05.08.2014

САЙЛОВЛАР ОЧИҚ ВА ОШКОРА ЎТИШИДА

ОАВ муҳим аҳамиятга эга

Мамлакатимизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш, халқаро меъёрларга мос миллий сайлов қонунчилигини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сайловларни очиқ, ошкора ўтказиш, бу борада демократик принципларга асосланган тизимни яратиш масаласига жиддий эътибор берилаяпти.

Бунда, шубҳасиз, оммавий ахборот воситалари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки фуқароларга сайлов жараёни ҳақида тўлиқ ахборот бериш, бу жараённи тезкорлик билан ёритиш ва сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари, мақсад ва ғояларини тарғиб этишда ОАВ муҳим ўрин тутади.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси томонидан «Сайловларни ёритишда оммавий ахборот воситаларининг роли» мавзусида ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди. Тадбирда институт мутахассислари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари вакиллари, сиёсий пар­тия­лар матбуот хизматлари ходимлари ва тажрибали экспертлар иштирок этди.

Қайд этилдики, мамлакатимизда сайловларни демократик тарз­да ташкил этиш ва ўтказишнинг мустаҳкам қо­нунчилик ва ташкилий асослари яратилди. Бугун фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш, сайловларни очиқ ва ошкора ўтказиш, сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш билан боғлиқ кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда эса оммавий ахборот воситалари фаолияти муҳим аҳамиятга эга.

Сайлов жараёнининг демократик принциплар асосида ташкил этилиши кўп жиҳатдан ОАВ уни нечоғлик холис ва мустақил ёритишига боғлиқ, деди Фуқаролик жамияти шакл­ланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент шаҳар ҳудудий бў­линмаси раҳбари Дониёр Аюпов. Чунки сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар сай­лов­олди дас­турларини электоратга етказиш, сайлов жараёнини кенг ёритишда ОАВ муҳим минбар вазифасини ўтайди. Демак, соҳа ходимларининг малакаси ва тажрибасини ошириш бунда муҳим роль ўйнайди. Шундан келиб чиқиб, сайлов жараёнини ёритишда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари ҳақида маълумот бериш, сайлов жараёнини ёритишда журналистларнинг эътибор қаратиши лозим бўлган мезонларни муҳокама қи­лиш ва уларнинг сайловларга тайёргарлигини кучайтириш мақсадида мазкур тадбирни ташкил этдик.

— Мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг сайлов жараёнидаги фао­лия­ти бўйича барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилган, деди Ўзбекис­тон Республикаси Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати раҳбари Низомиддин Нурматов. — Жумладан, сайлов жараёнини ёритиш борасида оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқлари ва улар амал қилиши керак бўлган меъёрлар «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комис­сия­си тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида», «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғ­рисида»ги ва бош­қа қо­нунларда мустаҳкамлаб қўйилган.

Масалан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонунда сайловолди ташвиқотни оммавий ахборот воситалари орқали олиб бориш меъёрлари аниқ белгиланган. Унга асосан, сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга бир хил эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади. Оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга мос бўлиши, депутатликка номзодларнинг, сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни, шунингдек, депутатликка номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тар­қатиш тақиқланади.

Давра суҳбати сайловларни оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилишига доир қизғин муҳокамалар, савол-жавоблар билан ўтди. ОАВ вакиллари, экспертлар ва мутахассислар сайлов жараёнларининг бутун тафсилотларини аҳолига холис ва ўз вақтида етказиш бўйича ўз фикрларини билдирди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.