12.08.2014

КЎППАРТИЯВИЙЛИК ТИЗИМИ

жамият турли қатламлари манфаатларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда

Давлат ва жамият бошқарувида фуқароларнинг фаол иштирок этиши демократиянинг муҳим шартларидан биридир. Мамлакатда аҳолининг турли қатламлари хоҳиш-истаклари ҳар томонлама ҳисобга олиниши, рўёбга чиқарилиши кучли фуқаролик жамияти шаклланаётганидан далолат беради. Бу жараёнда кўппартиявийлик тизими, унинг ривожланиши ҳаётий зарурат ҳисобланади.

Давлатимиз Мустақиллигининг 23 йиллиги остонасида турган эканмиз, истиқлолимиз мислсиз ҳуқуқ ва эркинликлар билан бирга, халқимизнинг хоҳиш-иродасини, давлат бош­қарувини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш ҳуқуқини бергани ҳақида ҳам яна бир бор ўйлаб, хулоса чиқарсак, тўғри бўлади.

Фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаоллигини таъминлашда 1991 йил 15 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги қонун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мазкур Қонун сиё­сий партиялар ва жамоат бирлашмалари фаолиятини тубдан ислоҳ қилишга, жамоат бирлашмаларини давлат ва ҳукумат тизимидан ажратишга ҳуқуқий шароит яратиб берди. Шу тариқа Ўзбекистонда кўп­партиявийликка йўл очилди ва жамиятда турли қарашлар, нуқтаи назарлар шаклланишига, уларни эркин ифода этиш, тарғиб қилиш, сиёсий плюрализмга замин ҳозирланди.

Кўппартиявийлик ривожланган давлатларда сиёсий партиялар фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий манфаатларини парламент, давлат ҳокимияти маҳаллий вакиллик идоралари орқали ифода этиш ҳамда рўёбга чиқариш мақсадида фаолият кўрсатади.

Ўзбекистонда ҳам кўппар­тия­вийлик тизимига асосланган сиёсий хилма-хиллик ривожланишига замин яратувчи ҳуқуқий асослар шакллантирилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида» ги қонунлар, «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қи­лишда ­сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конс­титуциявий қонун шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, қонунчиликда кўппартиявийлик тамо­йилининг амалда рўёбга чиқишида муҳим ўрин тутадиган мухолифат тушунчаси аниқлаштирилди. Унга кўра, янгитдан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган сиёсий партиялар фракциялари, шунингдек, Ўзбекис­тон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкин.

Кўппартиявийлик тизимининг ривожланишида мамлакатда фаолият юритаётган турли қараш ва позицияга эга сиёсий партияларнинг кураши муҳим аҳамият касб этади. Партиялараро рақобат мамлакатда турли ғоялар, фикрлар, қарашларнинг ривожланишига замин яратувчи ҳамда улар амалиётга татбиқ қилинишининг асосий механизми ҳи­собланади. Албатта, ҳар бир партия аҳолининг маълум ижтимоий қатлами манфаатларини ҳимоя этиши, сай­лов­лар­да қўллаб-қувватлаган электорат олдида ҳисобдорлигини ҳис қилиши зарур. Агар сиёсий пар­тия­ларнинг 2009 йилдаги Сайловолди дас­турларига эътибор қиладиган бўлсак, ҳар бир партиянинг ўз мақсад, интилишлари, қарашлари ва позициясига эгалигига ишонч ҳосил қиламиз.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда жаҳон демократик тамойиллари ва қадриятларига мос келадиган партиялар шаклланмоқда. Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда кўппартиявийлик тизими изчил ривожланиб, сайловларни кўппартиявийлик асосида ўтказиш демократик қадриятга айланди. Давлат ҳокимиятини шакллантиришда сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмаларининг таклиф ва истаклари инобатга олиниши муҳим тамойил даражасига чиқди.

Буларнинг ҳаммаси шуни англатадики, эндиликда ­сиёсий партиялар турли ижти­моий қатламларнинг хоҳиш-истакларини ифода этиш, манфаатларини ҳи­моя қилишда тобора фаол сиёсий кучга айланиб бормоқда. Яъни, сиёсий пар­тия­лар қайси ғояни, нима учун илгари сураётганини, бу нимага хизмат қилишини яхши тасаввур қилади. Партияларнинг таянчлари бўлган турли ижтимоий қатламлар ҳам қайси сиёсий кучлар улар манфаатини ҳимоя қилиш учун курашаётганини тобора чуқурроқ англаб бормоқда. Фуқароларнинг ижтимоий-сиё­сий фаоллиги ошиши, ўз нав­батида, сиё­сий партияларнинг кучи ва салоҳияти ўсишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Президентимиз Конс­титу­ция­мизнинг 21 йиллиги тантанасидаги маърузасида кўппартияли тизим ҳақида, мамлакатимиз тараққиётини юксалтиришда унинг аҳамияти ҳақида муҳим фикрларни билдирди. Таъкидландики, «...кўппартияли тизимни мустаҳкамлаш ва партиялараро рақобатни кучайтириш — биз кўзлаган демократик давлат барпо этишнинг энг муҳим шартларидан бирига айланиши даркор».

Давлатимиз раҳбари илгари сурган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепция ғоялари асосида Конституциямизга киритилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам кўппартиявийлик тизимини янада мустаҳкамлашга, давлат бошқарувини демократлаштиришда партияларнинг ўрни ва таъсирини кафолатлашга хизмат қилади.

Шуларга таяниб айтиш керакки, мамлакатимизда нав­батдаги парламент сайловлари кўппартиявийлик тизими ва принципининг янада изчил намоён бўлишида муҳим ўрин тутади. Қайси партия фуқароларнинг хоҳиш-иродасини тўғри ифодаласа, одамларнинг кўнглидаги ниятни чуқур илғаб, улар асосида ўз ғояларини шакллантирса, ўша партия кўпроқ муваффақият қозонади. Зеро, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий онги, дунёқараши ўсиб бораётгани партиялар ўз Сайловолди дас­турларини мукаммал, жозибадор, энг муҳими, ҳаётий масалалар асосида ишлаб чиқишини тақозо қилади.

 

Ваҳоб ҚЎЧҚОРОВ,

сиёсий фанлар доктори.



DB query error.
Please try later.