26.08.2014

ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ ҚОНУН

биржалар фаолиятида ошкоралик таъминланишида муҳим аҳамиятга эга

Маълумки, жорий йилнинг 28 август куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтади. Унда парламент Қонунчилик палатаси қабул қилган бир қанча қонунлар кўриб чиқилиши режалаштирилган. Шулардан бири «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги (янги таҳрирда) қонундир.

Мамлакатимизда бозор муносабатларининг янада изчил ривожланиши бир қанча омилларга боғлиқ. Шулардан бири биржалар фаолиятини кучайтиришдан иборат. Бу ҳақда гапиришдан олдин биржа ўзи нима, унинг вазифаси қандай деган саволларга жавоб бериш керак, деб ўйлайман.

Биржа сўзи немисчадан олинган, «ҳамён» деган маънони билдиради. Биржалар ўз фаолиятини товар-хомашё, фонд ва валюта биржаси, баъзи мамлакатларда маҳсулотлар турига қараб алоҳида биржалар тарзида амалга оширади.

Биржа асосан товарлар, қимматли қоғозлар, валюта ва бош­қа биржа товарлари бўйича савдо-сотиқ жараёнлари амалга ошишини енгиллаштириш вазифасини бажаради. У бозордан фарқ қилади. Биржадаги жараёнлар аниқ вақтда, аниқ жойда ўтказилади. Унда иштирокчилар, амалга ошириладиган операциялар ўзгариши мумкин, лекин операцияларни ўтказиш вақти ва жойи доимийликка эга бўлади. Биржанинг бошқа бозор субъект­ларидан яна бир фарқли хусусияти шундаки, биржада нафақат савдо ташкил этилади, балки унда баҳолар шаклланади.

Баҳолар шаклланиши шунчаки эмас, балки расмий котировка асосида амалга оширилади. Котировка, яъни расмий нарх шаклланиши бўлмаган жойда биржа тўлақонли, халқаро меъёрларга мос фаолият олиб бора олмайди. Биржа ёрдамида ҳар бир қимматли қоғоз, товар ва бош­қа биржа товарларининг бошланғич қиймати шаклланади. Бу баҳо тижорат дунёсида минимал баҳони белгилайди ва биржадан ташқари битимлар ҳам шу баҳони асос сифатида қабул қилади. Шунга таяниб биржани баҳони шакллантиришга йўналтирилган режали ташкил этилган бозор, деб айтиш мумкин.

Биржа иқтисодиётни хомашё, капитал, валюта ва бошқалар билан таъминлаш вазифасини бажармайди. Балки у товар, капитал, фонд, валюта бозорини тартибга солади ва унификациялайди, яъни бирхиллаштиради. Харидор ва сотувчини бир жойда жамлайди, улар ўртасидаги талаб ва таклифни мувофиқлаштириб, савдони енгиллаштиради.

Умуман, биржанинг замонавий иқтисодиётда тутган ўрни, вазифалари ҳақида яна кўп гапириш мумкин. Лўнда қилиб айтганда, биржалар иқтисодиётнинг ўзига хос барометри ҳисобланади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, янгиланиш жараёнлари биржалар фаолиятини замон талабига мослаштиришни, илғор халқаро тажрибанинг ижобий жиҳатларини татбиқ этишни тақозо этмоқда. Қонунчилик палатаси янги таҳрирда қабул қилган «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги қонун шу мақсадга қаратилган.

Эслатиб ўтиш жоиз, мазкур қонун мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида ишлаб чиқилган. У молиявий бозорларда илғор биржа муносабатлари жорий қилиниши, хусусан, ошкоралик таъминланиши, иштирокчиларнинг манфаатлари ҳимояси кафолатланиши, нархлар сунъий ошиб кетишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Қонунда биржа товари, унинг моҳияти ва турларини аниқлаштирилган, биржада ҳар кунлик нархларни шакллантириш, тасодифий ва спекулятив нархларнинг олдини олиш, умуман, биржалар фаолияти билан боғлиқ стандарт­ларни дунё андозасига мослаштириш каби масалалар алоҳида инобатга олинган.

Шунингдек, унда биржалар фаолиятини юритишнинг ташкилий ҳуқуқий асослари, биржа фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш, биржа аъзолари, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, биржа савдоларини ташкил қилиш, ўтказиш ва унинг натижаларини расмийлаштириш тартиби белгиланган. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, қонунда биржаларда очиқ ва аниқ ахборот бериш тартиби акс этган.

Умуман олганда, мазкур қонун мамлакатимизда биржалар фаолиятини халқаро талаблар асосида мувофиқлаштиришга, биржалардаги жараёнларнинг очиқ бўлишига шароит яратади.

Биржаларда нархларнинг ошкора шаклланиши, биржа фаолияти билан боғлиқ ахборотларнинг очиқлиги аҳоли, айниқса, ЎзХДП электорати вакиллари учун жуда муҳим. Чунки биржада нарх, айтиш мумкинки, холис белгиланади. Бу бевосита истеъмолчилар учун қулайлик ҳосил қилади, замон талаби даражасида фаолият кўрсатадиган биржаларда нархлар спекулятив, сунъий равишда ошиб кетмайди. Қонунда спекулятив нарх юзага келишининг олдини олиш механизмлари ҳисобга олинган.

Қонун биржа фаолияти ва унда амалга ошириладиган операция­лар, баҳолар шаклланиш жараёнлари устидан ўзига хос жамоатчилик назорати юзага келишини таъминлайди. Бу партиямиз дастурий мақсадларига мос келади.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.



DB query error.
Please try later.