Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
07.08.2014

ЎЗБЕКИСТОНДА ЁШЛАР БАНДЛИГИ

Мамлакатимизда иш ўрни яратиш бўйича ўзига хос йўл танлангани

ҳамда ижтимоий ҳимоя масаласига алоҳида аҳамият берилаётгани хорижлик экспертлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Мутахассисларнинг қайд этишича, кейинги йилларда дунёнинг кўплаб ҳудудларида, ҳатто ривожланган давлатларда ҳам ёшларни иш билан таъминлаш масаласи муаммога айланиб қолди. Оқибатда, миллионлаб ёшлар ишсизликдан азият чекмоқда.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, биргина ўтган йилнинг ўзида дунё бўйлаб салкам 202 миллион одам ишсиз қолган. Бу 2012 йилга нисбатан тахминан 5 миллионга кўп. Ишсизликнинг асосий қисми ёшлар «ҳиссаси»га тўғри келмоқда.

Яъни, 2013 йилда 74,5 миллион йигит-қиз барқарор даромад манбаига эга бўлмаган. Мазкур кўрсаткич инқирозгача бўлган даврга қараганда 4,1 миллионга ўсган. Таҳлиллар, бугунги кунда ёшларнинг ишсизлик даражаси катталарга қараганда деярли уч баробар ошганини кўрсатмоқда.

Айниқса, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Лотин Америкаси, Жанубий Европа ҳамда Кариб ҳавзаси мамлакатларида вазият мураккаблигича қолмоқда. Бу ҳудудларда ҳеч қаерда ўқимайдиган ва ишламайдиган ёшлар сафи тобора кенгайиб боряпти. Жаҳон Банки ҳисоб-китоблари эса сайёрамизда иш ва ўқишда банд бўлмаган ёшлар сони 600 миллиондан ошиб кетганидан далолат бермоқда.

Германия канцлери Ангела Меркел 2013 йил ёзида Англия­нинг «The Guardian» нашрига берган интервьюсида шундай деган эди: «Ёш­ларни иш билан таъминлаш, эҳтимол, ҳозирги вақт­да Европани ларзага солаётган энг долзарб муаммо бўлса керак». Бу хавотирлар бежиз эмас, албатта. Қитъада профессионал касбий таълим ва тайёргарликка эга бўлмаган ёшлар сафи юқори суръатларда ўсиб бораяпти. Расмий статистикага кўра, ҳозирда евроҳудудда 25 ёшгача бўлган ишсизлар сони 5 миллиондан кўпроқни ташкил этади. Хусусан, Испания, Греция, Италия, Португалия ва Францияда бу борадаги салбий кўрсаткич сақланиб турибди. Айниқса, Греция ва Испанияда аҳвол анча оғир. Бу мамлакатларда ҳозир ҳар иккинчи ёш ишсиз.

Экспертлар Испанияда ёшлар ўртасида оммавий ишсизлик авж олиши сабабини мамлакатда иш берувчи ва ходим ўртасидаги тузиладиган шартномаларнинг «букилмас» қоидаси билан изоҳлашмоқда. Мазкур давлат меҳнат бозорида узоқ йиллардан бери икки турдаги — вақтинчалик ва доимий шарт­номалар амал қилади. Одатда, иш берувчиларнинг аксарияти ёш­ларни икки йиллик муддат кўзда тутилган шартномалар асосида ишга олишни маъқул кўради. Кейинчалик ҳали белгиланган муддат тугамасдан улар ишдан бўшатилади ва ўрнини янги «ижарачилар» эгаллайди. Яъни иш топган ёшлар ҳам ўзларининг унда омонат эканини ҳис қилиб туришади.

Иқтисодчиларнинг фикрича, бунинг сабаби ёш ходим икки йиллик иш стажига эга бўлса, иш берувчи унга барча социал пакетларни ўз ичига олган тўлақонли доимий шартнома тақдим қилишга мажбур бўлади. Бу ҳолатда уни ишдан олиш жуда қийин. Мабодо шундай вазият рўй берса, иш берувчи ходимнинг ҳар бир ишлаган йили учун катта миқдорда пул тўлашига тўғри келади. Шу боис мамлакат меҳнат бозори кўпроқ катта ёшли ишчилар томонидан эгаллаб олинган. Оқибатда 25 ёшгача бўлган йигит-қизлар ўртасидаги ишсизлик даражаси 2013 йилда 56 фоизга етди. Ёшлар ҳақ-ҳуқуқлари билан мутлақо ҳисоблашмайдиган бу тизим бошқа қатор давлатларда ҳам учрайди.

— Ёшлар ўртасидаги ишсизлик жамиятда ижтимоий тартибсизликларни келтириб чиқаради, — дейди Дублиндаги Ҳаёт сифатини яхшилаш Европа фонди вакили Массимилиано Машерини. Доимий меҳнатда банд бўлмаслик уларни жамиятдан узоқлашиб, бегоналашиб кетишига сабаб бўляпти. Айни пайтда Европада 30 ёшгача бўлган ўрта ва ихтисослашган маълумотга эга 14 миллион одам ишсиз. Агар ҳукуматлар иш берувчилар учун турли имтиёз ва субсидиялар жорий этиш масаласига бефарқлигича қолаверса янги иш ўринлари яратиш мушкул. Умуман, кўплаб мамлакатларда коллеж ва университет битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласига давлат даражасида эътибор қаратилмаяпти.

Лотин Америкаси давлатларида ҳам ёшлар ўртасидаги ишсизлик ўткир муаммолигича қолмоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти қитъадаги мамлакатлар ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган инновацион ва самарали стратегик ечимни топиши зарурлиги ҳақида огоҳлантирди.

ХМТнинг Лотин Америка ва Кариб денгизи ҳавзаси давлатлари бўйича ҳудудий директори Элизабет Тинико бу борада шундай баёнот билан чиққан эди:

«Энг катта, таъбир жоиз бўлса, таҳликали муаммо — минтақада истиқомат қилаётган 21 миллион йигит-қизнинг ҳеч қаерда ўқимаслиги ва ишламаслигидир. Айни пайтда уларнинг тўртдан бир қисми иш қидиряпти, 12 миллионга яқини, асосан аёллар, уй ишлари билан шуғулланяпти. Қолган 4 миллион 600 минг ёш эса мутлақо бекор».

— Қатор мамлакатлар меҳнат бозорини тўғри ташкил қила олмаяпти, — дейди Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер. — Бундай шароитда иқтисодиётни соғ­ломлаштириш, инвестиция унумдорлигини ошириш билан бир қаторда, аҳолининг заиф ва ҳимояга муҳтож қатламини самарали ижтимоий муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Агарда ёшлар ишсизлигига қарши қатъий чоралар кўрилмаса ижтимоий кескинлик янада кучайиши мумкин.

Мутахассислар глобал иқтисодий инқироз оқибатлари туфайли жаҳоннинг турли ҳудудларида миллионлаб ёшлар ишсизлик гирдобига тортилаётган бир пайтда Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлаш бар­қарор суръатларда ўсиб бораётганини таъкидлаб, бунинг асосий сабабини мамлакатимизда иш ўрни яратиш бўйича ўзига хос йўл танлангани ҳамда ижтимоий ҳимояга катта эътибор қаратилаётгани билан изоҳлашмоқда.

 Дарҳақиқат, мустақилликнинг дастлабки даврларидан бошлаб юртимизда аҳоли, хусусан, ёшларни иш билан таъминлаш масаласи энг муҳим вазифалардан бири сифатида кун тартибига қўйилди. Аввало, йигит-қизларнинг доимий меҳнатда банд бўлишини кафолатлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Жумладан, истиқлол йилларида қабул қилинган Меҳнат кодекси, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонунлар ва бош­қа меъёрий ҳужжатлар ёшларнинг, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг ишли бўлишига мустаҳкам замин ҳозирлади.

Халқаро ҳамжамият мамлакатимизда қабул қилинган 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими нафақат юксак интеллектуал салоҳиятли авлодни воя­га етказиш, балки ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган, пухта ўйланган ва амалда ўзини оқлаётган ноёб тажриба эканини таъкидламоқда. Бу моделнинг принципиал хусусияти шундаки, ўқувчилар мактабдаги 9 йиллик таҳсилдан кейин ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда умумтаълим фанлари билан бирга меҳнат бозорида талаб қилинадиган икки-уч мутахассислик бўйича касб-ҳунар ҳам эгаллашади.

Битирувчиларни ишга жойлаштириш чора-тадбирлари эса улар ўқишни тугатишидан анча аввал кўрилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада сўз кетганда турли тармоқлардаги корхона ва ташкилотларнинг коллежларга бириктириб қўйилгани — коллеж-корхона ҳамкорлигини изчил амалга ошириш, бўш иш ўринлари ярмаркаларини тизимли ўтказиш, иш берувчи учун имтиёзлар жорий этиш, ёшларнинг ўз ишини ташкил этишига кўмаклашиш ва микрокредитлар ажратиш каби тадбирлар ижобий самара бераётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Айниқса, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда унинг жойлардаги тизимлари томонидан маҳалла, ҳокимият, прокуратура каби органлар, шунингдек, турли жамоат ташкилотлари, хусусан, ЎзХДП билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тизимли равишда бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиши дунё меҳнат бозорида янгилик сифатида эътироф этилмоқда.

Бундай ярмаркаларда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўз ҳудудидаги саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субъектларида мавжуд бўш иш ўринлари билан танишиш, уларда яратилган шарт-шароитларни ўрганиш, бериладиган маош миқдори бўйича маълумотлар олиш имконига эга бўлишмоқда.

Энг муҳими, ўз ихтисослиги ва дидига мос иш танлаган ёшлар билан ярмарканинг ўзида шартнома тузилмоқда. Бир сўз билан айтганда, бугун ёшларимизнинг иш излаб сарсон бўлишига ҳожат йўқ, ишнинг ўзи уларни топиб келяпти.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, биргина жорий йилнинг шу даврига қадар республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида 650 дан ортиқ махсус бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилган ва уларда 19 минг нафар ёш ишга йўлланма олган. Бундан таш­қари, яна 485,7 минг нафар (98,1 фоиз) битирувчи билан 171,8 мингга яқин корхона ва ташкилотлар ўртасида уч томонлама шартномалар тузилган.

Юқорида таъкидланганидек, Европанинг баъзи бир мамлакатларида иш берувчи ва ходим ўртасида тузиладиган шартномаларнинг «букилмас» қоидаси сабабли ёшлар ўртасида ишсизлик тобора ўсиб бораяпти. Ўзбекистонда эса бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қатор қонун ва қонуности ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, эндиликда таълим муассасасини тамомлаган кундан бошлаб 3 йил ичида биринчи марта ишга кираётган битирувчиларни қабул қилишда дастлабки синов муддатига йўл қўйилмаслиги белгиланди.

— Авваллари шундай ҳолатлар ҳам кузатилганки, эндигина ўқишни тугатган талаба уч ойлик синов муддати билан ишга олинди, деб ҳисобот бериларди, муддат яқинлашганда эса синовдан ўта олмади, деган баҳона билан меҳнат шартномаси бекор қилинарди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Назира Матякубова. — Оқибатда бундай ёшлар ишсиз қолиб кетаётган эди. Мазкур янги норма улар барқарор ишга эга бўлишида ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.

Халқаро меҳнат ташкилоти дунёнинг бир қа­тор мамлакатларида ёшларни иш билан таъминлаш масаласига давлат миқёсида эъти­бор қаратиш кераклиги ҳақида бонг ураётган айни пайтда Ўз­бек­­­и­с­­­­т­он­да Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури парламент даражасида қабул қил­иниб, муваффақиятли ижро этиб келинмоқда.

— Мамлакатимиздаги бундай ижобий тажриба, яъни бандлик Дастурини парламент тасдиқлаши амалиёти ҳеч бир давлатда учрамайди, — дейди Назира Матякубова. Унинг доирасида яратилаётган иш ўринлари асосан таълим муассасаларини тугатаётган ёшлар учун мўлжаллангани билан ҳам қадр­лидир. Масалан, 2013 йилнинг биринчи ярмида республика бўйича жами 554,4 минг ёки режага нисбатан 14 фоиз кўп иш ўрни ташкил этилган бўлса, унинг 309,5 мингтаси ёки 55,8 фоизини ёшлар, биринчи нав­батда, касб-ҳунар коллежи битирувчилари банд этди. Бу йилги Дастурга кўра, 2014 йилда 500 минг нафарга яқин битирувчини иш билан таъминлаш кўзда тутилган.

Президентимизнинг 2010 йил 28 июлдаги Фармонига асосан кичик корхоналар ва микрофирмалар муайян миқдорда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга қабул қилса, улар учун турли имтиёзлар белгиланиши кўзда тутилган. Бу эса ёшлар бандлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

— Ўзбекистонда ҳар йили давлат бюджети харажатларининг 60 фоизга яқини ижтимоий соҳаларни ривожлантириш учун йўналтирилаётгани, ҳар йили иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга оид давлат дастури қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилаётганининг аҳамиятига алоҳида тўхталиш лозим, — деган эди эстониялик экс­перт Харри Талига Тош­кентда «Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши: Ўзбекистон тажрибаси ва меҳнат соҳасидаги халқаро стандартлар» мавзусида ўтказилган халқаро конференциядаги нутқида. — Зеро, мамлакатингизда давр тенденцияларига бундай ёндашув тараққиёт гарови бўлиб келяпти ва ундан ўрнак олса арзийди.

Инсон у қайси касбни эгаллашидан қатъи назар, ўзи танлаган соҳа бўйича ҳалол меҳнат қилиб яшаса, жамиятда қадр топади, одамлар орасида обрў-эътибор қозонади. Айниқса, ёшлар учун бу жуда муҳим, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт-мамот масаласидир. Коллеж ёки олийгоҳни тамомлаб, эндигина катта ҳаётга қадам қўяётган йигит-қиз ўзи ёқтирган ишга жойлашса, меҳнатидан манфаат кўрса руҳияти кўтарилади, ўз олдига катта-катта мақсадлар қўйиб яшайди, келажакка ишонч билан қарайди.

Агар мустақиллик йилларида юртимизда бандликни таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар мазмун-моҳиятига эътибор қаратилса, уларнинг замирида, энг аввало, ёшлар манфаати, орзу-интилишлари мужассам эканини кўриш, англаш қийин эмас.

Дилшод НАРЗУЛЛАЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.