19.08.2014

АҲОЛИ БАНДЛИГИ ТАЪМИНЛАНСА, ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ КАФОЛАТИ МУСТАҲКАМ БЎЛАДИ

Мамлакатимизда мустақилликка эришилган даст­лабки йиллардан бошлаб ижтимоий ҳимоя масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Шу боис йилдан-йилга иқтисодиётнинг ижтимоий йўналтирилганлик даражаси ошиб, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Бу борада қатор қонунлар, қарорлар қабул қилинаяпти, давлат дастурлари амалга оширилмоқда. Энг муҳими, шу тариқа одамларимизнинг турмуши фаровонлашиб, ҳаётга муносабати ўзгариб, яхши яшашга интилиши кучайиб бормоқда. Бу эса Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига тўла мос келади.

Маълумки, аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қисми орасида ислоҳотларнинг иқтисодий ва ижтимоий самарасини оширишга ҳисса қўша оладиган, меҳнатга лаёқатли, аммо вақтинча ишсиз кишилар оз эмас. ЎзХДП бундай фуқароларни фаол меҳнат жараёнига жалб этиш уларнинг манзилли ижтимоий ҳимоясини таъминлашнинг асосий кафолати, деб ҳисоблайди. Хўш, бу жараёнда бизнинг иштирокимиз қандай бўлаяпти?

Аввало, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари жойларда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросини таҳлил этиб, зарур бўлган ҳолларда масалани доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқмоқда. Масалан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида халқ депутатлари Бухоро вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари айнан иш ўринлари билан боғлиқ 2 та масалани доимий комиссияда, 9 та масалани эса сессия муҳокамасига олиб чиқди.

Бунда касаначилик, кўп маблағ талаб қилмайдиган ишлаб чиқариш соҳаларини ривожлантиришга, шу асосда аҳоли бандлигини таъминлашга янада самарали таъсир кўрсатиш масалаларига жиддий эътибор қаратилди. 18 та масала партия гуруҳлари йиғилишларида муҳокама этилди.

Мисол учун, жорий йил 30 июль куни халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда бизнинг партия гуруҳимиз ташаббуси билан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласи муҳокама этилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Шунингдек, депутатлик сўрови ва Жамоатчилик қабулхоналари имкониятидан унумли фойдаланиш орқали ҳам аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Жумладан, жорий йил­нинг шу даврига қадар маҳаллий партия кенгашлари Жамоатчилик қабулхоналарига 504 та мурожаат тушган бўлса, шундан 359 тасида кўтарилган муаммо тегишли идоралар билан бирга ижобий ҳал этилди.

Бундан ташқари, аҳо­лининг ижтимоий ҳи­моя­сини кучайтиришда пар­тиямиз Марказий Кенгаши қатор ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан жойларда ўтказаётган лойиҳалар, хусусан, электорат вакилларининг ижтимоий-иқтисодий билими ва фаоллигини ошириш, уларнинг тадбиркорлик лойиҳалари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган форумлар алоҳида аҳамиятга эга бўлаяпти. Хусусан, «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўл­лаб-қувватлаш маркази» ло­йиҳаси доирасида вилоятимиздаги 210 та маҳаллада тадбир ўтказилди ва аҳоли вакилларининг манзилли иж­ти­моий ҳи­моя масалалари юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари ўрганиб чиқилди, таклифлар муҳокама этилди. Мазкур лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш баробарида пар­тия гуруҳлари фуқароларнинг ижтимоий ҳи­мояси билан боғлиқ масалаларда депутатлик назорати ташкил этгани ҳам яхши самара бермоқда.

Таҳлилларга кўра, айрим ҳолларда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишга жойлашгани ҳақидаги маълумотларда ноаниқликларга йўл қўйилаётгани маълум бўлди. Айнан шунинг учун ҳам пар­тия вилоят кенгаши янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг ижроси устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга жиддий эътибор бераяпти. Бир сўз билан айт­ганда, манзилли ижтимоий ҳимоя масалалари билан боғлиқ қарорлар ижроси устидан қатъий назорат ўрнатиш фаолиятимизда устувор аҳамиятга эга бўлиб келмоқда.

Маълумки, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлашдаги асосий масалалардан бири бу — норасмий меҳнат билан банд бўлган кишиларнинг меҳнатини қонуний асосда ташкил этишдан иборат. Пенсия ёшига етганда одамларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, ҳаётий эҳтиёжларини қондиришда бунинг аҳамияти катта. Киши меҳнат қилаяптими, демак, у давлат томонидан берилаётган барча имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш, вақти келганда пенсия олиш ҳу­қу­қига эга бўлиши керак. Фақат қонуний йўл билан меҳнат қилаётган одам ишончли ижтимоий ҳимояланиши мумкин.

Бу бевосита партиямиз электорати манфаати билан боғлиқ. Шунинг учун ЎзХДП ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари нафақат янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, балки фуқароларнинг қонуний меҳнатини ташкил этиш устидан ҳам тизимли мониторинг ўрнатиши зарур, деб ўй­лайман. Электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишда бу муҳим аҳамият касб этади.

Шоҳиста НАБИЕВА,

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси ўринбосари.



DB query error.
Please try later.