21.08.2014

ҚАРШИ ШАҲРИ

янада гўзал, замонавий, барчанинг ҳавасини тортадиган марказга айланади

Қаршидек умри боқий шаҳарнинг ҳаёт ва давр синовларидан омон ўтиб, мана шу ёруғ кунларга етиб келгани шу заминда яшаб ўтган аждодларимиз, бугун ҳаёт кечираётган авлоднинг мустаҳкам иродаси, эркинлик ва озодликга интилиш туйғуси нақадар кучли эканининг тасдиғидир.

         ИСЛОМ КАРИМОВ

Қашқадарё... Бир томонида ястаниб ётган бепоён чўл, иккинчи чеккасида кўкни кўтариб турган пурвиқор тоғлар. Бир томони узумзор, олмазор боғлар, бир томони пахтазор, буғдойзор, бир томонда замонавий кентлар, бир томонда кўҳна Шаҳрисабз... Бу воҳани айланиб чиқиш учун беш-ўн кун камлик қилади.

ТАРИХ ВА БУГУН

Ҳар бир шаҳарнинг ўз тарихи бор. Тақдирида муҳим аҳамият касб этган воқеалар бор. 1987 йил 30 январь. Шу куни вилоятнинг янги раҳбари Қаршида тўпланиб қолган муаммолар, йўл қўйилган камчиликлар тўғрисида катта йиғилишда рўй-рост гапирди. Марказдан ташланган «десант­чи»лардан бири бўлган — шаҳар раҳбарини очиқ танқид қилди.

— Ўша мураккаб даврни эсдан чиқариб бўлмайди, — дейди Қарши кўкаламзорлаштириш хусусий корхонаси раҳбари, ЎзХДПдан шаҳар Кенгаши депутати Озод Умиров. – Янги раҳбаримизнинг адолатпарварлиги тўғрисида эшитиб турардик. Аммо ўзини хон, кўланкасини майдон ҳисоблаб юрган «десант»чиларнинг кўзга кўринган вакилини очиқ танқид қилиши кутилмаган воқеа эди. У киши Қарши шаҳрини тонгда айланиб юриб, режа тузарди. Ўшанда бутун вилоятда қуриш, ободончилик ишлари бошланиб кетди.

Мен ёшликдан боғбонликка ҳавасмандман. Ўшанда шаҳарда биринчи гул дўконини очганмиз. Ҳозир гул дўконлари, гул етиштирувчилар жуда кўп. «Термопласт» ва бошқа корхоналар, ўнлаб чойхона, савдо ва маиший хизмат дўконлари қурилди. «Матбуот уйи» ишга тушди. Марказий боғ обод бўла бошлади.

— Озод ҳақ гапни айтди, — дейди «Рогузар» маҳалласи оқсоқоли Ғайбулло Отабоев. — Қаршининг тақдирида Президентимизнинг унитилмас хизматлари бор. Шаҳарнинг 2700 йиллик тўйи муносабати билан озмунча иш қилиндими. Кейин ҳам давом этди, қурилишлар.

Биргина мисол. Регистон майдонида Амир Темур бобомиз қурдирган Одина жоме масжиди қандай аҳволда эди?.. Бу муқаддас маскан шўро замонида қамоқхонага айлантирилгани кишини изтиробга соларди. Мустақиллик йилларида қайта қурилган, таъмирланган масжид ва ўнлаб нодир обидалар иккинчи ҳаётини яшаяпти.

Жоме масжидда «Ўзликни англаш» маънавий-маърифий маркази жойлашган. Ўзликни англаш... Ўзлигини англаётган шаҳар бу!..

БИЗДАН ОЗОД ВА ОБОД ВАТАН ҚОЛСИН

Мустақиллик майдони, Марказий ва Болалар истироҳат боғи, амфитеатр майдони, кўплаб янги турар жойлар, тиббиёт ва маданият муассасалари, кенг ва равон кўчалар, обод бозор ва кўркам хиёбонлар мисолида Қарши шаҳрининг бугунги қиёфасини кўришимиз мумкин. Айниқса, бизнинг олий мақсадимиз бўлмиш соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш ишига хизмат қиладиган бугунги замонавий лицей ва коллежлар, янги мактаблар, Олимпия захиралари спорт коллежи, енгил атлетика манежи ва ёпиқ сув спорти ҳавзаси, янги марказий стадион, хотин-қизлар спорт мажмуаси кўрган кўзни қувонтиради.

 

2006 йилнинг октябрь ойида шаҳарнинг қутлуғ тўйи куни Президентимиз ушбу бунёдкорликлар ҳақида фахр-ифтихор билан гапирган эди. Шу йилнинг март ойида Қарши давлат университетининг 1500 ўринли кўркам биноси ишга туширилди. Университетда ҳам, Қарши муҳандислик иқтисодиёт инс­титутида ҳам қобилиятли ёшлар таълим олишмоқда, меҳнат қилмоқда. Униве­рситетда иқтидорли тадқиқотчи олимлар кўп. Шулардан бири — физика-математика факультети ўқитувчиси Нодир Холмирзаевнинг «Қуёш ҳавоқиздиргичи» мавзусидаги изланишлари олимлар томонидан истиқболли, деб баҳоланмоқда.

Қарши чин маънода спорт шаҳрига айланганини алоҳида таъкидламоқ лозим. «Насаф» футбол жамоаси Осиёда донг таратган. «Севинч» қизлар футбол жамоасининг довруғи дунёга ёйилган. Халқаро андозаларга мос теннис корти, стадион ва ўнлаб иншоотлар қурилган. Мактаб ва коллежларда 80 дан ортиқ ёпиқ турдаги спорт заллари, 21 мини футбол, 55 волейбол, 51 баскетбол майдончалари, жами: 445 спорт иншооти ишлаб турибди.

 Юртбошимизнинг кўрсатмаси билан бунёд этилаётган бадиий гимнастика саройини бориб кўрдик, «Паҳлавон» хусусий фирмаси қураётган иморат кўркам, барча қулайликларга эга.

Мустақиллик имкониятлари туфайли қудратли корхоналар пайдо бўляпти. Пахта тозалаш, ёғ-экс­тракция каби катта қувватли корхоналар сафига ўнлаб янгилари қўшилмоқда. Кичик бизнес корхоналари сони эса бугунги кунда 1 мингтани ташкил этмоқда. Вилоят саноат салоҳиятини ошириш мақсадида 555 лойиҳани амалга ошириш юзасидан Давлат дастури қабул қилиниб, бу борада амалий ишлар изчил давом этмоқда. Бундай истиқболли лойиҳалар шаҳарда ўнлаб. Масалан, «Санам» МЧЖ ўтган йили қувватини ошириб, 50 янги иш ўрни яратди. Ипакка ишлов берадиган «Ўзбекистон — Хитой» қўшма корхонаси иш бошлади. Шу йилнинг июнь ойигача 39 тадбиркорлик объекти фаолият юрита бошлади. Қарши «Термопласт» корхонасида эса 160 киши меҳнат қилаяпти. Бу ерда тайёрланаётган пластмасса буюмларга талаб катта. Гўштни қайта ишлайдиган корхонага асос сол­ган Аҳрор Ёрхонов яна 600 миллион сўм маблағ эвазига хориждан ускуналар келтириб, нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Натижада 13 киши муқим иш жойига эга бўлди.

 

ҚУТЛУҒ ҚАДАМЛАР

Қарши шаҳрини янада гўзал, замонавий, барчанинг ҳавасини тортадиган марказга айлантириш учун унинг 2030 йилгача мўл­жалланган бош режасини амалга ошириш, шаҳар инфратузилмасини реконс­трукция қилиш ва таъмирлаш бўйича мамлакатимиз ҳукуматининг қарори ва махсус дастури қабул қилинди.

Азим Шаҳрисабзни юксак тоғ чўққиларидан сув олаётган дарёлар ўз бағрида эъзозлайди, Қашқадарё анча йўл босиб, даштга туташ шаҳарга етиб келади ва Муборак тумани қумликларига сингиб кетади. Агар таъбир жоиз бўлса, Қарши дашт ва чўлга басма-бас яшаб келаётган шаҳар. Қадим карвонлар узоқдан яшил воҳани кўрганда, енгил тин олган. Венгер сайёҳи Херман Вамбери Қаландархона деган жойда улкан боғни кўрганини ёзиб қолдирган экан.

— Президентимизнинг Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури тўғрисидаги қарори ва шу асосда қабул қилинган. Дастурда узоқ йилларга мўлжалланган режалар баён этилган, — дейди Қарши шаҳар ҳокими Акмал Ачилов. — Очиғи, бу Дастур Қарши шаҳри ривожланишининг янги даврини бошлаб берди. Кўчалар кенгаяди, 8 хиёбон, 9 майдон барпо этилади. Аллақачон бошланиб кетган ишларни ўз кўзингиз билан кўрганингиз маъ­қул.

— Бу фикрга мен ҳам қўшиламан, — дейди ЎзХДПдан вилоят ва Қарши шаҳар кенгашлари депутати «Сопол қувурлари» заводи раҳбари Бобоназар Қулмуродов. — Президентимиз 2013 йил 27 сентябрда вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сес­сия­сида Қарши шаҳри истиқболи ҳақида гапирганида, қалбимиз фахрга тўлди. Улуғ ишга барча ҳисса қўшиши керак, деган хулосага келдик. Масалан, бизнинг заводимиз кўп қаватли уйлар қурилишига пишиқ ғишт етказиб бераяпти. Қурувчи жамоамизда 75 киши меҳнат қилаяпти. «Шайхали» маҳалла гузарини ўзимиз қурдик. Тўйхона қуриб бердик, шаҳарга қўшиладиган қишлоқлар аҳолисига хизмат қилади. Шаҳарда уй-жой биринчи даражали масала. Ҳозир ҳовлили 27 уй қуряпмиз. Бошқа уйларни ҳам ўз кўзингиз билан кўринг....

Қарши шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи Обид Жўраевнинг айтишича, лойиҳалар бўйича 56 километрлик ҳалқа йўл қурилади. Унинг 29 километри лойиҳаси асосида иш кетаяпти. Бундан ташқари Ўзбекистон, Мустақиллик, Амир Темур кўчаларини кенгайтириш давом этмоқда. Ҳалқа йўлнинг Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз ва Термиз йўналишларидаги автобекатларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

ЎзХДП фаоли Бобоназар Қулмуродовнинг маслаҳатига кўра, уй-жой қурилиши билан яқиндан танишишга киришамиз. Дастурда белгиланган 16 йил орасида шаҳар аҳолиси кўпаяди, уларга янги турар-жой зарур. Ҳозир йирик ташкилотлар — «Шўртангазкимё» мажмуи, «Шўртангаз» УШК ва бошқа корхоналар уй-жой қуришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Яна 30 гектар жойда якка тартибда, замонавий лойиҳалар асосида аҳолининг ўзи уйлар тиклаяпти. Ҳозир шаҳарда 600 кўп қаватли уй бўлиб, 74 уй-жой ширкати фаолият кўрсатмоқда. Дастурга кўра, шаҳарда яна 56 кўп қаватли уй қурилади. Шундан 30 тасида қурилиш-монтаж ишлари бошланиб кетган. Айримлари фойдаланишга топширилмоқда.

Уй-жой ширкатларидан бирига Лайло Асадова раҳбарлик қилаяпти. У бизни Ўзбекистон кўчасида янгидан ишга тушган 299-уй билан таништиради. Лойиҳаси чиндан яхши экан. Уйнинг биринчи қаватида савдо, маиший хизмат дўконлари. Пештахталарга турфа озиқ-овқат маҳсулотлари териб қўйилган ихчам дўкончага кирамиз. Харидорлар: «Жуда қулай, шундоқ ёнимизда дорихона ҳам бор», дейишди мамнуният билан. Тўрт қаватли уйнинг учинчи қаватига кўтариламиз. Уч хонали хонадонга ички ишлар ходими Орифжон Хушмуродов кўчиб кирибди. Барча қулайликлар муҳайё. Икки нафар фар­занд­и бор экан. Рафиқаси Нафосат Ўралова беш ойлик Мадина исмли қизини кўтарганча бизга пешвоз чиқди. Тавозе билан уйига, меҳмонхонадаги ёзиғлиқ дастурхонга таклиф этди. Унинг гап-сўзларидан ҳаётидан рози эканлиги, эртанги кунга ишонч ва умид билан яшаётгани яққол сезилиб турарди.

 

ҲАЁТ НАВОСИ

Оқшом тушди. Мустақиллик майдонидаги фавворалар атрофи одамлар билан гавжум. Бу жойдаги ёдгорликни Юртбошимиз «Эл-юрт таянчи», деб атаганлар. Ота сиймосида куч-қуввати, меҳрини фарзандлари, эл-юртига бахшида қилаётган заҳматли инсон қиёфаси, она тимсолида мунис ва меҳрибон аёл намоён. Ёнларида илм ва ҳунарга чан­қоқ ўғил-қизи.

Шаҳарни кезиб, мамлакатимизни ҳаракатга келтирувчи куч бўлган ёшлар вакиллари билан суҳбатлашдим. Йиллар ўтиб, шаҳар аҳолиси 450-500 минг кишига етади, уларнинг кўпчилиги бахтиёр ёшлар бўлади.

Республика ихтисослашган акушерлик ва геникология илмий-амалий маркази туғуруқ бўлимида қаршилик Чарос Шодиева ўғил фарзанд кўрганини айтишди. Қулоғимга дунё­га эндигина келган гўдак овози эшитилди. Кўҳна бу шаҳардаги маҳаллалардан бирининг номи «Наво». Чақалоқ овози ҳам — ҳаёт навосидир.

Юнус УЗОҚОВ,

         Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.