19.08.2014

ХИВА — ЭРТАСИ ЯНАДА ПОРЛОҚ ШАҲАР

Салкам уч минг йиллик тарихга эга бу шаҳарнинг ўтмишидан кўп ва хўп гапирилган. Аммо биз истиқлол туфайли кундан-кунга яшнаётган ­Хиванинг бугуни ва эртаси ҳақида тўхталмоқчимиз.

Хиванинг маҳаллалари ва қишлоқларида биргина ўтган йилнинг ўзида намунавий лойиҳа асосида 90та турар-жой биноси қуриб битказилган бўлса, бу йил яна 150 та ҳовли тўйи ўтказилади. Даволаш-профилактика масканлари, шифохоналар, поликлиникалар янги биноларда иш бошлади. Икки қаватли болалар поликлиникасининг биноси ҳам яқин кунларда фойдаланишга топширилади.

Хивага ёндош шаҳарча — «Янгиобод»да бутун бошли «Камолот шаҳарчаси» қад рос­т­­ламоқда. Шаҳарча тўрт қаватли кўркам турар-жойлардан иборат. Ҳозирда 64 оила учун шундай кўп қаватли уйлар қурилиши бошланган.

Коллеж битирувчиларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Касб-ҳунар коллежларини битказаётган ва ўз бизнесини бошлашни орзу қилган ёшларга имтиёзли кредитлар берилмоқда. Бу эса юзлаб, минглаб иш ўрни демакдир.

Яна бир ижтимоий маскан — «Болалар меҳрибонлик шаҳарчаси» Урганч — Хива йўли бўйида қад ростламоқда. 140 ўринга мўлжалланган шаҳарчага салкам ўн гектар майдон ажратилган. 18 та икки қаватли уй қуриляпти. Бу уйларнинг ҳар бирида саккиз нафар тарбияланувчи истиқомат қилади. Уйларда барча шарт-шароитлар муҳайё. Болалар гўё ўз уйларидагидек яшайдилар, таълим оладилар, ҳунар ўрганадилар. Бу қурилишлар учун республика бюджетидан салкам 13 миллиард сўм маблағ ажратилган. Оддий ҳисоб-китоб қилсак, бу ҳар бир тарбия­ланувчига давлатимиз юз миллион сўмга яқин маблағ сарф­лаяпти, дегани.

 — Мамлакатимиз инсонпарвар сиёсати билан дунёда алоҳида эътирофга эга, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, Хивадаги 20-Меҳрибонлик уйи директори, ЎзХДП фаоли Вера Пак. — Бизда ҳеч бир бола эътибор ва ғамхўрликдан четда эмас. Меҳрибонлик уйимиз тўқсон йиллик тарихга эга. Бошламасини қўя турайлик, ҳатто ўтган асрнинг сўнггида ҳам амал-тақал кун кечирардик. Бинолар эскирган, шарт-шароит шунга яраша. Истиқлолнинг илк давриданоқ ҳурматли Президентимиз раҳнамолигида ушбу даргоҳ тўла реконс­трукция қилинди, ҳар томонлама шинам бир масканга айлантирилди. Кемтик қалблар ўксимасин, деб барча шароитлар яратилди. Спорт иншоотлари дейсизми, дам олиш оромгоҳлари дейсизми, барча-барчаси муҳайё этилди.

Ичан қалъага кириладиган тўртта дарвозанинг бири — Ота дарвоза олдидаги Мустақиллик майдонига қадам ранжида қилган киши ажиб манзаранинг гувоҳи бўлади. Бир томонга боқсангиз энг замонавий русумдаги автоуловларни, улардан тушиб зиёратга отланаётган қўша-қўша келин-куёвларни, елкаларида фотоаппарат осиб, атрофга ҳайрат билан боқаётган гуруҳ-гуруҳ сайёҳларни кўрасиз. Яна бир томонга қарасангиз эса Буюк ипак йўлида асрлар оша қад тиклаб турган афсонавий қалъа деворлари, гумбазлару осмонўпар минораларга кўзингиз тушади. Ўтмиш билан келажак шу ерда туташиб кетгандай гўё!

Ичан қалъа ЮНЕСКО маданий мерослари рўйхатига киритилган. ЮНЕСКО тасарруфига олинган музей-қалъа майдони 26 гектар бўлиб, унинг 3253.2 квадрат метр саҳнида доимий экспозициялар жойлашган. Истиқлол йилларида ҳар бир обида давлат муҳофазасига олинди.

1997 йилнинг 20 октябрида Хиванинг 2500 йиллик тўйи кенг нишонланди. Тантана баҳона қадимий шаҳар янги қиёфа олди, ўнлаб қадамжолар обод бўлди, таъмирланди. Шўро даврида Мадаминхон мадрасаси қатағон қурбонлари учун қатлгоҳ ва ҳибс­хонага айлантирилган, аксар масжид-мадрасалар турли корхоналарнинг омборхонаси вазифасини ўтарди. Истиқлолдан ке­йинги даврда барча тарихий-меъморий иншоотларга том маънода иккинчи умр бағишланди. Тош ҳовли, Кўҳна Арк, Феруз мадрасаси, Жума масжиди, Оллоқуллихон мадрасаси ва бошқа бир қатор меъморий обидалар тўла таъмирланди ва уларда музейлар ташкил этилди. ЮНЕСКО ташкилоти билан ҳамкорликда Оллоқуллихон, Ёқуббой хўжа, Абдурасулбой мадрасаларида ёшларни иш билан таъминлаш кўзда тутилиб, ҳунармандчилик, ипак гиламлар ва сўзаналар тўқиш марказлари очилди. Япониянинг Киото университети олимлари билан музей фондида сақланаётган хатлар, буюмлар каталоги тайёрланди.

Шаҳар ва унинг атрофида сайёҳлар учун барча шарт-шароитларнинг яратилиши хориждан ва вилоятлардан келаётган сайёҳлар сонининг кескин ошишига олиб келди. Истиқлолнинг дастлабки йилларида ҳар йили қадим шаҳарга ўртача 10-12 минг нафар сайёҳ келаётган бўлса, ўтган йили бу рақам салкам 52 минг нафарга етди. Яъни сайёҳлар сони шаҳар аҳолиси сонидан ошди...

Президентимизнинг «2013-2015 йилларда Хоразм вилоя­тида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги тарихий қарори Хиванинг янада обод, янада кўркам, янада жозибадор бўлишига замин яратди. Мазкур дастурга мувофиқ, вилоят маркази Урганч шаҳрида, шунингдек, бошқа бир қатор туманларда ҳам яхлит, бутун бир бошли сайёҳлик тизими яратилади. Айниқса, экотуризмга кўпроқ эътибор қаратилади.

— Ушбу дастурга мувофиқ 39 та тарихий ёдгорликни таъмирлаш учун 6 миллион 975 минг АҚШ доллари сарфланиши кўзда тутилган, — дейди вилоят маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш инспекцияси бошлиғи Раҳимбой Бобожонов. — Фақат шу йилнинг ўзида ўнта меъморий ёдгорликда салкам уч ярим миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилади. Полвонқори, Отажон тўра мадрасалари, Нуруллабой саройидаги ҳовлилар, Чодра ҳовли ва бошқа тарихий-меъморий иншоотлар шулар жумласидан. Қиладиган ишларимиз кўп. Шаҳар икки-уч йил ичида таниб бўлмас даражада ўзгариб кетади ҳали.

Дастур доирасида шаҳарга олиб борадиган йўлнинг икки чеккасида замонавий турар-жойлар қад ростлайди. У икки қаватли бўлиб, биринчи қаватида аҳоли ва саёҳларга хизмат кўрсатадиган маиший хизмат ва савдо шохобчалари жойлашади. Шаҳар яқинидаги «Қовуқкўл-Чинобод» мавзесида сайёҳлик мажмуаси яратилади.

Маълумки, Дешон қалъа атрофидаги ўнта дарвозадан фақат иккитаси сақланиб қолган. Дастурда қачонлардир бузилиб кетган саккизта дарвозани қайта тиклаш ҳам режалаштирилган. Ҳозирча «Боғи­шамол» дарвозасида ишлар ниҳояланди.

Мустақилликкача Хивада атиги биттагина меҳмонхона бор эди, ҳозир уларнинг сони йигирмага яқинлашиб қолди. Бу меҳмонхоналар ҳар куни минг нафар сайёҳни қабул қилиш, хизмат кўрсатиш имконига эга. Маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар «Осиё-Хива», «Арқончи», «Малика», «Хива маликаси», «Ғанижон афанди», «Аренд-стар» каби ҳар томонлама қулай хусусий меҳмонхоналарда тўхташни маъқул кўришади.

— Иш бошлаганимда кўпчилик ишончсизлик билан қараганди, — дейди «Арқончи» меҳмонхонаси раҳбари, ЎзХДП фаоли Собиржон Ҳасанов. — Вақт эса хизмат кўрсатиш шохобчалари келажаги порлоқлигини исботлади. Давлат дастурига мувофиқ шаҳарда уч ва тўрт юлдузли бир неча меҳмонхона қуриш, мавжудларидаги ўринлар сонини ошириш, хизмат кўрсатиш даражасини юксалтириш белгиланган. Фақат Хиванинг ўзида янгидан 14 та меҳмонхона бунёд этилади.

Дастурда меҳмонхоналар билан бир қаторда ресторанлар, чойхоналар, кўп ўринли амфитеатр, қўғирчоқ театрининг янги биносини барпо этиш кўзда тутилган. Ана шу асно 2015 йилда хорижий сайёҳлар сони 2012 йилга нисбатан 1,7 баробар ошиши, яъни 80 минг нафарга етиши кутилмоқда. Айни пайтда сайёҳларга хизмат кўрсатиш ҳажми салкам беш баробарга ўсиб, 4,5 миллиард сўмдан 22 миллиард сўмга ортади. Бу 1500 янги иш ўрни яратилади, дегани.

Қадим шаҳарда истиқлол йилларида амалга оширилган улкан бунёдкорлик жараёни ҳақида кўп гапириш, факт-рақамларни истаганча келтирса бўлади. Яхшиси, сўзни хорижлик меҳмонга берсак:

— Нафақат Хивадаги тарихий обидалар, қолаверса, одамлар чеҳрасидаги табассум, ўйин-кулгу, меҳмондўстлик бизни мафтун этди, — дейди германиялик сайёҳ Мери Фасклам. — Бу ерда биз қайноқ инсоний ҳароратни, кўтаринкиликни кўрдик. Ҳавас ва ҳайратларимни, албатта, юртдошларимга сўзлаб бераман!

Хиванинг меҳмонлар дил изҳорларини битадиган «кўнгил дафтари» ана шундай ҳайратли, ҳаяжонли эътирофларга тўла.

1994 йил баҳорида қадим шаҳарни зиёрат қилган Франция Президенти Франсуа Миттеран шундай деган эди: «Францияда Хивани умрида лоақал бир бор бориб кўрмаган француз француз эмас, деган ибора бор. Бу қадим ва навқирон Хивага берилган юксак таърифлардан бири».

Бу ҳаёт, бу умр бамисоли Амударё сувидек тез ва шиддат билан ўтиб кетар, лекин инсоннинг эзгу ишлари, эзгу хотираси боқий яшайди, деганди Юртбошимиз Хоразм Маъмун академиясининг минг йиллигига бағишланган тантанада.

Дарҳақиқат, Хивадаги улкан бу­н­ё­д­корлик ишлари эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амалнинг ёрқин ифодасидир.

 Отабек ИСМОИЛОВ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, 

Рўзимбой ҲАСАН, «Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.