Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
28.08.2014

ОДАМЛАР ПАРТИЯДАН АМАЛИЙ ИШ КУТАДИ

— 2009 йилда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг аъзолари сони 32186 нафарни ташкил этган эди, 2014 йилда эса уларнинг сони 34200 нафардан ошди;

 — 2004 йилда бўлиб ўтган сайловларда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига ЎзХДПнинг 13 нафар вакили сайланган эди, 2009 йилги сайловларда эса 18 нафар ЎзХДП номзодларига одамлар ишонч билдирди;                                                                                        

— Сўнгги 5 йилда депутатларимиз партия электорати манфаатларига ва пойтахтимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига бевосита тааллуқли бўлган 56 масалани депутатлик гуруҳида муҳокама қилди, 48 масалани турли доимий комиссиялар, 13 масалани эса сессиялар кун тартибига олиб чиқди.

КОНФЕРЕНЦИЯ: ТАҲЛИЛ ВА ТАНҚИД

ЎзХДП Тошкент шаҳар ташкилотининг V конференциясида партиянинг ўтган 5 йилдаги фаолияти, ютуқ ва камчиликлар ана шу тартибда кенг таҳлил этилди.

Дастлаб партиянинг Сайлов­олди дастури ижроси электоратнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси Ҳайдар Бобохонов маъруза қилди.

Партия етакчисининг қайд этишича, ҳисобот даврида 3019 нафар киши партия сафига қабул қилинди. Партия кадрларини ўқитиш ва электоратнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини янада юксалтириш мақсадида 961 та ўқув-семинари ташкил этилди. Масалан, Олмазор туманидаги «Гуручариқ», Мирзо Улуғбек туманидаги «Нодирабегим» маҳаллаларида ўтказилган амалий семинарлар бошлан­ғич ташкилотлар ишини самарали йўлга қўйиш учун тажриба вазифасини ўтади. Илғор тажрибалар ­оммалаштирилаяпти. Бу борада ЎзХДП Олмазор, Юнусобод, Мир­обод туман кенгашлари намунавий-таянч кенгаш мақомини олган. Уларда тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилаётган турли тадбирлар ижобий самара бермоқда.

ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ САМАРАЛИ МЕХАНИЗМИ

Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, шунингдек, партия электоратини ўйлантираётган масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш, ижтимоий кўмакка муҳтож қатлам вакилларига амалий ёрдам беришда партия кенгашлари Жамоатчилик қабулхоналари муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳисобот даврида қабулхоналарга 2592 та мурожаат тушган, партиямиз электоратини ташвишга солаётган 2179 та масала давлат идоралари ва бошқа тегишли ташкилотлар ёрдамида ҳал этилди.

Таҳлиллар кўрсатишича, мурожаатларда кўтарилаётган аксарият муаммолар коммунал хизмат кўрсатиш, иш билан таъминлаш, уй-жой ва кредит олиш, соғлиқни сақлаш каби ижтимоий масалаларни ўз ичига олган.

ҲАРАКАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари томонидан ўтган йиллар мобайнида кўплаб муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар ўрганилди, улар асосида сессияларда қатор таклифлар билдирилди. Масалан, депутатларимиз ташаббуси билан аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва бандлик масаласини ҳал этиш, туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қурилиш, архитектура, ободонлаштириш борасидаги камчилик ва муаммоларнинг олдини олиш каби масалалар ўрганилиб, доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқилди.

Депутатлар ўз сайлов округларида ташкил этилган қабулхоналарида мунтазам равишда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаб келяпти. Ҳисобот даврида депутатлар фуқароларнинг 2784 та мурожаатини қабул қилди. Улар томонидан ўртага қўйилган 2231 та масала ижобий ҳал этилди. Мурожаат, таклиф ва шикоятлар асосида ижро ҳокимияти органларига 457 та депутатлик сўрови юборилди.

Масалан, 2011 йилда шаҳар партия кенгаши партия гуруҳининг ижроия қўмитаси ҳамда кенгайтирилган қўшма йиғилиши ташкил этилди. Унда Олмазор ва Ҳамза туманларида ишлаб чиқариш объектларини модернизация қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ижроси тўғрисидаги ҳамда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар кенг муҳокама этилиб, партия фаоллари ва депутатларнинг таклифлари билдирилди.

Шунингдек, ЎзХДП гуруҳи Юнус­обод, Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларида ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, Олмазор, Миробод, Учтепа туманларида касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш, Ин­қирозга қарши чораларнинг 2009-2012 йилларга мўлжалланган дас­турини сўзсиз бажариш юзасидан Шайхонтоҳур ҳамда Мирзо Улуғбек туманларида амалга оширилган ишларни таҳлил этиб борди ва масалалар доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқилди.

ХОТИН-ҚИЗЛАР МАНФААТИ БИЗ УЧУН УСТУВОР ВАЗИФА

Бугунги кунда ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши «Фаол аёллар» қанотининг 19900 нафар аъзоси бор. Ҳисобот даврида қанот ташаббуси билан хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш, оиладаги ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида қатор амалий ишлар олиб борилди. Масалан, «Жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида аёлларнинг фаоллигини ошириш масалалари», «Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда самарали шакл ва услубларни қўллаш» мавзусидаги давра суҳбатлари ва сиёсий семинарлар ижтимоий-сиёсий жаб­ҳаларда хотин-қизлар иштирокини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Бундан ташқари, хотин-қизларни иш билан таъминлашда тўсиқ бўлаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида «Аёллар бандлиги обод турмуш гарови» лойиҳаси доирасида 10 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳамкор ташкилотлар билан бирга тадбирлар ташкил этилди. Уларда 400 га яқин вақтинча ишсиз бўлган хотин-қиз иштирок этди. Лойиҳа доирасида 40 га яқин хотин-қизни иш билан таъминлашга, 20 дан ортиқ хотин-қизга ўз ишини йўлга қўйишига кўмаклашилди.

ЁШЛАР ПАРТИЯНИНГ МУСТАҲКАМ ТАЯНЧИ

Биламизки, партиянинг «Истиқбол» ёшлар қаноти ёшлар манфаатини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш учун курашади. Шу мақсадда уларнинг ижтимоий лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда. Ўтган давр мобайнида ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларини, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш борасида кўплаб ташаббусларни илгари сурди. Турли мазмундаги давра суҳбатлари, ўқув-семинарлар, сиё­сий дебатлар, учрашувлар асносида партия сафига кўплаб ёшлар қабул қилинди.

 «Ёшлар ва интернет: муваффақиятлар ва муаммолар», «Биз партия сафидамиз», «Коллеждан — корхонага», «Бугунги талаба — эртанги мутахассис» каби лойиҳалар асосида қатор тадбирлар ташкил этилди. Масалан, жорий йилнинг 14 май куни «Ёшлар ижод саройи»да «Мақсад — ҳар бир ёш ўз ишига эга бўлсин» номли форум ўтказилди.

Конференцияда сўзга чиққан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Муқаддас Раҳматуллаева, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фарида Абдураҳимова, «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли Умидхон Ҳошимов партия ташкилоти фаолиятига ўз муносабатини билдирди. Ютуқлар эътироф қилиниб, йўл қўйилган камчиликларга барҳам бериш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Хусусан, маҳаллий бюджетлардан ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағларнинг самарали ишлатилишига эришиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами учун тиббий хизматлар даражасини ошириш, аҳолининг кам таъминланган қатламлари учун турар жойлар қуришга мўлжалланган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши, ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш пайтида адолат ва манзиллиликни таъминлаш устидан назоратни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Конференция ишида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов иштирок этди.

— Сиёсий партиялар жамият ҳаётига қанчалик чуқур кириб борса, ижтимоий масалаларга шунчалик самарали ечим топилади, одамларнинг партияга ишончи кучаяди, — деди у. — Энг муҳими, мамлакат изчил тараққий этади, демократик тамойиллар, инсон манфаатлари биринчи ўринга кўтарилади. Шу боис ҳам мамлакатимизда сиё­сий партиялар фаолиятини кескин кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу жараёнда ЎзХДП­нинг ўз позицияси бўлиши керак, албатта.

Партиямиз тизимида Тошкент шаҳар партия ташкилоти катта кучга эга. Буни халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатларимиз, салоҳиятли фаолларимиз ва етакчиларимиз, бошланғич ташкилотларимиз мисолида кўришимиз мумкин. Тошкент — мамлакатимизнинг пойтахти бўлганлиги учун бу ерда ижтимоий-иқтисодий соҳалар тез тараққий этади, бунга катта эҳтиёж ҳам доимо мавжуд бўлади. Демак, бу шаҳарда партия фаоли, депутат сифатида фаолият олиб бориш учун икки ҳисса масъулиятни бўйинга олиб ишлаш лозим.

Хўш, бунинг учун кўпроқ нималарга аҳамият бериш зарур? Аввало, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд, шунингдек, ислоҳотларнинг иқтисодий ва ижтимоий самарасини оширишга ҳисса қўша оладиган, меҳнатга лаёқатли кишилар билан елкама-елка туриш керак. Жойларда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш дастури ижросини мунтазам таҳлил этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда депутатлик сўрови ва Жамоатчилик қабулхоналари имкониятидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилиш лозим.

Конференцияда партия ҳаёти билан боғлиқ қатор масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. ЎзХДП VIII қурултойига делегатлар сайланди.

Шунингдек, конференцияда сўзга чиққан депутатлар, фаоллар бу йил сайловлар йили эканига алоҳида эътибор қаратиб, партиянинг янги Сайлов­олди дас­тури лойиҳаси бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Ҳудудларда коммунал хизматлар сифатини ошириш масалаларида таклифлар берилди.

Шундан сўнг ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгашининг биринчи пленуми бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўриб чиқилиб, Ҳайдар Бобохонов шаҳар партия кенгаши раиси этиб қайта сайланди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.