28.08.2014

ФИДОЙИЛИК ВА ТАШАББУСКОРЛИК БОР ЖОЙДА

ўсиш, ривожланиш бўлади

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳларида 207 нафар депутат фаолият кўрсатмоқда.

Жамоатчилик қабулхоналарига ўтган беш йил давомида 3721 мурожаат бўлди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари ва доимий комиссиялар йиғилишларида ЎзХДП гуруҳлари ташаббуси билан электорат манфаатларига қаратилган 82 масала муҳокама этилди.

Қашқадарё вилоят партия ташкилоти конференциясида таъкидланганидек, мамлакатимизни модернизация қи­лиш ҳамда жамиятни демократлаштириш жараёни чуқурлашгани сари ҳаётимизда сиёсий партияларнинг роли тобора ортиб бормоқда. Бугун сиёсий партиялар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, турли ижтимоий масалаларни ҳал этиш, аҳолининг сиёсий фаоллигини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.

ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Олим Равшанов ҳисобот маърузасида амалга оширилган асосий ишларга эътибор қаратди.

— Жорий йил июль ойида бўлиб ўтган туман ва шаҳар партия ташкилотлари конференциялари ютуқ ва камчиликларимизни кўрсатиб берди, — деди у. — Бугун ана шулардан келиб чиққан ҳолда вилоят партия ташкилоти фаолиятини таҳлил этяпмиз. Ҳозир вилоятимизда 845 бошланғич партия ташкилоти бўлиб, улар 34219 нафар аъзони бирлаштирган.

Ўтган беш йил давомида вилоятимизда 367 ижтимоий соҳа объекти ишга  туширилди. Бу янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, кўплаб маҳаллий ривожлантириш дастурларини амалга оширишда партия ташкилотлари, депутатларимиз муносиб қатнашмоқда.

Айниқса, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2010 йил 29 ­ноябрда ўтган сессиясида муҳокама қилинган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, 2011 йил 12 март­да ўтган сессияда кўриб чиқилган умумтаълим мактаблари ўқувчиларини касбга йўналтириш, таълим сифатини ошириш, ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган масалалар Сайловолди дас­тури ижросига хизмат қилмоқда.

Жойларда ўтказилган иқтисодий форумларда 61 нафар электорат вакилига бошланғич капитални шакллантириши, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиши учун имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди. Шунингдек, иш билан таъминлаш билан боғлиқ масалалар Қарши, Муборак, Яккабоғ ҳамда бошқа қатор туман Кенгашлари сессияларида пар­тия­миз гуруҳлари ташаббуси билан муҳокама этилди.

Бундан ташқари, Жамоатчилик қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ҳал этиш масаласида ҳам амалий ишлар қилинмоқда. Бу борада турли идора ва ташкилотлар ҳамда депутатларимиз ҳамкорлиги қўл келмоқда.

Рашид МУРТАЗОЕВ, ЎзХДП Қарши шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Айни пайтда халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳида 16 нафар депутатимиз фао­лият олиб бормоқда. Партия дас­туридан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик масалалар доимий комиссиялар йиғилишлари, сессияларга олиб чиқилмоқда. Сес­сияда кўтарилган муҳим масалалардан бири «Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида «Имконияти чекланган болаларни ўқитиш ва уларга яратилган шароитларнинг аҳволи тўғрисида» эди. Кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя тарафдори бўлган партиямиз дастурий мақсадларини  руёбга чиқаришда бу ташаббус муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, партия гуруҳи томонидан Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси юзасидан мониторинг ўтказиб борилмоқда. Масалан, 2013 йилда шаҳарда жами 8709 иш ўрни яратилган. Касб-ҳунар коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашга катта эътибор берилмоқда. Шаҳарда 7 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Партия етакчилари, депутатларимиз бу тадбирларда фаол иштирок этиш баробарида, тузилган уч томонлама шарт­номалар ижросини ҳам назорат қилиб боришмоқда.

Дилором УМАРОВА, Қарши тумани ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Иш ўринлари ташкил этиш вазифаси партиямиз учун устувор масала ҳисобланади. Чунки ишли бўлиш — энг ишончли ижтимоий ҳимоя саналади. Биз хотин-қизларни меҳнатга жалб этиш борасида барча имкониятлардан самарали фойдаланишга уриняпмиз. Касаначилик, оилавий тадбиркорлик бу борада қўл келмоқда. Бир неча йиллардан буён ҳар йили 50-60 нафар хотин-қизга кафиллик хати асосида имтиёзли кредитлар беряпмиз. Натижада кўплаб ёшларимиз ишли бўляпти. Бу йўналишдаги ишларни янада жонлантириш зарур, деб ҳисоблайман.

Азамат РАҲМОНОВ, «Гиссаракнефтгаз» Ўзбекис­тон-Швецария қўшма корхонаси бош ҳисобчиси, ЎзХДП аъзоси:

— Мен ва ўнлаб касбдошларим яқинда ЎзХДПга аъзо бўл­дик. Бизга аъзолик гувоҳномалари ушбу конференцияда тантанали равишда топширилди. Шахсан ўзим ушбу тадбирда билдирилган фикр-мулоҳазаларни тинглар эканман, рости, шу партияга аъзолигим билан фахр­ландим. Пар­тия­миз олиб бораётган хайрли ишларда фаол иштирок этишга қарор қилдим.

Конференцияда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Комила Каромова, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Зокиржон Холматов, вилоят партия ташкилоти тафтиш комиссияси раиси Даврон Жўраев, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Озод Умиров сўзга чиқиб, кун тартибидаги масалалар бўйича фикр билдирди. ЎзХДПнинг янги Сайлов­олди дастури лойиҳаси кўриб чиқилиб, таълим ва тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари бўйича таклифлар берилди.

Конференция доирасида вилоят партия ташкилотининг ташкилий пленуми ўтказилди. Унда Олим Равшанов Қашқадарё вилоят партия кенгаши раиси этиб қайта сайланди.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.