16.08.2014

БОЛАНГИЗ БОҒЧАГА БОРАДИМИ?

«Соғлом бола йили» Давлат дастурида мактабгача таълим муассасалари фаолия­тини намунали ташкил этиш, машғулотлар сифатини янада яхшилаш, педагоглар малакасини ошириш масаласига алоҳида ўрин берилган. Шуни инобатга олган ҳолда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП депутатлик бирлашмалари томонидан ана шу масалага жойларда қандай эътибор қаратилаётгани атрофлича ўрганилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида «Таълим тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлаш, барча даражадаги таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш билан боғлиқ долзарб масалалар ўрин олган.

Яқинда халқ депутатлари Қоракўл туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ташаббуси асосида «Таълим тўғрисида»ги қонун ҳамда Кадр­лар тайёрлаш миллий дастури асосида «Соғ­лом бола йили» муносабати билан мактабгача таълим муассасаларида олиб борилаёт­ган ишларнинг аҳволи тўғрисидаги масала туман Кенгаши сессияси муҳокамасига киритилди.

Сессияда дастлаб мазкур масалалар бўйича халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Файзулла ­Бебутовнинг ахбороти тингланди.

Бугунги кунда туманда 21 мактабгача таълим муассасаси бўлиб, уларда 1140 нафар бола тарбияланмоқда. ЎзХДП гуруҳи томонидан тумандаги мактабгача таълим муассасалари фаолияти ўрганилганда, мазкур тизимда бартараф этилиши зарур бўлган айрим камчиликлар борлиги аниқланди. Хусусан, мутасадди ташкилотлар эътиборсизлиги оқибатида болаларни мактабгача таълим муассасаларига жалб қилиш ишлари тўғри йўлга қўйилмаган. Шунингдек, раҳбар кадрлар малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолган.

Баъзи боғчалардаги гуруҳларда белгиланган 20 нафар тарбия­ланувчи ўрнига 10-12 нафар бола билан машғулотлар олиб борилмоқда. Уларга берилаётган озиқ-овқат сифати, калорияси талабга жавоб бермайди. Тиббиёт хоналари тўлиқ жиҳозланмаган, айрим дори-дармон воситалари етишмайди. Бинолар таъмирталаб ҳолда.

Бунинг сабаблари ўрганилганда, Қоракўл туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими томонидан доимий равишда «Таълим тўғрисида»ги қонун талаблари қай даражада бажарилаётгани, мактабгача таълим муассасалари фаолияти, иш услублари таҳлил этиб борилмаганлиги маълум бўлди. Боғчалар атрофини ободонлаштириш, биноларни таъмирлаш ишлари ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатилмаган.

Сессияда партия гуруҳи ахборотида қайд этилган маълумотлар депутатлар ҳамда соҳа мутахассислари томонидан таҳлил этилди. Камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Ана шулардан келиб чиққан ҳолда, Қоракўл туманидаги мактабгача таълим масканлари фаолиятини жонлантириш, бугунги талаб даражасига олиб чиқиш, бу йўналишда «Соғлом бола йили» Давлат дастурида кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди. Соҳага масъул бўлган идора ва ташкилотлар зиммасига зарур вазифалар юклатилди.

Халқ таълими муассасаларини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига мактабгача таълим муассасалари раҳбарларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, болаларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, компьютер саводхонлиги ва чет тилларини ўргатиш ишларини ташкил этиш вазифаси юклатилди. Шунингдек, муассасалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида молия бўлими билан ҳамкорликда ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиш ва уни босқичма-босқич амалга ошириш кераклиги белгиланди.

Қоракўл туман тиббиёт бирлашмаси олдига «Соғлом бола йили» Давлат дастуридан келиб чиқиб, 7 ёшгача бўлган болаларни умумий тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам­да касаллиги аниқланган болаларни соғ­ломлаштириш чораларини кўриш вазифаси қўйилди. Айниқса, мактабгача таълим муассасаларидаги тиббиёт хоналарининг жиҳозланиши ва керакли дори-дармонлар билан таъминланишини ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари, сессия қарорида молия ва ғазначилик бўлимлари томонидан мактабгача таълим муассасаларида болалар учун тўланадиган пул маблағларини тижорат банкларининг назорат кассалари орқали тўланишини ҳамда бюджетдан ажратиладиган ва болалар учун тўланадиган пул маблағларининг мақсадли сарфланишини назоратга олиш кераклиги қайд этилди.

Давлат санитария эпидемиология назорати марказига мактабгача таълим муассасаларида тарбия­ланаётган болаларни доимий равишда санитария-гигиена қоидаларига, озиқ-овқат сифати ва ов­қатланиш тартибига риоя қилинишини таъминлаш топширилди.

Қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари мактабгача таълим муассасалари мудирлари билан ҳамкорликда бола қамровини янада кўпайтириш устида иш олиб бориши зарурлиги билдирилди.

Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ўзлари сайланган сайлов округи ҳудудидаги мактабгача таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан депутатлик назоратини кучайтириши, мавжуд камчиликларни тегишли ташкилот ва корхоналар билан биргаликда ҳал қилиш чоралари кўрилиши кераклиги белгиланди.

Сессия қарори ижроси партия гуруҳи назоратига олинди.

Бугунги кунда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари давлат дастурлари ижросини таъминлаш, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиш, уларни ҳал этиш йўлларини излаш, бу борада муқобил таклифлар киритиш бўйича кўплаб ташаббуслар билан чиқмоқда. Халқ депутатлари Қоракўл туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи томонидан кўтарилган ушбу масала ҳам таълим тизимининг муҳим бўғини ҳисобланган мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга, эътиборга сазовор.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.