Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
09.08.2014

ИСПАНИЯ: СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР

давлатнинг ривожланиш стратегиясини белгилаб беради

Испания дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидан бири ҳисобланади. Бошқарув шакли парламент монархияси бўлган ушбу давлатда расман 500 дан ортиқ сиёсий партия рўйхатдан ўтган. Партиялар мазкур мамлакат ҳаётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки, парламентда энг кўп ўрин олган сиёсий партия ҳукуматни шакллантиради. Шу боис ҳар бир фуқаро у ёки бу сиёсий партияга аъзо бўлиш, сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишга ҳаракат қилади.

Испания парламенти икки палатали бўлиб, депутатлар палатаси ва Сенатдан иборат. Депутатлар палатасида 350 нафар депутат фаолият юритади. Депутатлар қонун лойиҳаларини ишлаб чиқади, давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда иштирок этади. Қуйи палатада турли соҳаларни қамраб олган 20 қўмита иш олиб боради.

Парламентда камида 15 ўринга эга бўлган партиягина фракция туза олади.

Юқори палата, яъни Сенат, 266 нафар аъзодан иборат. Уларнинг 208 таси тўғридан тўғри овоз бериш йўли билан сайланса, 58 нафари ҳудудлардаги органлардан сайланади. Сенаторлар 4 йил муддатга сайланади.

Бугунги Испания сиёсий майдонида асосан икки етакчи партия кураш олиб бормоқда. Сўнгги йилларда бошқа сиёсий партиялар Испания социал ишчи партияси ҳамда Халқ партиясидан кейинги ўринларда қолиб кетмоқда.

Социал ишчи партияси 1879 йилда ташкил этилган. Партия ҳаётида юз берган сиёсий ва мафкуравий янгиланишлар натижасида 1982-2004 йиллар давомида мамлакатдаги етакчи партия мақомига эга бўлди. Ундан кейинги даврда эса асосан мухолифат партия вазифасини бажармоқда.

Испания парламентига 2011 йил 20 ноябрда ўтказилган охирги сайловларда мазкур партия депутатлар палатасидан 110, Сенатдан эса 63 ўринга эга бўлди. Европарламентда 14 нафар депутат иш олиб боряпти.

Дастлаб партия ғояларида оддий меҳнаткашлар, ишчи қатлам вакиллари манфаатлари ифода этилган бўлса, 1979 йилдан эътиборан социал-демократик тамойилларга урғу берилмоқда.

2004 йил 14 мартда ўтказилган парламент сайловлари социалистларнинг мувафаққияти билан тугади. Ушбу партия жами сайловчиларнинг 42,6 фоиз овозини қўлга киритди. Парламент қуйи палатасида 164 депутатлик ўрнига эга бўлди. Уларнинг асосий рақиби Халқ пар­тия­си эса 148 ўрин билан кифояланди.

Партиянинг ташкилий тузилмасига кўра, унинг ташкилотлари бутун Испания бўйлаб фаолият олиб боради. Бугунги кунда партиянинг 460 минг нафардан ортиқ аъзоси мавжуд. Федерал съезд партиянинг олий органи ҳисобланди. Съездда партиянинг дас­тури, кейинги фаолиятига доир муҳим масалалар муҳокама этилади ҳамда партиянинг етакчиси сайланади. Шунингдек, «Ёш социалистлар» ҳамда аёллар ҳаракати етакчилари танлаб олинади.

Партиянинг ҳудудлардаги органлари федерация деб юритилади. Ҳар бир федерация автоном орган ҳисобланади. Яна бир қизиқ жиҳат, Испаниядаги йирик партиялар тизимида фондлар ҳам фаолият юритади. Мисол учун 1984 йилда ташкил этилган Социал ишчи партиясидаги фонд аҳолининг сиёсий, ижтимоий ҳамда иқтисодий дунёқарашини ўрганиш устида иш олиб боради.

Халқ партияси нафақат Испаниядаги балки, Европадаги йирик партиялардан биридир. Бугунги кунда унинг аъзоси 500 минг на­фардан ортади. Партия етакчиси ­Мариано Рахо ҳисобланади.

Парламентда ўтказилган сўнгги сайлов натижасига кўра, мазкур сиё­сий куч мамлакатда етакчи партия мақомини қўлга киритди. Сайловчиларнинг 44,62 фоизи айнан шу партияга овоз берди. Натижада парламент қуйи палатасида 186 депутатлик мандатига эга бўлди. Сенатдан эса 110 ўринни эгаллади.

Миллий кенгаш партиянинг бош органидир. Ҳудудий кенгашлар эса жойларда партия фаолиятини ташкил этиш билан шуғулланади.

Бундан ташқари, Испанияда Баск­лар миллий партияси, Наварра халқ уюшмаси, Валенсияликлар уюшмаси, Андалусияликлар партияси ҳамда Арагония ҳудудий партияси каби кўплаб ҳудудий сиёсий партия­лар ҳам фаолият кўрсатади.

Испанияда сиёсий партиялар давлатнинг ривожланиш стратегиясини белгилаб беради. Партияларнинг ҳар бири ўз йўналишига эга бўлсада, мамлакат тараққиёти, аҳоли фаровонлиги, иқтисодиётни ривожлантиришдек эзгу мақсад уларни боғлаб туради.

Дунёда юз берган молиявий иқтисодий инқироз Испания иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатди. Шу боис кейинги ўтказиладиган сайловларда сиёсий партия ўз сайловолди дастурида инқироз оқибатларини бартараф этиш масаласига жиддий эътибор қаратишни режалаштирмоқда.

Нурали ПИРИМҚУЛОВ



DB query error.
Please try later.