23.08.2014

ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ ҚАНДАЙ РИВОЖЛАНАДИ?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига янги қонун лойиҳаси киритилди

Ўзимизга керакли бирор нарса харид қилиш учун бозорга ёки савдо дўконига борамиз. Маҳсулотни кўриб, маъқул келгач, сотиб оламиз. Лекин ҳар бир харид учун бозорга тушиш, дўкон айланиш анча вақтни олади. Бунга ҳар доим ҳам имкон бўлмаслиги мумкин. Шундан бўлса керак, бугун дунёда электрон савдони маъқул кўрувчилар тобора кўпаймоқда. Бу эса электрон тижоратни энг қулай ва хавфсиз шаклда ривожлантириш вазифасини кун тартибига қўймоқда.

Харидларни электрон тарз­да амалга оширишнинг вақт­ни тежашдан бошқа муҳим афзал томонлари ҳам бор. Бундай харидлар савдо пайтида қатор қулайликлар беради. Чунки электрон савдода, содда қилиб айтадиган бўлсак, пул қўлдан-қўлга ёки чўнтакдан-чўнтакка ўтмасдан, тўғридан-тўғри бир ҳисоб-рақамидан бошқасига бориб тушади. Натижада пул айланиш тезлиги ортади, молиявий операциялар қисқа муд­датда бажарилади. Хуллас, элект­рон тижорат ривожланиши ҳам сотувчи, ҳам харидор, ўз навбатида, мамлакат иқтисодиёти юксалишида ҳам муҳим ўрин тутади.

Шунинг учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси алоҳида эътиборга молик, деб қаралмоқда.

Кеча ЎзХДП фракциясининг ишчи гуруҳи мазкур қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш учун қабул қилиш масаласини муҳокама этди. Айтиш керакки, қонун лойиҳаси 2014 йил учун белгиланган иқтисодий дастурга мувофиқ ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида депутатлар, аввало, мамлакатимизда давлат органлари ва хўжалик субъектлари фаолиятига, умуман, ҳаётимизга ахборот технологиялари кенг татбиқ этилаётганини, иқтисодиётни демократлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришда бу муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.

— Ахборот технологиялари ва тижоратнинг бугунги кундаги ривожланиш даражаси электрон тижорат соҳасидаги муносабатларни изчил тартибга солишни тақозо этмоқда, — деди ЎзХДП фракцияси аъзоси Абдуғаффор Қирғизбоев. — Электрон тижорат тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси мамлакатимизда электрон тижоратни дунёнинг олди андозалари асосида янада ривожлантиришга йўналтирилгани билан аҳамиятли. Қонун лойиҳасининг асосий тамойиллари ва йўналишлари партия­мизнинг дастурий мақсадларига ҳар томонлама мос келади, деб ўйлайман.

— Мен ҳам бу фикрга қўш­и­ламан, — деди ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилбар Холиқова. Электрон тижорат ривожи электрон ҳужжатлар ва хабарлардан фойдаланган ҳолда товарларни сотиш, хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилайди. Бу электрон тижорат иштирокчилари, айниқса, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини таъминлашда, уларга қулай шароит яратишда алоҳида ўрин тутади. Ўз навбатида электрон тижорат халқаро стандартларга жавоб берадиган технологик бозор инфратузилмаси яратилишига қўш­имча имкон беради. Булар партиямиз дастурий мақсадларида устувор ҳисобланган аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнат самарадорлигини ошириш каби масалаларнинг ҳал этилишига хизмат қилади.

Муҳокама якунларига кўра, ЎзХДП фракцияси ишчи гуруҳи қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш учун қабул қилиш мумкин, деган хулосани шакллантирди. Мазкур хулоса фракциянинг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида муҳокамага қўйиладиган бўлди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.