23.08.2014

Сурхондарё: Бу гўзал ва бетакрор юртда истиқомат қилаётган одамлар эртанги кунга катта ишонч билан яшамоқда

Президентимиз Сурхондарё вилоятида бўлганида воҳада кечаётган янгиланишлар, иқтисодий-сиёсий ўзгаришлар ҳақида тўхталар экан, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмаслиги, бу заминнинг одамлари ўзининг тинимсиз меҳнати ва интилишлари билан катта-катта ютуқларга эриша олишини алоҳида таъкидлаган эди.

Маълумки, бугунги кунда бутун мамлакатимизда бўлгани каби, Сурхон воҳасида ҳам кенг қамровли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, Термиз шаҳри қиёфаси бутунлай ўзгарди. Мустақиллик йилларида шаҳарни обод қилиш, одамлар муносиб яшаши учун шароитлар яратиш бўйича юз йилда қилинмаган ишлар амалга оширилди. Бу ҳеч ҳам муболаға эмас.

— Ўн йил эмас икки-уч йил илгари Термизда бўлган киши бугун келса, шаҳарни таний олмайди, — дейди Сурхондарё вилоят касаба уюшмалари федерацияси раиси, ЎзХДПдан вилоят кенгаши депутати Абдукарим Аҳмедов. — Ўтган йили шаҳар марказида 11 та кўп қаватли уй қурилди. «Ёшлар маркази» капитал реконструкция қилиниб, Бобур номидаги боғ ажойиб ва сўлим масканга айланди. Камалакранг жилоланадиган мусиқали фаввора ишга тушди.

Шаҳардаги марказий кўчаларни туташтирувчи ўнга яқин автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида темир тўсиқли панжара ўрнатилиб, икки томонлама йўл кенгайтирилди, йўл ёқаларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди. Шаҳарнинг Навоий ва Султон-Саодат кўчаларини боғловчи янги йўл барпо этилди. Бугунги кунда Термиз халқаро аэропортидан Термиз шаҳригача бўлган ва Мангузар қишлоғи орқали ўтган йўл кенгайтирилиб, қайта қурилмоқда. Йўлнинг ҳар икки томонидан замонавий меъморчилик ва шаҳарсозлик талаблари даражасида кўп қаватли турар-жой, жамоат ва сервис хизматлари кўрсатадиган бинолар қурилиши изчил давом этмоқда. 2011-2015-йилларда инфратузилма, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисидаги Дастурга мувофиқ, Қарши — Термиз темир йўли участ­касини электрлаштириш, вилоят ҳудудидан ўтувчи темир йўлларни таъмирлаш кўзда тутилган. Бу лойиҳа юзасидан ҳам улкан ишлар бажарилаяпти

Мустақиллик йилларида Термизда амалга оширилган ишларни санаб ўтириш унчалик ўринли бўлмайди. Бир сўз билан айтганда, Термиз бутунлай қайта қурилиб, замонавий шаҳар тусини олди.

Шаҳар марказида туриб атрофга қаранг, исталган томонга юринг, бири-биридан муҳташам кўпқаватли уйлар, санъат ва спорт кошоналари, истироҳат боғлари, кенг равон йўлларни кўрасиз. Гуллар, яшил майдончалар, дарахтлар кўплигини айтмайсизми...

Бугун ҳам бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда.

2014-2015 йилларда Осиё тараққиёт банки иштирокида Термиз шаҳри аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш ва канализация тармоқларини реконс­трукция қилиш режалаштирилган ва у жадал давом этмоқда. Бундан ташқари, вилоятдаги 65 аҳоли пунктининг бу бебаҳо неъматга бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланади. Қўшимча чора-тадбирлар асосида 34 қишлоқ аҳоли пунктларида сув таъминоти янада яхшиланади. Бундай эзгу ва хайрли ишларга 9200,0 минг доллар маблағ сарфланиши мўлжалланган.

Бундай кенг кўламли ишлар нафақат Термиз шаҳрида, балки Сурхон воҳасида барча жабҳаларнинг йил сайин барқарор ўсаётганидан далолат беради.

Айни кунларда вилоятда 1 минг 900 га яқин йирик саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Маҳаллий ва хорижий компаниялар иштирокида ташкил этилган «Сурхонпахтасаноат», «Жарқўрғон нефтни қайта ишлаш», «Шўрчи дон маҳсулотлари», «Шиндонг-Спининг-Термиз», «Сурхон-Термиз-Силк», «Сурхон­озиқовқатсаноат» ва бошқа ўнлаб корхоналарда тайёрланаётган сифатли маҳсулотлар хорижда ҳам ўз мижозларини топмоқда.

— Мустабид тузуми даврида бирор йирик ишлаб чиқариш корхонаси йўқ бўлган, асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хомашё етиштирадиган вилоятимизда Мус­тақиллик шарофати билан ўнлаб йирик корхона ва заводлар ишга тушди, — дейди Жарқўрғон туманидаги «Charogon tekstil» фабрикаси ижрочи директори, ЎзХДП бошланғич партия ташкилоти етакчиси Абдувоҳид Тошбоев. — Фабрикамиз ҳам ана шундай йирик мажмуалардан бири ҳисобланади. «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компаниясига қарашли корхона ўтган йили иш бошлаган эди. Айни кунларда бу ерда 250 нафардан ортиқ ёшлар ва коллеж битирувчилари меҳнат қилмоқда. Фабрикада болалар, аёллар ва эркаклар кийимлари, махсус иш кийимлари, турли тўшама ҳамда чойшаблар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Унинг умумий лойиҳа қиймати 417 минг АҚШ доллари бўлиб, барча жиҳозлар Япониядан келтирилган. Келажакда 500 киши бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Ҳозир маҳаллий бозорга маҳсулот етказиб берилаётган бўлса, яқин йилларда «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи билан бизнинг маҳсулотлар дунёга чиқади.

«Соғлом бола йили» Давлат дас­турига асосан воҳада барча манбалар ҳисобидан лойиҳа қиймати 303 миллиард 333 миллион сўмдан ортиқ турли бунёдкорлик ишларини амалга ошириш мўлжалланган.

Бойсун, Қизириқ Ангор, Шер­обод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музработ, Узун туманлари ҳамда Термиз шаҳрида маданият ва дам олиш хиёбонлари қурилиб, реконструкция қилинса, қишлоқлар таркибида гўзаллик салони, таъмирлаш, тикувчилик, маиший техникаларга хизмат кўрсатиш шохобчаси бўлган махсус мажмуалар иш бошлайди.

Ўтган уч йил давомида воҳада 2 мингдан ортиқ намунавий лойи­ҳалар асосидаги уй-жойлар қурилди. Жорий йилда ана шундай кўркам ва шинам 887 уйда ҳовли тўйлари ўтказилади. Ёш оилаларнинг уй-жой сотиб олиши, қуриши ва реконструкция қилиши учун вилоятдаги тижорат банклари томонидан 13399,7 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратиш кўзда тутилган.

Ёшлар таълим-тарбияси доимий эътиборда. Жорий йил воҳада 14 коллеж, 30 умумтаълим мактаби, 11 спорт иншооти ҳамда мусиқа ва санъат мактаблари фойдаланишга топширилади.

Аҳоли саломатлигини асраш учун вилоят миқёсида 20 га яқин ва туманлардаги 6 тиббий муассасаларда реконструкция ишлари бажарилади. 2014-2017 йилларда эса шаҳар ва туман поликлиникаларидаги болалар стоматология хоналари замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланади.  

Жорий йилда ҳудудда мингга яқин истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. Ўтган даврда умумий қиймати қарийб 17 миллион АҚШ долларини ташкил қиладиган 500 га яқин ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилиб, 638 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,4 фоизга кўпдир. Ишлаб чиқарилган истеъмол маҳсулотларининг ҳамжи 244,0 миллиард сўмни, ўсиш суръати эса 11,4 фоизни ташкил қилган.

— Аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш доимий эътиборимизда, — дейди Сурхондарё вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Абдусалом Жўрақулов. — Жорий йилда вилоятимизда 66 минг 96 иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Ишга қабул қилинганларнинг асосий қисмини коллеж битирувчилари ва хотин-қизлар ташкил этади. Йил якунига қадар Термиз шаҳридаги «Барлос» масъулияти чекланган жамияти томонидан қуввати 15 минг донага тенг маиший техника маҳсулотлари, Шўрчи, Қумқўрғон, Денов ва Жар­қўрғон туманларида ип-калава, мато ҳамда газлама ишлаб чиқариш корхоналари фойдаланишга топширилади. Сариосиё туманида эса йилига 10 миллион жуфт пайпоқ тайёрлайдиган мажмуа иш бошлайди. Шеробод туманидаги цемент заводи тўла қувват билан ишласа, Шарғун ҳамда Бойсундаги «Тўда» кўмир конлари, «Сурхон­озиқовқатсаноат» ишлаб чиқариш корхонаси модернизация қилинади. Бундай улуғвор ишлар орқали аҳоли бандлиги таъминланади ва воҳа халқининг турмуш фаровонлиги янада ошади.

— Ўзбекистон — жаннатмонанд ва бетакрор ўлка, — дейди япониялик таниқли археолог олим, «Дўстлик» ордени соҳиби Кюдзо Като. — Ҳаётимнинг катта қисми Сурхондарё вилоятида ўтганидан фахрланаман. Бу диёрнинг меҳмондўст халқига ҳавасим келади. Термиз шаҳрининг 2200 йиллиги муносабати билан Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Архео­логия музейи иш бошлагани маънавий-маданий ҳаётда жуда муҳим воқеадир. Унда сақланаётган 60 мингга яқин ноёб экс­понатлар хорижликларнинг ҳам ҳайратини оширмоқда. Биласизми, ҳар йили Ўзбекистонга — Сурхондарёга келишга ҳаракат қиламан. Японияда бўлганимда ҳам шу юртни, кўнгли очиқ ўзбек халқини соғинаман, қўмсайман.

Бундай самимий сўзлар ва эътирофларни бугун тез-тез эшитиш мумкин. Дарҳақиқат, бугун Сурхон воҳаси, хусусан, Термиз шаҳридаги халқимиз фаровонлиги йўлида қилинган, қилинаётган ишларни бир-бир санаш учун анча-мунча вақт талаб қилинади. Мустақиллик туфайли бу диёр мамлакатимизнинг бетакрор масканига айланиб бормоқда. Бу ўзгариш, янгиланиш ва бунёдкорликлардан сурхонликларнинг кўнгли Боботоғдек кўтарилган, Амударёдек жўшган...

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.