07.08.2014

ЭЛЕКТОРАТ ЎЙ-ТАШВИШЛАРИ БИЛАН ҲАМНАФАС БЎЛИШ

муаммолар ўз вақтида ечим топишига хизмат қилади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Зангиота туман ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда партия ташкилотининг сўнги 5 йилдаги фаолияти, халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳининг ишлари таҳлил қилиниб, навбатдаги сайловларга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Партиямизнинг 2815 нафар аъзоси 62 та бошланғич ташкилотга бирлашган, — деди ЎзХДП Зангиота туман кенгаши раи­си Моҳира Акромова. — Ўтган беш йил давомида партия Сайловолди дастурида белгиланган аниқ режа асосида иш олиб бордик. Партия­миз дастурий ғояларини кенг тарғиб этиш, ёш авлодда мафкуравий иммунитетни шакллантириш, уларни ёт ғоя­вий таъсирлардан ҳимоя қилиш мақсадида 80 дан ортиқ сиёсий ўқув, 100 дан ортиқ оммавий тадбир ўтказилди.

Ҳисобот даврида бошлан­ғич партия ташкилотларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳар ойнинг охирги шанбаси БПТ куни қилиб белгиланган. Айни пайтда етакчилар малакасини ошириш учун жойларда сиёсий ўқув, семинар-тренинглар ташкил этиб боришни йўлга қўй­дик.

Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими, тиббиёт бирлашмаси, Кўксарой қишлоқ, Қирариқ маҳалла фуқаролар йиғинлари, тез тиббий ёрдам станцияси бошланғич партия ташкилотлари партия дастурий ғояларини рўёбга чиқаришда фаоллик кўрсатмоқда.

Ўтган йиллар давомида туман партия кенгаши Жамоатчилик қабулхонасига 500 та ёзма ва оғзаки мурожаат тушди. Уларда асосан коммунал соҳадаги камчиликлар, иш билан таъминлаш, кредит олиш, пенсия таъминоти ва бошқа соҳаларда учраётган муаммолар ҳақида сўз юритилган.

Биргина мисол келтирадиган бўлсам, Кенсой агросаноат ва бизнес касб-ҳунар коллежини тамомлаган Мақсудбек Собиров оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун банк­дан кредит олишда ёрдам сўради. Бу масала юзасидан банк раҳбариятига мурожаат этдик. Ниҳоят, бу масала ижобий ечим топди. Ҳозирда Мақсудбек 3 нафар укасини ҳам иш билан таъминлади. Умуман, бугунги кунгача мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг 78 фоизи тегишли идора ва ташкилотлар ёрдамида ижобий ҳал этилди.

— Аҳолининг ижтимоий муҳофазага эҳтиёжманд қатлами, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, кам даромадли, иш билан банд бўлмаган кишилар манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари депутатларимиз фаолиятида устувор йўналиш ҳисобланади, — деди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Зангиота туман бўлими раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Нурмуҳаммад ­Абдуллаев. — Депутатларимиз депутатлик сўровлари орқали жойлардаги муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг ечимини топишда фаол иштирок этаяпти. Биргина ўтган 2013 йилда давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари мансабдор шахсларига 28 маротаба депутат сўрови юборилди.

2010 йилдан буён 4 масалани доимий комиссиялар, 5 масалани халқ депутатлари туман Кенгаши сессиялари муҳокамасига киритишга муваффақ бўлдик.

«Соғлом бола йили» Давлат дас­тури ижросини таъминлаш мақсадида йил бошида ишчи гуруҳи тузиб, тумандаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини ўргандик. Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан айрим мактабларда иссиқлик тизимининг носозлиги, ўқув мебелларининг замон талабларига мос келмаслиги, болалар овқатланиши ва спорт билан шуғулланиши учун етарли шарт-шароит яратилмаганлиги ҳамда айрим мактаб ва мактабгача таълим муассасалари капитал таъмирга муҳтожлиги каби ҳолатлар аниқланди. Депутатлик гуруҳи йиғилишида бу камчиликлар, уларни бартараф этиш йўллари батафсил муҳокама этилди. Таклифларимизни халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳига бердик ва бу масала 2014 йил 12 мартда бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессияси кун тартибига киритилди.

Сессия қарорига мувофиқ туман ва шаҳар ҳокимлари, вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Ягона буюртмачи инжиниринг компаниясига таълим муассасалари моддий-техника базасини такомиллаштириш бўйича қатор вазифалар юкланди. Ҳозирда қабул қилинган қарорларнинг ижроси юзасидан депутатлик назорати олиб борилмоқда.

— Бугунги ислоҳотлар ва тараққиётнинг ҳозирги босқичи фаолиятимизни яна бир бор таҳлилий ўрганиш, партиямизнинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, мамлакат ҳаётидаги турли ижтимоий-сиёсий масалалар юзасидан аниқ позициясини шакллантириб бориш талабини қўймоқда, — деди Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Сирожиддин Аъзамов. — Бу эса партия электоратини ўйлантираётган турли масалалар ўз вақтида ечим топишига хизмат қилади. Қонунлар билан бизга электорат манфаатини муносиб ҳимоя қилиш учун етарли ваколатлар берилган. Улардан унумли фойдаланиб, ислоҳотларнинг ижтимоий самараларини оширишга сезиларли таъсир кўрсатиш бизнинг энг муҳим вазифамиздир.

Шунингдек, конференцияда туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг ўринбосари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Дилфуза Иноғомова, 29-мактабгача таълим муассасаси мудираси, туман партия кенгаши «Фаол аёллар» қаноти етакчиси Муҳаббат Ўрмонова, Тошкент вилоят педагог кадр­ларни қайта тайёрлаш ва ­малакасини ошириш инсти­тути проректори Нилуфар ­Юлдашева ва бошқалар сўзга чиқди.

Конференцияда ЎзХДП Зангиота туман кенгаши аъзолари, туман партия ташкилоти тафтиш комиссияси таркиби ва ЎзХДП Тошкент вилояти конференциясига делегатлар сайланди.

 Басандабону ЖАЛИЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.