16.08.2014

АСАКА АВТОЗАВОДИ — ИСТИҚЛОЛНИНГ ДАСТЛАБКИ МЎЪЖИЗАСИ

1992 йили мана шу заводни қуриш ҳаракатини бошлаганимизда, мен Худо хоҳласа, 3 йилдан кейин шу корхонада ўзимизнинг автомобилларимиз чиқа бошлайди, деганимда, яширишнинг ҳожати йўқ, кўпчилик, айниқса, узоқ-яқинлардаги мухолифларимиз ишонишмаган эди. Мана, энди бугун ўзингиз кўриб турибсиз, бир-биридан гўзал машиналаримиз халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш билан бирга, шаҳар-қишлоқларимизнинг қиёфасини ҳам бутунлай ўзгартириб юборди.

Ислом КАРИМОВ

Президентимизнинг ташаббуси билан асос солинган автомобиль корхонаси бугун халқимизнинг ғурур ва ифтихорига айланди. Ўзбекистон автомобиль ишлаб чиқарувчи дунёдаги саноқли 28 давлат қаторидан жой олди. «Дамас», «Матиз», «Нексия», «Спарк», «Ласетти», «Эпика», «Каптива», «Кобольт» русумли автомобилларга халқаро бозорда ҳам талаб тобора ортиб бормоқда.

Асака автомобиль заводи янги ишга тушган пайтларда кўпчилик бу муҳим корхона нега айнан шу ҳудудда қурилгани билан қизиққан эди. Андижон мамлакатимизнинг аҳоли энг зич яшайдиган вилоятларидан саналади. Ўзбекистон ер майдонининг бир фоизинигина эгаллаган ҳолда аҳолиси мамлакат аҳлининг 9 фоизини ташкил этади. Андижонда янги иш ўринлари яратиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳар доим долзарб масала ҳисобланган.

Автомобилсозлик заводини қуриш учун айнан Асака шаҳрини танлашда бу ердан темир йўл ўтганлиги, тракторлар учун прицеплар ишлаб чиқарадиган корхона мавжудлиги эътибордан четда қолмади. Энг муҳими, Буюк ипак йўли, Қирғизистон, Хитой, у ёғи Кореяга қадар йўл ҳам Асака орқали ўтади. Президентимиз Ватанимизнинг ҳар бир қарич ери, тупроғи ва имкониятларини яхши билгани туфайли автомобиль заводини айнан Асакада барпо этиш таклифини илгари сурди ва амалда бунга эришилди.

Асакадаги илк музокараларда «ДЭУ» корпорацияси президенти бу ерда фақат йиғиш заводи қуриш таклифини илгари сурганида, Президентимиз бизга автомобиль ишлаб чиқарадиган завод керак, деган қатъий позицияда тургани ва ўз фикрини ўтказа олганлигини кўпчилик яхши эслайди...

1996 йилнинг 19 июлини яхши эслайман. Асака шаҳрининг кенг ва равон кўчалари гулларга тўлди. Одамларнинг руҳи тетик, ҳамма байрам кайфиятида. Шу куни шаҳримиз кўчаларига ўзимизнинг автомобиллар кириб келди. Корхона конвейеридан чиққан илк автомобиллар дилларни қувонтирди. Президентимиз Ислом Каримов Жанубий Кореянинг «ДЭУ» корпорацияси президенти (ўша пайтдаги) Ким У Жун жаноблари билан мана шу катта тантанада қатнашди. Бу — мус­та­қиллик тантанаси, мамлакатимизда бошланган улуғ ишларнинг тантанаси эди. У истиқлолнинг дастлабки мўъжизаларидан эди.

Асака автомобиль заводи ишга тушгандан буён ўтган 18 йил ичида ўзбек автомобиллари Россия, Қозоғистон, Белорусь, Озарбайжон каби давлатлар бозорига дадил кириб борди. Автомобиль заводининг хорижий мамлакатларда дилерлик марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

2008 йил март ойида завод негизида «Ўзавтосаноат» акциядорлик компания­си ва «General Motors» корпора­ция­си таъсисчилигида янги «GM Uzbekistаn» қўшма корхонаси ташкил этилди. Бунинг натижасида ўзбек автомобиллари янада замонавий ва кўркам автомобиль моделлари ҳисобига кенгая бошлади.

Мутахассисларнинг ва тажрибали ҳайдовчиларнинг фикрича, бизнинг автомобиллар 400-500 минг километр юрганидан сўнг таъмирлашга эҳтиёж сезаркан. 1970-80-йилларда фойдаланилган машиналар эса атиги 100-200 минг километрдан кейиноқ таъмирталаб бўларди.

Асака автомобиль заводини ёшлар корхонаси, деб бемалол айтса бўлади. Ишчиларнинг аксарияти маҳаллий йигит-қизлар. «GM-Uzbek­istan» ёпиқ акциядорлик жамиятига Асака автомобилсозлик касб-ҳунар коллежи ва кўплаб касб-ҳунар масканларида кичик мутахассислар тайёрланяпти. Андижон машинасозлик институти корхона учун кадр­лар тайёрлаш базаси ҳисобланади.

«GM-Uzbekistan» ёпиқ акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда фаолият юритаётган корхоналар кўп. Бу корхоналарда автомобилсозлик учун бутловчи қисм­лар тайёрланмоқда. Дарвоқе, бир муҳим жиҳат, автомобилсозликда яратилган бир янги иш ўрни бош­қа турдош соҳаларда камида етти иш ўрнини ташкил этиш имконини беради. Автомобиль ишлаб чиқаришнинг барча технологик жараёнлари ком­плекс равишда ривожлантирилиши юртимизда машинасозлик, металлургия, радиоэлектроника, нефтни қайта ишлаш, кимё ва тўқимачилик саноати соҳасини тараққий эттиришга ёрдам бермоқда.

Бугунги кунда «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси таркибидаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари Асака автомобиль заводини бутловчи мате­риаллар билан таъминлайди. Минглаб ёшлар муқим ишли бўлишган. «Ўз­ДонгЖу» қўшма корхонасида тайёрланган турфа бўёқлар автомобилларнинг кўркига-кўрк қўшмоқда. Бундай ҳамкор корхоналарнинг сони талайгина.

– Корхонамиз энг янги русумдаги автомобиллар билан бемалол рақобатлаша оладиган енгил машиналар ишлаб чиқариш имконияти ва қувватига эга, — дейди «GM-Uzbekistan» ёпиқ акциядорлик жамияти ишлаб чиқариш технология­­си бўлими бош технологи, Ўзбекистон Қаҳрамони, ЎзХДП фаоли Ҳасанбой Қосимов. — Жамоамизнинг мутахассис-ишчилари замонавий технологияларни тез ўзлаштирди. Уларнинг янги-янги таклифлари билан маҳсулотларимиз такомиллаштирилмоқда. Асака автомобиль заводида ташқи бозор талабидан келиб чиқиб, тайёрланаётган автомобилларга «Эра Глонасс» тизимини жорий қилиш юзасидан амалий ишлар олиб бориляпти. Дунё бозорига чиқарилаётган автомобиллар келгуси йилдан бошлаб шундай тизим билан жиҳозланади. Мазкур тизим автоҳалокат содир бўлганда, тегишли қутқарув хизматларини зудлик билан огоҳлантириш вазифасини бажаради.

— Корхонамиз ютуқларида партиядошларимизнинг муносиб ҳиссаси бор, — дейди корхонадаги ЎзХДП бошланғич партия ташкилоти раиси Равшанбек Бобобеков. — Партия ташкилотимизда минг нафарга яқин аъзо бор. Улар масъулиятли участ­каларда меҳнат қилмоқда. Яқинда сафимизга яна 20 нафар ёш қўшилди.

Автомобилсозлар ижтимоий ёрдам кўрсатиш масаласида ҳам ибратли ишларни амалга оширмоқда. Мактабгача тарбия муассасалари, ўқув даргоҳлари, меҳрибонлик уйларига моддий ёрдам кўрсатилиб келиняпти.

Яқинда қадрдоним олтинкўллик Тоҳиржон Ражабовни учратдим. Узоқ йиллар жамоа ва ширкат хўжаликларида оддий кетмончи бўлган. Истиқлол йилларида ўғилларини, қўни-қўшниларини ёнига олиб, фермер хўжалиги ташкил қилди, номи – «Истиқлол».

— Яқинда «Дамас» олдим. Бизнинг машиналар учқур, камхарж, чидамли, рўзғорбоп ҳисобланади. Насиб қилса, бу йил даромадимиз янада катта бўлади. Чунки донимиз мўл бўлди. Ғўзамиз ҳам ёмон эмас, кузда уялмаймиз. Демак, даромадимиз ҳам меҳнатимизга яраша бўлади. Шу кунларга етказганига шукр!

Бу сўзлар барча андижонликнинг, келажакдан кўнгли тўқ, умиди катта юртдошларимизнинг дил изҳори.

Аҳмадилло СОЛИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.