19.08.2014

ҚАТЪИЯТ ВА ШИЖОАТ

ютуқлар асосидир

Ҳар биримиз ҳар куни ишимизда амалий натижа бўлиши, бирон янгилик қилишни истаймиз, албатта. Айниқса, фаолиятимиз одамларнинг ишончи, кўпнинг манфаати билан боғлиқ бўлса, масъулият янада ортади. Хўш, шу маънода ЎзХДП ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари фаолияти самарадорлиги қандай бўлаяпти? Ўтган давр мобайнида партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар қандай ижро этилди?

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Ҳайдар Бобохонов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

— Мамлакатимизда демократик жараёнлар тобора чуқурлашиб бораётгани сиёсий партия­лар фаолиятининг кучайишига кенг йўл очмоқда, — деди у. — Бизнинг партиямиз ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш бўйича ўз дастури ва позициясига эга.

Маълумки, ЎзХДП Дастури ва Сайловолди платформасида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан боғлиқ вазифалар белгиланган. Биз фаолиятимизда ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Буни Тошкент шаҳар партия ташкилоти мисолида олиб қарайдиган бўлсак, ўтган давр мобайнида партиямиз ташкилотлари ва депутатлари пойтахтимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшиш, электорат манфаатини ҳимоя қилиш борасида қатор амалий ишларни бажарди, дейишга асос етарли. Аввало, самара бермайдиган тадбирлардан воз кечилди. Ҳар бир тадбир таъсирчан бўлиши учун мавзу танлашга жиддий эътибор берилмоқда. Электоратга фойдаси тегадиган масалаларни ўрганиш, ошкора муҳокама этиб, кўпчилик фикрини эшитиш яхши самара бермоқда. Масалан, «Тошкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун ­инвестицион дастурларни шакл­лантириш ва ҳаётга татбиқ этишда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи иштирокини таъминлаш» мавзусида семинар ўтказилган эди. Унда электоратни ўйлантираётган масалалар ва уларни ҳал қилиш йўллари, фаолиятимиздаги ютуқ ва камчиликлар атрофлича ўрганилиб, таҳлил қилинди. Натижада партия ташкилотлари ва депутатларга тегишли тавсиялар берилди. Ҳозиргача 15 та ишлаб чиқариш субъекти ташкил этилишига бевосита кўмаклашилди ва 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилишига ҳисса қўшилди.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда депутатларимиз фаоллигини ошириш ҳам алоҳида аҳамиятга эга масала. Электорат вакилларини ташвишлантираётган муаммоларни ҳал этишда айнан депутатларимиз ҳиссаси катта бўлмоқда. Масалан, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоларига 2010 йилдан буён 2780 дан ортиқ мурожаат тушган. Улардан 2100 га яқини ижобий ҳал этилган. Мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотлар ва ижро ҳокимияти органларига 450 га яқин депутатлик сўрови жўнатилган.

— Мамлакатимиз катта сиёсий жараён парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар олдида турибди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу галги сайловлар аввалгиларидан анча қизғин ўтиши кутилаяпти. Чунки одамларнинг депутатларга муносабати, таъбир жоиз бўлса, талаби ҳам ўзгарган. Сайловда овоз берувчи нафақат партия дастурий мақсадлари билан, балки ўтган сайловларда берилган ваъда қандай бажарилгани, партия Сайловолди дастури ижросига ҳам қизиқади. ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши ва халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи фаолияти мисолида бу ҳақда нима дейиш мумкин?

Сайловчиларнинг фаол ва талабчан бўлиши кучли демократик жамиятни қарор топтиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда демократик ислоҳотлар тадрижий ривожланиб бормоқда, фуқароларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ҳам ошмоқда. Шунга асосланиб, бу йилги сайловлар қизғин ўтади, деган фикрга қўшиламан. Бу биз катта масъулият билан ишлашимиз кераклигини англатади.

Бугун Тошкент шаҳрида партиямизнинг 34 000 нафардан ортиқ аъзоси бор. Улар 1309 та бошланғич ташкилотга бирлашган. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашида эса 16 нафар депутатимиз бор. Кўриниб турибдики, пойтахтимизда партиямиз катта куч ва салоҳиятга эга. Ўтган давр мобайнида биз бу имкониятдан самарали фойдаланишга, пар­тия Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишга, яъни одамларга берилган ваъдани бажаришга ҳаракат қилдик.

Жумладан, депутатлар аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қисмига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш масалаларини ўрганган. Натижалар ва хулосалар умумлаштирилиб, доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқилган.

Ўтган йилнинг ўзида партиямиз Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, депутатларимиз ташаббуси билан 5 та масала халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг сессиясига олиб чиқилган. Хусусан, «2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ижроси юзасидан Миробод, Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туман ҳокимларининг ҳисоботлари тўғрисида»ги масалалар сес­сия­ларда муҳокама этилиб, тегишли қа­рорлар қабул қилинган.

Натижада одамларни иш билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшилди, жойлардаги турли ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга эришилди. Лекин ҳар доим ўз фаолиятимизга тан­қидий ёндашиб, янги ташаббуслар билан яшаш, янги натижалар учун ишлашимиз керак бўлади. Чунки ҳаётнинг ўзи шуни талаб қилмоқда.

— Одамларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш кўп жиҳатдан партия ташкилотлари ва депутатларнинг ҳамкорлигига боғлиқ. Шу маънода шаҳар партия ташкилоти ва халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳининг ҳамкорлиги ҳа­қида тўхталсангиз?

Партия ташкилоти ва гуруҳи бир тану бир жон бўлиб ишлаши керак. Кейинги пайтларда партия кенгашлари, бошланғич ташкилотлар ва депутатлар ўртасида ҳамкорликни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Буни барча йўналишларда кузатиш мумкин. Хусусан, бу борада яна бир тажриба йўлга қўйилган. Айтайлик, партия гуруҳи иш ўринлари яратиш билан боғлиқ масалани ўрганиб чиқмоқчи. Масаланинг дастлабки муҳокамасига бошланғич ташкилотлар етакчилари ҳам таклиф қилинаяпти. Уларнинг фикр-мулоҳазалари ўрганилаяпти. Бу асосли таклифлар шаклланишига хизмат қилаяпти. Қуйи бўғин бевосита аҳоли орасида фаолият юритгани учун ҳудудлардаги имкониятлар, иш ўринларига бўлган эҳтиёждан яхши хабардор бўлади.

Умуман, амалий ишлар оз эмас, аммо камчиликлардан кўз юмолмаймиз. Айниқса, депутатлик назоратини кучайтириш, партия гуруҳи ташаббуси билан қабул қилинган сессиялар қарорлари ижросини охирига етказиш ва бош­қа ички партия­вий масалаларда ишларимизни кучайтиришимиз зарур. Депутатлар партиямиз номидан долзарб масалаларни сессия муҳокамасига олиб чиқишда давом этиши, қабул қилинган қарорлар ижросини охирига етказиши лозим. Биз шу билан электорат манфаатини самарали ҳимоя қилган ва ўз позиция­мизни қатъий намоён этган бўламиз.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.