21.08.2014

ҲОВЛИ СУПУРМАЙДИГАН КЕЛИН

ёки эркак кишининг ҳурмати нима билан ўлчанади?

Тонг саҳардан кўча-атрофни супириб-сидириш, ҳовлига сув сепиб, ҳаммаёқни саранжом-саришта қилиш, оила аъзолари уйғонмай, улар учун ширингина нонушта ҳозирлаш — азал-азалдан ўзбек аёллари, ўзбек келинларининг бурчи, вазифаси ҳисобланган.

Оналаримиз кимнингдир уйига совчиликка боришса, энг аввало, эътибори ўша хонадон остонасининг тоза-озодалигига қаратилади. Келин тушган уйнинг кўрки, файзи ҳам шу — орас­таликда. Бир сўз билан айт­ганда, бу гўзал одат авлоддан-авлодга ўтиб, бебаҳо миллий қадриятга айланган.

Афсуски, буни англамайдиганлар ҳам учраб туради. Ёшлар орасида маш­ҳур бўлган эс­т­ра­да хонандаларидан бири газетадаги суҳбатда ўзининг келин бўлиб, кўча супуриши мумкинлигини тасаввур қила олмаслигини билдирибди. Интервьюнинг ўша қисмини эътиборингизга ҳеч бир таҳрирсиз, айнан ҳавола этаяпмиз:

«Савол: Айрим йигитлар санъаткор қизлар ҳақида нотўғри фикрга боришади. Ижодкор қизларимизда ҳам ўз ўрнида ҳадик бор «Мени, касбимни тўғри тушунармикан», дея ўйланади.

Жавоб: Ҳа, тўғри айтасиз. Ўзимда ҳам шундай саволлар бўлган! Турмуш қургач, санъатни тарк этасизми? Эрталаб барвақт туриб ҳовли супурасизми? Тасаввур қилинг, мен эрта туриб ҳовли супурсам?!

Савол: Ҳали «ҳовли супурмайман» дегин!?

Жавоб: Мен қатъий режа билан иш тутишга ўрганганман. Эрталаб туриб кўча-ҳовлини супурмайман.

Савол: Турмуш ўртоғинг ҳурмати учун ҳам шундай қилишга мажбур бўласан. Жавоб: Гапингизга қўшилмайман. Нега энди эркак кишининг ҳурмати мана шунақа майда нарсалар билан ўлчаниши керак?..»

Ўзбек қизи ўзининг эрта туриб ҳовли супуришини тасаввур қила олмаса, тўғрироғи, уни ўзига эп кўрмаса, буни қандай изоҳлаш мумкин? Энди айтинг, эрта туриб ҳовли супурмаган ўзбек қизини тасаввур қилишингиз мумкинми? Хўш, эрнинг ҳурмати нима билан ўлчанади? Пул, данғиллама участ­ка ёки «иномарка» биланми? Тўғри, у санъаткор, маълум даражада таниқли. Ижод ҳақида қайғуриши керак. Лекин энг ибратли анъаналардан бири, келинларга жуда ярашадиган, уларни янада гўзал, иболи қилиб кўрсатадиган ҳовли супуриш «майда-чуйда» ишми? — Супурса, ўзининг уйини супуради. Ўзи ҳам шу ҳовлида яшайди-ку.

Миллий қадриятларни менсимаслик ёки улар моҳиятини англамаслик кишига ҳурмат келтирмайди. Аксинча...

Яқинда футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Москванинг «Локоматив» клуби ҳимоячиси ­Виталий Денисовнинг рус журналистларига берган интервьюсини ўқиб қолдим. «Жамоадошларингизга ўзбекча палов тайёрлаб бериш керак бўлса, нима дейсиз?», деган саволга «Ҳар бир ўзбекнинг палов тайёрлаши қадрият даражасига кўтарилган, нимага энди мен уни кўз-кўз этиш имкониятидан фойдаланмаслигим керак», қабилида жавоб қайтарган.

Денисов кучли футболчи. Ўз ишининг устаси. У ҳам карьерасини эсидан чиқармаслиги керак, «майда-чуйда» ишларга унинг ҳам вақти йўқ. У ҳам машҳур, тўғриси бояги қўшиқчидан кўра кўпроқ машҳур... Шунга қарамай, у ўзбекона анъ­аналар билан фахрланаяпти, қадриятларимизни ҳурмат қилаяпти... Бу унинг тарбия­сидан, фикр доираси қандайлигидан нишона.

 Майли, ўша қўшиқчи қизнинг дунёқараши шундайдир. Аммо мазкур суҳбатни ёзган мухбир, уни саҳифага қўйган муҳаррир наҳотки, бундай «доно» мулоҳазалар минглаб қизларда нотўғри кайфиятларни, руҳиятида қадриятларга беписандлик туйғусини уйғотиши мумкинлигини ўйламаса.

Эҳтимол, эртага яна қайсидир газетада бошқа бир «юлдуз» чиқиб олиб, қайнонаси ёки қайнотасига чой қуйиб узатишни ор биламан, деб интервью берса, яна бирови боласига алла айтишга вақти йўқлигини писанда қилса, буни ҳам оқ қоғозни қорайтириб, тар­ғиб қилаверамизми?

Тўғри, ҳар ким ўз ақлига яраша фикрлайди, гапиради. Ким нима деса, газетада эълон қилиш ўша фикр тарғиботига, уни қўллаб-қувватлашга киради. Агар бундай олифта гаплар, «ноёб» фикрлар газетада берилгудек бўлса, унда ўша масалага муаллиф ёки таҳририят муносабати билдирилиши керак, назаримизда. Шунда одамлар чалғишдан асраб қолинади.

Ўйнаб ёзсанг ҳам, ўйлаб ёз, деган эски мақол бор. Газетани эса минглаб одамлар ўқийди...

Дилшод НАРЗУЛЛАЕВ



DB query error.
Please try later.