Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
23.08.2014

ЭРИШИЛГАН НАТИЖАЛАР КЎЛАМИ КЕНГ

бироқ камчиликларимиз ҳам бор, галдаги вазифаларни белгилашда шундан хулоса чиқаришимиз керак

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят ташкилоти конференцияси ўтказиладиган бинога кираверишда иштирокчилар диққатини дастлаб видеолавҳалар тортди. Унда партия ташаббуслари, ўтказилган тадбирлар тафсилотлари, депутатлар фаолияти намойиш этилаётган эди...

Конференция бошланишига 10-15 дақиқа бор. Пайтдан фойдаланиб биз ҳам партиянинг ҳисобот давридаги айрим ишларига эътибор қаратдик.

Маълум бўлишича, маҳаллий партия кенгашлари Жамоатчилик қабулхоналарига ўтган 5 йил давомида 4835 та мурожаат тушган бўлиб, шундан 85 фоизи ижобий ҳал этилган. Шунингдек, электорат вакилларининг кўплаб мурожаатлари асосида партия гуруҳлари касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича жойларда олиб борилаётган ишларни ўрганиб чиқди ва таҳлил этди. Хусусан, Бухоро шаҳри, Вобкент, Шофиркон, Қоракўл, Ромитан, Жондор туманларида уч томонлама шартнома шартларининг бажарилиши, битирувчиларнинг қонуний иш билан бандлиги билан боғлиқ масалалар мониторинг қилинди ва аксарият ҳудудларда бу масалалар депутатларимиз ташаббуси билан сессиялар муҳокамасига киритилди. Масалан, жорий йилнинг июль ойида халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши сессияси кун тартибига ЎзХДП гуруҳи касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг давоматини яхшилаш ҳамда битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришни таъминлаш тўғрисидаги масалани киритди.

Тасвирларда вилоят партия ташкилоти фаолиятига доир ҳар бир рақам, кўрсаткич жонли мисоллар орқали изоҳланди. Эътиборли жиҳати, бу ҳақда партия фаоллари эмас, аксинча электорат вакилларининг ўзи гапирди.

Конференция бошланди. ЎзХДП вилоят ташкилотининг 2009-2014 йиллардаги фаолияти таҳлили, хусусан, Сайловолди дастури ижроси, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурларнинг бажарилишида партия ташкилотлари ҳамда депутатларнинг иштироки вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Саида Жўраева маърузасида ўз аксини топди.

— Ўтган беш йилда фаолиятимизда асосий эътибор партия Сайловолди дастури ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда партия иштирокини кучайтириш масалаларига қаратилди ва бу борада қатор натижаларга эришдик, — деди вилоят партия ташкилоти етакчиси. — Бугун вилоятда Ўзбекис­тон Халқ демократик партиясининг 28081 нафар аъзоси бор. Бошланғич партия ташкилотларимиз сони 687 тани ташкил этаяпти. Ўтган давр мобайнида вилоят партия кенгаши томонидан мафкуравий йўналишда 85 та, туман ва шаҳар кенгашларида эса 1000 дан ортиқ сиёсий семинарлар ўтказилди. Уларнинг 900 дан ортиғи қуйи бўғинларда ташкил этилди. Шунингдек, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишда жойларда ўтказилган ижтимоий-иқтисодий анжуманлар ва «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси доирасидаги тадбирлар муҳим аҳамиятга эга бўлди. Масалан, тижорат банклари ҳамкорлигида ташкил этилган форумлар натижасида 80 нафар электорат вакилига бошланғич капитални шакллантириш, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни бошлаши учун имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилган эди. Айни кунда уларнинг 74 нафари ўз фаолиятини бошлади ва натижада 300 дан ортиқ янги иш ўрни вужудга келди.

Конференцияда партия фаолиятига дахлдор барча йўналишлар бўйича олиб борилган ишлар аниқ мисоллар асосида таҳлил этилди. Шунингдек, «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қанотлари фаолияти юзасидан ахборот берилди. Алоҳида таъкидландики, ЎзХДП вилоят кенгаши «Фаол аёллар» қаноти томонидан «Аёллар бандлиги — обод турмуш гарови» лойиҳаси доирасида «Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, касаначилик ва оилавий тадбиркорлик фаолиятининг қонуний асослари» мавзусида Вобкент, Шофиркон, Когон, Жондор ва Қоровулбозор туманларида 50 дан ортиқ семинар-тренинглар ўтказилди. Шунингдек, қанот томонидан хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида партия гуруҳларига кўплаб таклифлар бериб келинаяпти.

Конференция ишида ютуқлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам очиқ муҳокама этилди. Хусусан, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувларни ўтказишда Ғиждувон, Когон, Пешку ва Бухоро туманларида изчиллик етишмаётгани, айрим туман ва шаҳарларда депутатлар ва бошланғич партия ташкилотлари ўртасида ҳам­корлик яхши йўлга қўйилмагани тан­қид қилинди. Бу эса ҳудудларда партия фаолияти сусайиб кетишига олиб келиши мумкинлиги уқтирилиб, туман ва шаҳар партия кенгашларига аниқ тавсиялар берилди.

Бундан ташқари, конференцияда вилоят партия ташкилоти тафтиш комиссияси раисининг ҳисоботи ҳам эшитилди. Унда партия бюджети ижроси кўриб чиқилди.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи фаолияти бўйича ахборот берилди. Қайд этилдики, 2009 йилда бўлиб ўтган сайловларда халқ депутатлари вилоят Кенгашига 19, туман ва шаҳар Кенгашларига эса 104 нафар ЎзХДП вакили сайланган. Ҳисобот даврида партия гуруҳлари томонидан аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ижтимоий ёрдам ва қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд кишилар манфаатини ҳимоя қилиш юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 370 та депутатлик сўрови юборилган. Депутатларимиз ташаббуси билан доимий комиссияларда 40 га яқин, сессияларда эса 32 та масала муҳокама этилди.

Бир мисол. «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, яқинда халқ депутатлари Бухоро вилоят, Бухоро шаҳар ҳамда Жондор, Шофиркон, Пешку ва Қоракўл туман Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари мактабгача таълим муассасаларининг фаолияти юзасидан назорат-таҳлил ишларини олиб борди ва бу масала сессиялар муҳокамасига олиб чиқилди.

Музокараларда партия фаоллари, депутатлар ўз фикр-мулоҳазаларини, галдаги вазифалар бўйича таклифларини баён этишди. Масалан, ЎзХДП Вобкент туман кенгаши раиси Толиб Авезов аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш масаласига эътибор қаратди.

— Албатта, амалий ишларимиз оз эмас, — деди у. — Бироқ замон олдимизга тобора катта талабларни қўймоқда. Бунинг учун қўлни қўлга бериб, фидойи бўлиб ишлашимиз керак. Аввало, ислоҳотларнинг ҳозирги бос­қичида ижтимоий устувор йўналишлар бажарилишини доимий эътиборда ушлаб туриш керак, деб ўйлайман. Хусусан, эҳтиёжманд кишиларга ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш пайтида адолатни таъминлаш бўйича жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз керак. «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси доирасидаги ижтимоий-сиёсий тадбирларни изчил ўтказиш ҳамда ўрта махсус маълумотга эга бўлган, вақтинча ишсиз хотин-қизлар учун ишни уй шароитида ташкил этишни ривожлантириш борасидаги ҳаётий таклифларни тайёрлашимиз керак.

Конференцияда партия фаоллари томонидан шу каби кўплаб таклифлар билдирилди ва уларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янги таҳрирдаги Дастури ва 2014 йилги Сайловолди дастури лойиҳалари маъқулланди. Шунингдек, ЎзХДПнинг VIII Қурултойига делегатлар сайланди.

Конференция ишида ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева иштирок этиб, ўтган йиллар давомида партия тизимида қўлга киритилган ютуқлар, бу натижаларга эришишда партия ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари ҳамкорлиги ўзига хос ўрин тутганини таъкидлади.

— Ишимизнинг самараси биринчи навбатда партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар ижроси билан белгиланади, — деди у. — Шу боис барча даражадаги партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари бунинг ниҳоятда муҳимлигини англаган ҳолда, янада изчил фаолият олиб бориши зарур. Шуни унутмаслигимиз керакки, бизга электоратимиз, сайловчиларимиз, аввало, ўзимиз илгари сурган дастурларни қанчалик даражада амалга ошира олганимизга қараб баҳо беради.

Масалан, янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича партиямиз Дастурида белгиланган вазифалар ижросини кучайтириш учун жойлардаги муаммоларни таҳлил этиб, уларнинг ечими юзасидан таклифларни сессиялар муҳокамасига олиб чиқиш тажрибасини изчил ривожлантириш зарур. Очиғини айтиш керакки, Бухорода бу борада катта тажриба тўпланган. Ибратли ишлар кўп. Аммо айрим партия гуруҳларимиз фаолиятини ижобий, деб бўлмайди. Айрим туманларда аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлашда муаммолар бор. Депутатларимиз ўз сайлов округидаги ана шу каби масалаларга бефарқ қараб турмаслиги, амалий натижага эришиш учун партия ташкилотлари билан бир тан — бир жон бўлиб курашиши керак.

Конференциядан сўнг ЎзХДП Бухоро вилоят кенгашининг биринчи пленуми бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди, Саида Жўраева Бухоро вилоят партия кенгаши раиси этиб қайта сайланди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» махсус мухбири.



DB query error.
Please try later.