Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
26.08.2014

САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ ИЖРОСИ

партия ташкилоти ишига баҳо беришдаги асосий омилдир

Тошкент вилоят партия ташкилоти ҳисобот-сайлов конференцияси ўзининг ноанъ­анавий ташкил этилгани билан эътиборни тортди. Конференция бошида йиғилганлар эътиборига вилоят партия ташкилоти фаолияти таҳлилига бағишланган видеофильм намойиш этилди. Унда партия ташкилотининг ўтган беш йиллик фаолияти таҳлил этилди, депутатлик бирлашмаси томонидан амалга оширилган ишлар кўрсатилди, фаоллар, депутатлар ҳамда сайловчиларнинг фикрлари берилди. Ушбу видеофильм иштирокчиларда партия ташкилоти фаолияти ҳақида тўлароқ тасаввур ҳосил қилишига ёрдам берди.

Конференцияда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов иштирок этди ҳамда вилоят партия ташкилоти фаолияти, бугунги долзарб вазифалар хусусида ўз фикрларини билдирди:

— Биз мустақилликка эришгач, ҳозирда бутун дунё тан олаётган «ўзбек модели» асосида ривожланиш йўлини танладик. Ўтган давр халқимиз танлаган йўлнинг қанчалик тўғри эканини исботлаб берди. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг қа­бул қилиниши эса тараққиётимизнинг янги даврини бошлаб берди. Эндиликда демократик ислоҳотларни яна­да чуқурлаштириш ҳамда аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш орқали ривожланган демократик давлат қуриш йўлини изчил давом эттирамиз.

Бу жараёнда, энг аввало, сиёсий партиялар муҳим ўрин тутади. Бугун сиёсий партия ҳудудларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда иштирок этиш билан бир қаторда мамлакатнинг ривожланиш стратегиясини белгилашда ҳам ўз позициясини намоён этиши лозим. Мана шу муҳим вазифани барча даражадаги партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари чуқур тушуниши ҳамда ўз фаолиятида шунга интилиши зарур.

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши партия гуруҳи раҳбари Сирожиддин Аъзамов маърузасида асосий эътибор Сайловолди дастури ижросига қаратилди.

— Сайловолди дастури ижроси фаолиятимизнинг асосий йўналиши ҳисобланади, — деди у. — Шу боис партия ташкилотлари ўтказаётган ҳар бир тадбир, депутатлик бирлашмалари томонидан ўрганилаётган масала, аввало, мазкур дастур ижросига хизмат қилиши керак. Ижтимоий ҳи­моя­га муҳтож, жисмоний имконияти чекланган, иш топишда қийинчиликка дуч келаётган кишиларни қўл­лаб-қувватлашда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг ўрни катта. Ушбу масалалар юзасидан
5 йил давомида халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларига 170 дан ортиқ депутатлик сўрови юборилган. Шунингдек, партия гуруҳи ташаббуси билан доимий комиссияларда 36, сессияларда 14 масала муҳокама этилди.

Бундан ташқари, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кекса ва ногиронлар ҳолидан хабар олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда Соғлиқни сақлаш бошқармалари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Нуроний» жам­ғармаси, «Қизил ярим ой» жамияти билан ижтимоий шериклик асосида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

ЎзХДП Сайловолди дастурида аҳолининг реал даромадлари ортишини кафолатлайдиган барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва қўшимча равишда янги, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринлари ташкил этиш вазифаси белгиланган. Ўтган йиллар давомида буни амалга ошириш мақсадида Анг­рен шаҳри, Қибрай, Занги­ота, Оққўрғон, Чиноз, Бўс­тонлиқ туманларида тижорат банк­лари билан ҳамкорликда иқтисодий форумлар ўтказилди. Уларда 73 нафар электорат вакили бошланғич капитални шакллантириш ҳамда касаначилик ва оилавий тадбиркорликни бошлаш учун имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга бўлди. Бугунги кунда уларнинг 56 нафари ўз фаолиятини тўлиқ йўлга қўйган. Бунинг натижасида ҳудудда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси янада ривожланиб, 220 дан ортиқ иш ўрни яратилди.

Бу билан берилган имкониятлардан тўлақонли фойдалана олаяпмиз, дея олмайман. Айрим партия кенгашлари, депутатлик тузилмаларининг электорат манфаатларини ҳи­моя қилиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, давлат ва ҳудудий дастурлар ижросини таъминлашдаги фаоллигини янада ошириш зарур...

Конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат ­Турсунбоев сўзга чиқиб, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи билан ўзаро ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталди.

Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамда халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи Сайловолди дас­тури ижроси, электорат манфаатларини таъминлаш масалаларида доимий ҳамкорлик қилиб келади, — деди у.
Хусусан, ҳисобот даврида биргаликда 40 дан ортиқ қонун ва давлат дастури ижроси ўрганилди. Бу жараёнда фракцияга 200 дан ортиқ таклиф берилган. Партия гуруҳи ташаббуси билан кўтарилган 5 масала бевосита фракция йиғилиши кун тартибига киритилди.

Қатор қонун лойиҳалари сайловчилар билан муҳокама этилди, таклифлар олинди. Мисол учун «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси партия гуруҳи билан бир неча бор кўриб чиқилди. Натижада қонун лойиҳасини янада ­такомиллаштириш учун
100 дан ортиқ таклиф берилди. Аҳамиятлиси, қонун лойиҳасини қабул қилиш жараёнида уларнинг аксарияти инобатга олинди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Фарида Жўрабекова Жамоатчилик қабулхонасига тушаётган мурожаатлар ечими бўйича олиб борилаётган ишларга тўхталди.

— Партия ташкилотларида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналари аҳоли мурожаатларини ўрганиш ва ечим топишда қўл келмоқда, — деди у. — Ўтган беш йил давомида Жамоатчилик қабулхоналарига қарийб 4 минг мурожаат тушган бўлиб, уларнинг 85 фоизи тегишли идора ва ташкилотлар кўмагида ижобий ҳал этилди. Қолган қисмига ҳуқуқий маслаҳат берилди.

Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатлар асосида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди. Хусусан, Занги­ота, Чиноз ва Янгийўл туманларида уч томонлама шартномаларнинг бажарилиши, битирувчиларнинг қонуний бандлиги масаласи мониторинг қилинди. Шу асосда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи ташаббуси билан «Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари давоматини ҳамда битирувчиларни ўзлари эгаллаган мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришни таъминлаш тўғрисида»ги масала сессияга олиб чиқилди.

Шунингдек, электорат вакилларининг марказлашган иссиқлик тизимига уланган кўп қаватли уйлар, ижтимоий объ­ектлар, таълим ва тиббиёт муассасаларини иситиш ва иссиқ сув билан таъминлаш сифатини яхшилаш ҳақидаги мурожаати партия гуруҳи томонидан чуқур ўрганилди. Шундан сўнг халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига «Куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳамда Ангрен, Олмалиқ, Бекобод, Чирчиқ шаҳарларида муқобил ва тикланадиган қувват манбаларидан фойдаланиш ҳисобига аҳолининг иссиқ сув ва марказлашган иситиш тизими билан таъминлашни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги масала олиб чиқилди.

Сессия қарорига кўра, «Иссиқлик манбаи» корхонаси томонидан иситиш қозонларини капитал ва жорий таъмирлаш, эскирганларини алмаштириш, иссиқлик тармоқларини қайта қуриш ишларига қарийб 870 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.

Бундан кўриниб турибдики, Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатлар ўз вақтида жойида ҳал этилмоқда, шунингдек, ҳудудларга хос бўлган муаммолар умумлаштирилиб, сессиялар муҳокамасига киритилмоқда. Бу эса турли ижтимоий масалаларнинг ечим топиши, одамларнинг партияга бўлган ишончи ортишига хизмат қилмоқда.

— Бугунги кунда давлат ва жамият қурилиши, шунингдек, сиёсий жараёнларда ёшларнинг иштироки тобора кенгайиб бормоқда, — дейди ЎзХДП Бекобод туман кенгаши раиси ўринбосари, «Истиқбол» ёшлар қаноти туман бўлими етакчиси Зоиржон Аҳмедов.

— Бу жараёнда Тошкент вилояти бўйича «Истиқбол» ёшлар қанотига аъзо бўлган 9730 нафар йигит-қиз ҳам муносиб қатнашмоқда. Қанот томонидан ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, дун­ёқарашини кенгайтириш, иш билан таъминлаш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. «Коллеждан — корхонага», «Ёшлар саломатлиги ва никоҳ», «Одам савдоси — инсон эркинлигига таҳдид», «Гиёҳвандликка қарши кураш ёшлар нигоҳида», «Ёшлар ОИТС­га қарши» ҳамда «Ёш сиё­сатчи» каби лойиҳалар шулар жумласидандир. Улар доирасида ўтган беш йил давомида олий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ҳамда маҳаллаларда 1500 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Тадбирларда 20 минг нафардан ортиқ ёш иштирок этди. Шу боис вилоятда ёшлар ҳисобига партия аъзолари сони тобора ортиб бормоқда.

Шунингдек, конференцияда депутатлар, партия фаоллари ЎзХДПнинг янги Сайловолди дастури лойиҳасини кўриб чиқиб, таҳлил қилди. Аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар берилди.

Конференция доирасида вилоят партия кенгашининг ташкилий пленуми ўтказилди. Унда ЎзХДП Тошкент вилоят партия ташкилоти раиси этиб Сирожиддин Аъзамов қайта сайланди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.