28.08.2014

ИШ БИЛАН БАНД АЁЛ

оила ва жамият ривожига муносиб ҳисса қўшади

Зангиота тумани муқаддас қадамжолари билан қанчалик машҳур бўлса, одамларининг меҳнаткашлиги билан ҳам танилган. Агар туманга йўлингиз тушса, атрофга диққат билан қаранг, томорқа-ю мўъжаз боғ-роғларни, маҳаллалар ободлигини кўриб, бунга ўзингиз амин бўласиз.

Бугун бу туманда бирор маҳалла, бирор хонадон йўқки, ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш ривожига ҳисса қўшмаётган бўлса. Шу сабабли ҳам Зангиотада иш билан банд бўлмаган хотин-қизни кам учратасиз. Бу эса уларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўл­моқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент вилоят кенгаши ҳамкорлигида «Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ойлиги» доирасида мазкур туманда ўтказилган «Кучли фуқаролик жамияти барпо этишда хотин-қизларнинг ўрни» мавзусидаги давра суҳбатида ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

«Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!» шио­ри остида бўлиб ўтган тадбирда ЎзХДП Марказий Кенгаши масъуллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партиянинг Тошкент вилоят, Зангиота туман кенгашлари ходимлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, «Фаол аёллар» қаноти етакчилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари маслаҳатчилари ва бир гуруҳ хотин-қизлар иштирок этди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева давра суҳбатини очар экан, хотин-қизлар банд­лиги, сиё­сий-ҳуқуқий билими ва фаоллигини ошириш масалаларига эътибор қаратди.

— Мустақиллигимиздан кейин ўзбек аёли ўз қадр-қимматини, эъзозини топди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ­депутати, ЎзХДП фрак­цияси аъзоси Ҳафиза ­Каримова. — Мактабда ўқиб юрган кезларим ёдимда, хотин-қизлар қаторида биз ўқувчилар ҳам далага чиқиб, оғир меҳнат қилишга мажбур эдик. Қуёш бош кўтармасдан то қош қорайгунча кетмон қўлимиздан тушмасди. Шукрки, ҳаммаси ортда қолди. Мустақиллик йилларида оналарга, аёлларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатила бошланди. Миллий қонунчилигимизда аёлларнинг барча ҳақ-ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилган. Бугун аёллар ҳар бир соҳада ташаббускорлик кўрсатиб, фарзанд тарбиясида ҳам, жамоатчилик ишларида ҳам кўплаб ютуқ ва муваффақиятларга эришиб келмоқда. Уларнинг жамият ҳаётидаги иштироки кучаймоқда, ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортмоқда. Бу демократик ислоҳотлар чуқурлашиши, ҳаётимиз янада обод бўлиб бораётганининг муҳим белгисидир.

— Туманимизда ўз ишини йўлга қўйиш ҳаракатида юрган электоратимиз вакиллари жуда кўп, — деди ЎзХДП Зангиота туман кенгаши раиси Моҳира Акромова. — Айниқса, коллеж битирувчиларининг бу борадаги фаоллиги яққол кўзга ташланади. Катта ҳаёт остонасидаги қизларнинг бандлиги, айниқса, муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман. Меҳнат нималигини биладиган қизлар қурадиган рўзғор бут ва оила ҳар томонлама мустаҳкам бўлади. Бунга ҳаётда кўп гувоҳ бўлганмиз. Шунинг учун қизларнинг ҳунар ўрганиши, бирор-бир ишнинг бошини тутишига алоҳида эътибор бериляпти. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси, уларни қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган турли тадбирлар ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда.

— Соғлом она — соғлом бола масаласи бугун чин маънода умуммиллий ҳаракатга айланди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Сайдивали Аҳмедов. Жойларда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, репродуктив саломатликни асраш каби мавзуларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Ҳозир хотин-қизлар учун қулай шароит яратиш ва оналикни муҳофаза қи­лиш бўйича Ўзбекистон ­дун­ё­нинг 125 давлати орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Яқинда мамлакатимиз ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатаётган давлатлар ўнталигига киритилди. Ана шу кўрсаткичлар кўп нарсани англатади, зиммамизга янада каттароқ масъулият юклайди, албатта. Биз учун хотин-қизлар оғирини енгил қилиш, улар учун муносиб турмуш шароитлари яратиб бериш асосий вазифаларимиздан бўлиб қолаверади.

— Иш, турмуш юмушлари билан бўлиб, ҳаётий масалалар ҳақида гаплашиб, фикр алмашишга ҳар доим ҳам вақт топилмайди, — деди «Фаол аёллар» қаноти аъзоси Динора Эргашева. — Бугун хотин-қизлар турмуши, ҳаёти, ижтимоий-сиёсий фаоллиги билан боғлиқ муҳим масалалар ўртага ташланди. Қонунчиликдаги янгиликлар, керакли факт ва рақамлар билан танишдик. Бундай тадбирлар дунёқарашимизни кенгайтиришга, ижтимоий-сиёсий фаоллигимиз ошишига хизмат қилади, деб ҳисоблайман.

Тадбирда хотин-қизлар манфаати ҳимояси бўйича учраётган айрим масалалар таҳлил қилиниб, уларни янада батафсил ўрганиш, лозим бўлса, халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси муҳокамасига масала киритиш юзасидан партия гуруҳига таклифлар берилди.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.