12.08.2014

ТАКЛИФЛАР АНИҚ ВА АСОСЛИ БЎЛИШИ ЛОЗИМ

Газетамизнинг ўтган сонларидан бирида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Кенгаши Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг ахборотини эшитиб, «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул қўмитани белгилагани ҳамда бир вақтнинг ўзида қонун лойиҳаси унга илова қилинган материаллар билан бирга фракцияларга (депутатлар гуруҳига) ҳам юборилгани ҳақида ­хабар берилган эди.

Кеча мазкур қонун лойиҳаси ЎзХДП фракциясининг ишчи гуруҳи йиғилишида кўриб чиқилди. Бундан мақсад қонун лойиҳасини фракция йиғилишида биринчи ўқишда кўриб чиқишга тайёргарлик кўришдан иборат бўлди.

Президентимизнинг тегишли Фармони (ПФ–4455)да корхона банкрот деб топилганда, кредиторларнинг талабларини қондириш тартибига ўзгартиш киритиш назарда тутилган. Унга кўра, бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар олдидаги талаблар билан кредиторларнинг гаров билан таъминланмаган талабларини мутаносиб равишда қондириш ҳисобга олинган. Бу кредиторлар киритган маблағларни қайтариш кафолатини кучайтиришга хизмат қилади. Қонун лойиҳаси ана шу меъёрни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Шу ўринда банкротлик тушунчасига, мажбурий тўловлар ва кредиторлар талабларини қондириш масалаларига имкон қадар ойдинлик киритиб ўтсак. «Банкротлик тўғрисида»ги қо­нуннинг мақсади якка тартибдаги тадбиркорларнинг банкротлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Бу Қонун бюджетдан таъминланадиган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Қонунга кўра, банкротлик (иқтисодий ночорлик) деганда хўжалик суди томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кре­диторлар талабларини тўла ҳажм­да қондиришга ёки мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги тушунилади. Мажбурий тўловлар эса давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига тўланадиган солиқлар ва бош­қа мажбурий тўловлар ҳисобланади.

Ишчи гуруҳи аъзолари қонун лойиҳасининг партия Дастури, электорати манфаатларига мослигини таъкидлашди. Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасидаги маълум жиҳатлар ЎзХДП фракцияси учун принципиал аҳамиятга эга.

— Алоҳида таъкидлаш жоизки, қонун лойиҳаси партиямиз электорати манфаатларига мос келади, — дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Улуғбек Зокиров. — Жумладан, қонун лойиҳасида иш ҳақи тўлаш учун пул маблағлари берилишини назарда тутувчи тўловлар ҳамда қарз­дор фуқаронинг ҳаёти ёки соғ­лиғига зарар етказилганлиги учун жавобгар бўлса, мана шу талабларни биринчи навбатда қондиришни назарда тутувчи ўзгартиш киритиш таклиф этилаяпти. Қонун лойиҳаси фракциямиз йиғилишида кўриб чиқилаётганда бу каби жиҳатларга алоҳида эътибор берилади.

— Фракциямиз қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг барча босқичларида ўз нуқтаи назарини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиш, ҳимоя қилишга эътибор бермоқда, — дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Искандар Азизов. — Чунки сиёсий партиянинг дастурий мақсадлари рўёбга чиқиши, аввало, парламентдаги қонун ижодкорлиги жараёнига таъсир кўрсатиш орқали амалга ошади. Шунинг учун ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича электорат манфаатларидан келиб чиқадиган таклифлар тайёрлашга, уларни асослашга ҳаракат қилаяпмиз. Ишчи гуруҳимиз соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати ҳамда халқаро тажрибани чуқур ўрганмоқда. Қонун лойиҳаси юзасидан жамоатчилик вакиллари, партия фаоллари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳларимиз фикр-мулоҳазаларини ўрганиш кўзда тутилган.

Йиғилиш якунида ишчи гуруҳи фикр-мулоҳазалар ва хулосаларни умумлаштирди. Унга кўра, қонун лойиҳаси бўйича тайёрланаётган таклифлар фракциянинг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилингач, кейинчалик масъ­ул қўмитага тақдим этиладиган бўлди.

Гарчи «Банкротлик тўғрисида»ги қонун якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятига дахлдор бўлса-да, унда ишчи-ходимлар, фуқароларнинг ҳу­қуқлари ҳимояси кафолати бўйича муҳим масалалар акс этади. Булар аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат тамойиллари мувозанати сақланиши билан чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш жараёнида ЎзХДП фракцияси қатъий позиция кўрсатади, депутатлар бу муҳим масалага масъулият билан ёндашади, деб ўйлаймиз.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.