07.08.2014

САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИК ОСОЙИШТАЛИК УЧУН

ҳаммамиз бирдек масъулмиз

Газетамизнинг ўтган сонида «Аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда концептуал қўллаб-қувватлашдан ўтгани, шу кунларда фракция­лар уни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Мазкур қонун лойиҳаси юзасидан ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилбар ХОЛИҚОВА ўз фикр-мулоҳазаларини билдиради.

— Аввало, қонун лойиҳасининг «Соғлом бола йили» Давлат дастурига асосан ишлаб чиқилганига эътибор беришимиз керак. Бугун бутун дунёда табиат, атроф-муҳит тез ўзгариб кетмоқда. Инсон организми, айниқса, ёш болалар саломатлигига салбий таъсир этадиган омиллар кўпаймоқда. Жаҳоннинг турли минтақаларида турли сабаблар билан ҳар хил вируслар, инфекциялар тарқалмоқда. Оқибатда минглаб, миллионлаб тинч яшаётган одамлар соғлиғига жиддий хавф туғилмоқда. Давлатлар фуқаролар саломатлиги ва хотиржамлигини муҳофаза қилиш учун доимий, изчил чоралар кўришга мажбур бўлмоқда. Бундай ҳолатда ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамиятга эгадир.

«Аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг ҳозирда амалда бўлган «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги қонундан фарқли томонлари нимадан иборат, деган савол барчани қизиқтирса керак.

Биринчи ўринда шуни айтиш лозимки, «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги қонунга кўра, санитария-эпидемиология соҳасидаги масалалар фақат давлат органлари томонидан назорат тартибида ҳал этилиши керак. Лекин бу борадаги кенг кўламли ишларни давлат органларининг ўзи амалга ошириши қийин. Чунки санитария-эпидемиологик осойишталик ҳаммадан бирдек ҳуш­ёрлик, фаолликни талаб этади. Шунинг учун қонун лойиҳасида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш жараёнида давлат органлари билан бирга фуқароларнинг, жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, ­омма­­вий ахборот воситалари ҳамда тадбиркорлик субъ­ект­ла­рининг фаол иштироки кўзда тутилмоқда. Уларнинг ҳуқуқ­лари, вазифалари белгилаб берилмоқда.

Фуқаролик жамияти институтларининг иштироки кафолатланиши жамоатчилик назоратини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда айтиш жоизки, бугунги кунда атроф-муҳитни соғлом сақлаш учун, ким бўлишимиздан қатъи назар, ҳар биримиз масъулмиз.

Қонун лойиҳасида қонуннинг талқин қилиниши ҳамда амалда қўлланилишини осонлаштириш учун асосий тушунчалар алоҳида модда сифатида киритилмоқда. Санитария-эпидемиология масалаларида аҳолининг осойишталигини таъминлаш бўйича талаблар белгиланаяпти. Тўғри, «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги қонунда ҳам бу борадаги талаблар ва уларни бажариш мажбуриятлари кўрсатилган. Лекин мазкур қонун лойиҳасида ўша талаблар аниқлаштирилиб, қўшимча равишда бир неча янги нормалар белгиланмоқда. Шулардан бири меҳнат шароитларига қўйиладиган санитария-эпидемиологик талаблардир. Бу ишчи-ходимларнинг қулай шароитда меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, деб ҳисоблайман.

Санитария-эпидемиология масалаларида осойишталикни таъминлаш, аввало, касалликларнинг олдини олиш билан боғлиқдир. Шуни инобатга олиб, қонун лойиҳасида профилактика тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга бағишланган янги боб белгиланмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси ҳудудини санитария жиҳатдан муҳофаза қилиш, профилактик эмлашлар ўтказиш, дезинфекция тадбирлари, мажбурий тиббий кўриклар ҳамда фуқароларни гигиеник тарбиялаш ва ўқитишга қаратилган тадбирларга доир меъёрий қоидалар алоҳида-алоҳида очиб берилаяпти.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда давлат санитария назорати тўғрисидаги қо­нунчиликнинг ҳолати ва уни қўллаш амалиёти, мавжуд муаммолар ўрганиб чиқилган. Шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормалари, АҚШ, Буюк Британия, Франция ва бошқа қатор ривожланган давлатларнинг қонунчилик тажрибаси ҳисобга олинган.

Маълумки, партиямиз дас­турий мақсадларида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, ижтимоий соҳани изчил ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Қонун лойиҳасининг асосий мақсад ва вазифалари шу маънода партиямиз электорати манфаатларига хизмат қилади.

Шу ўринда қонун лойиҳасидаги айрим масалалар юзасидан баъзи таклифларимни билдирмоқчиман. Қонун лойиҳасида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш бўйича асосий тамойиллар белгиланмоқда. Хусусан, санитария қоидалари, гигиена меъёрларига риоя қилмаслик ёки зарур профилактик тадбирларни амалга оширмаслик оқибатида аҳоли саломатлигига, яшаш муҳитига етказилган зарарнинг ўрни албатта қопланиши кўзда тутилаяпти.

Фикримча, асосий тамойилларга аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда ижтимоий ҳамкорлик, ошкоралик, профилактик тадбирларнинг ҳамма учун мажбурийлиги, санитария-эпидемиологик қоидаларни бузган шахсларга жавобгарлик муқаррарлиги каби тамойиллар қўшилиши керак.

Қонун лойиҳасида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бў­йича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, бу соҳада Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари берилаяпти. Бу жуда муҳим. Аммо, менимча, қо­нун лойиҳасида махсус ваколатли органнинг ваколатларини белгилаш масаласини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик мақсадга мувофиқ бўлади.



DB query error.
Please try later.