05.08.2014

ВАКОЛАТ ВА МАЖБУРИЯТЛАР

аниқ белгиланиши керак

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси «Аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича таклифларини ишлаб чиқмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди. Шу кунларда сиёсий партиялар фракциялари (депутатлик гуруҳи) уни такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини тайёрлаш устида иш олиб бормоқда.

ЎзХДП фракциясининг ишчи гуруҳи йиғилишида депутатларнинг фикр-мулоҳазалари ва дастлабки таклифлари кўриб чиқилди. Йиғилишда, шунингдек, ЎзХДП Марказий Кенгаши вакиллари, экспертлар ҳам иштирок этди.

Таъкидландики, мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳоли саломатлиги, жумладан, санитария-эпиде­миологик хотиржамликни таъминлаш йўлида зарур ҳуқуқий асос яратилди. Хусусан, 1992 йилда «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

— Ҳозирги даврда халқ­аро иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларнинг жадал ривожланиб бориши, шунингдек, атроф-муҳитда рўй бераётган ўзгаришлар аҳоли саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқий механизмни янада такомиллаштиришни талаб этмоқда, — дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Улуғбек Ҳожибеков. — Қонун лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад аҳолининг санитария-эпидемиологик хотиржамлигини таъминлаш билан боғлиқ муносабатларни замон талаблари даражасида тартибга солишдан иборат. Хусусан, унда Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари, юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини-ўзи бошқариш органлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва вазифалари белгилаб берилмоқда. Бу борадаги меъёрлар жуда муҳим, албатта. Лекин қонун лойиҳасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари ва мажбуриятлари аниқ очиб берилмаган. Ваҳоланки, жойларда санитария-эпиде­миологик хотиржамликни таъминлаш билан боғлиқ вазифалар кўпроқ уларнинг зиммасига тушади. Чунки нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролар ва тадбиркорлар мазкур жараёнда фаол иштирок этиши маҳаллий ҳокимият органларининг ташаббускорлигига ҳам боғлиқдир.

— «Соғлом бола йили» Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси аҳоли, айниқса, болаларни эмлаш, соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлаш, мактабгача, умумий ўрта ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими босқичларида санитария-гигиена соҳасида билимларини ошириш чора-тадбирларини белгилашда муҳим аҳамият касб этади, — дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Назира Матякубова. — Аммо қонун лойиҳасида айрим камчиликлар, ноаниқликлар бор. Биз улар бўйича ўз таклифларимизни шакллантириб оляпмиз. Масалан, қонун лойиҳасида келтирилаётган асосий тушунчаларнинг бир қисмини қисқартириш, қолганларини аниқ ва лўнда ифодалаш керак, деб ҳисоблаймиз.

Ишчи гуруҳи аъзолари фракция таклифлари пар­тия дастурий мақсадлари ҳамда электорати манфаатларига қаратилиши зарурлигини таъкидлашди.

Қайси соҳада ишлашимиздан қатъи назар, қонун лойиҳасида белгиланаётган масалалар моҳиятан ҳаммамизга дахлдор. Шунинг учун уни кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, зарур таклифлар олиш муҳим аҳамиятга эга. Ишчи гуруҳи бунга алоҳида эътибор қаратди. Қонун лойиҳасини маҳаллий партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳлари иштирокида чуқур муҳокамалардан ўтказишга келишиб олинди.

Таклифлар меъёрига етказилгач, фракциянинг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилинади ва ундан кейин масъул қўмитага тақдим этилади.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.