05.08.2014

ФАРҒОНА: ИСТИҚБОЛИ ИСТИҚЛОЛДАН ЯРАЛАЁТГАН ШАҲАР

Касб тақозоси билан хорижий мамлакатларда бўлганимизда «Ўзбекистондан келдик» десак, «О, Самарқанд, Бухоро, Хива — гўзал шаҳарлар!..» дея қилинган хитобларни кўп эшитганмиз. Дарҳақиқат, аждодларимиз даҳосидан яратилган гўзал шаҳарлар бугун ҳам дунё аҳлини лол қолдирмоқда.

«Оққан дарё оқаверади» деган ҳикматли сўзлар мустақиллик йилларида яна бир бор тасдиғини топди. Халқимиз ўз аждодларига муносиб бўлиб, буюк бунёдкорликларни амалга оширмоқда. Қисқа вақт ичида асрлар давомида қилиниши мумкин бўлган тарихий ишлар бажарилмоқда, республикамизнинг қайси ҳудудига борманг, бунга ишонч ҳосил қиласиз.

Президентимиз Ислом Каримовнинг Фарғона шаҳрини қайта қуриш, янада ободонлаштириш борасидаги ташаббуси туфайли бугун шаҳар яшариб, янада гўзаллашиб бормоқда. Бош лойиҳага кўра, у кичик ва катта халқа йўлига эга мамлакатимиздаги иккинчи шаҳар бўлади. Юзлаб янги иншоотлар, уй-жойлар, маданий-маиший объектлар қад ростламоқда. Улкан бунёдкорлик ишларида нафақат фарғоналиклар, балки мамлакатимиз барча вилоятларидан келган қурувчилар, мутахассислар меҳнат қилмоқда.

Иш кўламининг шу қадар кенглиги ҳар бир фарғоналик қалбида ғурур туйғусини уй­ғотиши билан бирга, унда дахл­дорлик ҳиссини ҳам кучайтиради. Қайси кўча, қайси иншоот қурилишида бўлманг, сид­қидилдан меҳнат қилаётган ёшу қари ҳашарчиларни учратасиз. Уларнинг юз-кўзлари, сўзларидан замонамизга шукроналик ва бунёдкорлик ишларидаги иштирокидан фахрланиш ҳиссини сезасиз. Ҳа, бугун Фарғонанинг қиёфаси ўзгариб бормоқда, чиндан-да водийнинг энг гўзал, кўркам, файзли гўшасига айланмоқда.

Бу ишлар, айниқса, четдан келган кишига дарҳол сезилади.

— Баъзида рақамлар зерикарлидек туюлади. Лекин Фар­ғона шаҳрида амалга оширилган ишлар рақамларда таърифланса, руҳимизни ҳайрат туй­ғуси қамраб олади, — дейди самарқандлик ҳамкасбимиз, ЎзХДП фаоли, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси Фармон Тошев. — Менимча, ҳали республикамиздаги ҳеч бир шаҳарда бира тўла бу қадар кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмаганди.

Унинг гаплари исботини қуйи­даги рақамлардан ҳам кўриш мумкин.

Фарғона шаҳар инфратузилмасини тубдан яхшилаш мақсадида йўл минтақасида жойлашган 27 км ичимлик суви, 15 км электр ва 18 км газ тармоқлари тўлиқ янгидан тортилиб, йўл четига кўчирилди. 110 та трансформаторлар капитал таъмирланди, 11 таси юқори қувватлисига алмаштирилди ҳамда 2 та электр энергия тар­қатиш пункти қурилди. Ушбу ишларга 31 млрд сўм маблағ сарфланди. Натижада 40 минг­дан зиёд аҳолининг ичимлик суви, иссиқлик ва электр таъминоти яхшиланди.

Кичик халқа йўлининг 14,2 км қисмида қурилиш ишларининг биринчи босқичи якунланиб, Алишер Навоий, Ал-Фарғоний проспектлари ҳамда Қувасой кўчалари фойдаланишга топширилди. Ҳозирда Сайлгоҳ, Фаробий ва Ниёзий кўчалари реконструкция қилинмоқда. Жами 55 млрд сўмлик йўл қурилиш ишлари бажарилди.

Йўл минтақасига тушган 553 та турар жой ва 170 та нотурар жой биноси бузилди. Шундан 401 нафар фуқарога уй-жой учун 15 млрд сўм компенсация тўланди.

Марғилонсой устидан ўтувчи кўприкларда қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Бугунги кунгача 1 янги кўприк қурилди ва 8 таси реконструкция қилинди. Қолган 7 кўприкда қурилиш ишлари якунланмоқда. Марғилонсойнинг икки қирғоғи тош билан тўла қопланиб, панжара тўсиқ ўрнатилди. Бу ишларга жами 5,1 млрд сўм маблағ сарфланди.

Янги 20 минг ўринли стадионда ҳам қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Ўйин майдонига чим экиш ишлари якунланди. Айни вақт­да стадион ўриндиқларини ўрнатиш ҳамда трубина ости ва вип биноларда пардозлаш ишлари бажарилмоқда. Ҳудудни ободонлаштириш, аҳолига замонавий хизмат кўрсатиш мажмуасини ташкил этиш ҳамда стадионга олиб борувчи қўшимча йўлда қуриш ишлари якунланди. 9 гектар майдонга 3 минг туп ноёб манзарали дарахт экилди. Янги футбол мактаби қурилиш ишлари белгиланган режа асосида давом этмоқда.

Собиқ «Нефтчи» стадиони ўрнида эса спорт-соғломлаштириш комплексини ташкил этиш ишлари юқори суръатларда амалга оширилаяпти. Объект мустақиллик байрамига топширилади.

Янги «Санъат саройи»да ички пардозлаш ва муҳандислик ишлари бажарилмоқда. Сарой жойлашган майдонда 4 та фаввора, 2 та музқаймоқ шохобчаси, пиёдалар йўлаклари, суғориш ва ташқи ёритиш тизимлари қуриш ишлари якунланди. Атрофдаги 40 гектар майдон текисланиб, 11 минг туп (шундан 7,5 минг туп каштан, эман, акация, қарағай, саффора, айва, оқ қайин) дарахтлари экилди.

Ҳарбийлар шаҳарчаси ҳудудини оптималлаштириш ҳисобига бўшатилган майдонда 34 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилиб, 86 млрд сўмлик қурилиш ишлари бажарилди.

Фарғона фуран бирикмалари заводи ўрнида «Мустақиллик» мавзеси барпо қилиниб, қурилажак 34 та кўп қаватли уйнинг 12 таси фойдаланишга топширилмоқда.

Шаҳар кўчалари ва хиёбонларини замонавий талабларга мослаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида Мустақиллик ва Ал-Фарғоний кўчаларида ландшафт архитектураси асосида «Каштан дарахтлари аллеяси» ташкил этилди.

Баҳор, Аэропорт, Алишер Навоий, Оқ-ариқ, Нурафшон ва бошқа кўчаларда 11400 га яқин манзарали дарахт экилди. Шаҳар бўйича кўчат экилган ва кўкаламзорлаштирилган майдонлар 100 гектарга етди.

Фарғона аэропортининг расмий делегацияларни қабул қилиш биносини янгидан қуриш, жиҳозлаш ва ташқи ободонлаштириш ишлари ҳам якунланди.

Фарғона шаҳрининг иссиқлик тизимини яхшилаш дастури доирасида 4,5 км иссиқлик тармоғи қуриш ва РК 3 қозонхонасини реконструкция ишларининг 1-босқичи тугалланиб, 20 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Натижада 46 та ижтимоий соҳа муассасаси ва 264 та кўп қаватли уй иссиқлик билан таъминланди. Шунингдек, 148 та кўп қаватли уй иссиқлик тармоғига улашга тайёрланди.

Мустақиллик кўчасида жойлашган таъмирталаб ижтимоий соҳа ва бозор инфратузилмаси объектлари ўрнида янги замонавий «Ёшлар маркази» мажмуасини ташкил қилиш ишлари якунланмоқда. Мазкур кўчада жойлашган «Ахборот ресурс маркази» реконструкция қилинмоқда.

«Ал-Фарғоний» истироҳат боғида болалар учун 100 ўринли «Қўғирчоқ» театри биноси фойдаланишга топширилди. Сайилгоҳ ва Мустақиллик кўчалари орасидаги «Болалар боғи»ни реконструкция қилиш, замонавий аттракционлар ўрнатиш ишлари қизғин, 2 та музқаймоқ ва яхна ичимликлар кафеси фойдаланишга топширилди ҳамда сувенирлар магазини қуриш ишлари якунланмоқда. Қувасой кўчасида собиқ «Тўқимачилар боғи» қайтадан реконструкция қилиниб, болалар учун энг замонавий аттракционлар ўрнатилди. Вилоят миллий маданий маркази — рус драма театри биноси реконструкция қилинди. «Қиргули» мавзесидаги собиқ «Дўстлик» кинотеатри негизида «Ёшлар маданият маркази»ни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Хуллас, Фарғона Шарқ ва Ғарб шаҳарсозлигининг замонавий ва миллий анъаналарини ўзида мужассам этган бетакрор маъмурий-маданий марказга айланди.

— Бу ишларнинг барчаси жуда пухта ўйлаб, ҳисоб-китоб қилиниб, лойиҳалаштирилган, — дейди «Агроқурилиш» ҲЖ раиси Қурбонали Абдураҳмонов. — Бундан икки йил муқаддам Фарғонага ташрифи чоғида Юртбошимиз шаҳар қиёфаси қандай тус олишини аниқ-равшан айтиб берган эди. Буни биз қурувчилар оқ фотиҳа, деб қабул қилганмиз.

Турли қурилишлар, ҳашарлар бошида архитектор, қурувчи-муҳандис, ирригатор, электр усталари, эколог, сифат инспектори, йўлсозлар ва бошқа касб эгаларини учратиш мумкин. Дарҳақиқат, иш ҳажми катта, сифати юқори. Демакки, қўйилаётган пойдеворлар рамзий маънода ҳам, ҳақиқий маънода ҳам мустаҳкам. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қурилиш ҳашарига ҳар куни вилоятимизнинг корхона ва ташкилотлари, ўқув юртлари, маҳаллалари ўз вакилларини чиқаришади, техникаларни жалб этишади. Маҳалла вакиллари ҳар куни қурувчиларга елкадош бўлишади. Хонадонлардан иссиқ чой, таом чиқади.

— Кўчаларимиз тор, уйларимиз пастқам ва кўримсиз эди, — дейди Қувасой кўчасида яшовчи Мавлуда Отахонова. — Бизга янги лойиҳани, қурилажак кўча ва уйлар макетини кўрсатишди. Маҳалламиз аҳли қувончдан чапак чалиб юборди. Қурилишлар бошлангач, биз ҳам қараб турганимиз йўқ, қурувчилар билан ёнма-ён ишладик. Ҳар ким ўз кўчасини, маҳалласини обод қилса, юртида файз бўлади, мамлакат обод бўлади.

— Эски бўлса-да, уйимиз бозор нархида қайта баҳоланди, кадастр ҳужжатлари қайта тайёрланди, унга кўра, вилоят тижорат банклари орқали бизга нақд пул шаклида уй ҳақи тўланди, шаҳарнинг бешта ҳудудидан янги уй-жой қуришга ер танлаш имкони берилди, қурилиш учун замонавий лойиҳалар таклиф этилди. Биз икки қаватли, ҳамма имконият муҳайё этилган янги уй лойиҳасини танладик, шундай кунларга етказганига шукр, — дейди Оқариқ маҳалласида яшовчи Донохон ая Набиева.

— Энг катта бойлик — юрт тинчлиги. Шунинг учун Фар­ғонада ҳам буюк ўзгаришлар, улкан қурилишлар амалга ошириляпти, — дейди «Шакарқишлоқ» МФЙ раисаси Мавлуда Қаюмова. — Маҳалладошлар билан суҳбат чоғида бир савол тез-тез ўртага ташланади ва ҳар ким ўз тақдири мисолида жавоб излайди. Ким эдигу, ким бўлдик? Сир эмас, Фарғонанинг бор йўғи икки-учта «марказий» кўчаси бор эди, холос. Улардан ичкари кирилса, кўримсиз, пас­т­қам, пахса уйларда яшаётганимиз ошкор бўларди. Ҳозир-чи? Маҳалламиз мисолида айтай, 102 хонадон бузиб, 2 қаватли қилиб қайта қурилди. Канализацияга уланди. Кўчалар кенгайди, чароғон чироқлар ўрнатилди, икки ёнда кўм-кўк майсазорлар бунёд этилди. Ҳар бир уйда юксак шароит. Ҳамма имкониятлар биз — одамлар учун. Энди ўйлаб, ўзимизга савол берайлик: шўро замонида пахса деворли уйимизни, эгри-бугри кўчаларимизни биров тўғрилай деганми?

Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши 107,6 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 110,0 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 107,5 фоиз, пудрат ишлари ҳажми 111,5 фоиз, чакана савдо айланмаси 112,5 фоиз ҳамда пуллик хизматлар ҳажми 110,3 фоизга ўсди. Маҳсулотлар экс­п­орти 217 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Бугунги кунда вилоятда рўйхатдан ўтган хорижий инвестиция асосида ташкил этилган корхоналар сони 124 тани ташкил этади. Чет эллик ҳамкорлар орасида Германия, Англия, Жанубий Корея, Хитой, Россия каби дунё­нинг тараққий этган кўплаб давлатлари бор.

Юксак тараққиёт одимлари вилоятда олиб борилаётган барча соҳадаги ислоҳотларда тўла намоён бўлмоқда. Истиқлолнинг ўтган йигирма уч йили мобайнида биз нималарга эришган бўлсак, буларнинг барчаси эркинлик, тараққиёт ва келажак меъмори Президент Ислом Каримовнинг узоқни кўзлаб, халқ, Ватан бахт-саодати йўлида олиб борган оқилона сиёсати туфайли эканлигини Фарғона аҳли жуда яхши билади ва қадрлайди.

Бугун фарғоналикларнинг қай бири билан бўлмасин, суҳбатлашсангиз, бунга ишонч ҳосил қиласиз.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.