон қадар юксалади, юрак тилга киради: Ватанни севиш керак. Ватанни асраш керак. Ватан учун жон бериш керак...

Самарқанд вилоятидаги чегара постларидан бирида хизмат вазифасини ўтаётган
офицер Иқбол Сотволдиев Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртини тамомлаган. У 2010 йилдан бошлаб Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларида хизмат қилади. Аввал Қорақалпоғистон Республикасида, бугунги кунда эса Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатмоқда.

— Андижоннинг Хўжаобод туманида туғилганман, — дейди Иқбол. — Қишлоғимиз чегара ҳудудида жойлашган. Шунинг учун ҳам эсимни таниганимдан бошлаб чегарачилар ҳаётини кузатар эдим. Ўша пайтдаёқ чегарачи бўлиш орзуси пайдо бўлган. Андижон воқеаларида қаҳрамонлик қилган, Ватанимиз тинчлиги, озодлиги йўлида жон берган чегарачиларни кўриб, аҳдим янада қатъийлашди.

Ўтган йили декабрь ойида Президентимиз Сурхондарё вилоятида бўлиб, чегарачилар билан учрашди. Бу воқеани телевизорда кўриб, қалбим фахр­га тўлди. Мамлакатимиз раҳбари чегарачиларга ишонади. Бизни ўз фарзандидек яхши кўради. Чегара постимизда ҳарбийлар оилаларига мўлжалланган янги уй қурилиши ниҳоясига етмоқда. Чегарачилар давлатимиз томонидан доимий равишда қўллаб-қувватланмоқда. Уларнинг оила аъзолари учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. 2013 йилда уйланганман. Турмуш ўртоғим Ферузахон инг­лиз тили ўқитувчиси. У менинг касбимни ҳурмат қилади...

Иқбол бизни чегарачиларга яратилган шарт-шароитлар билан таништирди. Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар яшаш жойидамиз. Ҳар бир йигитнинг столи устига оила аъзоларининг суратлари қўйилган. Иқболнинг айтишича, хизматга чақирилган йигитлар бу ерда ўзини уйидагидай ҳис қилиши керак. Ушбу суратлар қўйилишининг эса тарбиявий аҳамияти катта. Аскар Ватан сарҳадларини қўриқлаётганда кўз олдига,  аввало, оиласи, яқинлари келади. Бу унинг масъулиятини янада оширади, ҳушёр бўлишга ундайди.

Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларга сержант Жаҳонгир Қобилов дарс ўтмоқда. Мавзу — Президентимизнинг «Ўзбекистон мус­тақилликка эришиш остонасида» китоби. Ҳар бир аскар ушбу асарни ўқиб чиққани, у ҳақида тўлиқ маълумотга эга эканига гувоҳ бўлдик.

Аскар йигитларнинг ўз орзулари, мақсадлари, фикрлари бор. Улар Ватан чегараси муқаддас эканини яхши билишади. Уни ҳар қандай душмандан ҳимоя қила олишади. Ўктам, қўрқмас чегарачилар билан суҳбатимиз давомида кўп ҳақиқатларни кашф этдик.

Омадбек ОЛИМЖОНОВ, Андижон шаҳридан:

— Армияда хизмат қилган йигитнинг бошқалардан фарқи бор. Юриш-туришида, ўзини тутишида, мустақил қарор қабул қилишда алоҳида ажралиб туради. Чегарада хизмат қилиш ҳар бир инсонга Ватанни севишни, Ватанни англашни ўргатади. Чегарачи учун вақтнинг  фарқи йўқ. Совуқми, иссиқми, кечасими, кундузими — у хизматга доимо шай. Шунингдек, чегарачи сергак, огоҳ бўлиши, ҳар қандай хавф-хатарга тайёр туриши керак. Чунки душман билан биринчи бўлиб чегарачи юзма-юз келади.

Чегарачини қўрқишга, ор­қага қайтишга ҳақи йўқ. Чегарачи битта мақсад билан яшайди: Ватанимиз чегарасини кимдир бузмоқчи бўлса, у менга дуч келсин, ўша заҳотиёқ қўлга оламан. Халқим тинч­лиги учун, керак бўлса, жонимни ҳам бераман.

Муддатли ҳарбий хизматни тугатганимдан сўнг шартнома асосида хизматни давом эттирмоқчиман. Келгусида ҳарбий олий ўқув юртида ўқиш ниятим бор.

Музаффар АҲМЕДОВ, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидан:

— 2014 йил 23 март хотирамда бир умрга муҳрланиб қолди. Ўша куни ҳарбий қа­самёд қабул қилдим... Бу тадбир ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Ота-онамиз, яқинларимиз келишди. Онам Венера Собирова бошланғич синф ўқитувчиси. Ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ онам қувонди. Чунки у мени ҳарбий кийимда кўришни, армияда хизмат қилишимни жуда-жуда истар эди.

Армия йигит кишининг ҳаётида муҳим ўрин тутишини хизмат давомида чуқурроқ анг­ладим. Бу ерда спорт билан шуғулланамиз. Биз учун ҳамма шарт-шароитлар яратилган. Келажакда иқтисодчи бўлмоқчиман. Президентимиз томонидан биз, аскарларга ғамхўр­лик кўрсатилиб, олий ўқув юртига киришда имтиёз берилган. Шу ҳақда командиримга савол бердим. Унинг айтишича, дунёнинг бирор-бир мамлакатида бундай имтиёз, имконият йўқ экан.

Фирдавс НАСИМОВ,  Бухоро вилояти Шофиркон туманидан:

— Чегарада туриш шарафи, бахти ҳаммага ҳам насиб этавермаса керак. Мен ўтган олти ой давомида бир қарорга келдим. Хизматни тугатганимдан сўнг шартнома асосида қолиб, хизматни давом эттираман. Ота-онам, яқинларим ҳам менинг бу фикримни қўллаб-қувватлашди.

Илгари юрт, Ватан тушунчаси фақат инсонга хос деб ўйлардим. Чегарада хизмат ҳайвонларидан фойдаланамиз. Отлар, итлар бизга яқин кўмакчи. Улар чегарани бузиб ўтаётган кимсанинг нияти ёмон эканини дарров билади. Уни тўхтатиб қолиш учун жон-жаҳди билан ташланади.

Мана шуни кўриб, ўйлаб қоламан. Биз инсонмиз-ку. Ватанни асраш, уни ҳимоя қилиш, энг аввало, бизнинг бурчимиздир. Ҳар биримиз Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, тинчлигимизни, мустақиллигимизни ҳимоя қилишимиз шарт. Айниқса, чегарачилар бу борада масъулиятни биринчи бўлиб ўз зиммасига олиши лозим.

Исломжон ИСМОИЛОВ, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидан:

— Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитлар мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келишган. Биз худди бир оила фарзандларидек аҳил-иноқмиз. Армиядан сўнг ҳам бир умрга дўст бўлиб қоламиз.

Миллий армиямизда муддатли ҳарбий хизматга чақирилганларга маош берилади. Биз ойлигимизнинг асосий қисмини ота-онамизга юборамиз. Ҳарна уларга ёрдам бўлади. Хизматни тугатганимиздан сўнг эса бизга энг кам иш ҳақининг 16 баравари миқдорида пул ажратилади.

Армияга келиб, мустақил ҳаёт нима эканлигини тушуниб етдим. Бу ерда бизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан тарбиялашади. Мен ҳамма йигитларнинг армияда хизмат қилишини истайман. 

Жаҳонгир ЯНДАШОВ, Бухоро вилояти Шофиркон туманидан:

— Ҳар ҳафтанинг якшанба куни оила аъзоларимга, яқинларимга хат ёзаман. Ўтган ҳафта бобомга хат юбордим. Ота-онам, укаларим, дўстларим ҳам менга хат ёзиб, оиламизда, қишлоғимизда бўлаётган янгиликлардан хабардор қилишади.

Аскарликнинг эсда қоладиган томонларидан бири ҳам хат ёзиш, хат олиш бўлса керак. Почта келадиган кунни ҳаммамиз кимдан хат бор экан ёки ким сурат юбораркан, деб кутамиз. Уйдагилардан келган хатларни қўлма-қўл ўқиймиз. Қайсидир хат овоз чиқариб ўқилмаса ёки бизга кўрсатилмаса, у севги мактуби бўлиб чиқади.

Байрамларда ўқитувчиларимга табрик юбораман. Баъзи бир дўстларимиз хат билан бирга аскарлар ҳаётидан расм­лар чизиб жўнатишади.

Хизматдан сўнг Ички ишлар вазирлиги академиясига ўқишга кирмоқчиман. Ҳозир бўш вақтимда турли сиёсий, бадиий китоблар ўқиб, тайёргарлик кўраяпман. Яқинда Президентимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарини қайтадан ўқиб чиқдим. Ундаги мана бу фикрлар эътиборимни ўзига тортди: агар биз аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди...

Суҳбатимиз ўзани адабиёт, шеърият, матбуот томонга бурилди. Бу ердаги маънавият хонасида «Халқ сўзи», «Ватанпарвар», «Ўзбекистон овози» газеталари тахламлари, бадиий адабиётларга кўзимиз тушди. Аскар йигитлар мумтоз адабиётимиз, ҳозирги замон ўзбек адабиёти ҳақида ўз фикрларини айтишди. Ватан, она, муҳаббат ҳақида шеърлар ўқилди.

— Алишер Навоий бобомизнинг мана бу мисралари менга ёқади, — дейди хўжайлилик Достонбек Рейимбоев:

 

Аёнким, Ватан узра то жони бор,

Киши ҳарб этар токи имкони бор...

Ватан таркини бир нафас айлама,

Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама...

 

Маҳаммад Юсуф, Иқбол Мирзо шеърларини жуда яхши кўраман. Айниқса, Ватан ҳақидагиларини ёд олганман...

— Отам Баҳром Дўсимбетов ҳайдовчи, онам Зуҳра Ўроз­боева уй бекаси, — дейди амударёлик Отабек Жумабоев. — Улар менга армияга бориш керак, ҳақиқий йигитни армия тарбиялайди, деб айтишар эди. Бу ерга келиб шунга амин бўлдимки, армия ҳақиқий ҳаёт мактаби экан.

Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига аскарлар танлаб, саралаб олинади. Улар жуда кўп имтиҳонлардан ўтади. Чунки масъулият катта. Чегарачининг ортида бутун бир мамлакат, халқ туради. Мана шуни англаб етганларгина чегарачи бўлади.

Чегарада турган пайтимда кўз ўнгимга онам келади. Худди у менга огоҳ, ҳушёр бўл, деяётгандай. Хизматни бошлаганимдаёқ бир қарорга келиб бўлганман. Шартнома асосида хизматни давом эттираман. Бутун ҳаётимни Ватан ҳимоясига бағишлайман...

— Чегарачилар муддатли ҳарбий хизматга биринчи бўлиб чақирилади, — дейди  сержант Жаҳонгир Қобилов. — Ҳарбий хизмат тугаётган пайтда эса улар энг охирида бўшатилади. Чунки хизматни тугатганлар янги келганларга чегарада туришнинг сир-асрорлари, тартибларини ўргатади.

Чегарачи йигитлар билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг қачон туғилгани билан қизиқаман. Қадамидан ўт чақнайдиган бу ёшлар — мустақиллик фарзандлари. Улар Ватан ҳимоясини олий шараф деб билишади.

Ёвқур бу йигитлар қалбида Ватан туйғуси улғаймоқда. Улар ўз Ватани, буюк аждодлари билан фахрланишади.

Жасур ва мард бу ёшларни ҳеч қачон ҳеч ким енга олмайди.

Кўксида Ватани бор уларнинг. Кўзида Ватан бор. Орзуларида, мақсадларида, интилишларида Ватан бор.

Бу туйғулар уларнинг жисмига она сути, она алласи билан жо бўлган. Шунинг учун ҳам улар она Ватанимизни жонидан ҳам ортиқ кўришади, ўзидан ҳам ортиқ севишади.           

...Аскар Достонбек айтган шеър менинг ёдимга мана бу сатрларни туширди:

Озодликдан бошқа нажот йўқ,

Озодликдан бошқа йўл ҳам йўқ,

Озодликдан бошқа Ватан йўқ...

Фаррух ҲАМРОЕВ



DB query error.
Please try later.