16.08.2014

ИСТИҚЛОЛ БЕРГАН САОДАТ

Мустақилликка ҳар хил таърифлар берилади, унинг аҳамия­ти, қадрини улуғлашга ҳаракат қилинади. Мустақиллик — аввало ҳуқуқ, мустақиллик — тинчлик, мустақиллик — бу улуғ неъмат... Яна айтадиган бўлсак, у бизга ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш ҳуқуқини берди, адолатли, демократик, инсонпарвар жамият қуриш, ўз миллий давлатчилигимизни ривожлантиришга имконият яратди.

Ўзбекистон халқаро миқёсда ўзини танитиш, барча давлатлар билан тенг ҳамкорлик қилиш имкониятини қўлга киритди, бозор иқтисодиётига ўтиш учун шароит барпо этилди, мулкка муносабат ўзгарди, халқнинг маънавий уйғониш даври бошланди. Юрт тарихи, қадриятларимиз тикланди...

Қанча айтмайлик, таърифламайлик, мустақиллик қадрини тўлалигича баён қила олмаймиз. Бу бебаҳо неъ­матни ҳар ким ўз тақдирида тутган ўрни, ўз ҳаёти мисолида англайди, ҳис этади.

Эсимда 1970-71 йиллар эди. Оиламизда тўрт қиз, бир ўғил, жами беш фарзанд. Акам оилада ягона ўғил эди. Онам якка-ёлғиз ўғлини олис ўлкаларга ҳарбий хизматга кузатиб, зор-зор йиғлагани кечагидек ёдимда. Ке­йин эса хат-хабар кутиб, куну тунларни бедор ўтказганини эсласам ҳамон юрагим зирқирайди. Бу азоб икки йил давом этган. Йиллар ўтиб, онамнинг ташвиш ва изтироблари сабабини чуқурроқ англадим. Ўша замонларда ҳарбий хизматга кетганлар орасида соғ-омон қайтмаганлари оз эмасди. Кейинчалик эса армияда тартибсизликлар кучайиб, оғир жиноятлар содир этиш ҳоллари авж олди.

Президентимиз ташаббуси билан бу фожиаларга чек қўйилди. Мустақиллигимиз шарофати билан Ўзбекистон йигитларининг чет ўлкаларга ҳарбий хизматга юборилиши тўхтатилди. Кейинчалик ҳарбий хизмат муддати қисқартирилди.

Бугун фарзандларимиз олис ўлкаларда эмас, ўз юртимизда ҳарбий хизматни ўтамоқда. Бугун харбий хизмат ҳақиқий маънода йигитлик бурчи, олий шарафга айланди. Ҳар бир она ҳарбий хизматни ўтаётган аскар ўғлидан фахрланади, ғурурланади...

Ҳақиқатан ҳам, биз эски мустабид тузум, унинг асоратлари ва мафкурасидан бутунлай воз кечиб, тобелик ва қарамлик даврига барҳам бериб, бугун ўзининг куч-қудрати ва салоҳиятига таянган, ўз сарҳадлари, халқининг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоялашга қодир бўлган давлатга айландик. Бу ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ, албатта. Бу ютуқлар ортида қанча меҳнат, жасорат, энг муҳими, одил ва узоқни кўзланган сиёсат турибди. Дунё тажрибаси кўрсатмоқдаки, кўплаб мамлакатлар бундай даражага бир неча ўн йиллар давомида эришган.

Тинчликда ўтган ҳар бир кун азиз... Халқимизни, айниқса, аёлларимизни қадрлаётган мустақиллигимизнинг ҳар бир кунига шукрона айтамиз. Мактабда ўқиб юрган кезларим ёдимда. Биз, мактаб ўқувчиларини ҳам бошқа хотин-қизлар қатори мажбурлаб далага ғўза чопиққа, пахта теримига олиб чиқишарди. Қуёш бош кўтармасдан то қош қорайгунча даладан бери келмасдик. Ҳатто ёш болали аёллар ҳам дов-дарахт тагидаги «дала-боғча»га чақалоғини қолдириб, «норма» бажарар эди...

Бугунги ёшлар ишониши қийин, ноябрь, декабрь ойларида қор босган далаларда эркаклар олдинда юриб, катта ёғоч билан ғўзалардан қорни қоқишарди, биз, қизлар-аёллар музлаб қолган пахта қолдиқларини не машаққатлар билан териб олар эдик.

Шукрона айтиш керакки, мустақилликка эришгач, бу азобларнинг барчаси ортда қолди. Хонадонларимизни меҳр-муҳаббат, нафосат, эзгулик нури билан мунаввар этиб турадиган аёл зотига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Буни биргина давлатимизнинг энг олий ва шарафли мукофоти — «Ўзбекистон Қахрамони» унвонига 13 нафар аёл муяссар бўлгани ҳам яққол тасдиқлайди.

Олий Мажлис Сенатига 15 нафар аёл аъзо, Қонунчилик палатасида 33 нафар аёл депутат сифатида фаолият олиб бораётгани аёлларимизнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида, қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятида фаол иштирок этаётганини кўрсатади.

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллигига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида»ги қарорини ўқир эканман, хаёлимдан ана шу ўйлар бирин-кетин ўта бошлади.

Қарорда бугунги кунда олиб борилаётган маънавий-маърифий фаолиятимизнинг асосий маъно-мазмунини, аввало, биз танлаган тараққиёт йўлининг ҳар томонлама тўғри ва ҳаётий йўл эканлигини, янги демократик давлат, фуқаролик жамияти қуриш борасида биз эришган ютуқларнинг моҳияти ва аҳамиятини юртимиз аҳолиси, қолаверса, жаҳон жамоатчилигига етказиш, уларнинг қадр-қимматини чуқур англашга алоҳида эътибор қаратишга урғу берилган.

Бугун дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган қарама-қаршилик ва тўқнашувларни, вайрон бўлаётган шаҳар ва қишлоқларни, тинч аҳолининг қони тўкилаётганини кўриб, Ўзбекистоннинг оддий фуқароси сифатида шуни айтаманки, энг олий саодатимиз — мустақиллигимиз. Энг катта бойлигимиз — тинчлигимиз. «Ягонасан, муқаддас ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!» деган сўзлар бугун ҳар биримизга ғурур-ифтихор, куч-қувват бағишлайди.

Бугун бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратиш бахтига сазовор аёлларнинг ҳаётдан шод юз-кўзларига қараб, замонавий таълим-тарбия масканларида вояга етаётган бахтли авлодга қараб Ўзбекистон келажаги буюклигига яна бир бор ишонч ҳосил қиласан, киши.

Ҳафиза КАРИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.