26.08.2014

САМАРҚАНД: ЎТМИШИ ШАРАФЛИ, БУГУНИ САОДАТЛИ, КЕЛАЖАГИ АБАДИЙ ШАҲАР

Мустақиллик йиллари кўҳна ва ҳамиша нав­қирон Самарқанднинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий ҳаётида чин маънода туб бурилиш даври бўлди. Шаҳарнинг кун сайин чирой очиб, ўтмиши ва бугуни уйғунлашган мўъжизакор қиёфа касб этиши жаҳон аҳлини, минг-минглаб сайёҳларнинг эътиборини тортмоқда. Ҳа, ўн-ўн беш йил олдин бу ерга келган одам бугун уни таниёлмайди. Бири биридан гўзал ва маҳобатли бинолар, замонавий турар-жойлар, хушҳаво хиёбонлар...барча-барчаси кўрган кўзни қувнатади, дилларни яйратиб, қалбларда ғурур-ифтихор туйғуларини уйғотади.

Айтиш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан Самарқанд шаҳрини ривожлантиришнинг 2025 йилгача бўлган бош режаси ишлаб чиқилгач, энг аввало, қадимий гўшанинг Эски шаҳар қисми ҳайратланарли даражада файзли, кўркам масканга айланди. Амир Темур мақбарасидан то Улуғбек расадхонасига қадар масофадаги барча тарихий иншоотлар — Руҳобод мақбараси, Улуғбек, Тиллакори, Шердор мадрасалари, Бибихоним, Ҳазрати Хизр масжидлари, Шоҳи Зинда ва Мотуридий ёдгорлик мажмуаларининг уйғунлиги таъминланди.

Тошкент кўчасидаги барча иншоотлар миллийлик касб этди. Шар­­қ­она анъаналар асосида таъмирланган Чорсу тарихий биносида эндиликда мўйқалам соҳибларининг ижод намуналари тар­ғиб қилинмоқда.

Инсоният тафаккурининг шоҳ асари, дея таърифланган Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси Вазирлар Маҳкамасининг Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасини қайта тиклаш ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш тўғрисидаги қарори асосида мукаммал ре­кон­с­трукция қилинди. Имом Мотуридий ҳазратлари мангу қўним топган Чокардиза қабристони ободонлаштирилиб, ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.

Кейинчалик бундай ўзгаришлар бутун шаҳар бўйлаб давом эттирилди. Янги-янги замонавий иншоотлар, хиёбонлар, боғлар барпо этилди, кўчалар таниб бўлмас даражада ўзгарди. Беруний, Улуғбек, Бўстонсарой, Спитамен номли ва яна кўплаб кўчалар, маҳаллалар, боғлар қиёфасининг бутунлай ўзгариб кетгани, энди улар шаҳар гўзаллигига гўзаллик, файзига файз, тароватига тароват қўшаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

— Кейинги йилларда шаҳримизда мисли кўрилмаган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда, — дейди Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўқитувчиси Каромат Тоғошарова. — Амалга оширилган кенг кўламли реконструкция ишлари натижасида замонавий шаҳарсозлик қои­далари асосида миллий ва замонавийликни ўзида мужассам этган бино ва иншоотлар қад рост­лади. Тарихий обидалар атрофидаги эски, пастқам бинолар ўрнида хушманзара хиёбонлар, сайилгоҳлар пайдо бўлди. Самар­қанд қиёфасининг тубдан ўзгариши шаҳарнинг ландшафт архитектураси билан ҳам бевосита боғлиқ. Шу маънода кўкаламзорлаштириш ишларида асосий тамойил — қаерга қандай дарахт, гул ёки майса турини, қанча миқдорда, қандай усулда, яъни манзаравий ланд­шафт композицияси асосида экиш лозимлигига катта эътибор қаратилди...

Регистон майдонида мустақиллик даврида барпо этилган «Йўлбарслар хиёбони»га бугун ким ҳам ҳавас қилмайди, дейсиз. Эндиликда ҳар бир самарқандликнинг энг севимли, энг қадрли масканларидан бирига айланган бу сўлим оромгоҳ муаззам Регис­тоннинг шарафли ўтмишини бугунги саодати билан боғлаётгандек. Хиёбонда эртаю кеч одамларнинг, айниқса, ёшларнинг сайр этиб юрганига гувоҳ бўласиз. Улар игнабаргли дарахт­лару каштанлар билан безалган хиёбоннинг файзу тароватидан, фавворалар товланишидан баҳра олишади, жонажон шаҳарларининг кун сайин гўзаллашиб, кўркамлашиб, обод манзилга айланиб бораётганидан ғурурланишади.

Шаҳар яқинидаги Кўҳак тепалигида, Обираҳмат ариғи бўйида буюк олим Мирзо Улуғбек томонидан барпо этилган улкан расадхона дунёдаги бундай иншоотлар орасида энг пухта ўйланган математик ҳисоб-китоб­лар асосида бунёд этилгани билан ажралиб туради. Президентимиз ташаббус ва тавсиялари билан бу ерда ҳам кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, расадхона ва музейнинг мукаммал лойиҳага эга бўлган замонавий бинолари қурилди. Янгидан яратилган Мирзо Улуғбек ҳайкали музейнинг замонавий кўринишига янада кўрк бағишлади.

Мустақиллик йилларида Самар­қанд шаҳрида олиб борилган бунёдкорлик ишлари, янги барпо этилган саноат корхоналарининг ҳаммасини санаб ўтишнинг ­имкони йўқ, албатта. Аммо «JV MAN Auto-Uzbek­istan», «SamAuto», «SINO», «DAKA TEX» каби йирик саноат корхоналарини тилга олмай ўтиб бўлмайди. Уларнинг барпо этилиши туфайли минглаб янги иш ўринлари очилди. Бу корхоналар нафақат саноат, балки мамлакатимиз иқтисодий қувватини мустаҳкамлашга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

 Ўзбек давлатчилигининг шакл­ланиши ва тараққий этишида бу кўҳна шаҳарнинг муҳим ўрин тутганлиги тарихдан маълум. Буюк Соҳибқирон Амир Темур даврига келиб ­Самарқанд жаҳон тамаддунининг энг йирик марказига айланди. Тиббиёт, фалакиёт, математика сингари фанлар тараққий этди. Ўзининг бетакрор ва маҳобатли тарихий обидалари, меъморчилик, ҳунар­мандчилик ва тасвирий санъат намуналари билан дунё аҳлини ҳайратга солди. Самар­қандда порлаган илм-фан ва маданият зиёси дунёнинг бош­қа давлатларида ҳам нур сочди.

Мустақиллик даврида эса шаҳарнинг жаҳоний шуҳрати янада ошди. Президентимиз ташаббуси билан шаҳарда кўплаб халқаро анжуманлар ташкил этилди. Айниқса, шаҳарнинг 2750 йиллик юбилейи нишонланган 2007 йил Самарқанд учун, шу афсонавий заминда яшаётган бутун халқ учун тарихий воқеа бўлиб қолди. 1997 йилдан буён ҳар икки йилда ўтказилаётган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали эса дунё санъаткорларини, санъат мухлисларини қадимий Самар­қанд билан янада яқинлаштирди. Бу нуфузли анжуман Шарқ халқлари миллий куй-қўшиқларини дунёга тарқатиш, ёш авлодда санъатга, айниқса, мусиқага меҳр уйғотиш, халқлар ўртасида дўстлик, ижодий ҳамкорликни мус­таҳкамлаш, маданий алоқалар доирасини кенгайтиришга хизмат қилаяпти.

— Самарқанд — тамоман бетакрор шаҳар, — деган эди «Шарқ тароналари» IX халқаро мусиқа фес­тивалининг Гран-При соҳиби ҳин­дис­тонлик Рашми Агарвал. — Регис­­­тон майдони, Амир ­Темур мақбараси, Бибихоним масжиди, Имом ал-Бухорий зиёратгоҳи... Мен илгари булар ҳақида кўп эшитганман, ўқиганман. Аммо Ўзбекистонга келиб билдимки, бу жойлар мен ўйлаганимдан ҳам чиройлироқ, маҳобатлироқ экан. Самар­қанд меваларининг таъми ҳам умуман бош­қача. Самар­қанд нони эса — алоҳида мавзу. Бунақа ширин нон бутун дунё­да бўлмаса керак. ­Са­марқанд аҳолисининг бахтли эканлиги уларнинг юз-кўзидан кўриниб турибди. Уларга боққанда сиз ўзингизни хотиржам ҳис қила бошлайсиз.

2014 йилнинг 15-16 май кунлари Самар­қандда «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилди. Ўрта асрлардаги Шарқ алломаларининг илмий-тарихий меросини чуқур ўрганиш ва аҳамиятини англаб етиш, жаҳон тараққиётига қўшган бебаҳо ҳиссаларини дунё жамоатчилигига етказиш, уларнинг меҳнатлари, ихтироларини ҳар томонлама ўрганиш, замонавий илм-фан ривожланишида инсониятнинг бундай ютуқларини муносиб сақлаш ва оммалаштириш мақсадида ташкил этилган мазкур анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан етакчи олимлар, нуфузли халқ­аро ташкилотлар, илмий марказлар вакиллари иштирок этди.

Конференциянинг очилиш маросимида Президентимиз Самар­қанд ҳақида шундай фикр бил­дирди: Кўҳна ва ­ҳамиша навқирон ­Са­мар­­қанд шаҳри бетакрор шар­қона руҳи ва қиёфаси, бой тарихи, бу ерда сақланиб қолган ноёб, ҳар қандай одамни ҳайратга соладиган обидалари билан сайёрамизнинг турли ўлкаларида афсонавий шаҳар сифатида маълуму машҳурдир. Мовий гумбазлари миллионлаб сайёҳларни ўзига мафтун этадиган Самар­қанднинг Рим билан бир қаторда «абадий шаҳар» деган ном билан бутун дун­ёда шуҳрат қозонгани бежиз эмас, албатта...

 Дунёнинг элликка яқин мамлакатидан келган анжуман иштирокчиларининг конференция ҳамда Самар­қанд замини ҳа­қидаги фикрлари бир олам эди.

— Қадимий Самарқандда халқаро илмий конференцияда қатнашиб, Ўрта шарқнинг алломалари ва мутафаккирлари ижоди, фаолияти, умуман ибратли ишлари билан янада яқинроқ танишиш баробарида шаҳар жозибасидан баҳра олдик, — деди Жанубий Австралия университети профессори Барри Купер. — Самарқанд мисолида бутун мамлакатда таълим соҳасида Президент Ислом Каримов раҳнамолигида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик.

Айниқса, шаҳардаги Автомобилсозлик касб-ҳунар коллежида яратилган шарт-шароитлар, қулайликларга ҳавас қилдик. Коллеж биноси янги, замонавий услубда барпо этилган. Синфхоналарнинг жиҳозланиши ҳам бугунги кун талаблари даражасида. Ўқувчилар ўқув амалиётини Самар­қанд Автомобиль заводи ва яна бир неча йирик транспорт корхоналарида ўтар экан. Битирувчиларнинг ишлаш жойлари ҳам аниқ. Ўқувчилар билан суҳбат жараёнида уларнинг тайёр мутахассис эканига амин бўлдим.

 Уммон илмий-тадқиқотлар кенгаши халқаро ҳамкорлик бўлими директори доктор Талал бин Муҳаммад Аль-Балуши Самар­қанд ҳақида шундай дейди:

Самарқандга ташриф буюрган кунимиз оқшомида муаззам Регистонда уюштирилган нурли шоу томошаси менда ажойиб таассурот қолдирди. Ҳатто уни сўз билан ифодалашга ожизман. Айниқса, Регистон жозибаси тунда бошқача бўларкан. Осмонўпар минораларнинг нилий гумбазлари, порлаб турган сон-саноқсиз чироқлар самодаги юлдузлар билан шунчалик ҳамоҳангки, ҳайратланмай, қойил қолмай илож йўқ.

Буюк Британия «Архитектура тад­қиқотлари Сефри гуруҳи» компаниясининг бошлиғи Фируз Александр Сефре Занд ҳам ўз таассуротларини завқ билан гапириб берди:

Самарқанд дунёдаги қадимий обидаларга бой шаҳарлардан бири. Ушбу гўзал шаҳарга учинчи марта келишим. Кейинги йилларда шаҳар жуда ўзгариб кетибди. Оламга маш­ҳур тарихий обидалар қайта реконс­трукция қилиниб, атрофи ободонлаштирилибди. Равон ва кенг кўчалар, Ғарб ва Шарқ архитектураси уйғунлашган бино ва иншоотлар, айниқса, киши диққатини тортади. Кўча ва хиёбонлардаги яшил майдонлар, бетакрор гулзорлар ва осмонга бўй чўзган фаввораларга қараб кишининг кўзи тўймайди.

Дарҳақиқат, кўҳна Самарқанднинг бугунги саодати, салоҳиятини унинг кечаги шарафли ўтмиши, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз давридаги боғу роғлар, дунё аҳлини лол айлаган осмонўпар миноралари билан боғлаш ўринлидир.

— Яқинда интернет орқали Американинг таниқли «The Huffington Post» нашри одамларга ўз умри мобайнида «Албатта бориб кўриш лозим бўлган дунёнинг 50 шаҳри» рўйхатини эълон қилгани ҳақида ўқиб қолдим, — дейди Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенга­шидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси ­Меҳрожиддин Сирожиддинов. — Жаҳоннинг энг машҳур шаҳарлари орасида «Шарқ марвариди» — Самарқанд ҳам бор, МДҲ мамлакатлари шаҳарлари ичида ушбу нуфузли рўйхатдан фақат Самарқанд жой олган. Буни ўқиб, ич-ичимдан фахрланиб кетдим, самарқандлик эканимдан ғурурландим.

Ҳа, узоқ ўтмишда рўйи заминнинг чиройи бўлган Самарқанд бугун яна дунё нигоҳидаги шаҳарга айланди. Унинг хушҳавоси, сувга сероб масканлиги, кўркам ва гўзаллигини эътироф этганлар кўп. Аммо ўйлаб кўрайлик, яна қаерда, қайси замонавий шаҳарда бунчалик кўп тарихий обидалар, осмонўпар миноралар, ҳар бир ғишти тарихдан сўзловчи мадрасаю мақбаралар бор?

Шаҳар 1996 йил 18 октябрь куни Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан «Амир Темур» ордени билан тақдирланган эди. Шу куни Президентимиз бу қутлуғ масканни Ўтмиши шарафли, бугуни саодатли, келажаги абадий шаҳар дея таърифлади...

 Мухтасар айтганда, қадимий ва ҳамиша навқирон, саодатли Самар­қанд салоҳияти йилдан йилга юксалиб, яшнаб, яшариб, ўтмиши, бугуни ва келажаги уйғунлашиб бораяпти.

Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, жаҳоннинг барча ҳудудларидан илм тилаб, маърифат тилаб инсонлар Самар­қанд сари интилганлар. Чунки дунёнинг энг катта ва бой кутубхоналари, ўша замоннинг энг улуғ дорилфунунлари, энг машҳур алломалар айнан шу ерда, мана шу заминда фаолият кўрсатар эди.

Халқимиз, шу жумладан, Самар­қанд аҳлининг бугунги ҳаётимиз ва эртанги истиқболимиз йўлида қилаётган меҳнати, фан ва маданият намояндаларининг изланишлари Соҳиб­қирон давридаги ўша оламшумул ишларнинг узлуксиз давомидир.

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири



DB query error.
Please try later.