Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
07.08.2014

БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТ ТАЪСИР КУЧИ

кимга ва нималарга боғлиқ?

Ҳар бир сиёсий партия ўз аъзолари ва тарафдорларини кўпайтиришга интилади. Бунинг учун сиёсий партия, аввало, электорат билан изчил иш олиб бориши керак бўлади. Ана шунда фуқаролар ишончини қозониш, аъзоларнинг қўллаб-қувватлашига эришиш мумкин. Бу эса кўп жиҳатдан бошлан­ғич ташкилотлар фаоллигига боғлиқ. Чунки электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, аъзоларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, партия дастурий мақсадларини амалга оширишда бошланғич ташкилотлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Хўш, ЎзХДП тизимида бу масалага қандай эътибор бериляпти?

Партия ташкилотлари масъул ходимлари, фаолларига шу масала бўйича саволлар билан мурожаат қилдик

Бошланғич ташкилотлар куни

Бошланғич ташкилотлар ишини бугунги кун талаблари даражасида ташкил этиш учун қандай ишлар олиб борилмоқда?

Бу саволга ЎзХДП ­Тошкент шаҳар кенгаши раиси Ҳайдар Бобохонов жавоб берди:

 

— Тошкент шаҳрида партиямизнинг 1309 бош­ланғич ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Биз қуйи ташкилотлар ишини замонавий талабларга мос равишда ташкил этиш, ҳудудий партия ташкилотлари ва депутатларнинг қуйи бўғин билан ишлашга муносабатини ўзгартириш, етакчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий салоҳиятини юксалтиришга эътибор қаратаяпмиз. Масалан, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ўқувлар, эркин мулоқотларни кўпроқ ўтказиш, аъзоларнинг фикрларини тинглаш ҳамда муҳокама этишга кенг ўрин берилаяпти.

Халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия­миз гуруҳи аъзолари ҳамда бошланғич ташкилотлар етакчилари ўртасидаги ҳамкорликни мус­таҳкамлаш кун тартибидаги устувор вазифа этиб белгиланди. Хусусан, ҳар ойда ташкил этилаётган «Бошланғич партия ташкилотлари куни»да депутатлар билан биргаликда бошланғич ташкилотларга борилади, улар фаолияти, муаммолари ўрганилади, таклифлар эшитилади. Бу таклифлар депутатлар томонидан чуқур таҳлил этилиб, доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига электорат манфаати билан боғлиқ масалаларни олиб чиқишга асос бўлади.

Айни кунда шу тажрибадан янада кенгроқ фойдаланган ҳолда қуйи бўғинлардан кўпроқ таклиф олишга ҳаракат қилаяпмиз. Чунки улар аҳолини, ёшларни ўйлантираётган, қизиқтираётган масалаларни яхши билгани сабабли ҳаётий, асосли таклифлар беради.

Демак, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши бошланғич ташкилотлар фаоллигини ошириш масаласига жиддий эътибор қаратаяпти. Хўш, уларнинг амалий натижалари нималарда кўринаяпти?

— Бунинг натижасида бошланғич ташкилотларимизнинг аксариятида фаоллик кузатилмоқда, — дейди шаҳар партия кенгаши раиси. — Тадбирларда ўзаро эркин мулоқот, фикр алмашувга алоҳида эътибор қаратаётганимиз аъзоларнинг ўз шахсий фикрини билдириш, таклиф айтиш иштиёқи кучайишига олиб келмоқда. Етакчилар ва партия аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий билими ошгани сари маълум бир тадбирларни ўтказиш бўйича ташаббуслар ҳам кўпаймоқда.

Масалан, Юнусобод туманидаги 8-автобус саройи, Шайхонтоҳур туманидаги 44-Оилавий поликлиника, Чилонзор тумани «Бешёғоч» маҳалласидаги ва бошқа кўплаб бошланғич партия ташкилотларимизда ўтказилган аксарият тадбирлар қуйи бўғин ташаббуси билан ташкил этилди.

Ишонч оқланмоқда

Маълумки, ўтган йили ЎзХДП бошланғич ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари ўтказилди. Бу қуйи бўғин фаолиятини кучайтиришга қандай таъсир кўрсатди?

Камолбой Исобеков, ЎзХДП Самар­қанд вилоят кенгаши раиси:

— Ҳисобот-сайлов йиғилишларида сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишга интилаётган, ташкилотчилик қобилиятига эга, фаол етакчиларни сайлашга эътибор қаратилгани бошланғич ташкилотлар фаолияти куча­йишига таъсир кўрсатди. Етакчиларнинг аксарияти ўзига билдирилган ишончни оқлаб, партиямиз аъзолари сони ортиши, тарғибот-ташвиқот ишларининг кучайишига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Ҳисобот-сайлов йиғилишларида 148 бошланғич ташкилотда янги етакчи сайланди. Ўтган давр мобайнида биз уларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш, тажрибасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратдик. Шу мақсадда кўплаб давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил этилди. Энг муҳими, бу ишлар ўз самарасини бермоқда.

Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, етакчида лидерлик салоҳияти етишмаса, аъзолар билан ишлашни билмаса, у ерда иш юришмайди. Шу боис биз бошлан­ғич ташкилотлар фаолиятини кучайтириш учун, аввало, қуйи бўғин етакчиларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Марзия Турсунова, Бухоро вилоят юқумли касалликлар шифохонасидаги ЎзХДП бошланғич ташкилоти етакчиси:

— Ҳозир бошланғич ташкилотимизга 122 нафар аъзо бирлашган. Ўтган йили партиямизга 22 нафар янги аъзо қабул қи­линган эди, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 30 нафарга яқин йигит-қиз сафимизга қўшилди.

Ўтган йили бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов йиғилишида бошланғич ташкилотимиз фаолияти қониқарли баҳоланиб, ишни ривожлантириш учун янги тавсиялар берилган эди. Масалан, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, тиббий маданиятини ошириш, оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш билан боғлиқ масалалардаги таклифларимизни ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳига тақдим этиб бораяпмиз.

Бизда яна бир яхши тажриба бор. Партия кенгаши ва депутатлар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида бирон-бир масалани ўрганмоқчи бўлса, албатта, соғлиқни сақлаш тизимидаги бошланғич ташкилотлар етакчилари, фаоллар билан масалани атрофлича муҳокама этади. Масалан, яқинда халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партиямиз гуруҳи аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишларни таҳлилий ўрганиб чиқди. Масалани фақат партия кенгаши ва депутатларнинг ўзи муҳокама қилмади, балки йиғилишга бошланғич партия ташкилотлари етакчилари ҳам таклиф этилди. Биз кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларимизни билдирдик. Аҳамиятли жиҳати, бу билан қуйи бўғин етакчиларининг ўзига ишончи орт­ди. Бу сафар улар нафақат соҳа ходими, балки партия фаоли сифатида масалага ўз муносабатини билдирди. Ҳар бир партия кенгаши ана шу тажрибадан фойдаланиб, етакчиларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга жиддий эътибор берса, қуйи бўғин иши янги босқичга кўтарилади, деб ўйлайман.

Етакчи салоҳияти

Бошланғич партия ташкилотининг қай даражада самарали иш олиб бориши кўп жиҳатдан етакчилар салоҳиятига боғлиқ. Хўш, етакчилар билан ишлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида нима дейиш мумкин?

Меҳрож Дархонов, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Партия фаолиятини жонлантириш, аввало, қуйи бўғин фаоллигини оширишдан бошланади, дея кўп такрорлаймиз. Бунинг учун қуйи бўғинларга ташкилотчи, билимдон кишиларни етакчи этиб сайлаш керак. Айтайлик, турли тадбирларда, одатдаги кундалик ҳаётда фуқаролар етакчига ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар ғоя ва мақсадлари ҳақида савол беради. Етакчи сиёсий-ҳуқуқий билимли бўл­сагина, уларга жавоб бера олади, одамларни ўз ортидан эргаштиради.

Шунингдек, бошланғич ташкилот етакчиси партиядошлар билан мунтазам ишлаши керак. Улар билан ҳамнафас бўлиб, турмуши, қувончу ташвишларидан яхши хабардор бўлиши лозим. Шунда у хайрихоҳларни ўйлантираётган муаммоларни чуқур билади, турли ижтимоий масалаларни ҳал этиш юзасидан муқобил таклифлар айта олади.

Шундан келиб чиқиб, биз ўқув-семинарларни ҳар бир бошланғич ташкилотда ўтказишга ҳаракат қилаяпмиз. Вилоят партия кенгашида ташкил этиладиган тадбирларда ҳам кўпроқ бошланғич ташкилот етакчиларини таклиф этаяпмиз.

Айни кунларда етакчилар учун махсус семинарлар ташкил қилиш бўйича иш олиб борилаяпти. Унда ўз фаоллиги билан бошқаларга намуна бўлаётган етакчиларнинг иш тажрибасини оммалаштириш, етакчиларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсад қилинган. Шунингдек, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувларни кўпроқ қуйида ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Чунки бошланғич ташкилот қанчалик ҳаракатчан ва фаол бўлса, аъзоларнинг дахлдорлиги ҳам шунча кучаяди.

Кўриниб турибдики, ЎзХДП тизимида бошланғич ташкилотлар фаоллигини ошириш, уларнинг кучи ва имкониятидан фойдаланган ҳолда электорат манфаатига хизмат қилувчи таклифларни шакллантириш борасида амалий ишлар олиб борилаяпти. Биз уни маълум бир ҳудудлар бўйича ўргандик, холос. Энг муҳими, муносиб етакчилар бор, ташаббус бор, иш бор. Бу эса, албатта, ўз натижасини кўрсатади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА тайёрлади.



DB query error.
Please try later.