05.08.2014

ДЕПУТАТЛИК НАЗОРАТИДА ИЗЧИЛЛИК

бўлса, электоратни ташвишга солаётган масалаларни ҳал этиш юзасидан ҳаётий таклифлар янада кўпаяди

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Тошкент шаҳар партия кенгаши ҳамкорлигида пойтахтимизда ижтимоий-сиёсий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва самарадорлигини ошириш, бу борада қабул қилинаётган қонунлар ижроси юзасидан таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш масалаларига бағишланган семинар-тренинг ташкил этилди.

Тадбирда Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, партия Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар кенгаши масъул ходимлари, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари, олимлар ва мутахассислар иштирок этди.

Алоҳида қайд этилдики, «Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103, 117-моддалари­га)»ги қонуннинг қабул қилиниши давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари устидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг ҳуқуқий асосларини янада мус­таҳкамлади. Бу Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари зиммасига янада масъулиятли вазифаларни юклади. Хусусан, жойларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашнинг аниқ йўналишлари, хусусан, давлат томонидан ажратилаётган ижтимоий нафақаларнинг манзиллилигини таъминлаш юзасидан парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш лозим.

Шунингдек, яратилган янги ваколатлар партиянинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш бўйича ЎзХДП ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг иштирокини янада фаоллаштиришга имкон яратди.

Айтиш жоизки, бу йўналишда ижобий тажриба тўпланган. ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлари томонидан кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Масалан, шу йилнинг ўтган 7 ойида Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар ижроси бўйича иш олиб борилиб, партия электоратини ташвишга солаётган 184 масала партия гуруҳларида кўриб чиқилди. Шунингдек, 92 та масала халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари йиғилишида, 40 та масала эса сессиялар муҳокамасига олиб чиқилди.

Семинарда, шунингдек, айрим партия кенгашлари ва гуруҳлари фаолиятини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Чунки партия электорати манфаати билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий масалаларга айрим ҳудудларда талаб даражасида ёндашмаслик ҳоллари учраб турибди.

Иштирокчилар семинарда «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг ижросида партиянинг амалий иштирокини янада кучайтириш масаласига ҳам алоҳида урғу беришди. Таъкидландики, маҳаллий партия ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари Кенгашларидаги гуруҳлари соғ­лом болани вояга етказиш ва тарбиялаш ишларига ажратилаётган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назоратини изчил олиб бориши керак. Муҳокама чоғида асосий эътибор мазкур йўналишда тўпланган ижобий тажрибани таҳлил қилиш ва оммалаштириш, камчиликларни бартараф этишда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари салоҳиятидан унумли фойдаланиш масалаларига қаратилди.

Шунингдек, тадбирда муҳокама марказига қўйилган мавзу юзасидан Тошкент шаҳар партия кенгаши фаолияти таҳлил этилди. Жорий йилнинг олти ойи давомида Тошкент шаҳри бўйича 6 та масала партия гуруҳида кўриб чиқилгани, Жамоатчилик қабулхоналарига тушган 220 та мурожаатнинг 60 фоизи тегишли идора ва ташкилотлар ёрдамида ижобий ҳал этилгани алоҳида қайд этилиб, бу борадаги тажрибаларни янада ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Муҳокамалар чоғида партия дастурларида кўзда тутилган ижтимоий аҳамияти юқори бўлган вазифаларни самарали тарзда ҳаётга татбиқ қилишга оид муҳим йўналишлар белгилаб олинди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Матбуот хизмати



DB query error.
Please try later.