21.08.2014

ФАОЛИЯТНИНГ ХОЛИС САРҲИСОБИ

камчиликларни аниқлаб, янги марралар сари дадил одимлашга хизмат қилади

ЎзХДП Фарғона вилоят кенгашининг конференциясида сўзга чиққанлар ана шу фикр­ни алоҳида таъкидлади. 

Унда сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари Фарғона вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари ҳамда делегатлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар, мамлакатимизни модернизация қи­лиш ва жамиятни демократлаштириш жараёнлари чуқурлашгани сари ҳаётимизда сиёсий партияларнинг роли тобора ортиб бораётганлигини эътироф этишди. Таъкидландики, партиялар сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида давлат органларининг шаклланиши ва фаолиятида тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.

Конференцияда ЎзХДП Фар­ғона вилоят кенгашининг ўтган беш йил мобайнида ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини бажариш ҳамда электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борган ишлари сарҳисоб қилинди. Навбатдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

«МЕН ЎзХДПни ТАНЛАДИМ»

Ўтган беш йил давомида шу сўзларни айтиб, партия ташкилотларига мурожаат қилганлар сони саккиз мингдан зиёд экани, партия аъзолари 2014 йилда 43450 нафарга етгани мамнуният билан таъкидланди. Бугунги кунда вилоятдаги партия аъзоларининг 27652 нафарини хотин-қиз, 14333 нафарини эса 30 ёшгача бўлган йигит-қиз ташкил этади. Вилоятда 871 бошланғич партия ташкилоти фаолият кўрсатмоқда.

Раҳимахон Қўрғонова, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

Мен ёшлар билан бўлган кўп учрашувларда қатнашдим. ЎзХДП ғоя ва мақсадлари ҳақида гапириб бердим. Сиёсий жараён иштирокчиси бўламан, деб партиямизни танлаган 300 нафарга яқин ёшга тантанали равишда партия билетлари топширилди.

Биз ёшларни сиёсий партиялар фаолиятига кўпроқ жалб этишимиз зарур. Бунинг аҳамиятли томонларидан бири шундаки, партия ғоялари билан яшаган ёшлар ёт ғоялар таъсирига тушмайди.

БУ ҲАҚИДА САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИДА АЙТИЛГАН ЭДИ

Халқ депутатлари вилоят Кенгашида 11, туман-шаҳар Кенгашларига 230 нафар депутат ЎзХДПдан сайланган. Партия гуруҳлари ўз иш режасига асосан вилоят, туман-шаҳар кенгашлари ҳамда бошланғич ташкилотлар билан бевосита ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.

Ўтган беш йил давомида улар вилоятдаги қатор ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш, касаначиликни ривожлантириш ва бошқа муҳим ижтимоий муаммоларни ҳал этишда ташаббускор бўлди.

ЎзХДП Фарғона вилоят ­кенгаши раиси Маҳмуджон ­Маҳкамов бу борада амалга оширилган ишлар ҳақида шундай деди:

— Ҳисобот даврида партиямиз ташаббуси билан вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари томонидан бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, «Вилоятдаги мавжуд аграр ва қишлоқ хўжалиги йўналишидаги касб-ҳунар коллежи битирувчиларини олий таълим, тадбиркорликка йўналтириш, уларни бизнес-режа тузишга ўргатиш, шу асосда бандлигини таъминлаш, шунингдек, туман ва шаҳарларда аниқ инвестицион дастурларни шакллантириш ва ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашиш» чора-тадбирлари режаси ишлаб чиқилди. Бундан кўзланган асосий мақсад партия электорати вакилларининг иқтисодий фаоллигини ошириш ва улар учун янги иш ўринлари яратиш, шу орқали бандлигини таъминлашдан иборат.

Натижада қиймати 22 миллиард 584 миллион сўм бўлган 197 лойиҳа амалга оширилди. Бунда 600дан ортиқ барқарор янги иш ўрни яратилишига эришилди. Вилоят кенгаши ва партия гуруҳимиз томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жойларда иқтисодий форумлар ўтказиш ўзига хос анъанага айланди.

Хусусан, ўтказилган иқтисодий форумлар доирасида касаначилик, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар, айниқса, ёшлар, аёлларнинг 149 нафарига имтиёзли кредит олишни кафолатловчи сертификатлар топширилди. Тижорат банклари томонидан 3 миллиард 492 миллион сўм кредит маблағлари ажратилиб, 400 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

2013 йилда Фарғона вилоятида иккита — «2013-2015 йилларда Фарғона вилояти саноат салоҳиятини ошириш» ҳамда «2013 йилда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш» каби дастурлар қабул қилинди.

Партия гуруҳлари бу дастурлар ижроси ва натижаларини доимий мониторинг қилиб борди. Гап шундаки, янги иш ўринлари яратиш, муносиб иш ҳақи тўланишини таъминлаш партиямизнинг Сайловолди дастуридаги ваъдалардан биридир.

Мазкур дастурлар ижросини таъминлаш мақсадида партия гуруҳи аъзолари томонидан жамоатчилик назорати ўрнатилди. Мониторинг давомида аниқланган камчилик ва нуқсонлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларда 4 маротаба, доимий комиссияларда 6 маротаба муҳокама этилди. Камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Муҳими, айнан шу дастурлар асосида 10 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

ҚАРОР КУЧИ ИЖРОДА

— Ўтган давр мобайнида халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари томонидан 320 учрашув ўтказилди, уларда сайловчилар томонидан 1400 дан кўпроқ масала кўтарилди, — деди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Азимжон ­Исломов. — Учрашувларда депутатлар аҳолига мамлакатимизда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ҳамда сайловчилар томонидан билдирилган айрим таклифлар юзасидан амалга оширилган ишлар хусусида ҳисобот бериб боришди.

Жамоатчилик қабулхонасига тушган мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилот ва муассаса раҳбарларига 368 маротаба депутатлик сўрови юборилиб, уларнинг 340 таси ижобий ҳал этилди, қолганларига ҳуқуқий маслаҳат берилди.

Партия гуруҳлари томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларига 63, доимий комиссияларга 139 масала киритилиб, муҳокама эттиришга эришилди. Хусусан, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашишига кўмаклашиш, кўп қаватли турар-жой биноларининг марказлаштирилган иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлаш тизимини янада яхшилаш, ёлғиз кекса, пенсионер ҳамда ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш ҳамда утилизация қилиш ҳисобига ҳудудларни ободонлаштириш ва инфратузилмасини яхшилаш каби масалалар партия гуруҳлари, доимий комиссия йиғилишлари ва сессиялар кун тартибларида атрофлича муҳокама қилинди.

Ҳабибахон Тошматова, ЎзХДП Бувайда тумани кенгаши раиси:

Биз Сайловолди платформасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, туманимизда мактабгача таълим муассасаларидаги болалар ўрнини кўпайтириш, муассасаларни қайта тиклаш масаласида сессия қарорлари қабул қилинишига эришдик. Бироқ ҳар қандай қарор ижроси билан қимматли. Шу боис биз вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи билан ҳамкорликда қарорлар ижросини назорат қилиб бораяпмиз.

ИЧКИ ИМКОНИЯТЛАРНИ ИШГА СОЛАЙЛИК

Маълумки, ЎзХДП вилоят, туман ва шаҳар партия ташкилотларидаги Жамоатчилик қабулхоналари электорат муаммоларини ўрганиш, уларнинг ечимини топишда қўл келмоқда. Ўтган беш йил давомида қабулхоналарга қарийб 3832 мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 84 фоизи ижобий ҳал қилинган. Қолганлари бўйича ариза муаллифларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Конференция делегати, ЎзХДП Марғилон шаҳар кенгаши раиси Муҳаммаднўъмон Эгамбердиев Жамоатчилик қабулхоналари имкониятидан янада тўлароқ фойдаланиш хусусида гапирди.

— Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қаерда Жамоатчилик қабулхонаси мунтазам ва самарали ишласа, шу ерда партия сафида ўсиш, сиёсий жараёнда фаоллик сезилаяпти, — дейди у. — Шу боис олис ҳудудларда кўчма Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этиш амалиётини кучайтириш лозим.

ВАЗИФАЛАР БУНДАН-ДА ЮКСАКРОҚ

Конференцияда партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари олдида турган устувор вазифалар муҳокама этилди.

— Фаолиятимизда ҳудудларнинг минтақавий хусусиятларига ҳамда жойларда электоратни қийнаётган масалаларга жиддий эътибор қаратишимиз зарур, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Жўрақўзи Қўлдошев. — Бу борада Қонунчилик палатаси билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари ўз фикр-мулоҳазалари, таклифлари асосида амалий ҳамкорлик қилиши яхши самара беради. Биз жойларда нафақат партия ва унинг сиёсий позициясини яхши биладиган, балки ХДП­нинг қатъий тарафдори бўлган кишилар доирасини кенгайтиришга эришишимиз керак. Шунда партия ғоялари янада муваффақиятли амалга ошади, бизга ишонч билдирган сайловчи манфаатлари самарали ҳимоя қилинади.

Конференция ишида ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Рустам Камилов иштирок этиб, Сайловолди дастурининг жойларда аниқ ижро этилиши, бу жараёнда партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмаларининг иштироки хусусида фикр билдирди, истиқболдаги муҳим вазифалар ҳақида гапирди.

— Биз партия ташкилотлари фаолиятига, аввало, Сайловолди дастури ижроси бўйича олиб борган ишларига қараб баҳо берамиз, — деди у. — Сайловчига берган ваъдаларимизни бажарсаккина, одамлар бизга ишонишда давом этади, тарафдорлар, хайрихоҳлар сафи кенгайиб боради. Шу боис барча даражадаги партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари ана шу мезон асосида ишлаши керак. Шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд аҳоли вакиллари муаммоларини ўрганиш, иш билан таъминлаш, ҳаётда ўз ўринларини топишига кўмаклашиш масаласи биз учун устувор аҳамиятга эга.

Бу жараёнда партия гуруҳлари янада ташаббускор бўлиши талаб этилади. Депутатлар электорат манфаати билан боғлиқ ҳар бир масалани чуқур ўрганиши, уларнинг ечимларини кўрсата олиши, ҳудудларга хос бўлган масалаларни умумлаштирган ҳолда юқори партия ташкилотларига олиб чиқиши керак.

Анжуманда партия Қурулто­йига делегатлар сайланди. Шу­нинг­дек, ташкилий масала кўрилди. Маҳмуджон Маҳкамов ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси этиб қайта сайланди.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.