Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
14.08.2014

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН: УЛКАН ЛОЙИҲАЛАР ВА БУНЁДКОРЛИКЛАР

Бугун Қорақалпоғистон Республикаси катта қурилиш майдонига айланган. Уст­юрт кенгликларидаги «Сур­ғил» кони негизидаги ­Устюрт газ-кимё мажмуаси, Қўнғирот сода заводининг иккинчи бос­қичи, «Ғузор-Бухоро-­Нукус-Бейнеу» халқаро магистраль автотрассаси, ­Та­хиатош иссиқлик электр станциясидаги ­реконструкция ишлари, намунавий лойи­­­­ҳ­алар асосидаги қишлоқ турар-жойлари ва давлат инвестиция дастури асосидаги йирик ижтимоий объектлар...

Яна бир мисол. Президентимиз раҳнамолигида ва Ҳукумат дастурлари асосида 2014-2016 йилларда Нукус шаҳри ва Беруний туманида 1 триллион 300 миллиард сўмлик реконструкция ва қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилиши назарда тутилган. Ҳозирги пайтда Нукус шаҳрида турар-жойлар қуриш, «Дўстлик» каналининг икки қирғоғини ободонлаштириш ишлари қизғин бормоқда. Шунингдек, 2014 йилнинг ўтган даври мобайнида 25 кўп қаватли уй қад кўтарди.

— Бу йил Республика бўйича давлат инвестиция дастури асосида 101 йирик объект қурилиши белгиланиб, унга 100 миллиард сўм маблағ ажратилган, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши буюртмачи хизмати инжиниринг ком­пания­си техник назорати бўлими мутахассиси Одилбой Сайманов. — Уларнинг кўпчилиги Мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилади.

Нукус шаҳри марказидаги «Тошкент» меҳмонхонасидан эски шаҳар томон Қорақалпоғистон кўчаси бўйлаб ўтар экансиз, «Дўстлик» канали кўпригидан бошлаб, замонавий ихчам ва кўркам 4 қаватли турар-жойлар кишини ўзига мафтун этади. Бу уйларнинг бири «Нукус цемент қурилиш» масъулияти чекланган жамиятининг қўли гул қурувчилари томонидан қад ростламоқда.

— 32 хонадонга мўлжалланган, 4 қаватли турар-жойнинг лойиҳа қиймати 5 миллиард 600 миллион сўмни ташкил этади, — дейди МЧЖ иш юритувчиси Ўринбой Камолов. Бу уйларда яратилган шарт-шароитлар одамларга жуда ҳам маъқул бўляпти.

 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» халқаро магистрал автотрассасининг реконструкция ишларига жиддий аҳамият қаратилмоқда. Унинг 723, 743, 757, 762 ва 765-километр оралиғида ишлар қизғин. Бу қурилиш ишларига 39 миллиард сўм маблағ ажратилган.

— Нукусдаги бунёдкорликлар Ватан равнақи, юрт келажаги, ҳаёт фаровонлиги йўлидаги улкан ишлардан ҳисобланади, — дейди ЎзХДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Қуватбой Қурбанбоев. — Дастурга мувофиқ шаҳар ҳудудини кесиб ўтувчи «Дўстлик» каналининг 2,5 километр қисмида йирик қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу ҳудудда аквапарк ва мусиқали фавворалар, спорт майдончалари, савдо ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши режалаштирилган. Шаҳар ҳудудидаги эски уйлар ўрнида замонавий 54 та 4 қаватли турар-жойлар қад кўтаради. Бу ишларнинг ҳаммаси халқимизга муносиб турмуш шарои­ти яратиб бериш мақсадида қилинмоқда.

УСТЮРТ КИМЁ МАЖМУИ: ГЛОБАЛ БИТИМ, ГЛОБАЛ ЛОЙИҲА

Қорақалпоғистондаги бунёд­корликлар ҳақида гап кетганда, Устюрт газ-кимё мажмуаси ҳақида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Лойиҳанинг умумий баҳоси 3 миллиард 892 миллион долларлик бу корхона Корея компаниялари консорциуми қатнашувида «ЎзКоргазкемикал» қўшма корхонаси билан ҳамкорликда ташкил қилинмоқда. Биринчи навбатда қурувчилар учун турар-жой, газдан ажратиш, полимер ва этилен заводлари, 6 ва 110 киловольтлик электр ва 103 километр узунликдаги Тахиатош-Қўнғирот ва Қўнғирот-Устюрт газ-кимё мажмуасига 50 кило­метрлик техник ва ичимлик сув билан таъминловчи ўтказгичлар тортилмоқда. Шунинг­дек, мажмуага темир ва автомобиль йўллари туташтирилди. Режа бўйича мажмуа 2016 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топширилади. Мажмуа қурилиш майдонларида «ЎзКоргазкемикал» қўшма корхонаси билан Кореянинг «Самсунг», «Хюндай» ва «Жи-Эс инжиниринг» компанияларининг бўлимларида 6 мингдан кўпроқ одам ишлайди, шундан 4 минг нафарини маҳаллий аҳоли вакиллари ташкил қилади.

Ушбу мажмуа Ўзбе­кистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигининг юксак намунасидир. Унинг амалга оширилиши натижасида йилига 4,5 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш ҳисобидан 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз бензини ва бош­қа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради. Устюрт газ-кимё мажмуаси нефть-кимё соҳасида дунё­даги энг йирик лойиҳалардан бири. «Project Finance International» халқаро нашри мазкур мажмуа лойиҳасини нефть-кимё ва газ-кимё секторидаги 2012 йилнинг энг яхши лойиҳаси, деб эътироф этган эди. Шунингдек, у «Trade Finance Magazine» ва «Global Trade Review» нашрларининг «2012 йилнинг энг яхши битими» хал­қаро мукофотларига ҳам сазовор бўлган. 2014 йил 13 мартда яна бир нуфузли хал­қ­а­ро нашр — «Infrastructure Journal» ушбу газ-кимё мажмуаси қурилиши лойиҳасини «Нефть-газ соҳасидаги 2014 йилнинг глобал битими» нуфузли мукофоти билан тақдирлади. Мазкур лойиҳа қўшма корхона муассислари бўлган Жанубий Кореянинг «Kogas», «Lotte Chemical», «STX Energy» компаниялари ва «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компаниясининг 1,4 миллиард доллар ҳажмидаги тўғридан-тўғри инвестицияси, шунингдек, 2,5 миллиард доллардан зиёд кредит ресурслари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Лойиҳани молиялаштиришда Осиё тараққиёт банки, Korea Development Bank, Korea Finance Corporation (Корея Республикаси), China Development Bank (Хитой), ING (Нидерландия), Hermes, KfW, Bayern LB, Siemens Bank (Германия), Credit Suisse (Швейцария), EKN, Nordea, SEC (Швеция) каби тараққиёт банк­лари ҳамда етакчи тижорат банклари, шунингдек, Жанубий Корея, Германия ва Швециянинг лойиҳани амалга оширишда қатнашаётган банкларга суғурта тўловларини тақдим этган экспорт-импорт агентликлари сингари нуфузли молия муассасалари иштирок этаётгани ушбу ло­йиҳанинг нақадар истиқболли эканидан далолат беради.

... Устюрт кенгликларида юриб, атрофга қаранг, бу заминда сир-синоат кўмилиб ётганга ўхшайди. Кимсасиз, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган бу текисликларда одамлар мўъжиза яратмоқда. Бу бепоён жазирама саҳрога ҳаёт бахшида этяпти. Ҳувиллаб, қақраб ётган ерлар энди одамлар манфаатига, уларнинг бахт-саодати ва фаровон турмушига хизмат қилади. Бу ерларда ҳаёт яшнамоқда, одамлар яратиш, бунёдкорлик ишлари билан банд...

Рейимбой ЕШИМБЕТОВ,

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.