14.08.2014

БИЗ АҲОЛИНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА ЭҲТИЁЖМАНД ҚАТЛАМИ МАНФААТИ УЧУН КУРАШАМИЗ

«Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари бирлашган таҳририятида «Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастури ижроси: электорат манфаати — биз учун энг устувор масала» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда партиянинг Тошкент шаҳри, Тошкент, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари фаоллари иштирок этди.

Давра суҳбатини «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири Сафар Остонов олиб борди.

— Ҳар бир сиёсий пар­тия, аввало, Сайловолди дас­тури қай даражада ҳаё­тийлиги ва унинг ижроси билан жамиятда обрў-эътибор қо­зонади. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида бозор иқтисодиёти шароитида энг муҳим масалалардан бири — аҳолининг ижтимоий ҳи­мояга эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, ҳимоя этишни ўз зиммасига олган. Дастур мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, партиямиз ғояси халқимиз табиатига хос бўлган меҳр-оқибат, бағрикенглик, ёр­дамга муҳтожни суяш каби инсонпарварлик тамойиллари билан йўғрилган. Масаланинг иккинчи томони, биз сайловчиларга берган ваъдаларни қай даражада бажараяпмиз, Сайловолди дас­тури ижросини таъминлаш бўйича қандай ишларни амалга оширдик, қайси масалаларга янада кўпроқ эътибор қаратишимиз лозим?

Бугунги давра суҳбатидан кўзланган мақсад ана шу саволлар атрофида фикр-мулоҳаза юритиш, таклифлар билдиришдир.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва ижро этишдаги фаол иштирокини таъминлаш — ЎзХДПнинг келгуси даврдаги ­стратегик сиёсий вазифаси ҳисобланади.

ЎзХДП Сайловолди дастуридан.

Ўтбосар АБДИЕВ, «Нуроний» жамғармаси Сирдарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

– Партия ғояларини амалга оширишда депутатлар катта куч ҳисобланади. Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашида ЎзХДП вакиллари ҳисобланган 13 нафар депутат фаолият олиб боради. Партия гуруҳимиз Сайлов­олди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс дастурларни тайёрлаш ва амалга ошириш ишларида фаол қатнашмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сирдарё вилоят кенгаши ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги гуруҳи ҳамкорликда Вилоятнинг туман ва шаҳарларида замонавий йўл ва ком­муникация тармоқларини барпо этиш, аҳоли пункт­ларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, коммунал хизмат соҳасидаги муаммоларни ечиш, бу борадаги мутасадди идоралар фаолиятини, давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги сама­радорлигини ошириш юза­­­­сидан таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича ҳаракат дастури ло­йиҳасини ишлаб чиқдик ва сессия муҳокамасига киритдик. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўтган йил 22 январда бўлиб ўтган XXIV сессиясида мазкур ҳаракат дастури қабул қилинди.

Бизнинг депутатларимиз ташаббуси билан халқ депутатлари барча туман ва шаҳар Кенгашлари ҳам мазкур масалани кўриб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилди. Бунинг натижасида қишлоқ аҳоли пункт­ларини тоза ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш дастури асосида 20,7 км. ичимлик суви тармоқларини янгилаш ва инвестиция дастурига асосан республика бюджети ҳисобидан 18 та тик қудуқ қазиш, 13 та сув минораси ўрнатиш, 89,4 км. янги сув қувурлари тортиш, ушбу қурилиш ишларига ажратилган 7680,0 млн. сўм маблағ мақсадли сарфланиши устидан жамоатчилик ва депутатлик назорати изчил амалга оширилди.

Бу тажриба ҳар томонлама ўзини оқлагани боис халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашининг 2014 йил 17 февралдаги сес­сия­си кун тартибига «Хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантириш даражасини янада ошириш, аҳолига янги, замонавий ва сифатли хизмат турлари кўрсатиш, иқтисодий ўсишни таъминлаш орқали биринчи навбатда қишлоқ жойларида бандлик масаласини ҳал этишда давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш юзасидан таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш бўйича ҳаракат дастури тўғрисида»ги масалани киритдик. Бу ҳақда сессиянинг тегишли қарори қабул қилинди. Айни пайтда юқорида кўрсатилган йўналишлар бўйича депутатлик назорати изчил амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, ўтган йиллар давомида партия гуруҳимиз аъзолари жами 274 марта давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларига депутатлик сўрови юборган. Эътибор беринг, шундан 49 таси айнан қонунлар ва бошқа давлат қарорларининг ижроси масаласига қаратилган. Ижтимоий аҳамиятга эга 17 та долзарб масалани доимий комиссиялар муҳокамасига олиб чиқдик. 4 марта вилоят Кенгаши сессияларида давлат ҳокимияти ва бошқ­аруви органлари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаш ташаббусини илгари сурдик, 4 та долзарб ижтимоий масалани сессиялар кун тартибига киритдик. Буларнинг барчаси партиямиз Сайловолди дастури ижроси, электоратимиз манфаати билан бевосита боғлиқ.

Бундай мисоллар бошқа вилоятларда ҳам оз эмас, албатта. Шу ўринда бир таклиф айтмоқчиман. Пар­тия гуруҳларининг бундай ибратли тажрибаларини оммалаштиришга кўп­роқ эътибор қаратиш лозим.

 

Ёзбекистон Халқ демократик партияси ўзининг дастурий мақсадларини, биринчи навбатда, Ўзбекистонда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегиясининг ижтимоий устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда белгилайди.

ЎзХДП Сайловолди дастуридан.

Нурмуҳаммад АБДУЛЛАЕВ, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Зангиота туман бўлими раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

– Халқ депутатлари Зангиота туман Кенгашидаги жами 52 нафар депутатдан 31 нафарини ЎзХДП вакиллари ташкил этади. Партия гуруҳимиз янги иш ўринлари яратиш бўйича ўз таклифлари билан чиқмоқда. Маълумки, туманимиз боғдорчиликка ихтисослашган. Биз соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда ишчи гуруҳи тузиб, узумзор ва мевали боғлар ҳосилдорлигини ошириш, янги токзор ҳам­да боғлар ташкил этишнинг аҳволини ўрганиб чиқдик. Албатта, бу борада ҳукуматнинг тегишли қарорлари асосида кенг миқёсли ишлар олиб борилаяпти. Интенсив боғларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Аммо ўрганиш натижалари кўпгина боғлар ва узумзорлар кексайиб, ҳосилдорлиги пасайиб кетгани, айрим боғларда парвариш кўн­гилдагидек эмаслиги, янги боғлар барпо этиш масаласига баъзи жойларда лоқайд қаралаётганини кўрсатди.

Биз бу масалани, аввал, депутатлик гуруҳимиз йиғилишида мутахассислар, партия фаоллари иштирокида батафсил муҳокама қилдик, таклифларимизни ишлаб чиқдик. Ке­йин уни тегишли доимий комиссия мажлиси кун тартибига ва сессия муҳокамасига киритдик.

– Шу ўринда бир саволга аниқлик киритсак, бу ишлардан партиямиз электорати қандай манфаат кўради?

— Аввало, янги боғлар, узумзорлар ташкил этилиши билан қўшимча иш ўринлари пайдо бўлади. Иккинчидан, бозорларимиз мева-чевага янада тўлади ва нарх-наво арзонлашади, халқимизнинг озиқ-овқат таъминоти янада яхшиланади. Бундан ташқари, мева-сабзавот етиштириш ҳажмининг кўпайиши уларни қайта ишлаш бўйича кўплаб корхоналарни барпо этиш­га олиб келади. Натижада партиямиз электорати вакиллари иш билан таъминланади, барқарор даромад манбаига эга бўлади. Ички бозор эҳтиёжидан ортган маҳсулотлар четга экспорт қилиниши эса мамлакатга кириб келаётган валюта ҳажмини янада оширади.

Айни пайтда сессия қарори асосида кенг миқ­ёсли ишлар изчил олиб борилаяпти. Биз қарор бажарилишини назорат қилаяпмиз ва маълум муд­датдан кейин унинг натижаларини яна бир бор ўрганиб, зарур, деб ҳисобласак, сессия муҳокамасига қайта олиб чиқамиз.

2010-2014 йилларда партиямиз Сайловолди дастури ижроси, электорат манфаати, туманнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти билан бевосита боғлиқ, ижтимоий аҳамияти юқо­ри бўлган 4 та масалани халқ депутатлари туман Кенгашининг турли доимий комиссиялари, 5 та масалани эса сессиялар муҳокамасига киритдик.

Ўз тажрибамиздан келиб чиқиб таклиф айтмоқчиман. Республикамиз турли ҳудудларида эски боғлар бор. Депутатларимиз уларнинг фойда-зарарини ўрганиб, масалани сессияларга олиб чиқса, бундан фақат фойда кўрилади.

Ёзбекистон ХДП қонунчилик томонидан берилган имкониятдан фойдаланиб, хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича чоралар кўрилишига кўмаклашади.

ЎзХДП Сайловолди дастуридан.

Жамила ШУКУРАЛИЕВА, «Фаол аёллар» қаноти Жиззах вилоят бўлими етакчиси:

— Партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган ҳамда «Фаол аёллар» қаноти олдида турган энг муҳим йўналишлардан бири хотин-қизларни иш билан таъминлаш ҳамда улар саломатлигини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Тажрибадан яхши маълумки, аёллар бандлигини таъминлаш кўпгина ижтимоий муаммолар келиб чиқишининг олдини олади. Шуни ҳисобга олиб, ви­лоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда бош­қа давлат ва нодавлат ташкилотлари, депутатларимиз ҳамкорлигида айнан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида турли тадбирларни амалга ошираяпмиз.

— Ушбу масалалар билан боғлиқ амалий ишлардан мисоллар келтириб ўтсангиз.

— «Аёллар бандлиги — обод турмуш гарови» лойиҳаcи доирасида оилавий тадбиркорлик, якка тартибдаги меҳнат фао­лия­ти, касаначилик меҳнатини ташкил этиш бўйича қонун билан белгиланган имтиёз ва кафолатлар тўғрисида маълумотлар, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, меҳнат дафтарчалари ва жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаларини расмийлаштириш, юритиш ва ундан фойдаланиш тартибларини тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳанинг амалий натижаси сифатида ўтган йил давомида ҳамда жорий йилнинг шу даврига қадар 266 нафар хотин-қиз касаначилик, оилавий тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда иш билан таъминланди.

«Соғлом бола соғлом оилада камол топади» лойиҳаси асосида биз ­вилоятдаги 169 та ҚВП ҳамда 5 та оилавий полик­линика фаолиятини ўрганиб чиқаяпмиз. Уларнинг моддий-техник базаси, мутахассислар билан таъминланганлик даражаси, яратилган шарт-шароитлар ўрганилмоқда. Мисол учун, Мирзачўл туманидаги 4 та ҚВПда терапевт ва окулист мутахассислари йўқлиги аниқланди ва уларни тегишли мутахассислар билан таъминлаш масаласи юзасидан депутатларимиз соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаат этишди. Натижада бу масала ижобий ҳал этилди. Бизнинг хулосаларимиз ҳамда таклифларимиз ҳисобга олиниб, жорий йилда 4 та қишлоқ врачлик пунктини таъмирлаш ишлари тегишли дастурларга киритилди.

Партиямиз Ҳаракат дастурида 4 та туманда она ва бола саломатлигини мус­таҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялаш масалаларини ўрганиш ҳамда унинг натижалари бўйича халқ депутатлари Кенгашлари сессиялари кун тартибига масалалар киритиш вазифаси белгиланган. Айни пайтда «Фаол аёллар» қаноти ва депутатлар бу борада изчил иш олиб бормоқда.

Бу ишлар партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган хотин-қизлар манфаатлари билан боғлиқ вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашнинг бугунги босқичида амалга оширилаётган ўзгаришлар самарадорлиги, кўп жиҳатдан бутун халқнинг ушбу жараёнлар мақсад ва вазифаларини тўғри тушунишига боғлиқ.

ЎзХДП Сайловолди дастуридан.

Фарҳод МУСУРМОНҚУЛОВ, Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши Тарғиботчилар гуруҳи аъзоси:

— Партиямиз Сайловолди ваъдалари, ғоялари ҳаётда ўз ифодасини топиши кўп жиҳатдан тарғибот-ташвиқот ишларига боғлиқ. Одамлар бизнинг Сайловолди дастуримиз, ғояларимиз ҳаё­тий, инсонпарвар, долзарб эканини чуқур ҳис этса, уларни шунчалик фаол қўллаб-қувватлайди.

Бугунги кунда вилоят партия кенгаши тарғиботчилар гуруҳи 21 нафар аъзодан иборат. Туман, шаҳар кенгашлари тарғиботчилар гуруҳларида 127 нафар тажрибали тарғиботчи фаолият олиб боради. Тарғибот ишлари самараларини рақамлар билан кўрсатиш қийин. Лекин айнан тарғибот тадбирларимиз натижасида партиямизнинг хайрихоҳлари, тарафдорлари сони ортиб бораётганини кузатиш мумкин. Мисол учун, биргина жорий йилнинг ўтган етти ойи давомида 550 нафар йигит-қиз пар­тиямиз сафига қабул қилинди.

Бироқ яширишнинг ҳо­жати йўқ, айрим жойларда тарғибот ишлари ҳамон эскича усулда, яъни мажлисбозлик, маърузабозлик тартибида ўтмоқда. Бунга мутлақо чек қўйиш керак. Тарғибот ишлари эркин фикрлаш, баҳс-мунозара асосида ташкил этилса, жонли ўтади, одамларга фойдаси тегади.

ЁзХДП фаолияти бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтиш даврида жамият ва давлатнинг алоҳида қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олиш, ифодалаш ва ҳимоя қилишга йўналтирилган.

ЎзХДП Сайловолди дастуридан.

Диёр МУРОДОВ, Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Электорат муаммоларини ўрганишда Жамоатчилик қабулхоналари муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни чоғда партия билан электорат вакилларини боғлаб турувчи восита сифатида ҳам эътироф этилмоқда. Биргина 2013 йилда вилоят бўйича Жамоатчилик қабулхоналарига 442 та мурожаат тушган. Партия ташкилотлари, депутатларимиз саъй-ҳаракатлари билан, турли идоралар кўмагида уларда кўтарилган 346 та муаммо ҳал этилди. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида жами 261 та мурожаат тушган бўлиб, шулардан 222 тасида кўтарилган масалалар давлат идоралари ва бошқа ташкилотлар ёрдамида ўз ечимини топди.

Умуман олганда Жамоатчилик қабулхоналари жойларда учрайдиган ижтимоий масалаларни чуқур ўрганишнинг амалда синалган ва ўзини оқлаётган усули бўлиб хизмат қилаяпти. Тушган мурожаатларда кўтарилаётган энг долзарб масалаларни таҳлил этиб, жорий йилнинг шу даврига қадар халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари ташаббуси билан 8 та масала сессиялар муҳокамасига киритилди. Бу электоратимизнинг кўпгина вакилларини қийнаётган бир хилдаги ёки бир-бирига боғлиқ, бир-бирига яқин муаммолар маълум бир ҳу­дуд миқёсида комплекс ҳал этилишига олиб келмоқда.

— Мурожаатлар асосан қайси масалаларда кўпроқ тушмоқда?

— Таҳлиллар кўрсатаяптики, бўлаётган мурожаатлар орасида энг кўпини ишга жойлашиш масаласи ташкил этаяпти. Биз қўшимча иш ўринлари ташкил этилишини янада кўпайтириш, бу борада мавжуд имконият ва ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари устида изчил иш олиб бораяпмиз. Ўтган йили вилоятда иқтисодий ночор, камқувватли ва фаолият кўрсатмаётган корхоналар ҳамда бўш турган объектлар негизида ишлаб чиқаришни ривожлантириш билан боғлиқ масала партия гуруҳимиз ташаббуси билан халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида муҳокама этилган эди. Сессия­да қабул қилинган қарор асосида ишчи гуруҳи тузилди. Тегишли тартибда вилоятда барча бўш турган объектлар хатловдан ўтказилди.

Натижада 63 та камқувватда ишлаётган, 23 та фаолият кўрсатмаётган корхона, 130 та бўш турган, 42 та аввалги хусусийлаштириш дастурига киритилган, аммо бугунги кунда бўш турган, 44 та қурилиши тугалланмаган объект ҳамда 20 та фойдаланилмаётган ер майдонлари мавжудлиги аниқланган. Буларнинг барчаси ҳисобга олиниб, енгил саноат йўналишида 37 та, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 52 та, қурилиш саноатида 22 та, хизмат кўрсатиш йўналишида 123 та ва бошқа соҳаларда 22 та лойиҳа юзасидан иш олиб бориш белгиланган. Умуман, вилоят бўйича жами 256 та корхонага инвестициялар, банк кредит маблағларини жалб қилиш режалаштирилган. Уларнинг амалга оширилиши натижасида 3560 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган.

Яқинда депутатларимиз мутахассислар иштирокида сессия қарори ижросини ўрганди ва бир қатор камчиликларни аниқлади. Айрим туманлардаги корхоналарда дастурда белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши тўлиқ таъминланмаган. Биз бу масалани яна халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси муҳокамасига киритишни режалаштирдик.

Партия қўшимча ижтимоий ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган кишилар сафининг босқичма-босқич камайиб боришини жамият фаровонлиги ўсишининг асосий кўрсаткичларидан бири, деб ҳисоблайди.

ЎзХДП Сайловолди дастуридан.

Нодира ШАРИПОВА, Олмазор тумани «Себзор» маҳалла фуқаролар йиғинидаги бошланғич партия ташкилоти етакчиси:

— Бошланғич ташкилотимизда маҳалламизда истиқомат қиладиган 18 нафар аъзо ҳисобда туради. ­Сиёсий партиянинг маҳалладаги қуйи бўғинининг энг асосий вазифаларидан бири ижтимоий вазият, электорат манфаати билан боғлиқ масалаларни, одам­­лар ҳаётидаги ўзгаришлар тенденцияларини доимий равишда ўрганиб, юқори партия ташкилотлари, депутатларга етказиб туришдан иборатдир. Чунки, партия ўз сиёсатини, узоқ ва яқин муддатга мўл­жалланган ҳаракат дас­турларини белгилаб олишида одамларнинг кайфиятини, электоратнинг фикр ва таклифларини, ислоҳотлар қуйида ўзининг қандай натижаларини кўрсатаётганини, албатта, ҳисобга олиши, шарт. Шу сабабли ҳам биз бу борада туман пар­тия кенгаши, депутатларимиз билан яқин ҳамкорликда иш олиб борамиз.

Бизнинг таклифимиз билан ЎзХДП Олмазор туман кенгаши халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партиямиз гуруҳи аъзолари иштирокида маҳалламизда бир неча бор кўчма Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этди. Кам даромадли, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилалар вакилларидан тушган ўнлаб мурожаатларда кўтарилган масалалар улар ёрдами билан ўз ечимини топди.

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби бизнинг маҳалла ҳам йил сайин обод бўлиб бормоқда. Янги савдо дўконлари, тўйхоналар, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари, спорт майдончалари барпо этилмоқда. Буларнинг ҳаммаси керак, албатта. Аммо бизда бир фикр туғилди: маҳаллада нега болалар кутубхонаси ташкил этиш ҳақида ўйламаяпмиз? Биз айнан шу ташаббус билан чиқдик. Маҳалла оқсоқоли, туман партия кенгаши фикримизни қўллаб-қувватлади. Энди ишни охирига етказиш ҳаракатидамиз.

Ҳозир партиядошлар сўзларини тинглаб, менда бир таклиф туғилди. Яхши тажрибага эга бошланғич ташкилотлар кўп. Лекин етарли тажрибага эга бўлмаган қуйи бўғин етакчилари ҳам оз эмас. Шу боис бошланғич ташкилотлар етакчилари учун ҳудудий семинарлар ташкил этиб борилса, яхши бўлар эди.

Шунингдек, давра суҳбатида халқ депутатлари Юқори Чирчиқ туман Кенгаши депутати Гулчеҳра Ўтбосарова, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгашининг аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиёсат масалалари бўлими мудири Маъмура Ҳафизова, «Истиқбол» ёшлар қаноти Бекобод туман бўлими етакчиси Зойир Аҳмедов, ЎзХДП Мирзо Улуғбек туман кенгаши раиси Самариддин Аъламовлар ҳам иштирок этишди. Уларнинг фикр-мулоҳазалари газетамизнинг навбатдаги сонларида алоҳида-алоҳида бериб борилади.

— Ҳар бир партиянинг кучи, нуфузи, аввало, унинг амалий ишлари билан баҳоланади, — деди давра суҳбати якунида Сафар Остонов. — Бу ерда келтирилган мисоллар, билдирилган фикрлардан кўриниб турибдики, партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижроси бўйича жойларда кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Партия ташкилотлари ва депутатларимиз электорат манфаатини муносиб ҳимоя қилиш учун астойдил курашмоқда. Биргина давра суҳбатида бу ҳақда батафсил тўхталишнинг имкони йўқ, албатта. Шу боис Сайловолди дастури ижроси бўйича жойлардаги ташаббуслар, уларнинг ҳаётий самаралари ҳақида бошланғич ташкилотлар етакчилари, партия кенгашлари раҳбарлари, депутатларимиз ҳамда бошқа фаолларимиз таҳририятимизга ёзиб юборса, миннатдор бўлар эдик.

Бекзод ШУКУРОВ,

Гулруҳ ОДАШБОЕВА тайёрлади.



DB query error.
Please try later.